Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:36

Таҳқирланган аëл Каттақўрғон ИИБсида кўрсатма бермоқда. Милиция зобити ишдан бўшатилди


Озодлик 5 июль куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланган аёл билан боғлиқ жараëнни кузатишни давом эттирди.

Озодликда 4 июль куни эълон қилинган мақола ва видеотасвир ортидан бу воқеа юзасидан жиноий иш очилган ва иштирокчилар кўрсатма ва сўроққа олиб кетилган.

5 июль оқшомида воқеага илк бор расмий муносабат билдирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Санъат Умаров ишдан бўшатилгани ва унинг устидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Санъат Умаров вилоятга олиб кетилди

Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозимининг Озодликка айтишича, 4 июль куни "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" сарлавҳали мақола эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб бўйича махсус инспекцияси ва вилоят прокуратурасининг ходимлари келган.

“Кеча келишган эди. Туни билан Санъат Умаровни допрос қилиб чиқишди. Тонгга яқин жабрланувчи аёлни ҳам олиб келишди. Эрталаб, уларнинг бир қисми Санъат Умаровни ўзлари билан вилоятга олиб кетишди. Аёл эса шу ерда қолган ва прокуратура ҳамда махсус инспекция ходимларига кўрсатма бераяпти”, деди мулозим.

Вилоят ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими мулозими ҳам Каттақўрғон туманига махсус инспекция гуруҳи юборилганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида 5 июль куни хабар берди.

Таҳқирланган аëл тонгги соат 4 да олиб кетилди

Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили томонидан таҳқирланган аëл яшовчи тумандаги маҳалла фуқаролари йиғини раиси Н.Т.нинг 5 июль куни эрталаб соат 4да ички ишлар ходимлари томонидан кўрсатма беришга олиб кетилганини айтди.

“Эрталаб посбонларимиздан бири менга хабар берди. Соат уч ярим-тўртларда у аёлни ички ишлар ходимлари олиб кетибди. Боя тушда, уйига ҳам бориб келдик, лекин ҳали уйига қайтмаган экан”, деди маҳалла оқсоқоли.

Озодликда эълон қилинган мақолада шахси очиқланмаган ва юзи кўрсатилмаган аëлнинг ўтган ой милиция зобити томонидан таҳқирланганидан унинг айрим ҳамқишлоқлари олдиндан хабардор бўлган.

Шулардан бири¸ бу аëл аксар ҳамқишлоқларидан ажралган ҳолда¸ ўта ночор яшашини айтади.

“Бу аёлнинг эри жигари касал бўлиб ўлган.У яшаётган уйни уй деб аташ қийин, кўрсангиз у ерга ит ҳам боғламайсиз. Уйда на дарвоза бор, на бир девор. Жуда ҳам қашшоқ яшайди. Уйи ҳам чеккада¸ дашт жойда. Бугун борсам¸ ўғилчаси билан қизи чиқди. Сўрасам, онамлар эрталаб кетганича ҳали келганлари йўқ, деди"¸ дейди ночор аëлнинг таҳқирга учраб келаëтганидан хабари бор ҳамқишлоғи.

Айтилишича¸ ишсиз аëл бир марта 50 минг сўм, бир марта бир пой калиш ўғирлаганликда айбланиб¸жаримага тортилган ва мол боқиб¸ тирикчилик қилиб келган.

Озодлик суҳбатлашган маҳалла раиси¸ Каттақўрғон деҳқон бозорида 3 июнь куни бўлган ўғриликда гумонланиб¸ тезкор вакил томонидан ушланишига ҳам¸ аëлнинг муқаддам қайд этилган шу ҳаракатлари асос бўлганини билдирди.

5 июль куни Озодлик таҳқирланган аëлнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо кун давомида Каттақўрғон ИИБ да савол-жавоб қилинган аëлнинг мобиль телефони ўчирилгани боис¸ у билан суҳбатлашиш имкони бўлмади.

Видеотасвирда кўринмаган иккинчи аёлни таҳқирлаган шахс ким?

Озодликда эълон қилинган видеотасвирдан ўғриликда гумонланиб яна бир аëлнинг милиция бўлинмасига олиб келингани ва тасвирга тушмаган иккинчи аëлнинг ҳам кадр ортида таҳқирлангани тушунилади.

Бу воқеага алоқадор бошқа милиция ходимлари шахсини аниқлаш мақсадида Озодлик мухбири Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров билан боғланди.

Озодлик саволига ИИБ бошлиғи қисқа жавоб билан чекланди.

"Ҳозир суриштирув олиб борилаяпти, суриштирув тугагач бу ҳақда айтамиз. Ҳозирча бошқа ҳеч нарса айтолмайман", деди Илёс Абуқаҳҳоров.

Ички ишлар вазирлиги воқеага бир сутка ўтиб муносабат билдирди

5 июль куни Каттақўрғон милиция зобитининг ўғриликда гумонланган аëлни таҳқирлаб¸ уни қип-яланғоч ҳолда коридорда юришга мажбурлагани ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда куннинг энг қизғин муҳокама қилинган мавзуига айланган бу воқеага Ўзбекистон парламенти депутати ва Бош вазир ўринбосари Facebookдаги ўз саҳифаси орқали муносабат билдирди.

Озодлик хабаридан бир кун ўтиб ўз ходимининг хатти-ҳаракатига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди:

"Бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда," дея таъкидланади Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг расмий муносабатида.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти "бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб боради," дея таъкидланади унда.

XS
SM
MD
LG