Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2018, Тошкент вақти: 04:36

Россиядан қайтган ўғил отаси хуни учун маҳалладошини ëқиб юборганликда гумонланмоқда


Бўлакланган тадбиркор жасади Катта Фарғона каналининг шохобчаларидан бирига ташлаб юборилган

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшаган тадбиркорнинг ёқиб юборилган ва бўлакларга бўлиниб каналга ташланган жасади бир ҳафтадан буён қидирилмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълумот берган ҳуқуқ тизими мулозимига кўра, қасос қурбони бўлгани айтилаëтган тадбиркорни ўлдиришда гумонланаëтган беш киши ҳибсга олинган.

Фарғона вилояти ҳуқуқ тизимидаги мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ 3 февраль тунида Бағдод туманининг Юқори Мирзаобод истиқомат қилган 41 яшар тадбиркор Икром Мамадалиев бедарак йўқолган.

Унинг айтишича, тадбиркор йўқолиб қолгани ҳақидаги яқинлари қилган мурожаатдан кейин, милиция ходимлари тадбиркорни излашга тушган ва тезликда жиноятни фош қилган.

Жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинган беш шахс¸ тадбиркорни ўлдириб¸ унинг танасини ёқиб юборгани¸ сўнгра бўлакланган жасадини Катта Фарғона каналининг Бағдод туманидан оқиб ўтадиган қисмига ташлаб юборганига иқрор бўлган.

"Бир ҳафтадан буён жасад бўлакларини қидираяпмиз, лекин ҳозирча натижа йўқ", деди Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган маҳаллий мулозим.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи расмийга кўра, қотилликда гумонланаëтган беш киши воқеа тафсилотларини айтиб берган.

“Воқеа 3 февраль куни Риштон туманидан бошланган. Асосий гумонланувчи (бу шахснинг исми-шарифи Озодликка маълум¸ аммо айбсизлик презумпцияси боис¸ унинг шахси очиқланмаëтир - таҳр.) марҳумнинг маҳалладоши ва яна унинг тўрт нафар ўртоғи. Улар 3 февраль куни Риштон туманидаги чойхоналардан бирида ўтирган Икром Мамадалиевни ташқарига чақириб, машинага босиб олиб кетишган. Уни Бағдод туманидаги Мирзаобод қишлоғи яқинидаги далага олиб бориб ўлгудай қилиб тепкилашган ва бензин қуйиб ёқиб юборишган. Жиноят изини яшириш мақсадида, улар куйган жасадни қисмларга бўлиб, каналга ташлаб юборишган”, деди мулозим.

Суҳбатдошнинг айтишича, дастлабки сўроқ давомида марҳум билан уни ўлдиришда гумонланаëтган маҳалладоши орасида шахсий адоват бўлгани аниқланган.

"Асосий гумонланувчи бундан етти йил олдин отасининг ўлимида Икром Мамадалиевни айблаб келган. Отасининг ўлимидан кейин у Россияга кетган ва яқинда қайтиб келгандан сўнг, ўртоқлари билан шу жиноятни содир этган”, деди дастлабки тергов маълумотларига таянган мулозим.

Қотилликда гумонланаётган шахс яқинларидан бири ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда иккала маҳалладош орасида хусумат бўлганини тасдиқлади.

“Етти йил олдин маҳаллада ўзаро келишолмаган одамларнинг разборкаси бўлган. Ўшанда гумонланувчининг дадасини кўпчилик бўлиб уришган ва у юраги ёмон бўлиб, вафот қилган. Бу воқеадан кейин унинг ўғли Россияга кетиб, уйга келмай етти йил юрди ва келгандан сўнг, у тадбиркорнинг зўравонлиги ошиб кетаяпти¸ деган гапларни эшитганидан сўнг, аввалги алами қўзғаган ва шу ишни ўртоқлари билан қилган”, деди тадбиркорни ваҳшийларча ўлдиришда гумонланаëтган шахс яқинларидан бири.

Юқори Мирзаобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нишонбой Абдувалиев бу икки оила ўртасида келишмовчиликлар бўлганини инкор этмади.

“Марҳум бизнинг маҳалладан эди, Ҳажга бориб келган яхши одам эди. Бировга ёмонлигини эшитмаганмиз. Тадбиркор, тегирмони бор эди, Кореяларга бориб келган, асосан қалампир бизнеси билан шуғулланарди. Ҳибсга олинган гумонланувчи ҳам аввал бизнинг маҳаллада яшаган, лекин кейин қўшни маҳаллага кўчиб кетган. Энди, ўша пайтда нима бўлганидан мени хабарим йўқ, лекин одамлар эски адовати бор эди, дейишаяпти”, деди маҳалла раиси.

Озодлик олган маълумотга кўра, қотилликда гумонланиб ҳибсга олинган беш киши устидан Ўзбекистон Жиноят Кодекси 97-моддасининг “жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Агар бу айб маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ улар 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG