Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:43

МИБ 15 йил аввал ўлган одамга қарзини тўлаш ҳақида огоҳлантириш жўнатди


Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси Дукат МФЙда яшаган Марҳабат Эшматова номига электр ва газдан қарзи борлиги ҳақида огоҳлантириш хати юборди. Марҳабат Эшматова яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, унинг аммаси бундан 15 йил муқаддам вафот этган.

Тўрақўрғон тумани МИБ мулозими бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди.

Тўрақўрғон тумани МИБ давлат ижрочиси Фарҳод Қаюмовнинг имзоси билан Марҳабат Эшматова номига юборилган огоҳлантириш мактубида ундан зудлик билан МИБга келиб, қарзини тўлаш талаб қилинади:

“Мажбурий ижро бюросининг Тўрақўрғон туман бўлими иш юритувида сиздан давлат фойдасига 86.120 сўм жарима ундириш тўғрисидаги ҳужжат мавжуд. Мазкур ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида сиздан зудлик билан МИБнинг Тўрақўрғон туман бўлимига келишингиз сўралади”, дейилади мактубда.

Ўлим ҳақида гувоҳнома
Ўлим ҳақида гувоҳнома

Бу мактуб нусхасини Озодликка тақдим қилган Марҳабат Эшматова қариндошларидан бирининг айтишича, унинг аммаси бундан 15 йил олдин вафот қилган:

“Раҳматли аммам касал бўлиб, 2003 йилда қазо қилган эди. Ундан икки йил аввал эри вафот қилган. Учта қизини биз тарбиялаб олганмиз. Уйлари сотилиб, бошқа одамнинг номига ўтиб кетган. Лекин, орадан ўн беш йил ўтганидан кейин мана бу хатни олиб келиб ўтиришибди. МИбга бориб айтсак, ҳа озгина экан тўлаб қўяверинглар, деб айтди”, дейди суҳбатдош.

Ўлим ҳақида гувоҳнома
Ўлим ҳақида гувоҳнома

Унинг айтишича, МИБ ходимлари қарздорлар шахсини аниқламай, уларнинг яшаш жойига аниқлик киритмай кўр-кўрона қарз ёзиб ташламоқда:

“Мажбурий ижро бюросининг ўз базаси бор. Ижро ҳаракатларини юритишда аввал қарздорнинг яшаш жойидан маълумотнома олиши ва ана шу асосда қарздорлик юзасидан иш олиб борилиши керак. Қарздорнинг шахсини аниқламасдан туриб қандай қилиб унга нисбатан қарздорлик белгилаш мумкин?”, дейди марҳума қариндоши.

Озодлик Тўрақўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси билан боғланиб, бу масалага муносабат сўради.

Ўзини таништиришни истамаган МИБ мулозими, англашилмовчилик бўлган бўлиши мумкинлигини айтар экан, бошқа маълумот беришдан бош тортди.

Бир йил аввал Ўзбекистонда ташкил этилган МИБнинг аҳолига одамларни таажжубга соладиган қарзлар ёзиши ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги Новшаҳар қишлоғида яшайдиган Ойгул Султоновани янги қурилган, лекин электр сими тортилмаган, симёғоч ўрнатилмаган уйига туман Мажбурий ижро бюроси электр энергияси учун 400 минг сўм қарздор қилиб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG