Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2024, Тошкент вақти: 08:12

Манфаатлар тўқнашуви: Бошқарувда аксилкоррупциявий қонунларга қаршилик мавжуд - эксперт


Президент Мирзиёев Тошкент вилоятидаги йиғилишда. 2 август, 2023
Президент Мирзиёев Тошкент вилоятидаги йиғилишда. 2 август, 2023

Ўзбекистон президентига тасдиқ учун юборилгани ортидан “изсиз йўқолган” “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қарийб бир йил кечикиб имзоланди.

Жамоат фаоллари давлат раҳбари томонидан маъқулланиши анча ҳаяллаган қонун ҳужжати “рандалангани”ига эътибор қаратган.

Қонун кимларга татбиқ қилинади?

Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатлари олдини олиш бўйича механизм мавжуд эмаслиги танқид қилиб келинган. “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ушбу бўшлиқни тўлдириши айтилмоқда.
Жорий йил 5 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун расман эълон қилингандан олти ой ўтиб, яъни 2024 йил 6 декабрдан кучга киради.

Ушбу ҳужжат орқали мамлакат қонунчилигига “манфаатлар тўқнашуви” тушунчаси киритилмоқда. Қонунда бу атамага шундай таъриф берилган:

“Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият”.

Буни содда тилда давлат амалдорининг таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка берилиши, мансаб ваколатидан шахсий ришталарни мустаҳкамлашда фойдаланиши деб изоҳлаш мумкин.

“Солиқ инспектори ўз тоғасининг фирмасини солиқ борасида текшириши лозим. Текширув натижасида у даромад солиқлари тўланмаганини аниқлайди, бироқ инспектор буни яширади. Чунки тоғаси жавобгарликка ва жаримага тортилиши мумкин. Инспекторнинг шахсий манфаатлари давлат манфаатлари билан тўқнаш келгани натижасида бюджетга солиқлар тушмайди, давлат зарар кўради”, дея тушунтириш беради “Platina.uz” канали.

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00

Манфаатлар тўқнашувига доир қонун барча давлат органлари, давлат муассасалари ва унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади. “Kun.uz” нашри таъкидича, “ҳажман унча катта бўлмаса-да, давлат ва жамият ривожи учун аҳамияти юқори” бўлган қонун ҳарбий лавозимлар учун ҳам амал қилади.

Қонун кучга киргач, яқин қариндош бўлган давлат хизматчилари бир ташкилотда ёки ўзаро бўйсунув остида ишлай олмайди.

Ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари яқин қариндошлар ҳисобланади.
Қонун сиёсий гуруҳга кирувчи лавозимга ишга қабул қилиниш ҳолларини истисно этади. Бундай лавозимлар рўйхати алоҳида тасдиқланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган.

“Бошқарувда аксилкоррупциявий қонунларга қаршилик мавжуд”

Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот ширкати раҳбари, сиёсатшунос Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни тасдиқлаш пайсалга солингани ва унинг матни сўнгги вақтгача жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинмаганига эътибор қаратди. Эксперт “туя гўшти еб ётган” яна бир ҳужжат – “Давлат хизматчиларининг даромадлари декларацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам ёдга олди.

“Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 июлдаги қарорига мувофиқ, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларининг даромадини мажбурий равишда декларация қилиш тартиби жорий этилиши керак эди. Аммо бу назарда тутилган қонун ҳалигача қабул қилинмади. Бу каби кечикишлар давлат бошқарув аппаратидаги маълум бўғинлар томонидан аксилкоррупциявий қонунларни қабул қилишга тўсқинлик мавжудлигидан далолат беради. Бу ажабланарли ҳолат эмас. Негаки кўплаб давлат хизматчилари яқин қариндошлари ва ҳамкорлари номига расмийлаштирилган шахсий бизнес ва активларга эга”, дейди Илҳомов.

Эксперт фикрича, аксилкоррупциявий қонунлардан президент “Мирзиёев клани, кўп сонли қариндош-уруғлари ҳам манфаатдор эмас”.

Отабек Умаровнинг нархи $2 млн бўлган соати муҳокама қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси “Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар” деб аталади. Ушбу моддада давлат органи ходимининг яқин қариндошлари унга алоқадор шахслар деб ҳисобланиши қайд этилган. Илҳомов давлат органи ходимига расман қариндош бўлмаган, аммо унга маҳрам саналган дўст-ёрлари ҳам рўйхатга тиркалиши кераклигини таъкидлайди.

Президент Мирзиёевнинг баёнотларига қарамасдан давлат хизматчиларининг даромадлар ҳақидаги декларацияси ҳануз узил-кесил жорий қилингани йўқ.

Давлат хизматчиларининг даромадлари тўғрисида декларация тўлдириш тартиби узил-кесил жорий этилиши пайсалга солинаётган Ўзбекистонда аллақачон бунинг учун махсус ибора ҳам муомалага киритилган.

2020 йил бошида парламентга қилган мурожаатида президент Мирзиёев "ҳалоллик вакцинаси" иборасини ишлатган ва ҳар бир давлат хизматчиси шу каби вакцина билан эмланиши кераклигини айтган эди.

Давлат манфаати ва шахсий манфаат

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиевнинг фикрича, қонунда “жамият ва давлат манфаатлари шахсий манфаатлардан устун туради” деган асосий ғоя илгари сурилган.

“Қонун гарчи кенг жабҳали бўлса-да, лекин мен унда асосан иккита йўналишни кўрдим: 1) иқтисодий, яъни давлат харидлари ва умуман давлат ташкилотларидаги молиявий муносабатларда қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик; 2) меҳнат муносабатлари, яъни давлат ташкилотларида қариндош-уруғларнинг бир-бирининг қўл остида ишлашига барҳам бериш”, деб ёзади Худойбердиев.

Ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедовга кўра, эндиликда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани сабабли давлат ташкилотига молиявий-иқтисодий зарар етса, ушбу зарарни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ходим қоплайди.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, давлат органи мансабдори ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади. Бундай ҳолатлар юзасидан чоралар кўрмаслик учун БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима кўзда тутилган. Давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун эса мансабдорларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима қўлланади.

2024 йил 5 июнь куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори ҳам қабул қилинди. Қарор билан бош вазир раислигида қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.

"Биродарлик ҳалқаси" ва президентнинг кенжа куёвини нима бирлаштиради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:40 0:00

Комиссия ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатлар, уларни бартараф этиш, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида жамоатчиликка ахборот бериб бориши лозим.
Қарорга кўра, 2024 йил якунигача “E-anticor.uz” электрон платформасида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон модул ишга туширилади.

Давлат органлари ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари борлигини аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг эллик фоизи миқдорида мукофот пули берилади.

Амалдорларнинг давлат хизмати билан тадбиркорлик фаолиятини параллел равишда олиб бориши жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлиб келади. Президент қарорига асосан Адлия вазирлиги жорий йил август ойига қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг ишбилармонлик фаолиятини тўхтатиб туриши тартибини белгиловчи ҳужжат лойиҳасини ҳукуматга киритиши керак.

Давлат мулозими олигархлар билан ош-қатиқ бўлса

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзолангунга қадар узоқ йўлни босиб ўтди. Адлия вазирлиги 2022 йил 10 май куни қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Ўша йилнинг 25 октябрида ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 2023 йил 1 июнда Сенат томонидан маъқуллаган.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, Сенат маъқуллаган қонун ҳужжати 10 кун ичида президентга юборилиши ва 60 кун ичида имзоланиши керак. Аммо “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун тасдиғида бу талабга риоя этилмади.

“Қонун лойиҳаси бир минг бир марта таҳрир қилиниб, рандаланиб, ўзларига мослаб, қуйи палатада кўриб чиқилганига бир ярим йилдан ошди. Сенатда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун маъқулланганига 10 ой бўлди. Шундан кейин қонун изсиз йўқолди. Эски Конституцияга кўра ҳам, “сеники, меники, бизники” қилиб қабул қилинган Конституцияга кўра ҳам, бу қонун аллақачон кучга кириши лозим эди. Қонун қайси тумбочка ё сейфга яшириб қўйилганини Ўзбекистоннинг расман иккинчи одами Танзила опа ҳам билмайди”, деб ёзган эди иқтисодчи Отабек Бакиров жорий йил апрель ойида.

Бакиров фикрича, манфаатлар тўқнашувига оид қонун ҳукумат ва олигархия чатишиб кетмаслиги, мамлакат бойликларига қўшиб давлат мустақиллигини сотиб юбормаслиги учун ҳам муҳимдир.

“Сиз айтишингиз мумкин, ҳа, ўша ўзларига мослаб, у ёғидан-бу ёғидан кесиб, думи юлинган товуққа айлантирилган қонун кучга кирди нима-ю, кирмади нима. Бир жиҳатдан тўғри, лекин ҳеч бўлмаса, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг номинал тарзда бўлса ҳам мавжудлиги, олигархлар ичак-чавоғигача ўзиники қилиб олган бўлиши мумкин бўлган чиновниклар, унга етакловчи ёки ишора берувчи битимлар ва ҳаракатлар ҳақида гапириш, ёзиш, жамоатчилик эътиборини чуқурлашиб бораётган муаммога қаратишга имкон беради”, деб ёзади иқтисодчи.

Манфаатлар тўқнашуви кўлами

Расмий статистикага кўра, 2022-2023 йилларда давлат харидлари бўйича 573 миллиард сўмлик 4,5 мингта шартнома манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган. Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан тизим ташкилотларида 141 миллиард сўмлик 2720 та шартнома манфаатлар тўқнашуви мавжуд ҳолатда тузилгани, 1500 га яқин ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларининг бошқарув органларида иштирок этаётгани аниқланган.

Сўнгги йилларда “Ўзбекгидроэнерго” АК бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Кинематография агентлиги директори (айни пайтда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари) Фирдавс Абдухолиқов каби ҳукумат мулозимлари манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ можаролар марказида қолди.

Озодбек Назарбеков фирмаси. Манфаатлар тўқнашуви қачон барҳам топади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:19 0:00

Озодлик аввалроқ эълон қилган суриштирув президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳукуматдаги 20 дан ортиқ лавозимлар ва мамлакат иқтисодиётининг бутун-бошли соҳаларини яқин қариндошлари ҳамда уларнинг назоратига берганини ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон ҳукумати манфаатлар тўқнашувига доир Озодлик суриштирувларида кўтарилган саволларни жавобсиз қолдириб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG