Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

Ҳибсдаги собиқ бош прокурор ўз ўғлига қарши кўрсатма бера бошлагани айтилмоқда


Рашитжон Қодиров 15 йил давомида Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилди
Рашитжон Қодиров 15 йил давомида Ўзбекистон Бош прокуратурасига раҳбарлик қилди

Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори, жорий йил 22 февралда ҳибсга олинган Рашитжон Қодиров қидирувдаги ўғли Алишербек Қодировга қарши кўрсатма бера бошлади.

Бу ҳақда Озодликка Қодиров устидан олиб борилаётган тергов ишига алоқадор бош прокуратура мулозими маълум қилди.

66 яшар собиқ бош прокурор "товламачилик", "мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш" ва "пора олиш"да айбланмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги зобитига кўра, Рашитжон Қодиров соғлиги ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилмоқда.

Отанинг ўғилга қарши кўрсатмаси

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган прокуратура ходимига кўра, Рашитжон Қодиров апрель ойи ўрталаридан бошлаб ўғли Алишербек Қодировга қарши кўрсатма бера бошлаган.

"Қодиров ўғлига қарши ўтган ой ўрталаридан бошлаб показание беришни бошлади. Жиноят иши катта бўлгани учун айблов эпизодларига тўхталиш ҳозирча эрта. Лекин, тергов иши ҳали анча давом этади,"- деди прокуратура ходими.

Аммо, унинг қўшимча қилишича, Алишербек Қодировнинг тергов қилинмаётгани Рашитжон Қодиров кўрсатмалари ҳаққонийлигини "текшириш" имконини бермаётир.

"Қодиров показаниеларини текширишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти. Ўғли ҳалиям қидирувда. Қачон ушланса, ўшанда кўп нарса аниқ бўлади," деди тергов ишларига яқин прокуратура ходими.

Прокурор соғлиги

Айни пайтда, Озодлик суҳбатлашган Ички ишлар вазирлигининг зобитига кўра, собиқ бош прокурор соғлиги ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилаётир.

"Соғлиги ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилаяпти. Кўрсатилаётган тиббий ёрдам етарли эмас, деб норози бўлаяпти. Ростданам, қон босими кўтарилиб, тушиб турибди. Лекин, бу тергов ишига халақит бераётгани йўқ",- деди милиция зобити.

Аммо у Ички ишлар вазирлиги ертўласида сақланаётган собиқ бош прокурорга нисбатан "кучли босим" ўтказилаётганини қўшимча қилди.

"Кучли босим бўлаяпти. Чунки унга қўйилган исклар жудаям жиддий," деди у.

Шу пайтгача Озодликнинг бу икки манбаси - Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги мулозимлари - берган маълумотлар: Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ муовини, Ҳаёт Шарифхўжаев, собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва собиқ президент маслаҳатчиси Жамшид Файзиевларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар кейинчалик расман тасдиғини топган эди.

Қидирув

Бош прокуратура расмий хабари
Бош прокуратура расмий хабари

​22 февралда ҳибсга олинган Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддалари бўйича айбланмоқда.

66 яшар Рашитжон Қодиров 2000 йилдан бошлаб 15 йил давомида Ўзбекистон бош прокурори вазифасида ишлади.

Унинг ўғли Алишербек Қодиров Ички ишлар вазирлиги тарафидан 2018 йилнинг 5 март куни халқаро қидирувга берилган.

39 яшар Алишербек Қодиров “Товламачилик” (ЖК 165-моддаси) ва “Фирибгарлик”да (ЖК 168-моддаси) гумонланмоқда.

Ота ва ўғилга қарши олиб борилаётган тергов амалиёти давомида ҳозирга қадар улардан жабр кўрганлардан умумий қиймати ярим миллиард АҚШ долларига тенг даъво аризалари олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида ишлайдиган ва исми айтилишини истамаган ходимга кўра, мазкур жиноят иши доирасида “ўнлаб собиқ ва амалдаги мулозимлар сўроқ қилинмоқда".

Ҳозирга қадар Озодлик суҳбатлашган Бош прокуратура ходимлари Алишер Қодировнинг қаерга яширингани аниқ билмасликларини билдирди.

Аммо, Озодлик тасарруфида мавжуд маълумотларга кўра, Алишер Қодиров Европа давлатларидан бирида яшириниб юришга мажбур бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олиб келгани учун қамалганини таъкидлаганди.

“Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада. Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз”, деб иқтибос келтирди президент сўзларидан "Кун уз" нашри.

XS
SM
MD
LG