Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 18:25

Наманганда коллеж ўқувчилари синфдошини уриб ўлдирди


Cуратнинг бу воқеага алоқаси йўқ

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг ўқувчилари ўз синфдошини 1 июнь куни уриб ўлдирди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, ўлган бола “мен рўзадорман, уришмайман”, деганига қарамасдан уни ўртага олиб тепишган.

Бола ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган.

Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси мулозими воқеа юзасидан жиноят иши очилиб, суриштирув олиб борилаётганини айтди.

Ўқувчини уриб ўлдирганликда гумонланган уч нафар ўқувчи қўлга олинган.

Тўрақўрғон туманидаги Шаханд агроиқтисодиёт коллежининг 2-босқич талабаси 19 яшар А.Т.(ўқувчининг исм-фамилияси Озодликка маълум, лекин ахлоқ қоидалари юзасидан ошкор этилмайди – таҳририят) 1 июнь куни тушга яқин ўз синфдошлари калтагидан сўнг вафот этди.

Бу воқеа ҳақида Озодликка хабар берган, исми сир қолишини сўраган коллеж ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, фожиага олиб келган бу жанжал коллеж ҳовлисидан бошланган:

“Боланинг синфдошларидан бирининг менга айтишича, аввал коллежнинг ичкарисида жанжал бўлган. Кейин уч бола уни коллеждан ташқарига туртиб, ниқтаб олиб чиқишган. Коллеждан ўнг томонга юришганда, у бола тўхтаб синфдошларига “мен рўза тутганман, мен ҳеч ким билан уришмайман” деган ва орқага қайтмоқчи бўлиб юрган. Шунда ўша уч боладан бири бориб урган ва қолганлари ёпишган. Бола қаршилик кўрсатмаган ва болалар уни ерда роса уриб тепишган. Бола ҳушидан кетиб ётиб қолган ва ўша жойнинг ўзида вафот этган”, дейди ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчининг айтишича, марҳум ўқувчи коллежда яхши ўқиган, одобли болалардан бири бўлган:

“Бу боланинг дадаси бозорда тирикчилик қилади. Беш нафар ўғли бор эди. Ўртамиёна оила. Барча ака-укалари ҳам одобли болалар бўлган”, деди ўқитувчи.

Синфдошлар ўртасида фожиага олиб келган бу жанжал нима сабабдан бошлангани Озодликка маълум эмас.

Наманган вилояти ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими А.Т.ни калтаклашда иштирок этган болалар ушланганини айтди:

“Бу болалар ҳаммаси синфдошлар. Ҳақиқатан ҳам бола рўзадор бўлган экан. Ҳозир у болалар қўлга олинган, суриштирув ишлари олиб бориляпти. Бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган”, деди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Ўзбекистонда мактаб, коллеж-лицей ўқувчиларининг турли хил жиноят содир этишлари учраб туради.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.

1,5 минг жиноятнинг бир нечаси ҳақда Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси мактаб ҳовлисида шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси ўзининг қиз курсдошини пичоқлаган эди.

Ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида ўтган йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

Шарҳларни кўринг (37)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG