Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:17

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиялар ташкил этилади


Сешанба куни Тошкентда сенаторлар “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган. Унда, хусусан, коррупцияга қарши кураш бўйича республика миқёсида ва жойларда идоралараро комиссиялар тузиш кўзда тутилган.

Сенат матбуот хизматининг қайд этишича, 13 декабрь куни кўриб чиқилган қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган, ваколатли органлар тизими келтирилган, бу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари белгилаб берилган ҳамда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти акс эттирилган.

Қонунда коррупцияга қарши курашувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ва ҳудудий идоралараро комиссияларни ташкил этиш ҳамда унинг таркибига жамоат бирлашмаларининг вакилларини, тадбиркорларни ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш назарда тутилган.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат хусусий мулкни ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ҳимоялашга қаратилган.

Ўзбек сенаторлари фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши ишчанлик фаолиятини ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, шунингдек, ватандошлар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Таҳлилчилар бир мамлакатда коррупцияни тугатиш иши, энг аввало, расмийлардан катта сиёсий ирода талаб қилишини айтиб келадилар. Кеча қасамёдга келтирилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида коррупцияга қарши кураш долзарб муаммо эканига эътибор қаратган.

Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида хусусан: “Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир” дея ўзбек депутатларини “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш лозимлигини айтиб ўтганди.

Бугунги кунда коррупция балоси ўзбекистонликларни бешикдан қабргача таъқиб қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Халқаро ташкилотлар ҳам ўз ҳисоботларида Ўзбекистонни дунёда коррупция энг кўп томир отган мамлакатлар қаторида санаб келадилар. Хусусан, Transparency International халқаро ташкилоти жорий йил бошида эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон жаҳондаги 168 мамлакат орасида коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлардан бири сифатида 153-ўринга қўйилган.

Мазкур рўйхатда Ўзбекистон Зимбабве, Эритрея, Сурия, Туркманистон каби мамлакатлар қаторида келади.

XS
SM
MD
LG