Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 09:52

Мактаб директорлари зиммасига битирувчиларни хорижий олийгоҳга жойлаш юкланмоқда


Бу йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 948 минг абитуриент ҳужжат топширди.

Навоий вилоятидаги мактаб директорлари зиммасига бу йил ўқишга киролмаган битирувчиларни хорижий олийгоҳларга ўқишга жойлаш мажбурияти юкланган.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган мактаб директорлари иддаосича, уларга бу топшириқни бажариш учун босим қилиниб, ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда.

Навоий вилоят Халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган масъули мактаб директорларининг бу иддаоларини инкор қилди.

Навоий вилояти Нурота туманидаги бир гуруҳ мактаб директорлари Озодликка мурожаат қилиб, уларга туман Халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан босим бўлаётганидан шикоят қилишди.

Мактаб директорлари иддаосича, ХТБ улар зиммасига бу йил ўқишга киролмаган битирувчиларни хорижий олийгоҳларга жойлаш мажбуриятини юклаган.

Кеча ХТБда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Унда тумандаги барча мактаб раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишда олий таълим муассасасига киролмаган 11-синф ўқувчилари масаласи кўрилди. Директорлар Ўзбекистон олийгоҳларига ўқишга киролмаган ўқувчиларни хорижий давлатларга ўқишга киргизиши керак экан. Директорлардан бу нарсани талаб қилиш қанчалик қонуний?”,- дейди Нуротадаги мактаблардан бирининг директори исмини очиқламаслик шарти билан.

Ишдан хайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни истаган мактаб директорлари иддаосига кўра, уларга 3 кун муддат берилиб, талабни бажармаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган:

“Битирувчиларнинг ота-онаси боласини хорижда контракт пули тўлаб ўқитишга шароити бўлмаса, нима қилсин? ХТБ раҳбарияти бизга ҳатто битирувчиларни хорижий олийгоҳларга ўқишга жойлаш ҳаражатларини ўз киссамиздан тўлашни талаб қилди. Бўлмаса, ишдан бўшатишни айтишди”.

Озодлик 9 сентябрь куни Нурота туман ХТБ мудир ўринбосари Муҳиддин Жуманиёзов билан телефон орқали боғланганида у мактаб директорлари иддаоларини рад этди:

“Биз ҳеч кимдан буни талаб қилмаганмиз, қилмаймиз ҳам”, -деди мулозим.

Айни пайтда Муҳиддин Жуманиёзов ўқувчилари олийгоҳга кам кирган мактаблар директорлари ишдан олинишини инкор қилмади:

“Мактаб рейтингига мактаб директори жавоб беради. Ўтган йили битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи бўйича тумандаги 53 та мактабдан 9 таси яшил ҳудудга тушди. Шу мактаблар директорларининг ҳар бирига вилоят ҳокимлиги томонидан 10 миллион сўмдан мукофот пули берилди. Кўрсаткичи ёмон 10 та мактаб қизил ҳудудга тушгани сабаб директорлари ишдан кетди”.

Озодлик манбаларига кўра, ўқишга киролмаган битирувчиларни хорижий олийгоҳларга жойлаш ҳаракатлари Навоийнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Kun.uz нашри Навоийнинг Зарафшон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг ўқишга киролмаган битирувчиларини қўшни давлатлар олийгоҳларига ҳужжат топширишга мажбурлаш ҳолати бўлгани ҳақида хабар қилди.

Навоий вилояти халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган масъули мактаб директори ёки битирувчини мажбурлаш ҳолати йўқлигини иддао қилди.

“Битирувчиларнинг олийгоҳларга кириши бўйича рейтинглар энди чиқяпти. Ўзбекистоннинг ўзида талаба бўлганлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат тест марказининг базасига автоматик киритилади. Лекин хорижий олийгоҳларга кирган талабаларни 3 кун ичида базага директорлар киритиши керак. Энди битирувчиларни хорижий олийгоҳларга кириши борасида сиз айтган гапларнинг барчаси бўлмаган гап. Бунақа мажбурлаш ҳолатлари вилоятимизда умуман йўқ”,- деди ўзини таништирмаган масъул.

Айни пайтда у хорижий олийгоҳларга ўқишга кирган битирувчиларнинг шартнома пулини мактаб директорлари тўлаб берган ҳолатлар борлигини инкор қилмади.

Навоийдаги каби ҳолат бошқа вилоятларда ҳам бор ёки йўқлиги ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда Андижонда ўқишга киролмаган битирувчиларни ишга жойлаш мажбурияти мактаб раҳбарияти зиммасига юклатилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган андижонлик директорлар ўз битирувчиларини ишга жойлаш талабини бажариш борасида уларга босим ўтказилаётганидан шикоят қилишди.

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда ўқишдан йиқилган абитуриентларни хорижга ўқишга таклиф қилиш бўйича консалтинг марказларининг рекламалари кўпайган.

Консалтинг марказлари ҳеч қандай имтиҳонсиз хорижий олийгоҳларга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилмоқда. Озодликка маълум бўлишича, бу марказлар ўртача 20 миллион сўм хизмат ҳақи олади. Айрим хорижий олийгоҳлар, жумладан, Туркиянинг чекка ҳудудларидаги айрим институтларнинг бир йиллик шартнома пули атиги 150 АҚШ долларини ташкил қилади.

Жорий йилда Ўзбекистонда 438 минг чоғли ўқувчи мактабни битирди.

Бу йил Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 948 минг абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилга нисбатан ярим миллиондан зиёдроққа кам.

Ўтган йили Ўзбекистонда абитуриентлар сони 1,484 млн ташкил этган эди. Маълумот учун- 2019 йилда 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ОТМларга ҳужжат топширган эди.

Расмий маълумотга кўра, сўнгги 5 йилда 64та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилган, қабул квотаси 3 баробар оширилган.

Аввалроқ президент Мирзиёев битирувчиларни олий таълим билан қамраб олишни 50 фоизга етказиш ҳақида гапирганди.

2016 йил декабрида Мирзиёев Каримов даврида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятсизликка учраганини тан олган. 2017 йилдан бошлаб 11 йиллик таълим қайта тикланганди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG