Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 04:54

Каттақўрғонда аёлни ечинишга мажбурлаган милиция зобити 6,5 йилга кесилди


Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди 21 ноябрь куни Самарқанд вилоят, Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг собиқ тезкор ходими Санъат Умаровни 6,5 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда хабар берган "Газета.уз"нинг ёзишича, Санъат Умаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а», «з» бандларида ва 241−1- моддасида (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда (этишда) айбдор деб топилган.

Санъат Умаров бундан ташқари 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Санъат Умаров жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Озодликнинг 4 июль куни эълон қилган "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" мақоласидан сўнг, 5 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаров ушлангани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий баëнот эълон қилган эди.

Самарқанд шаҳар суди 6 июлда Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиши ҳақида ажрим чиқарди.

Ажримга кўра, Санъат Умаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Июль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Ички ишлар бўлимининг етти нафар зобити ва сафдори ишдан бўшатилган эди.

Хизмат текшируви давомида ўз вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўджамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилган, вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Ушбу воқеа содир этилиши билан боғлиқ ҳолатларда хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган эди.

Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган. ​

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG