Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:01

Армия ëшидагилар бир ойлик хизматга бориш шартномасига қўл қўйишга мажбурланаëтганини айтмоқда


Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида Сафарбарлик чақирув резерви(СЧР)га жалб қилинаётган ёшлардан пул тўлаш ҳақидаги шартномага мажбуран имзо қўйдирилмоқда.

Бу ҳақда ўзи туман Мудофаа ишлари бўлимига чақиртирилиб¸ шундай шартномага қўл қўй талаб қилинган ëшлар вакиллари Озодликка хабар қилди.

Ҳарбий хизматнинг бу турига 4 миллион сўмдан ортиқ пулни тўлаш имкони бўлмаган айрим ёшлар¸ айтилишича¸ имзо қўйишдан бош тортмоқда.

Кегейли тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Озодлик билан суҳбатда шартнома имзолашда мажбурийлик йўқлигини иддао қилди.

Кегейли тумани Мудофаа ишлари бўлимидаги ҳолат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:04 0:00

Озодлик тасарруфига келиб тушган видеолардан бирида Кегейли тумани Мудофаа ишлари бўлимидаги ҳолат тасвирланган.

Видеода ҳарбий кийимдаги шахснинг ёш йигитлардан бирини деворга тираб, ўшқираётгани акс этган.

Видеони юборган шахсга кўра, ҳарбий кийимдаги мулозим, СЧРга чақирилган болани шартномани имзолашга мажбурламоқда.

Кегейли туманида яшайдиган 20 яшар йигитнинг шахси очиқланмаслигини сўраб Озодликка айтишича, ундан ҳарбий сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиш шартномасига мажбуран қўл қўйдириб олинган.

“Бир ойлик армияга ҳаммага мажбурий имзо қўйдириб олишаяпти, шу болалар қатори мен ҳам имзо қўйишга мажбур бўлдим. Чунки, қўймайман деган болларни шу ердаги ҳарбийлардан биттаси уриб, сўкиб, қўрқитиб мажбурлаб имзо қўйдиришди. Менинг кўзим яхши кўрмаслиги бўйича иккита тиббий АКТим бор эди. Ҳар сафар шаҳарга бориб, даволатиб тураман. Лекин бунга ҳам қарашмайди улар”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир 21 яшар йигит, имзо қўйиш-қўймаслик ҳақида ота-онаси билан маслаҳатлашишга ҳам рухсат берилмаганини айтади.

“Уйимиздан телефон қилиб сўраймиз имзо қўйишимизни, телефонни беринг¸ десак телефонларнинг ҳеч бирини бермайди. Ҳамманикини йиғиштириб олган эди. Менинг уйимда фақат онам 0,5 ставкада ишлайди. Отам, мен - ишсиз. 4 миллионни тўлашга бизнинг қурбимиз етмайди. Имзо қўйиб келганимдан сўнг, ҳар куни посëлка советидан, Мудофаа ишлари бўлимидан ходимлар уйга келиб, қачон тўлайсизлар деб қистовга олишаяпти. Бугун агар имзо қўйишмаса¸ судга берамиз ёки уйдаги нарсаларни олиб кетамиз¸ дейишди дадамга”.

Кегейли тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ўлмасбек Қўчқоров Озодлик билан суҳбатда бир ойлик сафарбарлик чақирув резервига чақирилаётган ёшлар шартномани имзолаш учун мажбурланаётганини инкор қилди:

- Ҳеч қандай мажбурлаш бўлгани йўқ. Агар кимдир мажбурланганини иддао қилган бўлса, менга белгиланган тартибда мурожаат қилсин, оилавий шароитини ёзиб, менинг олдимга келсин. Мен қонун доирасида кўриб чиқай, жавоб хатини ёзай. Агар жавобимдан қаноатланмаса¸ мендан юқори турувчи қўмондонликка мурожаат қилсин. Биз у болаларни сўкишга ҳеч қандай ваколатимиз ҳам йўқ. Ҳамма инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқи бор. Биз ўзимизга қўйилган вазифаларни бажараяпмиз, холос”.

Ўзбекистон армиясида Муддатли ҳарбий хизматдан (МҲХ) ташқари Сафарбарлик чақирув резервидаги (СЧР) хизмат тури ҳам мавжуд.

СЧРга хизматга чақирилганлар бир ойлик ҳарбий йиғинда бўлиш билан бирга давлатга, энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида, 4 миллион 54 минг сўм тўлаши шарт.

СЧРга чақирилганлардан баъзилари, Ўзбекистон Қуролли Кучларига навбатдаги чақирув ўтказилган февраль-мартдан буён ўтган вақт ичида Озодликка қилинган мурожаатларида, тўлов миқдорининг катталигидан шикоят қилган бўлса, баъзилари нега давлатга пул тўлаши кераклигини тушунмаётганини айтган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2018 йилнинг 29 июнь куни ҳарбий хизматга чақирув ёшини 27 дан 25 га туширишни таклиф қилиб, бош вазир Абдулла Ариповга парламент сўрови юборган эди.

Жумладан, Сенат қошидаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев оилаларнинг ижтимоий ва моддий ҳолатини баҳолаш тўғрисидаги низомнинг йўқлиги, бу сафарбарлик чақирув резервида бир ойлик хизматни ўташ учун бадал пулини жорий этишда коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун жуда қулай шароит яратиб бераётганини танқид қилган эди.

XS
SM
MD
LG