Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2024, Тошкент вақти: 05:47

Савол ўрнига дуо. Марказий Осиё раҳбарлари нега катта матбуот анжуманлари ўтказмайди?


Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенгайтирилган матбуот анжумани кўринишида ОАВлар вакиллари билан учрашиш қоидага айланган. Давлат раҳбарининг катта матбуот анжумани мамлакат сиёсий йўлини, президентларнинг очиқлигини ва улар фаолиятининг шаффофлигини кўрсатувчи муҳим воқеа саналади. Қолаверса, бу ҳокимият билан жамиятнинг ўзаро мулоқот воситаси ҳамдир.

АҚШда ушбу анъанани 32-президент Франклин Рузвельт 1933 йилда бошлаб берган. Америка радиоканаллари орқали тарқалган сиёсий ва иқтисодий ҳаётга доир турли овозалар бўйича изоҳ ва тушунтиришлар берилган бунақа форматдаги учрашувларни Fireside chats (“Камин ёнидаги суҳбатлар”) деб атаганлар.

Эммануэл Макронга қадар Франция президентлари ҳам ҳар йили 14 июлда – Бастилия олинган куни – кенгайтирилган матбуот анжумани ўтказишарди.

Германия собиқ канцлери Ангела Меркел ҳам журналистлар билан учрашган. У парламент таътилга чиқиши олдидан журналистларнинг саволларига жавоб берарди.

Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши уруш бошланган 2022 йилда журналистлар билан учрашишга жазм қила олмади. Ўтган йили 14 декабрда Путин, ниҳоят, 17-марта кенгайтирилган матбуот анжумани ўтказди.

2023 якуни: Блогерларни қамаш йили
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:01 0:00

Украина президенти Владимир Зеленский 2019 йилда ОАВ вакиллари учрашиб, 14 соат саволларга жавоб берган эди. Бултур у бунақа форматдаги учта анжуман уюштирди: Россия бостириб кирган 24 феврал куни, 6 июн – Журналистлар кунида ва йил якунлари бўйича 19 декабрда.

Матбуот анжумани ўрнига Мурожаатнома

Марказий Осиё етакчиларининг аксари матбуот анжумани ўтказишни ёки оммавий ахборот воситаларига катта интервью беришни хушламайди. Аммо тез-тез мурожаатномалар билан чиқишади. Бу мурожаатлар ҳам, одатда, фармойиш ва топшириқлар беришу йўналишларни аниқлаб олишга ўхшайди, томошабинлар – президент маъмурияти мулозимлари ва депутатлар мурожаатни ўқиб эшиттираётган давлат раҳбарини дам-бадам тик турганча олқишлайдилар. Мурожаат матбуотда эълон қилинганидан сўнг “мурожаатни қўллаб-қувватлаш ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш” кампанияси бошланади.

Хусусан, президент Эмомали Раҳмон ўтган йили 28 декабрда Тожикистон халқига мурожаат қилди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса 2022 йил 20 декабрда халққа мурожаат билан чиқди. 2017 йилда Ўзбекистон раҳбари иқтидорга келганидан бери илк бор Қозоғистоннинг “Қазақпарат” агентлигига интервю берди, 2021 йилда эса унинг маҳаллий ОАВларга берган биринчи интервьюси “Янги Ўзбекистон” газетасида босилиб чиқди.

(2023 йил сўнггида президент Мирзиёев парламентга Мурожаатнома ҳам қилгани йўқ. Ўтган йилларда Мурожаатнома йил охирида ҳам, йил бошида ҳам қилинган.

Мирзиёевнинг ўтмишдоши Ислом Каримов ўз бошқарувининг илк йилларида катта матбуот анжуманлари ўтказган ва 2005 йилдаги Андижон воқеаларига қадар ҳам, хусусан, Россия матбуотига бот-бот гапириб турган)

Қозоғистон президенти кенгайтирилган матбуот анжумани ўтказишга икки марта ваъда берган эди, лекин бу ваъда 2023 йилда ҳам бажарилмади. Қирғизистон президенти ОАВлар вакиллари билан кенг форматда учрашишдан аллақачон воз кечган.

Қисқа қилиб айтганда, жамоатчилик билан мулоқот даражасини белгилаб берувчи кенгайтирилган матбуот анжуманлари Марказий Осиёда одатга айланмади, айланишига умид ҳам йўқ. Минтақа давлатларида авторитар бошқарув тобора мустаҳкамланмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари йил якунида ёки йирик сиёсий воқеалар муносабати билан катта матбуот анжуманлари ўтказишмайди. Қозоғистон президенти 2019 йили журналистлар билан учрашувида “бундай учрашувлар анъанага айланади”, деган эди, лекин сўзида турмади. Қўшни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров эса ОАВ вакиллари билан учрашишни вақтни беҳуда сарфлаш, деб ҳисоблайди.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Савол ўрнига дуо

2023 йил 27 декабрда Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Берик Вали “Қазақпарат” давлат агентлигига интервью бериб, Тоқаевнинг тугаган йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилди. Айтишича, президент маъмуриятининг мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш шуъбаси ўтган йили Оқўрдага йўлланган 53 237 та мурожаатга жавоб берган.

Матбуот котиби давлат раҳбарининг “иш жадвали жуда тиғиз”лигини, шунга қарамай 2023 2023 йилда саккизта брифинг ўтказганини ва хорижий ҳамда маҳаллий ОАВларга тўртта интервью берганини таъкидлади.

Берик Валига кўра, “Қозоғистон президенти келгуси (2024) йилнинг январ ойи бошларида республика нашрларидан бирига катта интервью бериб, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳақида батафсил сўзлаб беради”.

2 январь куни Берик Вали Facebook'даги саҳифасида Қасим-Жомарт Тоқаев билан “Қазақ газеттері” МЧШ бош директори Диқан Қамзабекулининг Оқўрдада олинган фотосуратини жойлади ва президентнинг катта интервьюси “Egemen Qazaqstan” газетасида чоп этилишини маълум қилди. Суратни кўрган одам журналистни интервью олувчи эмас, президент қабулига келган арзгўй деб ўйлаши мумкин.

Марказий Осиёда раҳбарлари кенгайтирилган матбуот анжуманлари ўтказиб турадиган икки мамлакат бор эди. Гарчи бу анжуманларда ОАВлар вакиллари саралаб ва саволлар олдиндан келишиб олинган бўлса-да.

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев тез-тез бўлмаса ҳам, онда-сонда матбуот анжумани ўтказарди. У расмий телеканаллар орқали “жонли ёйин”га чиқиб турар, қандайдир одамлар у билан боғланиб, савол бериш ўрнига президентни дуо қилишарди. Баъзан Назарбоевнинг матбуот саволларига жавоблари бир неча муҳаррир ёки журналист билан суҳбат кўринишида бўларди. ОАВлар вакиллари билан учрашувлар ва “жонли ёйин”ларда долзарб ва нозик саволлар берилмасди.

Мирзиёев "матбуот душмани" Путиндан нусха кўчирмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:53 0:00

Иқтидордаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йил июндаги сайловдан сўнг журналистлар билан илк дафъа учрашди. Айрим ОАВлар мазкур учрашувни “катта матбуот анжумани” деб атади. Унда 44 та маҳаллий ва 22 хорижий оммавий ахборот воситаларининг жами 107 нафар журналисти иштирок этди. Учрашувда президентга 30 га яқин савол берилди. Бир соатдан кўпроқ давом этган матбуот анжуманидан сўнг президент Тоқаев “бундай учрашувлар анъанага айланади” деган эди. Ўшандан бери тўрт йилдан зиёд вақт ўтди, бироқ Оқўрда матбуот анжуманларини анъанага айлантириш учун бирон ҳаракат қилаётгани сезилмаяпти.

Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йил 20 ноябрда муддатидан олдин президент сайлови ўтказди. Ўшанда у катта матбуот анжумани чақиришга ваъда берганди. “Агар сайлансам, йил адоғида ёки келгуси йил бошида катта матбуот анжумани ўтказишим керак”, деган эди президент. Журналистлар кўзлари тўрт бўлиб кутишса-да, Тоқаев 2022 йил тугул, 2023 йилни ҳам катта матбуот анжуманисиз якунлади.

"Вақтни беҳуда сарфлаш"

Қирғизистон президентлари бултурга қадар йил якунлари бўйича мунтазам равишда матбуот анжуманлари ўтказиб келганлар. Бироқ олтинчи президент Садир Жапаровга келиб анъана бузилди.

Ўтган йилнинг 18 декабр куни президент Жапаров маҳаллий “Кабар” агентлигига берган интервьюсида кенгайтирилган матбуот анжумани ўтказилмаслиги сабабини тушунтирди. “Матбуот анжумани Халқ қурултойидан ҳам каттароқ бўла олармиди?” дея мухбирнинг саволига риторик савол билан жавоб берди у ва кетидан, матбуот анжуманларида “қинғир саволлар берадиган” журналистлардан зорланди.

“Улар ҳаммаси шунақа демоқчи эмасман. Ўз ишини яхши биладиган журналистларимиз кўп. Лекин шундайлар борки, матбуот анжумани чоғида нуқул бирон тор соҳага доир саволлар беришади, давлатимиз келажаги, унинг тараққиёти, иқтисодиёт ва ҳудудий муаммолар ҳақида деярли оғиз очишмайди. Матбуот анжуманларининг ярми тасдиқланмаган маълумотларни муҳокама қилиш билан ўтади. Мен ўзим ҳам, аввалги раҳбарлар каби, бошида журналистлар билан матбуот анжуманлари ўтказар ва тасдиқланмаган маълумотлар устида соатлаб тортишиб, вақтимни беҳуда кетказардим”, деди президент Жапаров.

Қирғизистон раҳбарига кўра, энди ОАВлар вакиллари билан учрашувлар ўрнига Халқ қурултойи бўлади. Аммо Халқ қурултойи мазмунан матбуот анжуманидан фарқли. 15 декабрда бўлиб ўтган сўнгги қурултойда президент халқ олдида ҳисоб бергани йўқ, балки делегатлар президентга илтимос ва шикоятлар билан мурожаат қилишди.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишиш мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG