Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:22

“Мирзиëев ўзбек иқтисодининг олигарх-монополистлар сиртмоғида бўғилишига йўл қўймаслиги керак!”


Шавкат Мирзиëев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан "Боғистон" лойиҳаси моделини томоша қилмоқда.
Шавкат Мирзиëев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан "Боғистон" лойиҳаси моделини томоша қилмоқда.

Британиялик ҳуқуқшунос профессор¸ халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувига оид қатор китоблар муаллифи Кристиан Ласслет (Kristian Lasslett) Озодлик билан суҳбатда шундай фикр билдирди.

“Акфа меники. Президент билади”

28 январь куни Озодлик¸ 29 январь куни эса¸ Open Democracy гуруҳи Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳамон Ўзбекистондаги қатор йирик ширкатларни ўз ичига олувчи Akfa Group ширкатининг 70 фоизлик акциялари эгаси эканини тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини жамоатчиликка эълон қилди.

Давлат ҳокимиятида юқори лавозимга эга бўлган шахснинг мамлакатдаги энг йирик кўптармоқли бизнес ширкати эгаси бўлиб қолаëтгани халқаро ҳуқуқшунослар томонидан давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувининг ëрқин мисоли сифатида талқин қилинди.

Бу маълумот ва танқидлар ортидан 30 январь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кутилмаганда матбуот брифинги ўтказиб¸ Akfa Group акцияларининг аксар қисми ўзида қолаëтганини эътироф қилди.

«Akfa — менинг 20 йиллик компаниям. Тан оламан, мен ҳатто тушимда ҳам ҳоким бўлишимни тасаввур қилмаган эдим. Ярим соат олдин эшитганман ҳоким бўлишимни. Президентимиз шу ерда орттирган тажрибаларим учун мени раҳбар, ҳоким этиб тайинлади. Бу ердаги бошқарувни бошқа инсонларга, шогирдларга бер деган талаб бўлган, лекин ҳиссангни бер, деган талаб бўлмаган», — деди ҳоким 30 январь кунги баëнотида.

Ортиқхўжаевнинг “Акфа меники¸ буни президент яхши билади¸ бошқалар билан нима ишим бор”¸ деган қабилдаги бу жавоби opendemocracy.net сайтида 29 январь куни босилган “Uzbekistan Ltd: private-public interests clash in flagship project” – “Ўзбекистон МЧЖ: энг йирик лойиҳада хусусий ва давлат манфаатлари тўқнашмоқда” сарлавҳали мақола муаллифи Кристиан Ласслет қўйган саволларга жавоб бериш ўрнига¸ янги саволларни туғдирди.

Ласслет Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори¸ Марказий Осиë ва Европадаги коррупция ва клептократия (юнончадан таржимаси ўғрилар ҳукмронлиги -таҳр.) бўйича китоблар муаллифидир.

“Тошкент ҳокими ширкатларининг Тошкентдаги энг сердаромад лойиҳа пудратчисига айланиши нормал ҳодиса эмас”

1 февраль куни Озодлик билан суҳбатда Кристиан Ласслет Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгалик қилаëтган ширкатларнинг Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат ва энг даромадли деб кўрилаëтган Tashkent City лойиҳасининг асосий пудратчиларига айлангани халқаро қонунчиликнинг бир қатор фундаментал нормаларини бузишини айтади:

- Ортиқхўжаев ўзи эгалик қилишини тан олган ширкатлар у Тошкент шаҳрига ҳоким бўлганидан кейин даромадли контрактларни қўлга киритди. Ортиқхўжаев аввалига Tashkent City лойиҳасини мувофиқлаштирувчи бўлиб ишлади ва сўнгра Тошкент шаҳар ҳокимлигига тайинланди. Ортиқхўжаев давлат арбоби сифатидаги ваколатига алоқаси бўлмаган қандайдир хусусий ширкат эгаси эмас. Унинг ширкатлари шаҳар ҳокими ваколатига кирувчи соҳага бевосита таалуқлидир ва Ортиқхўжаев ширкатлари у Тошкент ҳокими этиб тайинланганидан кейин энг сердаромад лойиҳанинг пудратчисига айланди.

Нормал давлатларда бундай вазиятда амал қилинадиган протокол қоидалари бор. Биринчиси¸ ҳоким ўзига қарашли ширкатлар рўйхатини эълон қилиши керак. Энг муҳими¸ у ҳоким сифатида ўзи мулкдори бўлган ширкатларга имтиëз бериш жараëнидан ўзини мутлақ четга олиши керак. 30 январь куни пресс брифинг ўтказган ҳоким негадир шу ишларни ҳозиргача нега қилмаганига жавоб бермади¸ дейди британиялик ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон қонунчилигини ислоҳ қилиш керак

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 29 январь кунги баëнотида¸ маҳаллий матбуотнинг иқтибос келтиришича:

- Агар чўнтагимда Boeing акцияси бўлса, нима деб ўйлайсиз, уни ҳам ҳоким бўлдим деб берворишим керакми? Ёки Apple акцияси бўлса қўлимда? Мен у компания ишини бошқармайман. Ҳоким бўлдим деб сотишим керакми? — дея савол берган.

Озодлик билан суҳбатда профессор Кристиан Ласслет бу баëнотни жамоатчиликни чалғитиш уриниши деб баҳолади.

- Бутун дунëда амал қиладиган оддий қоидаларга кўра¸ давлат арбоби ўз молиявий манфаати аралашган компанияларга имтиëз бериш¸ уларни тендер ғолиби деб эълон қилиш жараëнига аралашмайди. Агар бу Ўзбекистон қонунчилиги¸ хусусан¸ Жиноят кодексига киритилмаган бўлса¸ бу қонунчиликнинг реал ҳаëтдан орқада эканини кўрсатади. Янги ҳукумат манфаатлар тўқнашуви деган тушунча унга бериладиган жазони ўз қонунчилигига киритиши лозим¸ дейди криминология профессори.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев 29 январь кунги чиқишида Tashkent City раҳбари сифатида 700 инвестор билан учрашгани¸ аммо бирортасини бу лойиҳага пул ëтқизишга кўндира олмаганини айтган. Шундан сўнг¸ ҳоким иддаосича¸ “жозибадор” бўлмаган бу лойиҳага ўз ширкатларини жалб қилишга мажбур қолган.

Кристиан Ласслет "700 инвестор"нинг нега бу ва Ўзбекистондаги бошқа лойиҳаларга пул киритишга қўрқаëтгани ҳақидаги мулоҳазаларини айтади.

- Биринчидан¸ бу лойиҳага ким пул киритаëтганини текшираëтган одам борми ўзи? Ортиқхўжаев кимнинг пули бўлса¸ келаверсин¸ кимники¸ қаердан олингани билан ишимиз йўқ¸ деган гапни гапирди. Бу эса ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай инвесторни ҳуркитадиган баëнотдир.

Дунëдаги бирор нормал ҳукумат давлат ва унинг аҳолиси тақдири¸ бу вазиятда минглаб тошкентликлар ҳаëтини ўзгартираëтган Tashkent City каби лойиҳага қўшиламан деган ширкат ва шасхни синчковлик билан текширмасдан (due diligence) уларнинг сармоя ëтқизишига рухсат бермайди.

Бунақа лойиҳани амалга оширар экан ҳукумат – кираëтган инвестор ким¸ уларнинг ўтмишдаги фаолияти қандай бўлган¸ сармояси қаердан келган¸ фаолиятида хавотир уйғотадиган жиҳатлар борми¸ деган саволларни яхшилаб текширади. Ортиқхўжаевнинг очиқчасига¸ кимнинг пули бўлса келаверсин¸ деган гапи биз на ўзингиз¸ на пулингиз манбасини текширмаймиз¸ деган очиқ таклифдир. Бу таклифни биринчи бўлиб қабул қиладиганлар¸ одатда¸ наркобизнес ва мафия вакилларидир. Улар борган жойга қайси ўзини билган ширкат ëки хусусий тадбиркор боради¸ дейди британиялик профессор.

Tashkent City лойиҳасининг маҳаллий ва хорижий деб аталган инвесторлари аслида кимлигини аниқлашга қаратилган суриштирув олиб бораëтган профессор Кристиан Ласслет хорижий инвестор сифатида ниҳоятда катта имтиëзлар билан Тошкентнинг қоқ марказидаги олтинга тенг ерни текинга олаëтган бу ширкатлар асл эгаларининг махфий қолаëтгани Шавкат Мирзиëев дунëни ишонтиришга уринаëтган “ислоҳотлар”ни жиддий савол остида қолдирганини айтади.

Ўзи ўтказган суриштирув ва кўрган ҳужжатларига таянган тадқиқотчи¸ кузатишларидан хавотирли тахминлар туғилганини таъкидлайди.

- Бу ширкатлардан айримлари бевосита Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унинг бизнес шерикларига бориб тақалади. Айримлари эгаси эса¸ етти қулф тагида яширинган. Пули ҳалол бўлса¸ улар нега ўзини бекитаяпти? Бу ширкатларнинг Тошкентда ўтирган давлат амалдорлари ëки мафия босслариники эмаслигига кафолат йўқку! Tashkent Cityдаги бир неча миллион долларлик иншоотлар комплексини қураëтган ширкат эгаси Германиядаги 19 яшар ҳеч ким танимаган-билмаган шахс. Ўзбек телеком бозорини назоратига олган Takilant ширкатининг ҳеч ким билмайдиган 20 яшар армани қиз номига расмийлаштирилгани ва аслида унинг Гулнора Каримованики бўлгани ҳали эсимиздан чиқмади. Tashkent City инвесторларининг шаффоф эмаслиги¸ Ўзбекистонга чақирилаëтган хориж инвесторини бориш эмас¸ бормасликка ундайди. Ҳокимиятда ўтирганлар манфаатига мосланган бу лойиҳа эртага улар амалдан кетса¸ бошқа қўлларга ўтмаслиги ва хориж инвесторининг куйиб қолмаслигига яна ҳеч қандай кафолат йўқ¸ дейди британиялик профессор.

Мирзиëев ўзи ва ўзбек иқтисодини олигархия сиртмоғига тиқмоқда

Марказий Осиëдаги коррупция ва клептократия бўйича тадқиқот ва китоблар муаллифи¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг давлат бошқарувининг россияча моделига ўтилгани ва мамлакат ҳокимияти¸ хусусан¸ унинг иқтисодий ресурсларининг борган сайин саноқли олигархлар қўлида тўпланаëтганини айтади.

- Каримов даврида давлат ҳокимияти¸ айниқса МХХ каби қудратли хавфсизлик тизими раҳбарлари ўз қудратли ваколатидан фойдаланиб¸ бошқаларнинг бойлигини тортиб олиш¸ наркобизнес каби жиноий фаолият орқали бойиган бўлса¸ Мирзиëев даврига келиб¸ уларнинг иқтисоддаги улуши камая бошлади. Бунинг ўрнига¸ президентга яқин бадавлат тадбиркорлар давлат ва халқ бойликларини текинга ўзлаштириб¸ ниҳоятда катта олигархга айлана бошладилар. Давлат ва олигархлар манфаатлари қоришиб бораëтгани оқибатида¸ давлат кўпроқ халқ эмас¸ бадавлат тадбиркорлар манфаатига хизмат қилишга ўтмоқда. Россия мисолида кўраëтганимиздек¸ бунинг оқибатида президентга яқин миллиардерлар бойигандан бойимоқда¸ аксар халқ қашшоқлашиб¸ мамлакат иқтисоди боши берк кўчага кирмоқда. Олигархик капитализмнинг кучайиши авторитаризмга элтмай қолмайди. Агар Мирзиëев Ўзбекистонда бу моделнинг кучайиб¸ давлатнинг миллий иқтисодни бўғиб ташлайдиган бир гуруҳ монополистлар қўлида марказлашувини истамаса¸ бу жараëнни тўхтатиши лозим¸ дейди Кристиан Ласслет 1 февраль куни Озодлик билан суҳбатда.

P.S. Озодлик бу суҳбатда муҳокама қилинган мавзулар бўйича Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ўз саволларини юборган. Аммо ҳозирча уларга жавоб берилмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG