Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

Махфий қарор: Мактабга “Тарбия” дарси киритилади, хорижий ОТМда гуманитар фанларни маҳаллийлар ўтади


Озодлик гаплашган айрим ўқитувчилар¸ мактабларнинг болаларга чуқур билим бериш ўрнига асосан ҳукумат сиëсатини пропаганда қилиш марказига айланиб қолганидан афсус билдирди.
Озодлик гаплашган айрим ўқитувчилар¸ мактабларнинг болаларга чуқур билим бериш ўрнига асосан ҳукумат сиëсатини пропаганда қилиш марказига айланиб қолганидан афсус билдирди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь кунги 4437м махфий қарорида мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштириш учун кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Махфий қарор иловасида таълим соҳасида қилиш буюрилган ишлар кўп ва улар орасида мактабларда “Тарбия” деган янги дарс жорий қилиш бор.

Бу ҳужжатдаги айрим топшириқлар Ўзбекистонда фаолият олиб бораëтган хорижий ва хусусий таълим муассасалари ўқув дастурига ҳам тааллуқли.

Хусусан¸ президент махфий қарори асосида Ўзбекистон таълим вазирликлари бундан буён университетларда гуманитар фанлардан дарс беришни мутлақ маҳаллий мутахассисларга олиб бериши¸ бу олийгоҳлар профессор ва талабаларининг соқол ва ҳижобда келишига чек қўйилишини таъминлаши лозим.

“Тарбия” дарслари ва дарслиги

Махфий қарор иловаси - “Йўл харитаси”нинг 3-боби “Таълим соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар” деб номланади.

Унда буюрилган амалларни қилишдан мақсад мактаб ўқувчиларида “экстремизм ва ақидапарастлик ғояларига қарши иммунитетни шакллантириш” экани айтилади.

Бу бобда берилган топшириқлар ижроси учун Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов масъул этиб тайинланган.

Махфий "Йўл харитаси"нинг таълимга оид қисмида берилган айрим топшириқлар.
Махфий "Йўл харитаси"нинг таълимга оид қисмида берилган айрим топшириқлар.

Таълим соҳасида қилинадиган ишлар тепасига мактаб дастурига янги дарс киритиш топшириғи қўйилган.

1. Халқ таълими вазирлиги ҳузурида мактаб ўқувчилари учун “Тарбия” дарслигини яратиш бўйича ижодий гуруҳ тузиш.

2. Ижодий гуруҳ томонидан халқ таълими тизимида амалда қўлланилаëтган ўқув дарсликлар базасини миллий юксалиш ғояси асосида жиддий танқидий-таҳлилий ўрганиш.

3. Таҳлиллар ва маънавий тарбия концепциясига таянган ҳолда “Тарбия” дарслиги матнини тайëрлаш.

4. Мактаб дастурига «Тарбия» дарсини киритиш бўйича амалдаги қонунчилик талабларига жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

5. Миллий ғоя туркумига кирувчи фанлар¸ дунë динлари тарихи фанидан дарс берувчи ўқитувчилар сифат таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич уларнинг амалий кўникма ва билимларини ошириб бориш.”

15 сентябрдан бошланган бу топшириқлар ижроси учун декабрга қадар муҳлат берилган; жараëнга иккала таълим вазирлигидан ташқари Республика Маънавият ва маданият маркази¸ Дин ишлари бўйича қўмита (ДХХ) ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси мутахассислари ҳам жалб қилинган.

Махфий қарор иловасида таълим соҳасига берилган топшириқлар орасида “ўқувчиларни ватанпарварлик¸ фидойилик ҳамда миллий қадриятлар¸ урф-одат ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш жиҳатларини эътиборга олган ҳолда умумтаълим мактабларининг 9-11 синфлари дарсликлари мазмунини қайта кўриб чиқиш” ҳам бор.

“Тарбия” дарси устида иш бошланган ном ва шакл ўзгаради¸ холос

Озодлик 15 октябрь куни гаплашган айрим таълим соҳаси ходимлари президент махфий қарорида берилган мактаб дастурига янги “Тарбия” дарси киритиш топшириғи устида иш бошланганини билдирди.

Янги ўқув йилидан биз ўтадиган тўртта фан – миллий ғоя¸ ҳуқуқ¸ дин тарихи ва ватан туйғуси соатлари ягона фанга бирлашаркан. Номи “Тарбия” дарси бўлади¸ дейишди. Тушунишимча¸ деярли ҳеч нарса ўзгармайди¸ фақат номланиш ўзгаради”¸ деди вилоятлардаги ўрта мактабнинг 5-11 синф ўқувчиларига маънавият ва маърифат дарслари ўтиб келаëтган ўқитувчилардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ янаги йилдан “Тарбия” дарсини ўтадиган ўқитувчиларга иккинчи фан сифатида тарих бўйича диплом олиш топширилган.

Миллий ғоя¸ ватан туйғуси деган фан учун дарслик йўқ . Ҳозиргача “ўзбек моделининг отаси Ислом Каримов” деб дарс ўтамиз. Болаларга одоб-ахлоқ¸ динлар тарихини ўқитиш керак. Лекин мактаблар давлат сиëсати¸ президент китобларини ўқитадиган жой бўлиб қолмаслиги керак”¸ дейди Озодлик билан шахси очиқланмаслиги сўраб гаплашган маънавият ўқитувчиси.

Тошкент мактабларидан бирининг маънавият бўйича мутасаддиси ҳам Халқ таълими вазирлиги томонидан “Тарбия” дарси жорий этилиши ҳақида билдирилганини айтди.

Бу суҳбатдош¸ янги фан бўйича вазирлик ўз сайтида хабар ҳам қўйганини билдирди. Аммо Озодлик 15 октябрь куни Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан бундай дарс ва дарслик ҳақида маълумот топа олмади.

Бундай дарс ва дарсликка оид Озодликнинг вазирлик матбуот хизматига юборган саволи ҳам ҳозирча жавобсиз қолди.

Ўзбекистондаги хориж университетларида гуманитар фанлардан “фақатгина” маҳаллийлар дарс беради

Таълим соҳасида қилиниши белгиланган ишлар Ўзбекистонда фаолият олиб бораëтган хорижий ва хусусий таълим муассасаларига ҳам тааллуқли.

Ўқувчи ва талабалар ўртасида миллий давлатчилик тамойилларига зид ëт ғоя ҳамда мафкуралар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларининг олдини олиш” мақсадида хорижий ва хусусий таълим муассасалари гуманитар фанларни ўқитишни Ўзбекистон таълим вазирлиги билан мувофиқлаштириши лозим бўлади.

Хусусан¸ махфий қарор иловасида “гуманитар фанларни (Ўзбекистон тарихи¸ диншунослик ва б.) ўқитиш жараëнида хориж мутахассисларини чеклаган ҳолда уни фақатгина мавжуд талабларга жавоб бера оладиган маҳаллий мутахассисларга юклаш” буюрилган.

Ҳозирда Ўзбекистонда Вестминистер¸ Сингапур¸ Инҳа¸ Турин университетлари филиаллари¸ шунингдек¸ Россиянинг Ломоносов¸ Плеханов ва Губкин номидаги олийгоҳлари шўъбаси фаолият олиб бормоқда.

15 октябрь куни Озодлик гаплашган Вестминстер университети ходими¸ бу олийгоҳ дастурида гуманитар фанлар¸ хусусан¸ тарих ва диншунослик фанлари йўқлигини билдирди. Айни пайтда университет номидан гапирган суҳбатдош¸ бу муассасадаги хорижлик ва ўзбекистонлик мутахассислар нисбати ҳақидаги саволга “университет сири” деган иддао билан жавоб бермади.

Айни шундай¸ Сингапур университетининг Озодлик боғланган вакили ҳам¸ гуманитар фанлардан фақат ўзбекистонлик мутахассисларнинг дарс беришини шарт қилиб белгилаган қарорга муносабат билдиришни истамади.

Бу университет талабаларидан бири эса¸ бугунга келиб аксар фанлардан маҳаллий мутахассислар дарс ўтаëтганини билдирди.

Таълим муассасаларидаги дресс-код масаласи

Президент махфий қарорининг амалиëт учун тақдим этилган “Йўл харитаси”да йиллардан бери зиддиятли бўлиб қолаëтган ўқувчи ва талабаларнинг ташқи қиëфаси ҳақида ҳам топшириқлар берилган.

Махфий қарор иловасида:

Республикадаги барча таълим муассасаларида¸ шу жумладан хорижий ҳамда хусуий таълим муассасаларида таҳсил олаëтган ўқувчи ва талабалар ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари¸ шунингдек¸ профессор-ўқитувчилар¸ ходимлар ва тарбиячиларнинг ҳижоб кийиш¸ беўхшов соқол қўйиш каби ҳолатларга чек қўйиш” топширилади.

Бу топшириқ ижроси учун иккала таълим ва мактабгача таълим вазирликлари баробарида Ëшлар иттифоқи¸ Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳокимликлар масъул этиб белгиланган.

Иловада шунингдек:

1. Таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг кийиниш меъëрларини ички тартиб қоидалар асосида белгилаш (ҳар бир тизим учун алоҳида).

2. Таълим муассасаларида ўрнатилган кийиниш меъëрларига қатъий риоя этиш юзасидан ўқувчи ва талабалар¸ ота-оналар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш” лозимлиги айтилади.

Ўзбекистон бўйлаб ўқувчиларнинг мактабга белгиланган ташқи қиëфада келишини назорат қилиш¸ Озодликка келаëтган кундалик хабарларга қараганда жорий сентябрь ойидан кескин кучайган.

Бу назорат кампанияси¸ ота-оналарга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил августида қабул қилинган 666-сонли қарори ижроси сифатида тушунтирилмоқда.

Аммо бу жараëннинг президент махфий қарори қабул қилинган 4 сентябрнинг эртасидан бошланиб кетгани таълим ва ҳокимлик мутасаддиларининг айнан 4437м қарори ижросини белгиланган муддатда таъминлаш уриниши эканидан дарак бермоқда.

Махфий қарор

Озодликка президент махфий қарори нусхасига бевосита алоқадор мулозим томонидан сиздирилган ҳужжат “Мамлакатда диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари”деб номланади.

Бу ҳужжатнинг аксар ўзбекистонликлар ҳаëтига бевосита ëки билвосита дахлдор жиҳатларига оид маълумотларни Озодликда кузатиб боринг.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG