Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2021, Тошкент вақти: 04:52

Кадрлар "рокировкаси": О. Раматов "кетиши мумкин". Божхона қўмитасига янги раис тайинланди


  • Иккинчи муддатга қайта сайланган президент Шавкат Мирзиёев изчиллик билан ҳокимият таркибини ўзгартиришда давом этмоқда.
  • 18 ноябрда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
  • Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов эса вилоятдаги Чирчиқ тумани ҳокимлигига туширилди.
  • Сўнгги норасмий хабарларга кўра, Очилбой Раматов бош вазир ўринбосарлигидан кетиши мумкин.
  • Президент маъмуриятига яқин манбалар, Бош вазир А. Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев ҳам кетиши, ўрнига “президент командаси”дан номзод танланишини тахмин қилмоқда.
  • Бош вазир алмашиши ҳақидаги хабарларга расман муносабат билдирилмади. Аммо, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ортиқхўжаевнинг лавозимдан олиниши ҳақидаги хабарларни рад этди.
  • 18 ноябрь кун давомида яна бир қатор ўзгаришлар бўлиши айтилган. Ҳозиргача кузатилган ўзгаришлар асосан, кадрлар рокировкасидан иборат бўлмоқда - мавжуд кадрлар алмаштирилмоқда.
  • Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери ҳукуматни тўлиқ ўзгартириш ва кўпроқ ёшларни олиб келишни ваъда қилган. Аммо ҳануз амалга ошмаган эди.
  • 17 январь куни 44 яшар Ш. Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Хитойдаги элчи, 40 яшар Б. Саидов Халқ таълими вазири, Бош вазир ўринбосари, 48 яшар Б. Мусаев эса Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.
  • Сўнгги ўзгаришларга қараганда, Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов бошқаруви пайтидаги 13 йил бош вазир бўлган пайтларидан бери ўзига содиқ қолган сафдошларини ҳам унутмаётир.
  • Зотан бундай изчил кадрлар алмашинуви, Ўзбекистонда қарийб 30 йил ҳокимиятдаги таъсирини сақлаб турган ва энг қудратли шахс кўрилган Рустам Иноятовнинг истеъфоси фонида тезлашди.

О. Раматов "кетиши мумкин"

Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган хабарларга кўра, Бош вазирнинг коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳам лавозимидан озод этилиши мумкин.

Kun.uz нашрининг ёзишича, қурилиш вазири Ботир Зокиров эса бош вазир ўринбосари лавозимига қайтиши кутилмоқда.

Ҳозирча О. Раматовнинг кейинги тайинлови ёки Ботир Зокировнинг ҳукуматда айнан қайси соҳага масъул бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

  • 1962 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган Очилбой Раматов 1988 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган.
  • 1988-1995 йилларда Тошкент тепловозларни таъмирлаш заводида уста, цех бошлиғи бўлиб ишлаган.
  • 1995-2001 йилларда "Ўзтемирйўлмаштаъмир" унитар корхонаси бош директори, 2001-2002 йилларда "Ўзбекистон темир йўллари"нинг бош менежери-бош муҳандиси, 2002-2019 йилларда бошқарув раиси бўлган.
  • 2012-2020 йиллар орасида Ўзбекистон Бокс федерацияси президенти, Футбол Федерацияси президенти, Олий Мажлис депутати, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси, Ўзбекистон транспорт вазири бўлган.
  • 2016 йилдан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — коммунал соҳа, қурилиш, транспорт мажмуаси раҳбари бўлиб ишламоқда.

Божхона қўмитасига раис тайинланди

Олий мажлис Қонунчилик палатасида Акмалхўжа Мавлонов Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига маъқулланди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

2021 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига Акмалхўжа Мавлонов номзодини маъқуллади.

  • Акмалхўжа Мавлонов 1975 йилда туғилган, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
  • 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида, кейин Наманган вилояти прокуратурасида, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Марғилон шаҳар прокурори, Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти прокурори лавозимларида ишлаган.
  • 2018 йил февралда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи бўлган, ўша йили августда Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган.
  • Акмалхўжа Мавлонов 2019 йил июлидан бери Наманган вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Ж. Ортиқхўжаев "бошқа ишга ўтади"

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Бош вазирга ўринбосар бўлиши ҳақида яна бир хабар пайдо бўлди.

Бундай хабарни Kun.uz нашри ҳам, ўз манбасигая таяниб ёзди. Ҳозирча Ортиқхўжаевнинг ҳукуматда қайси соҳага масъул бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

Бу маълумотлар ҳозирча бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.

Бунга қадар Президент маъмуриятига яқин манбалар, Бош вазир А. Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев ҳам кетиши, ўрнига “президент командаси”дан номзод танланишини тахмин қилаётганди.

Бош вазир алмашиши ҳақидаги хабарларга ҳануз расман муносабат билдирилмади. Аммо, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ортиқхўжаевнинг лавозимдан олиниши ҳақидаги хабарларни рад этганди.

  • 1975 йилда Тошкентда туғилган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.
  • «Жаҳонгир» МЧЖ директори сифатида иш бошлаган, 2000 йилда Akfa, 2011 йилда Artel ширкатларини очган.
  • 2017-2018 йилларда Tashkent city дирекциясига директор бўлган.
  • 2018 йил апрелидан бери Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилади.

Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими эса бироз аввалроқ бўш қолганди - Беҳзод Мусаев ССВ раҳбари лавозимига ўтказилган.

Бундан аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими лавозимидан кетиши ва унинг ўрнини Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов эгаллаши ҳақида хабарлар тарқалган, Kun.uz манбаси бу маълумотни рад этиб, Ҳидоятов Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ҳокими бўлишини маълум қилганди.

З. Мирзаев Тошкентга қайтди

Ўзбекистон президенти фармони билан 18 ноябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Мирзаев Тошкент вилоятига ҳокими вазифасини бажарувчи қилиб тайинланган.

Тошкент вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган Даврон Ҳидоятовни эса президент Чирчиқ туманига ҳоким қилиб тайинланишга фармон берган.

Бунга қадар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати унинг юқори лавзимга кўтарилиши ҳақида хабар қилган эди: "Қашқадарё халқи - халқпарвар раҳбарларни унутмайди" - Зойир Мирзаев янги лавозимга муносиб кузатилди".

18 ноябрь куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ўтган фаоллар йиғилишида президент Администрaцияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов шахсан қатнашган.

Унинг ўрнига эса Муроджон Бердиалиевич Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Азимов 1976 йил Китоб туманида туғилган. У 2018 йилнинг феврал ойидан буён Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, тантанали кузатув маросимида Мирзаевнинг кўзда ёш билан хайрлашгани ҳақидаги видеони ёйинлади.

  • 1968 йилда Самарқандда туғилган Зойир Мирзаев 1994 йил Тошкент молия институтини тамомлаган.
  • 2003-2016 йиллар орасида ўзи туғилган вилоятида, туман ҳокими, вилояти ҳокими ўринбосари ва вилоят ҳокими бўлиб ишлаган.
  • 2016 йилдан 2018 йилгача бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари бўлган.
  • 2018 йилдан - бош вазир ўринбосари - агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган. Айнан шу лавозимда ишлаётган пайтида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳокимият мулозим ва фермерларни ариқдаги совуқ сувга тушириб, бир неча фермерни тош кўтаришга мажбурлаб, хўрлагач, лавозимидан олинган эди.
  • Тармоқларда шов-шув бўлган ўша ҳодисадан кейин 2018 йил 7 ноябрдан Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган, 2019 йил октябридан буён Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилаётган эди.

Ҳокимдан олдин машинаси "кўчди"

18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими Тошкент шаҳар ҳокими юқори лавозимга ўтиши мумкинлиги айтилмоқда Даврон Ҳидоятов ҳам лавозимидан озод қилинди.

Тошкент вилояти ҳокимининг қарори, 18 ноябрь, 2021
Тошкент вилояти ҳокимининг қарори, 18 ноябрь, 2021

Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокимига берилган хизмат машинаси 18 ноябрдан Экология қўмитаси балансига ўтказилгани ҳақидаги ҳужжат пайдо бўлди.

Ҳужжатда, 2015 йилдан бери вилоят ҳокимлиги балансида бўлган “CHEVROLET CAPTIVA” русумидаги хизмат машинаси, 4 ноябрдаги ҳужжатга таянган ҳолда Давлат экология қўмитаси балансига ўтказилган.

Бундан, Тошкент вилояти ҳокимининг Экология қўмитасига раис бўлиб ўтиши тахмин қилинаётган эди. Аммо, Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ўринбосарлик қилиб, Тошкентдаги қурилиш ва бузилишларда кўриниш бериб юрган бу мулозим вилоят ҳокимидан туман ҳокими даражасига туширилди.

  • 45 яшар Даврон Ҳидоятов Тошкентда туғилган, касби иқтисодчи. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2001 йилда Банк-молия академиясини тугатган.
  • У Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, қисқа муддатда катта лавозимларга кўтарилган ёш кадрлардан бири ҳисобланади.
  • 1996-2004 йилларда Марказий Банкда ишлаган, 2004-2005 йилларда «Азия-Инвест Банка» бошқарув кенгаши раиси (Москва) бўлган.
  • 2009-2012 йилларда GM Uzbekistan ширкати молия бўйича ижрочи директори, 2012-2014 йилларда MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси бош директори бўлган. 2014-2017 йилларда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси бўлган.
  • 2017 йил апрелдан Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи, 2018 йил, 4 октябрдан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқҳўжаевнинг архитектура ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари бўлган.
  • 2021 йил, 30 январдан Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 19 мартдан эса ҳокими бўлиб ишлаётган эди.
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов 24 август куни ишдан олинган, ўшандан буён қўмита раҳбарсиз ишлаётганди.

Бош вазир ўзгариши мумкин

Ҳукуматдаги ўзгаришлар борасида номи энг кўп тилга олинаётганлардан яна бири Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқовдир.

Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил манбалар Сардор Умурзоқов бош вазирликка эҳтимолий номзодлардан бири эканини айтмоқда.

Умурзоқовни шахсан таниганларнинг айримлари, уни “муросасоз”, “муносабатларда балансни сақлашга” интиладиган, ғарб ҳукуматлари ва инвесторлар билан гаплаша оладиган замонавий раҳбар деб таърифласа, танқидчилари “ашаддий карьерист”, президент измидан чиқмайдиган “итоатгўй шогирд”, деб сифатламоқда.

1977 йилда Тошкентда туғилган Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи иқтисодий алоқалардаги муҳим идораси - Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тайинланган энг ёш кадрдир.

Унинг Шавкат Мирзиёев билан устоз-шогирдлик муносабатлари борлиги ва президентнинг одами экани айтиб келинади. Озодлик, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан бундай эҳтимол ҳақида бирор изоҳ ололгани йўқ. Аммо вазирликнинг исмини сир сақлаш шарти билан гаплашган мулозимига кўра, Умурзоқов “барчадан тенг масофаланиш” ёки ҳокимият доираларидаги турли гуруҳлар ўртасида мувозанатни ушлаш тарафдори.

Яқинда Умурзоқовдан интервью олган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомовага кўра, Умурзоқов мамлакат ташқи инвестицион сиёсатида муҳим рол ўйнаётган раҳбар.

“Умид”чи ёш вазирлар

Ўзбекистонда жами 24 та вазирлик, 10 та давлат қўмитаси, 6 та давлат инспекцияси ва яна бир неча давлат агентлиги бор. Буларнинг аксаридаги 1-раҳбар ва ўринбосарларининг ўртача ёши 65-70 ёшлар оралиғида.

Катта ёшдаги вазирларнинг аксар қисми совет даврида таълим олган, совет номенклатурасидан чиққан раҳбарлардир.

Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан, давлат структурасини ислоҳ қилиш, ходимлар сонини қисқартириш ҳамда ёшартиришни ваъда қилганди.

Кейинги йилларда бир неча муҳим вазирликларга нисбатан ёш кадрларни тайинлади ҳам:

  • 44 яшар Сардор Умурзоқов Ташқи инвестициялар ва савдо вазири,
  • 44 яшар Шерзод Шерматов собиқ Халқ таълими, эндиликда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири,
  • 41 яшар Русланбек Давлетов Адлия вазири,
  • 42 яшар Темур Ишметов Молия вазир,
  • 48 яшар Беҳзод Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири,
  • 40 яшар Бахтиёр Саидов Халқ таълими вазири шулар жумласидандир.
OzodNazar: Мирзиёев Иноятовга амал беришга мажбур эди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:26 0:00

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, бир-бири билан тенгқур бу кадларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев шахсан танлаган кадрлардан иборат “президент командаси”га мансуб.

Уларнинг аксари ўз вақтида марҳум президент Ислом Каримов ташаббуси билан очилган “Умид” жамғармаси воситада Европадаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб қайтган.

Аксарига “хорижда ўқиган, чет тилларни биладиган, замонавий илғор технология ва сиёсий тенденциялардан хабардор” деган таърифлар берилади.

"Садоқат"

Озодлик гаплашган ҳукуматга яқин мулозимлардан бири уларнинг яна бир муштарак жиҳати “президентга садоқати ва итоати” эканини айтди.

“Сардор Умурзоқов, Шерзод Шерматов, Темур Ишметов, Русланбек Давлетов - буларнинг ҳаммаси вазир қилиниши билан дарров кўзга кўринди. Ўзига ишонади, гапирадиган гапини билади, сиёсатни тушунади. Лекин буларнинг ҳаммаси президентга итоат қиладиган, сиёсий иродасини кўрсатиб, ортиқча гапириб бошласа, амалдаги система кўтармаслигини жуда яхши тушунадиган болалар”, дейди исмини сир сақлаб гаплашган ҳукуматга яқин манба.

Мирзиёев ўз чиқишларида мулозимларнинг садоқати ҳақида кўп гапиради ва таҳлилчилар ҳам Каримов давридан буён кадларга қўйиладиган асосий талаблардан бири президентга шахсий садоқат бўлиб қолаётганини таъкидлайдилар.

Собиқ мулозимлардан бирининг айтишича, худди шу нарса амалдорларнинг коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ кўпгина ҳаракатларига кўз юмилишига сабаб бўлади.

Аммо унинг сўзларига кўра, жорий президентга садоқат ҳукуматдаги нисбатан ёш кадрларни Каримов даврида ҳокимиятда мустаҳкам илдиз отган эски ва қудратли мулозимлар, маҳаллий клан ва молия-саноат гуруҳларининг босимидан ҳам ҳимоялаши мумкин.

Аммо булар фақат тахмин ва фараз, холос - ҳукумат таркибидаги жузъий ўзгаришлар ҳамда очиқлик ҳақидаги гап-сўзларга қарамасдан, Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг табиати ўзгармас - ёпиқлигича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG