Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2019, Тошкент вақти: 11:49

АҚШ беш йил ичида Ойга қайтадан фазогир юбормоқчи


Ўтган ҳафтада Оқ уй АҚШ Ойга қайтадан фазогир юбориш режасини жадаллаштираётганини маълум қилди.

1972 йил парвоз қилган ”Аполлон” миссиясидан кейинги илк экипажли миссияни 2028 йилгача юбориш режалаштирилаётган эди. Эндиликда Америка 2024 йилгача Ер йўлдошига фазогир юбормоқчи.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Алабама штатининг Хантсвилл шаҳрида сўзлаган нутқи давомида:

- Ҳозирги маъмурият ҳамда Америка Қўшма Штатлари кейинги беш йил ичида Ойга яна астронавт юборишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, - деди.

- Шубҳасиз, Ойга қадам босган илк аёл ҳам, навбатдаги эркак ҳам Америкада қурилган ракеталарда Америка тупроғидан парвоз қилган америкаликлар бўлади, - деди Пенс.

Аммо АҚШнинг Ойга яна фазогир юбориш дастури кейинги йилларда муаммоларга дучор бўлди.

Дональд Трамп президент этиб сайланганидан кейин бир неча ой ўтиб, Америка космос саноатини жонлантириш ниятида эканлигини изҳор қилган эди.

2017 йилда президент Марс миссиясини йўлга қўйишдан аввал илк қадам ўлароқ Ойга қайтадан фазогир юборишни буюрди. Бунинг ортидан NASA 2028 йилгача Ер йўлдошига фазогир юбориш режасини тузди.

Ўз нутқи давомида Пенс Ойга фазогир учиришда қўлланилиши режалаштирилаётган янги SLS (Space Launch System) ракеталар дастуридаги муаммоларга бюрократия ва лоқайдлик сабаб бўлганини айтар экан, NASAни ўз ишига янгича ёндашишга чорлади.

SLS ракетасини Boeing ширкати тайёрламоқда. Ракета 2020 йилда синовдан ўтиши режалаштирилган эди, аммо яқинда NASA ракета ўз вақтида тайёр бўлмаслигини маълум қилди.

Пенс NASA режани бажара олмаса, Оқ уй хусусий ширкатлар билан ишлаши ёки бошқа ҳамкорлар излашини айтиб, огоҳлантирди.

NASA директори Жим Брайденстайн Пенснинг гапларини тўлиқ тушунганини айтиб, SLS ракетасини 2020 йилгача тайёр қилишни ваъда қилди.

XS
SM
MD
LG