Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:05

Ўзбек аëли жинсий тегажоқлик ҳақида гапирмайди. Гапирса ўзини айблашади

  • Озодлик

Шу кунларда халқаро матбуот диққатида қолаëтган аëлларга жинсий шилқимлик қилиш муаммоси ҳозирга қадар Ўзбекистонда очиқ тилга олинмайдиган¸ ҳатто баъзилар назарида эркак-аëл муносабатларининг табиий унсури сифатида кўриладиган ҳолатлигича қолмоқда. Ҳар кун ўз ишхонаси ëки ўқишида¸ кўча-кўй¸ бозор-ўчарда шилқимликка нишон бўлаëтган ўзбек хотин-қизлари бу ҳақда очиқ гапиришдан ҳамон ийманиб яшамоқда. Бунинг сабаблари нимада?

Шилқимлик нишони ҳикояси

Қашқадарë вилоят туманларидан биридаги 305 одам ишловчи заводда иш юритувчи бўлиб ишлаб келган 35 яшар аëл бир неча ой аввал бошлиғининг жинсий тажовузи устидан ўзи ишловчи тизим раҳбариятига шикоят билан мурожаат қилади. (Озодликка аëлнинг ҳам, унга шилқимлик қилган бошлиқнинг ҳам исми-фамилияси маълум).

"Бошлиқ мени кабинетида билагимдан ушлаб¸ деворга тираб¸ жинсий тажовуз қилди ва ўзига ўйнаш бўлишни талаб қилди. Мен бу воқеадан шикоят қилиб Тошкентдаги раҳбариятга мурожаат қилсам¸ улар бу воқеани "комплимент" деб баҳолаб¸ босди-босди қилишди. Шундан сўнг президент порталига ëздим. Аризам кўриб чиқиш учун вилоят ИИБга юборилди"¸ деди ҳозирча ўз шахсини очиқлаб гапиришга руҳан тайëр эмаслигини айтган аëл.

Бир фарзандини якка ўзи катта қилаëтган аëлнинг айтишича¸ заводга ўтган йили бошлиқ бўлгунга қадар ҳам бу шахс йиллар давомида турли кўринишда жинсий тамагирлик қилиб келган.

"Бошингиз очиқ бўлса¸ бўлди¸ булар жон деб ўйнаш бўлади¸ деб ўйлашади. Ҳар хил таклифлар қилди¸ ҳатто ўртага одам ҳам қўйди ўйнаш бўл¸ деб. Бошлиқ бўлганидан кейин¸ жуда ҳаддидан ошиб¸ ë айтганимга кўнасан¸ ë ишдан кеткизаман¸ дейишга ўтди. Жонимдан ўтказворгандан кейин¸ шикоят қилишга мажбур бўлдим"¸ деб иддао қилади бу аëл.

"Шилқимлик"да айбланган эркак ҳикояси

Озодлик жинсий тамагирлик можаросига тортилган 43 яшар эркак-бошлиқ билан ҳам бевосита боғланиб¸ унинг ҳикоясига ҳам қулоқ тутди.

"Бу аëл устимдан порталга ëзгандан кейин¸ мени вилоят ИИБга чақиришди. Мен бу аëлнинг кимларнингдир гапига кириб¸ менга туҳмат қилганини айтдим. Шундан кейин унга қарши тўсма ариза билан судга мурожаат қилдим. Суд кўриб чиқди¸ ажрим чиқардими-йўқми¸ билмайман. Очиғи¸ қизиғи ҳам йўқ. Мен давлат ишидаги одамман¸ аëлларнинг орқасидан чопиб юришга вақтим йўқ. Кейин¸ ўзимнинг оилам у аëлдан 10 марта яхши¸ уни нима қиламан"¸ деди Озодлик гаплашган можаронинг иккинчи қаҳрамони.

Қашқадарëлик ëш аëл¸ эркаклар¸ хусусан¸ ўз бошлиғини жинсий тамагирлик ва шилқимликда айблаб расман ариза билан тегишли тизимларга мурожаат қилган Ўзбекистондаги кам сонли аëллардандир.

Айрим норасмий манбалар¸ ўзбекистонлик хотин-қизларнинг камида 80 фоизининг ишхонаси ëки ўқишида¸ ëхуд жамоат жойларида у ëки бу кўринишдаги шилқимлик нишонига айланганини айтса-да¸ шилқимлик қурбонларининг ўзлари бу ҳақда очиқ гапиришга ботинмайди.

Ўзбекчилик

Шоира ва ҳуқуқ фаоли Дилором Исҳоқова бунинг сабабларидан бири анъанавий тарбияга бориб тақалишини айтади:

- Кўча-кўйда¸ ëки ўқиш-ишхонада ҳар хил шаклдаги тегажоқликка дуч келмаган аëл деярли йўқ. Дейлик¸ оилали ëш аëлга бошлиғи шилқимлик қилди¸ тегажоқлик қилди¸ дейлик. Бу ҳақда у кимга айта олади? Эрига¸ уйидагиларга келиб айтса¸ унинг ўзини айбдорга чиқаришади¸ оиласи бузилиб кетади. Тегажоқлик қилган қолиб¸ унинг қурбони жазоланади. Шунинг учун аксар аëллар бунақа ҳолатларни ўзи билан гўрга олиб кетадиган сирга айлантириб яшайди. Зотан¸ оналар қизларига тарбия бераркан¸ бунақа воқеаларни ташқарига олиб чиқмасликни ўргатади. Ўзбекчилик¸ дейди буни¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Озодликка гапирган ўзбекистонликлардан бири¸ аëлларга тегажоқликнинг кўпчилик ўйлагандек¸ қизлар нисбатан эмин-эркин кийиниб¸ эмин-эркин ҳаракатланадиган шаҳарлардан кўра, қишлоқларда чуқурроқ илдиз отганини айтади.

Бу муаммо¸ айниқса қишлоқларда жуда кенг тарқалиб кетган. Қишлоқларда кечқурун хотин-қизлар кўчага чиқиб юролмайди¸ чиқса орқасидан биров-ярми дарров илакишади¸ шилқимлик қилади. Гапирса¸ яхши қиз кечқурун кўчага чиқмайди¸ деб ўзини айбдор қилишади”¸ дейди ўз опа-сингиллари вазиятидан яхши хабардор қишлоқлик йигит.

Шилқимнинг жазосини ким беради?

Озодликка гапирган қишлоқлик йигит¸ Ўзбекистоннинг аксар ҳудудида аëлларга тегажоқлик қилувчиларни жазолашнинг анъанавий механизми оталар¸ ëхуд ака-укалар¸ яъни эркак қариндошлар масъулиятига юкланганини айтади.

"Қишлоқларда асосан қизлар акасига айтади¸ ëки ака билиб қолса¸ ўзи аралашади. Бу нари борса¸ ака бориб шилқимлик¸ тегажоқлик қилганларни уриши¸ калтаклаши мумкин¸ дегани. Асосий жазо шу бўлиб турибди ҳалиям. Акаси йўқ¸ тарафини оладиган ҳеч кими йўқ қизларга жуда оғир қишлоқларда. Уларга дуч келган одам гап отган¸ дуч келган жойини ушлаган. Бунақа нарсалар¸ айниқса¸ тўйларда кўп бўлади"¸ дейди бу суҳбатдош.

Дилором Исҳоқова¸ шилқим ва тегажоқлар “жазосини бериш” нафақат қишлоқлар¸ балки аксар Ўзбекистон бўйлаб ўзини опа-сингиллар номуси қўриқчиси деб билувчи акалар зиммасида қолаëтганини айтади. Бу суҳбатдошга кўра¸ мамлакат Жиноят Кодексида бундай ҳаракат учун жазонинг мутлақ йўқлиги¸ демакки шилқимлик ва жинсий тегажоқликнинг жиноятга тенглаштирилмагани муаммони янада оғирлаштираëтган омиллардан бири:

- Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 121-моддаси бор. Унда "аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш/ Хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этиш" учун 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади¸ деб қўйипти. Бор гап шу¸ яъни жинсий алоқага мажбурлашгина жиноят ва унга ҳам ўта енгил жазо тайинланган. Шилқимлик¸ аëлга тегажоқлик қилиш¸ уни жинсий алоқага мажбурлашгача бўлган бошқа қанчадан-қанча хунук ҳаракатлар бу моддага умуман киритилмаган¸ деган Исҳоқова муаммога ечим излашни шилқимлик ва тегажоқликнинг ҳар бир кўринишини Жиноят Кодексида аниқлаштириб¸ унга тегишли жазо белгилашдан бошлаш кераклигини айтади.

Айни пайтда¸ Озодлик гаплашган бошқа кузатувчилар ҳам¸ ўзбек жамиятида норма сифатида қабул қилинадиган жинсий тегажоқликка нишон бўлганда қизларни қандай қилиб ўзини ҳимоя қилишнинг жисмоний¸ руҳий ва легал йўлларига ўргатиш лозимлигини айтади.

Қашқадарëда ҳам "шилқим" қолиб¸ шилқимликка учраган аëл айбдор қилинди

Мақоламиз қаҳрамонларига қайтамиз. Озодлик билан суҳбатда қўл остида аёлга мунтазам жинсий тамагирлик¸ оғзаки ва жисмоний шилқимлик қилганликда айбланган эркак бошлиқ¸ аризачи аëлнинг ўзини туҳматчиликда айблаб берган аризасини суд кўриб чиққани¸ аммо ажримдан бехабарлигини айтди.

Аммо шикоятчидан судланувчига айланган аëлга кўра¸ бошлиқнинг аризаси туман маъмурий маҳкамасида кўриб чиқилиб¸ ажрим аллақачон чиқарилган.

"Мени туҳматчига чиқарди суд. Бошлиқнинг пули ҳам¸ таниши ҳам кўп. Орага ким тушди¸ қанча пул аралашди¸ билмайман. Билганим¸ суд адолатсиз ҳукм билан мени туҳматчи деб топди ва энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортди. Мана сизга¸ Ўзбекистонда бошлиқнинг шилқимлигига қарши овоз чиқаришга журъат қилган ëлғиз аëлнинг тақдири"¸ дейди аччиқ билан бу суҳбатдош.

Суд томонидан "туҳмат қурбони" деб топилган бошлиқ¸ бу аëлга нисбатан хусумати йўқлигини айтиб¸ аëлнинг ҳамон ишда қолаëтгани¸ икковлоннинг "ярашиб кетгани"ни бунинг тасдиғи сифатида тилга олди.

Аммо бошлиғини сурункали шилқимликда айблаган аëлнинг гапи бошқачароқ бўлди.

"Ҳозиргача орамизда салом-алик йўқ эди. Ҳозир сиз билан гаплашгандан кейин менга¸ "келинг энди унутайлик бу воқеани¸ ака-сингил бўлиб ишлайлик"¸ деб қолди. Мени ҳозирча шу гапни айтиш учун ушлаб турипти. Уёғи нима бўлишини билмайман"¸ дейди қашқадарëлик аëл.

(Озодлик бу жараëнни кузатишда давом этади)

Тома-тома кўл бўлур...

Айни кунларда аксар Ғарб давлатларида шоу бизнесдаги машҳур шахслар¸ спорт тренерлари¸ таниқли сиëсатчи ва жамоат арбобларининг хотин-қизларга йиллар давомида жинсий тегажоқлик ва тажовуз қилиб келгани билан боғлиқ можаролар давом этмоқда.

Ҳолливуднинг энг қудратли продюсери Харви Вайнштейннинг ўнлаб йиллар давомида ëш актрисаларга жинсий тегажоқлик¸ жинсий зўравонлик қилиб келгани фош бўлиши ортидан бошқа бир қатор Ҳолливуд юлдузлари¸ айрим сенатор ва телеюлдузларнинг ҳам хотин-қизларга тегажоқлик қилиб келганига оид ҳикоялар ўртага чиқмоқда. Оқибатда¸ бундай ҳаракатда айбланаëтганлар ўз иши ва мартабасидан айрилиб¸ айрим ҳолларда жиноий иш фигурантига айланмоқда.

Бу можаролар ортидан нафақат АҚШ¸ балки аксар Ғарб давлатларида иши¸ карьераси¸ қолаверса ижтимоий мавқеини йўқотишдан қўрқиб йиллар давомида ўзига нисбатан қилинган жинсий босим ва тегажоқликлар ҳақида индамай келган хотин-қизлар аста-секин ўз аччиқ ҳикояларини жамоатчиликка айта бошлади.

Айни шундай ачччиқ ҳикоя ва кўрсатмаларни ëзиш¸ жамоатчилик билан баҳам кўриш мақсадида #MeToo кампанияси бошланди ва ҳозирда дунëнинг кўплаб давлатларида турли тилларда оммалашиб бормоқда.

Бунинг ортидан¸ бу муаммо халқаро оммавий ахборот воситалари диққат-марказида қолаëтган¸ жамоатчилик кенг муҳокама қилаëтган мавзулигича қолмоқда.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари¸ хусусан¸ телеканалларда бу мавзунинг кўтарилгани¸ жамоатчилик уни муҳокама қилгани ҳозирча кўрилмади.

Ўзбекистонда давлат томонидан хотин-қизлар манфаатининг расмий ҳимоячиси этиб белгиланган Хотин-қизлар қўмитасида¸ на бу кампанияни кузатаëтган¸ ва на аëлларга нисбатан шилқимлик муаммоси бўйича махсус шуғулланадиган бўлим ëки мутахассисни мавзуни ўрганиш жараëнида топишнинг имкони бўлмади.

(Ҳаттоки¸ бу қўмитадагиларнинг мазкур муаммо билан махсус шуғулланиш-шуғулланмаслигини ҳам аниқлаштириб бўлмади - 23 ноябрдан бошлаб қўмита мутасадди ва мутахассислари оммавий тарзда республика бўйлаб хизмат сафарига юборилгани боис¸ уларни иш жойида топиб бўлмади.)

Озодлик жинсий тегажоқлик нишони бўлган ва бўлаëтган¸ бундай тегажоқликнинг дунëвий¸ эркак-аëл тенг ҳуқуқли саналган давлатда нормал ҳаракат сифатида қабул қилинишига қарши хотин-қизларга минбар беради.

Сиз бундай тегажоқлик нишони бўлган бўлсангиз¸ ўз ҳикоянгизни айтиб беринг!

Айни пайтда¸ ўқиш ва иш¸ жамоат ва хусусий жойларда жинсий тегажоқликка барҳам бериш учун нималар қилиш керак?

Бу муаммони очиқ гапириб¸ муҳокама қилишга ўзбек жамияти¸ биринчи галда¸ аëлларнинг ўзи тайëрми?

Ҳикоя¸ фикр ва мулоҳазаларингизни ижтимоий тармоқлар орқали бизга билдиринг. Гапирмоқчи бўлганлар¸ Telegram, WhatsApp тармоғидаги +420 724 971 539; +420 724 740 755 рақамлари¸ ëки ozodlikmail@gmail.com электрон почтамизга “жинсий тегажоқлик ҳақида гапирмоқчиман”¸ деган хабар юборса¸ ўзимиз қайта боғланамиз. Истасангиз¸ шахсингиз сир қолиши кафолатланади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG