Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Мирзиёев ва Путин интернетни муҳокама қилди. "Жиддийроқ ҳужжатлар" баҳорда имзоланади


 Ўзбекистон раҳбарининг давлат ташрифи 2022 йилнинг баҳорига мўлжалланди
Ўзбекистон раҳбарининг давлат ташрифи 2022 йилнинг баҳорига мўлжалланди

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир 18 та ҳужжат имзоланганини маълум қилди.

Расмий хабарда уларнинг қандай ҳужжатлар экани очиқланмади. Кремль ва Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати икки президент Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилганини билдирди.

19 ноябрь куни Кремлда ўтган музокараларнинг матбуот учун очиқ қисми ва қўшма баёнотларда Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолик ёки Москва илгари сураётган Ўзбекистон ва минтақадаги илк АЭС лойиҳаси борасида ҳеч нарса дейилмади.

Айни пайтда икки тарафлама "жиддийроқ ҳужжатлар" 2022 йилнинг баҳорида Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи давомида имзоланиши айтилди.

Мирзиёев ва Путин БМТни интернетда назоратни кучайтиришга чақирди

Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев жума куни Москвада бўлиб ўтган учрашувда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик масалаларига оид қўшма баёнот қабул қилди.

Унда интернет бошқарувини такомиллаштириш, жумладан, ушбу соҳада давлатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича халқаро платформаларда мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги таъкидланади.

Путин ва Мирзиёев "рақамли муҳитда мамлакатлар суверенитети ва уларнинг тенг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлатларнинг ахборот маконида хулқ-атворининг универсал нормалари, қоидалари ва тамойилларини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Баёнотда БМТда ахборот жиноятларига қарши кураш бўйича универсал конвенцияни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқишга чақирилади.

Бу учрашув Россия президенти таклифи асосида амалга ошди
Бу учрашув Россия президенти таклифи асосида амалга ошди

"Давлат раҳбарлари замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш вазифаларига тўғри келмайдиган мақсадларда фойдаланиш имкониятлари ортиб бораётганидан хавотирда. Бу технологиялардан фойдаланиш фуқаролар, жамият ва давлатга тобора кўпроқ бевосита таҳдид солмоқда”, дейилади ҳужжатда.

Путин ва Мирзиёевнинг қўшма баёноти Россияда мустақил матбуотга ҳужум ва чекловлар давом этаётган, Ўзбекистонда эса тармоқларга тотал чекловлар ўрнатилиши билан боғлик можаро манзарасида қабул қилинмоқда. Кузатувчилар Ўзбекистон интернетни чеклашда Россия ва Хитойдан ўрнак олаётганини айтишади.

Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ва глобал интернет-компанияларни Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган серверларда қайта ишлашга мажбурловчи қонун қабул қилинди.

Шу қонун асосида "Ўзкомназорат" Facebook, Google, Mail. ru, Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter ва Yandex компанияларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш лозимлиги ҳақида огоҳлантирди ва кейинроқ ўчириб ҳам қўйди.

Бундан олдин Skype, Twitter, TikTok, "ВКонтакте" ва WeChat фаолиятларини Ўзбекистонда тўхтатишга қарор қилинганди. Россия мунтазам равишда мамлакатда тақиқланган контентни олиб ташлашдан бош тортгани учун технология ширкатларини жаримага тортиб келади.

Ўтган ой АҚШдаги Freedom House ташкилоти Ўзбекистон ва Қозоғистонни интернет эркин бўлмагандавлатлар қаторида қолдирганди.

“Жиддий ҳужжатлар” баҳорга қолдирилди

Россия оммавий ахборот воситалари Мирзиёевнинг Москвага келишини “муҳим воқеа” ўлароқ талқин қилмоқда.

Бу ҳақда журналистларга Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

- Бугун Россия-Ўзбекистон муносабатлари кунидир ва у жуда муҳим. Ўзбекистон бизнинг стратегик ҳамкоримиз, иттифоқчимиз. Ташриф олдидан икки давлат томонидан жуда кенг тайёргарлик кўрилди, шу кунларда кўплаб қўшма тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ушбу ташриф доирасида кўплаб ҳужжатлар имзоланмоқда, биз ҳам барча маълумотларни тақдим этамиз, — деди Кремл матбуот котиби.

Бироқ, кузатувчилар 18 ноябр куни учрашув давомида икки давлат ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланмаганига эътибор қаратди.

“Коммерсант” нашри ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи баҳорга мўлжаллангани ва ўшанда Ўзбекистон ва Россия ўртасида “жиддий ҳужжатлар имзоланиши” кутилаётганини очиқлади.

Бир кун олдин Россия оммавий ахборот воситалари 30га яқин ҳужжат имзоланиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилган бўлса, бир кун ўтиб бу ҳужжатлар сони 18тага тушди. Кўплаб кузатувчилар учрашув давомида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласи кўтарилишини башорат қилаётганди.

Кремл сайтида жума куни эълон қилинган хабарга кўра, икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, биологик хавфсизлик масалалари бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандум, таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2023-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури бор.

Икки давлат раҳбарлари Россия-Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини муҳокама қилгани, халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият борасида фикр алмашгани маълум қилинди.

Бундан бир кун олдин Москвада Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иккинчи минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Унда томонлар умумий қиймати 9 миллиард долларлик 600 га яқин шартнома, жумладан, 7,4 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини имзолашди.

Мирзиёевнинг Москвага ташрифи арафасида, хусусан рус матбуотида Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги Евросиё иттифоқига қўшилиши билан болиқ башорат ва кутилмалар яна кучайди.

Икки тарафлама учрашув олдидан қилган чиқишида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистоннинг бу ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига умид қилаётганини яшириб ўтирмади.

- Ўзбекистонлик ҳамкорларнинг Ёвросиё иқтисодий иттифоқи фаолияти билан янада яқинроқ алоқада бўлиши ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун яхши истиқболларни очади. Ўтган йил охирида Ўзбекистон интеграция бирлашмамизда кузатувчи мақомига эга бўлган эди. Ишончим комилки, аъзолик Ўзбекистон томонига ҳам, ЁОИИ таркибидаги аъзо бошқа давлатларга ҳам ҳақиқий фойда келтиради, деди у.

Россия оммавий ахборот воситалари Шавкат Мирзиёевнинг Москвага қилган бу ташрифини унинг “хорижга қилган илк сафари” дея тақдим этаётгани эътиборга молик.

Ш. Мирзиёев президент сифатида иккинчи бор қасамёдга келтирилганидан сўнг 11–12 ноябрь кунлари хорижга илк ташриф ўлароқ Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, Турк давлатлари ташкилоти иштирок этган.

Россия Мирзиёевнинг иккинчи президентлик муддатида сафар қилган иккинчи хориж давлати бўлади.

XS
SM
MD
LG