Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:28

Озодбек Назарбеков фирмаси. Манфаатлар тўқнашуви қачон барҳам топади?


Британиялик ҳуқуқшунос профессор Кристиан Ласслет Мирзиёев давридаги манфаатлар тўқнашуви борасида бир қанча суриштирувлар қилган. Ушбу суратда ўша суриштирувлардан бирининг муқоваси акс этган.
Британиялик ҳуқуқшунос профессор Кристиан Ласслет Мирзиёев давридаги манфаатлар тўқнашуви борасида бир қанча суриштирувлар қилган. Ушбу суратда ўша суриштирувлардан бирининг муқоваси акс этган.

Ўзбекистон Сенати “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни маъқуллаши арафасида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ можаро марказида қолди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазир Назарбеков Koba san’at majmuasi таъсисчиси экани аниқланганини айтиб, у раҳбари бўлган вазирликка манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш юзасидан тақдимнома киритганини маълум қилди.

Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан ҳукумат мулозимига айланган Назарбеков Ўзбекистонда ҳозирга қадар манфаатлар тўқнашувида айбланган ҳукуматнинг энг юқори мартабали аъзосидир.

Бунга қадар Мирзиёев ҳукумати манфаатлар тўқнашувига доир қатор халқаро суриштирувлар, жумладан, Озодлик суриштирувларида кўтарилган саволларни жавобсиз қолдирган эди.

Назарбеков эса зудликда аксилкоррупция агентлиги хабарида тилга олинган компанияни ўғли Жафарбек номига расмийлаштириб, можарони ёпгандай бўлди.

Дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари қаторида саналадиган Ўзбекистонда ниҳоят коррупциянинг асосий омилларидан бўлмиш манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид қонун қабул қилиняпти.

Ўзбекистон Сенати
Ўзбекистон Сенати

Ўзбекистон Сенати ўтган куздан бери кечиктирилаётган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни 1 июнь куни маъқуллади. Қонун президент Шавкат Мирзиёев имзолаганидан сўнг кучга киради.

Мирзиёев президентлик курсисига ўтирганидан етти йил ўтибгина, қабул қилинаётган ушбу қонун мансаб ваколатидан фойдаланиб, қариндош-уруғлари билан ноқонуний бойлик орттириш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

  • Манфаатлар тўқнашуви – давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган ёхуд юзага келиши мумкин бўлган вазият. (Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонундан)

Коррупция фақат порахўрлик дегани эмас. Давлат ва хусусий манфаатлар тўқнашуви¸ аниқроғи давлат берган ваколатдан ўз шахсий манфаати учун фойдаланиш қонун устувор давлатларда коррупция деб таснифланади. Ўзбекистон қонунчилигида ҳам бу шундай қайд қилинган:

  • Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш. (Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонундан)

Халқаро экспертларга кўра¸ манфаатлар тўқнашуви коррупция бўлмаслиги мумкин¸ лекин коррупция таркибида ҳамиша манфаатлар тўқнашуви мавжуд.

Шу пайтгача Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш бўйича аниқ механизмлар мавжуд эмас эди.

2022 йилнинг 10 май куни Адлия вазирлиги “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди. Орадан 5 ярим ой ўтиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Етти ойдан сўнг Сенат қонун лойиҳасини маъқуллади.

- Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашувига доир қонун ёки низом қабул

Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов

қилиш фурсати етганига кўп бўлган. Бу масалани нега бунча пайсалга солишгани кишини таажжубга солади. Шунингдек, қонун лойиҳасини Сенат муҳокамасига юбориш бу қадар чўзилиб кетганини ҳам тушуниш қийин. Бу вазият менга давлат хизматчиларининг даромадларини мажбуран декларация қилдириш билан боғлиқ манзарани эслатади. Президент фармони чиққанига анча бўлди, фармонда тегишли низомни ишлаб чиқиб, Давлат хизмати тўғрисидаги қонунга киритиш бўйича кўрсатма ҳам берилган, бироқ Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадларини мажбурий декларация қилиш амалиёти ҳануз жорий этилгани йўқ. Булар бари мамлакатда аксилкоррупцион чора-тадбирлар жорий этилишига нисбатан давлат даражасида жиддий қаршилик мавжудлигини кўрсатади. Бунақа қонун-қоидалар қабул қилинишига президентнинг ўзи шахсан санкция берса ҳам, давлат аппарати турли йўллар билан ижрони пайсалга солмоқда, - дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот компанияси директори Алишер Илҳомов.

Дунëнинг ривожланган давлатларида давлат тизимида ишловчи мулозимнинг ўз ваколати доирасига кирувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонун билан тақиқланган.

Ўзбекистоннинг янги қонунида ҳам манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича асосий принциплар, давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар ўз аксини топган.

  • Давлат ташкилоти ходимларига манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида жумладан, қуйидагилар тақиқланади:
    ўз хизмат мавқеъини суиистеъмол қилган ҳолда шахсий манфаат кўриш;
    давлат ташкилотига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотда ўриндошлик асосида ишлаш;
    тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлиш;

Коррупцияга қарши кураш агентлиги ўтган йили мамлакат бўйича жами 138 нафар ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 1092 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланиб, манфаатлар тўқнашуви ҳолатини содир этганини аниқлаган. Жами 1378 мулозим давлат хизматида ишлаш билан биргаликда фирмалар очиб унга бевосита раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик билан шуғулланган.

Шунингдек, агентлик ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлганини аниқлаган. Жумладан, биргина Бухоро вилоятида ўтган йилнинг олти ойи давомида 340та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви содир этилиб, жами 34,3 миллиард сўмлик давлат хариди ҳокимлар ва ўринбосарлари ҳамда уларнинг қариндошлари ташкил қилган фирмаларга берилган.

“Ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларида коррупциявий хавф-хатарларнинг бартараф этилишига, энг асосийси - давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олди олинишига хизмат қилади”,- дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов.

Шу ўринда дастур бошида тилга олинган воқеа-Озодбек Назарбековнинг

Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков

вазир бўлишига қарамай, тижорий фирма таъсисчиси ҳам бўлгани воқеасига қайтсак.

Қонунчиликдан яхши хабардор манбага кўра, вазир Назарбеков ўзи таъсисчиси бўлган фирмани ўғлига расмийлаштиргани билан манфаатлар тўқнашуви барҳам топмаган.

- Озодбек Назарбеков фирмани ўғлининг номига ўтказгани билан ўғлининг фирмаси отаси ишлайдиган ишхона билан боғлиқ молиявий муносабатга киришса, бу ерда манфаатлар тўқнашуви юз фоиз содир бўлган ҳисобланади. Шуни тартибга солиш учун ҳуқуқий асос керак. Шу пайтгача Ўзбекистон қонунчилигида манфаатлар тўқнашувини тартибга соладиган ҳуқуқий норманинг ўзи бўлмаган. Ҳолат аниқланган тақдирда ҳам бунга нисбатан жавобгарлик қонунда белгиланмагани учун мулозимлар жазосиз қолиб кетган,- дейди қонунчиликдан яхши хабардор манба.

Янги қонунда давлат мулозимининг манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши мумкин бўлган қариндошлари аниқ белгиланган.

Қонунга кўра, яқин қариндошлар деганда, қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари назарда тутилади.

- Мен Бу қонун ҳақида оптимист кайфиятда эмасман. Боз устига бу нарса орқли сайлов олдидан жамиятга позитив мессеж билдирилмоқда. Афсуски, амалда бу қонун ишламайди. Ишламаслигининг сабаби эса мавжуд тизимнинг моҳиятан феодал кўринишга айланиб бўлганида. Шу жиҳатидан бу қонун биринчи галда элиталарнинг ўзига қарши қаратилган. Амалда улар ўзларининг яқин қариндошларини, куёвларини, келинларини, жиянларини, қуда-андаларини “ёғли” жойлардан олиб ташлаб, янгидан тизим яратилиб, янги элита шаклланиши керак,- дейди таҳлилчи Рафаэл Сатторов.

Расмий матбуотда мақталаётган ушбу қонунга оид саволлар анчагина. Ҳозирча манфаатлар тўқнашувини йўлга қўйган мулозимга қарши жиноий жавобгарлик масаласи янги қонунда йўқ. Ҳатто мулозим бир йил ичида такроран содир этилган ҳуқуқбузарликлари учун ҳам фақат маъмурий жарима билан қутилиши мумкин.

- Тўғри, қонун мукаммал эмас, лекин бу жиддий қадам. Битта қонун билан ҳамма нарса ҳал бўлмайди. Агар манфаатлар тўқнашуви содир этилса ва у ҳуқуқбузарлик деб топилса, унга алоҳида жазо чораси ҳам бўлиши керак. Маъмурий ва жиноий кодексларга алоҳида моддалар киритилиши керак. Қонуннинг қабул қилиниши бу биринчи қадам, яъни комплекс чоранинг битта муҳим сегменти холос бу,- дейди қонунчиликдан яхши хабардор манба.

Шавкат Мирзиëев манфаатлар тўқнашуви муаммосини аввалига Каримов

Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев

даври катта амалдорларини ишдан олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш жараëнида қўллаган бўлса¸ сўнгра нутқларида қариндош- уруғчиликни мунтазам тилга олиб келмоқда:

"Адолатсизлик, порахўрлик, коррупция, таниш-билишчилик оёғимизга кишан бўлади!".

2020 йилда коррупцияга қарши шиддатли кураш ваъда қилинди ва Мирзиëев таклифи билан ўзига ҳисоб берадиган коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Бу янги тузилма¸ йил охирига келиб¸ БМТ минбаридан кўз-кўз ҳам қилинди.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг давлат бошқарувидаги коррупцияга барҳам бериш йўлларидан бири сифати давлат хизматчиларининг даромад декларацияси¸ ўзи ва яқинлари номидаги кўчмас мулкни жамоатчиликка очиқлашини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бироқ тўрт йилдирки, ушбу қонун қабул қилиниши пайсалга солинмоқда.

- Ўзбекистондек “ўзига хос” мамлакатда қонун қабул қилиниши муаммо ҳал бўлганини билдирмайди. Бу қонун амалиётда қандай ишлашини кузатиш керак. Зеро, Конституция ва қонунлардаги кўплаб яхши нормалар фақат қоғозда қолиб кетмоқда. Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги нуқтаи назаридан энг катта муаммоси мана шу. Масалан, Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши узоқ йиллар танқид қилинди. Акмал Саидов БМТ анжуманида бу танқидларга жавоб бераркан “бизда фалон-фалон қонунлар бор, улар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тақиқлайди”, деган мазмунда гапирган, яъни қонунларни аргумент сифатида рўкач қилган эди. Ҳолбуки бу қонунларга риоя қилинмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Қаердаки нуфузли кучларнинг, гуруҳларнинг манфаатлари бўлса, у ерда қонунлар амалда ижро қилинмай қолиб кетади, - дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот компанияси директори Алишер Илҳомов.

Ҳокимият мулозимларининг бизнес билан шуғулланиши Ўзбекистон учун янги кўриниш эмас. Аммо маҳаллий таҳлилчилар Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан маҳаллий ҳокимлар қудратининг ошиши баробарида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганини айтишади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам 2017 йили “манфаатлар тўқнашуви” можароси марказида қолган.

Ўшанда Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72- сессиясида қатнашиш учун Нью-Йорк шаҳрига бориш ва МДҲнинг Сочидаги саммитида қатнашиш учун россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг учоғидан фойдалангани ошкор бўлган ва бу тармоқларда манфаатлар тўқнашуви ўлароқ баҳоланган эди. Кейинчалик "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати Мирзиёевнинг узоқ масофадаги давлатларга расмий ташрифлари учун миллиардер Алишер Усмоновнинг самолёти вақтинча ижарага олингани ҳақида баёнот берган.

Коррупцияга қарши курашувчи янги агентлик ташкил этилгани ва бу борада қатор қонунлар қабул қилинганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳануз дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари қаторида қолмоқда. Ўтган вақт мобайнида расмийлар манфаатлар тўқнашуви ҳамда элитар коррупцияга доир кўплаб ҳолатлар, жумладан, Озодлик суриштирувлари натижасида юзага чиққан далилларни эътиборсиз қолдирган.

Жумладан, Озодлик суриштируви президент Мирзиёвнинг тўнғич куёви Ойбек Турсуновга қарашли ширкат Юнусободда 100 га яқин тадбиркорнинг ерларини текинга олган Urban Developers МЧЖга алоқадор бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Бироқ ушбу ширкат президент куёви билан алоқаларни рад этиб келади.

Озодликнинг бошқа суриштирувларида Мирзиëевнинг кенжа куёви¸ президент хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Отабек Умаров ва унинг қариндошларига алоқадор компаниялар тилга олинган.

Жумладан, Отабекнинг укаси Ойбек Умаров мулкдорларидан бири бўлган Orient Group Озодлик суриштирувининг кўрсатишича¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат суверен жамғармасидан энг катта маблағ олаëтган кўп миллиард долларлик бизнес империясига айланган.

- Манфаатлар тўқнашуви ҳақида қонун қабул қилинар экан, биз бир нарсани унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай антикоррупцион қонун-қоидалар ишлаши учун асосий шарт бу юқоридан амалий мужда берилиши, амалий намуна кўрсатилиши. Яъни энг юқори мансабдорлар, президент бўладими, вазир бўладими, ҳокимлар бўладими улар ўзларининг намуналари билан шу қонуннинг ижросини кўрсатишлари керак. Агарки, у танловли қўлланиладиган бўлса, қонун ўзининг аксига айланиб қолади. Носоғлом сиёсий идора қилиш, бошқариш воситасига айланиб қолади. Дейлик, кимдир ёқмай қолади, уни йўқотиш учун манашу қонун қўлланилиши мумкин, - дейди иқтисодчи Жамшид Муслимов.

Ўзбекистонда давлат мулозимларининг йирик бизнес ҳолдинглари¸ бизнес империялари эгаси экани Тошкент ҳукумати кўз тикаëтган Ғарб инвесторларини чўчитадиган асосий жиҳатлардан бири.

Хусусан¸ Британия матбуотида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб турган пайти давлат номидан йирик қурилиш лойиҳаларини очиқ тендерларсиз ўз шахсий компанияларига бериши Мирзиëев ҳукуматининг айнан давлат ва шахсий манфаатлар қоришган ва иккинчиси устунлик қилаëтган бошқарувга асосланганини кўрсатувчи ëрқин мисол сифатида талқин этилди.

- Менимча, манфаатлар тўқнашувига оид янги қонуннинг олқишга

Кристиан Ласслетнинг Ўзбекистондаги манфаатлар тўқнашувига оид суриштирувларидан бирининг муқоваси.
Кристиан Ласслетнинг Ўзбекистондаги манфаатлар тўқнашувига оид суриштирувларидан бирининг муқоваси.

арзийдиган элементлари аниқ бор. У президент администрациясига ўз компаниялари ёки қариндошлари компанияларига ён босиш имконини берган ҳолда ўз лавозимларини суиистеъмол қилаётган турли хил вазирликлар ва давлат ташкилотларининг қуйи ва ўртача лавозимдаги ишчиларини нишонга олиш имкониятини беради. Иккинчидан, ушбу қонун ҳукумат фойдаланиши мумкин бўлган яна бир қонуний инструмент бўлади. Бу эса ҳукуматга ҳам ички, ҳам ташқи кузатувчиларга "Қаранг, биз коррупцияга жиддий қараймиз. Бунга амал қилаётганимизни кўрсатувчи яна бир мисол мана", дейиш имконини беради. Энди, бу қонунга танқидий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, уннинг самаралиги бир неча сабабга кўра чекланган бўлади. Биринчидан, мамлакатни бошқарадиган энг юқоридаги сиёсий династиялар иқтисодиётни юритувчи энг юқори бизнес-династиялардир. Аммо, бу боғлиқлик очиқ-ойдин эмас. Тузумнинг энг юқори сиёсий фигурантлари ҳамда уларнинг оила аъзолари ўзлари қўйган одамлар ёрдамида бизнесларини юритишади, ҳеч қачон тўғридан-тўғри ёки очиқ-ойдин иштирок этишмайди. Бундай яширин ҳолатларда янги қонун самара бермайди, яширин схемаларни фош қила олмайди. Ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви ошкор бўлмайди,- дейди британиялик ҳуқуқшунос профессор Кристиан Ласслет.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG