Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 18:35

Янги моддалар ва янги муддат. Конституция бўйича референдум 30 апрелда бўлиб ўтади


Шавкат Мирзиёев иккинчи муддат президентликка қасамёд қилмоқда. 6 ноябрь, 2021 йил
Шавкат Мирзиёев иккинчи муддат президентликка қасамёд қилмоқда. 6 ноябрь, 2021 йил

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар бўйича референдумни шу йилнинг 30 апрелида ўтказишни таклиф қилди.

Озодлик аввалроқ янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдум Наврўздан кейинга режаланаётгани ҳақида ёзган эди.

10 март кунги ялпи мажлисда депутатлардан 132 нафари Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлаган, икки депутат бетараф қолган, уч депутат эса овоз бермаган.

Референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади.

Айни пайтда Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловнинг айтишича, мамлакатда Конституция қабул қилинган кун санаси - 8 декабрь ўзгаришсиз қолдирилади. Буни қуйи палата спикери конституциянинг "фақат янги таҳрири" қабул қилинаётгани билан тушунтирган.

Конституцияга ўзгартишларни 137 депутатдан 132 нафари қўллаб-қувватлаган.
Конституцияга ўзгартишларни 137 депутатдан 132 нафари қўллаб-қувватлаган.

Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда референдум ўтказиш ташаббуси билан республика фуқаролари, Олий Мажлисининг палаталари ва президент чиқиши мумкин.

“Ўзбекистон республикаси референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига биноан “референдум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлган тақдирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин”.

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ўтган йилнинг 26 июнида муҳокамага қўйилганди. Лойиҳа бўйича муҳокама муҳлати бир неча бор турли сабаблар билан узайтирилган.

Конституцияга киритилаётган ўнлаб ўзгаришлар орасида Бош қомуснинг Қорақалпоғистонга оид 5 модда ҳам борлиги норозиликлар асносида жамоатчиликка маълум бўлди.

Аксар таҳлилчилар ҳукумат Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид референдумни аввалига Нукус воқеалари сабаб қолдирган бўлса, кейинчалик айнан энергетик тақчиллик боис аҳолида фавқулодда кучайган норозилик кайфияти сабаб яна суришга мажбур бўлди, деган хулосага келганлар.

Уларга кўра, референдум орқали Конституцияни янгилаш амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг иккита муддатини “ноллаштириб”, унга учинчи муддатга президентликка номзодини қўйишга йўл очади.

Бу фикрни Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам ўз баёноти билан тасдиқлаган.

"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради", деган эди сенатор Сафоев.

Кутилаётган референдумдан сўнг амалдаги президент Мирзиёев яна бир муддат - қонундан белгиланган икки муддатлик чекловдан ташқари - учинчи муддатга президентликка номзодини илгари суриши, ва агар илгари сурса, катта эҳтимол билан президентликда қолиши мумкин.

Ўзбекистоннинг амалдаги 128 моддадан иборат конституциясидаги моддалар сонини 155 тага, мавжуд 275 та нормани 434 тага етказиш таклиф қилинмоқда.

9 март куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси конституцияга ўзгартириш киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокамаси учун ялпи мажлисга йиғилди.

Қонунчилик палатаси йиғилишида, амалдаги бош қомус 65 фоизга ўзгаргани боис, Ўзбекистоннинг Янги конституцияси, деб аташ таклиф қилинди.

Янгиланган ёки Янги Конституция қабул қилинса, расмийларга кўра, амалдаги президентнинг икки муддати “ноллашиб”, учинчи муддат президентликка номзодини қўйиши учун унга йўл очилади.

Қонунчилик палатасининг 9 март кунги ялпи мажлисида янги лойиҳани Олий мажлиснинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов лойиҳани депутатларга тақдим қилди.

Ширинов, амалдаги Конституцияга ўзгартиришлар киритувчи қонун лойиҳасини “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси” деб аташни таклиф қилди.

“Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлигининг ўзиёқ Конституциявий ислоҳотлардан халқимиз катта ўзгаришлар кутаётганидан далолат беради”, деди Ширинов.

Шириновга кўра, амалдаги конституциянинг 128 та моддасидан 91 тасига концептуал ўзгариш киритиш, моддалар сонини эса 155 тага етказиш, мавжуд 275 та норма сонини 434 тага кўпайтириш таклиф қилинмоқда.

Булар орасида қуйидаги таклифлар борлиги айтилди:

  • «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деб эълон қилиш ва давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб 3 баробар ошириш,
  • Сўз эркинлиги ва ахборот олиш эркинлигини таъминлаш,
  • таълим соҳасига оид нормаларни киритиш,
  • давлат ҳокимиятининг қатор лавозимларида бир шахснинг сурункасига 2 муддатдан ортиқ сайланиши ёки тайинланишини тақиқлаш ва ҳоказо.

Бир лавозимга сурункали 2 муддатдан ортиқ тайинланмайдиган ёки сайланмайдиганлар:

  • Қонунчилик палатаси спикери;
  • Сенат раиси;
  • Ўзбекистон президенти;
  • вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашининг раиси;
  • ҳоким;
  • Олий суднинг раиси ва раис ўринбосари;
  • Судьялар олий кенгашининг раиси ва раис ўринбосари;
  • Марказий сайлов комиссиянинг раиси, бош прокурор лавозимларидир.

Шунингдек, бу лойиҳадан амалдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид 70−75-моддаларини ўзгартириш таклиф қилинган қўшимчалар чиқариб ташлангани айтилди.

Ялпи мажлис 9 март куни маҳаллий вақт билан оқшом соат 8 гача давом этди ва спикер, 10 март маҳаллий вақт билан соат 10гача танаффус эълон қилди.

Бу лойиҳа муҳокамаси илк бор 2022 йилнинг июнь ойида эълон қилинганди. Ўшанда конституцияга киритилажак ўзгаришлар сирасида Қорақалпоғистон суверенлик мақомини бекор қилиш таклифи ҳам эълон қилинганди.

Бу таклиф Қорақалпоғистонда катта норозилик билан қарши олинди. 1 июлга келиб, Нукус кўчаларига минглаб одам чиқди, 2 июлда зўравонликлар кузатилди.

2 июль куни Нукусга борган президент Шавкат Мирзиёев, Қорақалпоғистон олий ҳокимият органи - Жўқорғи Кенгесдаги чиқишида Қорақалпоғистонга оид ўзгаришлар бекор қилинишини билдирганди.

Нукусда мисли кўрилмаган қонли намойишлардан сўнг, конституциявий ислоҳотлар овоз қўйилиши керак бўлган референдум номаълум муддатга қолдирилди.

Аксар таҳлилчилар, конституцияни ўзгартирадиган референдумдан сўнг Мирзиёев учинчи муддат президентликда қолишини кутмоқда.

Зотан, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев янги конституция қабул қилинса, Мирзиёевнинг президентлик муддатлари ноллашади, деб баёнот берган:

"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради…"

Конституцияга ўзгартишлар бўйича масъул комиссия раҳбари, Ўзбекистон ҳукумати бош юристи Акмал Саидов Қорақалпоғистондаги норозилик ва айнан “ноллаштириш” режасини ҳануз изоҳлагани йўқ. Озодликнинг Саидовдан изоҳ сўраб қилган мурожаатлари ҳануз жавобсиз.

Кутилаётган референдум Ўзбекистоннинг янги тарихида учинчи умумхалқ овоз бериши бўлади.

1995 йилдаги референдум натижаларига кўра президент Ислом Каримов яна бир муддатга сайловларсиз ҳокимиятда қолган, 2002 йилда эса, худди ҳозиргидек, конституцияга ўзгартишлар киритилиши важидан президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганди.

Форум

XS
SM
MD
LG