Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2020, Тошкент вақти: 03:57

Қашқадарёда МИБ бошлиғини собиқ ходими пичоқлади


Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлади. Бу воқеани тасдиқлаган МИБ ходимларидан бирининг айтишича, ишдан ноқонуний бўшатилганини иддао қилган собиқ ходим бошлиғига тўрт марта пичоқ санчган. Касалхонада жарроҳлик қилинган Баҳром Жўраевнинг аҳволи ўртача оғирликда қолмоқда.

Яккабоғ тумани Мажбурий ижро бюросининг бошлиғи Баҳром Жўраев 3 май куни ўз иш кабинетида собиқ ходими Шавкат Ибратов томонидан пичоқланди.

Бу хабарни тасдиқлаган Яккабоғ тумани МИБининг исми сир қолишини сўраган ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, бошлиғини пичоқлаган Шавкат Ибратов бундан бир ой олдин ишдан бўшатилган эди:

“Ўша куни Шавкат Ибратов маст ҳолатда келиб, бюрога кирган. Уни ҳамма танигани учун ҳеч ким йўлини тўсмаган. У тўғри бошлиқнинг хонасига кириб, Баҳром Жўраевга тўрт марта пичоқ урган. Биз ҳам шовқин-сурондан билиб қолдик. Дарҳол тез ёрдам чақирилди ва бошлиқни касалхонага олиб кетди. Шавкат Қарши туманидан келиб ишларди, бундан бир ойларча олдин аттестациядан ўтказилмаган эди. Бошлиқ билан ўрталарида нима гап ўтганидан хабарим йўқ”, деди МИБ ходимларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган Яккабоғ тумани касалхонаси врачи Баҳром Жўраевнинг аҳволини “барқарор оғир”, деди:

“Касалнинг бугунги аҳволи, барқарор оғир. Озгина яхши томонга силжиш бор. Худо хоҳласа энди вақт даволайди. Операциядан кейин оғирлашиш ёки қон кетиш ҳолати кузатилмади. Ошқозон, жигарга, ошқозон ости безига жароҳат етган, томирлар кесилган. Хирургларимиз яхши қарашяпти. Ҳозир ҳушига келган, гаплашиб турибди”, деди касалхона шифокори.

Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимининг навбатчиси бундай воқеа расман қайд қилинмаганини айтди:

“Бизда бундай воқеа қайд қилинмаган, хабаримиз йўқ”, деди навбатчи милиция ходими.

Аммо МИБ ходимининг айтишича, 4 май куни оғир тан жароҳати етказишда гумонланаётган Шавкат Ибратов махсус машинада МИБга олиб келинган:

“Кеча Шавкатни аристонлар ташийдиган машинада воқеа жойига милиция ходимлари олиб келди ва қандай қилиб пичоқлагани ҳолатларини расм ва видеога олишди”, дейди МИБ ходими.

Шавкат Ибратов Ўзбекистон Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича айбланаётгани ҳақида Озодлик маълумот ололмади.

Ўзбекистонда пичоқ воситасида жонга қасд қилиш ҳолатлари кўп кузатилади.

7 апрель куни Андижон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси шаҳарнинг 29-мактабида ўқийдиган тенгқурининг юрагига пичоқ санчиб ўлдирган эди.

Ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди.

2017 йилнинг 18 августида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида участка нозири паспорт текшируви ўтказаётган пайтда пичоқлаб ўлдирилган эди.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG