Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2022, Тошкент вақти: 19:08

Қозоғистон: Энг арзон электр ишлаб чиқарувчи ГЭСлар нега ва кимларга сотилмоқда?


Қозоғистоннинг Уст-Каменогорск гидроэлектр станцияси.

Қозоғистон Шулба ва Уст-Каменогорск гидроэлектр станцияларини БАА ва Қозоғистон инвесторлари консорциумига сотмоқчи. Қозоғистонда энг арзон электр энергиясининг ярми исми очиқланмаётган аллақайси “қозоқ инвестори”га тегишли заводларга йўлланади. Озодликнинг қозоқ хизмати келишув тафсилотларини ўрганди.

Ушбу икки стратегик объект акцияларининг 100 фоизи хусусий шахсларга сотилиши 2021 йил 6 январда маълум бўлганди. Апрель ойида ГЭСлар сотилишига қарши петиция 10 мингдан ортиқ овоз йиғди, ижтимоий тармоқларда хусусийлаштиришни бекор қилишга чақирилган ўнлаб постлар эълон қилинди. Аммо бу ишлардан наф бўлгани йўқ.

Олди-сотдидан Қозоғистоннинг юқори мартабали мулозимлари манфаатдор эди.

Назарбоев, шаҳзодалар, шайхлар

2020 йил охирида собиқ президент Нурсултон Назарбоев ҳамда Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) борган эди. Расмий хабарларга кўра, ўша ташриф чоғида “6 млрд доллардан ортиқ қийматли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган”.

Қозоғистон ГЭСлари тақдири худди ўшанда ҳал қилинган бўлса ажаб эмас.

Орадан салкам бир йил ўтиб, 2021 йил 8 октябь куни ҳукумат Шулба ва Уст-Каменогорск ГЭСлари, шунингдек “KEGOC электр тармоқларини бошқариш ширкати” АЖ ва “Самрук Энерго” миллий ширкатидаги улушлар араб-қозоқ инвесторлари консорциумига сотилишига доир ҳужжатни эълон қилди.

Кейинроқ олди-сотди юзасидан Қозоғистон энергетика вазири Магзум Мирзагалиев изоҳ берди:

– Бу ерда гап фақат ГЭСларнинг хусусийлаштирилаётганида эмас, балки Қозоғистон иқтисодиётига ётқизилажак 6 млрд доллар ҳақида бормоқда. Мазкур келишув бизга чет эл сармоясини олиб келишини, стратегик инвестор мамлакатимиз энергетикасини ривожлантиришини тушунишимиз лозим.

Бошқача айтганда, келишувга танлов ўтказилишидан олдинроқ эришилган бўлиши мумкин. Ҳозирда олди-сотдида БАА томонидан ким қатнашиши маълум, холос. Бу – 2018 йилда асос солинган, Abu Dhabi Developmental Holding Company PJSC номи билан машҳур ADQ ширкатидир. Унга БАА асосчисининг ўғли шайх Таҳнун бин Зайд ал-Наҳайян раҳбарлик қилади.

Қозоғистонлик инвестор номи очиқланмаган. Эълон қилинган декларацияда 2026 йилдан бошлаб Шулба ва Уст-Каменогорск ГЭСлари ишлаб чиқарган электр энергиясининг 50 фоизи аллақандай қозоғистонлик инвесторга тегишли заводларга йўналтирилиши айтилган.

Журналистларнинг қозоғистонлик сирли инвестор исмини очиқлаш хусусидаги сўровлари жавобсиз қолдирилди.

Уст-Каменогорск гидроэлектр станцияси.
Уст-Каменогорск гидроэлектр станцияси.

Жамоатчилик қизиқиши нафақат мулкдорларга, балки ушбу қозоқ ва араб инвесторлари қўлига ўтадиган ҳокимиятга ҳам қаратилмоқда. Декларацияга кўра, ички бозорда электр энергияси нархи доллар курси тебранишига қараб ўзгаради. Энергетик Асет Науризбаев ГЭСлар хусусийлаштирилгач, ҳар гал доллар кўтарилганида тарифлар ҳам ошишини урғулаган. Эксперт ГЭСлар билан бирга, улардан анча қиммат ва яна эҳтимол минг йил турадиган тўғонлар ҳам сотилаётганига эътибор қаратиб, келишувни “ғалати ва ғайритабиий” деб атаган.

“Хусусий манфаатлар миллий манфаатлардан устун бўлиб чиқди”

Жамоат арбоби, иқтисодчи ва ўтмишда ИЭС директори бўлган Пётр Своик Озодлик мухбири билан суҳбатда ушбу келишувдан фақат шахсий манфаатлар кўзланганини айтди. Гарчи ҳукумат лойиҳани “энергетикани ривожлантириш” деб атаётган бўлса-да.

“Бу аввало, аллақандай хусусий гуруҳлар манфаати миллий манфаатлардан муҳимроқ деб топилганини англатади. Ва бу воқеалар Қозоғистон энергетика соҳаси қувватларни оширишга ва сармояга жуда эҳтиёжманд бўлиб турган вазиятда рўй бермоқда. Ҳозирда электр энергетикаси тарқоқ: ҳар бир фойдаланувчи аввал ўз эҳтиёжини ва аффилланган истеъмолчи эҳтиёжини қондиради, шундан сўнггина қолдиқ – нисбатан қиммат энергияни умумий бозорга ташлайди”, дейди эксперт.

Своик айтишича, мамлакатда энг арзон электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ГЭСларнинг хусусийлаштирилишдан муддао – ушбу арзон энергияни хусусий шахсларга топшириш, яъни умумий бозорга эмас, қандайдир хусусий лойиҳаларга йўналтиришдир.

“Бу менинг тахминим эмас, декларацияда ёзилган гаплар. Инвестор ўз корхоналарини таъминлаш учун энг арзон энергия ишлаб чиқарувчи ГЭСларни сотиб олмоқда”, дейди иқтисодчи.

“Хусусий манфаатлар” ҳақида бошқа экспертлар ҳам гапиришмоқда. Энергетик Асет Науризбаевга кўра, БАА қозоғистонлик бойваччалар ўз бойликларини яширадиган оффшор ҳудудлардан бири бўлгани учун ҳам айнан шу ерлик инвесторлар танланганини урғулайди.

“Музокарага кимсан бош вазирни юборишганига қараганда, манфаатдор шахслар ундан ҳам юқорида ўтиради. Хўш, бош вазирга ким буйруқ бера олади? Биринчи ёки иккинчи президент. Мен иккинчи президент бунақа бизнес-келишувга қодир деб ўйламайман. Бизнес кўникмалари бўйича биринчи президент ундан юз чандон кучлироқ”, мулоҳаза қилади Науризбаев.

“Қозоғистон энергетикаси танг аҳволда”

Пётр Своик фикрича, хусусий инвесторлар миллий манфаатларни унутиб қўймайди, деган умид ҳам йўқ эмас.

“Бу инвесторларни “кўпроқ қозоқ ва бир оз араб” деб ўйлайман. Яъни, инвесторларнинг қозоғистонлик қисми чет элда сақлаётган пулларини сармояга муҳтож бўлиб турган энергетика соҳасига тикишга қарор берган. Ва бу “бир оз араб” қозоқ инвесторлари гап узоқ муддатли ва жиддий сармоя ётқизиш ҳақида кетаётганлигини ҳарқалай тушунади, деб умид қиламан”, дейди у.

Экспертга кўра, Қозоғистон энергетикаси танг аҳволда бўлиб, уни зудлик билан рестутуризация қилиш лозим.

“Энергетика сектори унинг олдига қўйилаётган улкан вазифаларни уддулаши учун давлат уни реструктуризация қилиши керак. Улгуржи бозорсиз, тақсимот фақат маъмурий йўллар билан амалга ошириладиган тизимда истеъмолчи қанча обрўли бўлса, электр энергияси унга шунчалик арзон тушади. Қандай реструктуризация қилиш учун Назарбоев 2015 йилда имзолаган “100 аниқ қадам” режасини очиш ва ундан “ягона харид тизимини жорий этиш” номли эллигинчи қадамни топиш кифоя. Қоғозда қолиб кетган бу режани амалга ошириш шарт. Чунки тизим айни ҳолида фақат бир гуруҳ шахслар манфаатига хизмат қилади”, дея хулоса қилади Пётр Своик.

XS
SM
MD
LG