Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 03:26

Пешонадаги ажинлар билан юрак хуружи ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди


Яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, пешонасига жуда кўп ва чуқур ажин тушган шахсларнинг юрак қон-томир касалликларига чалиниш хавфи ўз тенгқурларига қиёслаганда юқорироқ бўлиши мумкин.

Киши қарир экан, унинг юрак хасталикларига чалиниш хавфи ошиб боради. Аммо турмуш тарзини ўзгартириш ҳамда тиббий интервенция ёрдамида бунинг олдини олиш мумкин.

Юрак қон-томир касалликларига чалиниш хавфи юқори бўлган шахсларни вақтида огоҳлантириш осон эмас. Бундай касалликларга олиб келувчи юқори холестерин ёки юқори қон босими каби иллатларни аниқлаш осон эмас.

Европа кардиология жамияти конгрессида тақдим этилган тадқиқот муаллифлари эса, пешонадаги ажинлар ва касалликка чалиниш эҳтимоли ўртасида бирор боғлиқлик бор-йўқлигини аниқлаш учун тадқиқот ўтказишган. Уларнинг айтишича, юрак қон-томир касалликларига чалиниш хавфи юқори бўлган шахслар вақтида огоҳлантирилса, улар кўпроқ машқ қилиб ёки диеталарини ўзгартириб, касалликка чалиниш эҳтимолини озайтиришлари мумкин.

Кишиларнинг ташқи кўриниши ёрдамида юрак қон-томир касаллигига чалиниш эҳтимолини аниқлаш бўйича бундан аввал ҳам тадқиқотлар ўтказилган. Улар натижасида эркакларда соч тўкилиши, қулоқ супрасидаги чизиқлар ҳамда тери остида холестерин тўпланиши ҳамда юрак касалликлари ўртасидаги боғлиқлик борлиги аниқланган.

Жорий изланиш давомида эса пешонадаги горизонтал ажинлар ҳамда юрак-томир касалликлари ўртасида бирор боғлиқлик бор-йўқлигини аниқлаш учун 3200 одам соғлиғи 20 йил давомида кузатилган.

Тадқиқот қатнашувчилари пешоналаридаги ажинларга қараб, уч гуруҳга бўлинган: ажинсиз шахсларга 0, пешонасини чуқур ажин босганларга 3 балл берилган. Изланиш бошланган пайтда уларнинг ёши 32, 42, 52 ёки 62 да бўлган.

Қатнашувчиларнинг 15,2 фоизида 2 ва 3 балли ажинлар бўлган, 6,6 фоизида бир балли ажинлар бўлган, 2,1 фоизида эса умуман ажин бўлмаган.

Бир балли ажинга эга шахсларнинг юрак қон-томир хасталикларига дучор бўлиш эҳтимоли ажинсиз шахсларга қараганда озгина юқорироқ эканлиги аниқланган.

2 ва 3 балл берилган ажинларга эга шахсларнинг ўлиш хавфи эса, ажинсиз шахсларникидан деярли 10 марта юқори эканлиги кузатилган. Бу натижа ёш, жинс, таълим, чекиш-чекмаслик, қон босими, юрак уриши ҳамда диабет каби омиллар эътиборга олинганидан кейин аниқланган.

Изланиш муаллифлари сўзларига кўра, пешонадаги ажинлар қанчалик чуқур бўлса, юрак қон-томир касали туфайли ҳалок бўлиш хавфи шунча ошади.

Пешона ажинлари юрак қон-томир касалликларига чалиниш хавфини аниқлашда қон босими ҳамда липид профили каби мавжуд услублардан устун эмас. Шундай бўлса-да, улар ёрдамида вақтида беморларни огоҳлантириш мумкин.

Ҳозирча ажин ва юрак касалликларига чалиниш ўртасидаги боғлиқлик сабаби нимада эканлиги номаълум.

Бундай изланиш илк марта ўтказилгани учун унинг натижалари янги тадқиқотлар ёрдамида тасдиқланиши керак бўлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG