Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:29

Норасмий Уйғур трибунали Хитой уйғурларга қарши геноцид содир этганини хулоса қилди


Декабрь ойида таниқли британиялик адвокат томонидан ташкил этилган мустақил, норасмий орган Хитой ҳукумати уйғур халқи ҳуқуқларини поймол қилганини кўрсатувчи далилларни кўриб чиқиб, Пекин геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган, деган хулосага келди.

Ҳуқуқшунослар, академиклар ва ишбилармонлардан ташкил топган “Уйғур трибунали”ни ҳеч бир ҳукумат қўлламайди ёки трибунал ҳеч қандай ваколатга эга эмас. Аммо ташкилотчилар далилларни оммага ошкор қилиш жараёни Пекиннинг уйғурларга қарши сиёсатига қарши халқаро чора кўрилишига ундашига умид қилмоқдалар.

Трибунал раиси Жефри Найснинг сўзларига кўра, геноцид қарорига Хитой ҳукуматининг уйғурларга қарши мажбурий стерилизация ва туғилишлар сонини назорат қилиш сиёсати уйғурларнинг “катта қисмини йўқ қилишга қаратилганини” кўрсатувчи далиллар асос бўлган. Найс уйғурларга қарши кампания президент Си Цзиньпин ва Хитой ҳукумати билан бевосита боғлиқ бўлган кенг қамровли сиёсатнинг бир қисми эканини айтди.

Найс катта ҳуқуқшунос бўлиб, бундан олдин Сербиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич устидан судда қораловчиларга бошчилик қилган, Халқаро жиноят судида ишлаган.

“Далил шундан иборатки, туғилиши мумкин бўлган уйғурларнинг муҳим қисми туғилмаган”, деди у.

Хитойнинг Лондондаги элчихонаси трибунални “бир неча аксил-Хитой ва айирмачи элементлар томонидан жамоатчиликни алдаш ва чалғитиш учун ишга солинаётган сиёсий восита” деб қоралади. Элчихона ўз баёнотида, шунингдек, Шинжондаги сиёсат терроризмга қарши кураш ва радикаллашув олдини олишга қаратилганини таъкидлади.

Ўтган йил бошида 30 га яқин гувоҳ ва мутахассис Лондон марказида бўлиб ўтган қатор оммавий тингловларда давлат ҳибсхоналарида қийноқлар, мажбурий абортлар, зўрлашлар ва калтаклашларга гувоҳ бўлишганини даъво қилган эди. Тингловларда, шунингдек, ёш болаларни ота-оналаридан ажратиш ва масжидларни кенг миқёсда вайрон қилиш каби бошқа сиёсатларни кўрсатувчи кўплаб ҳужжатлар тақдим этилди.

Уйғур трибунали Хитойда инсониятга қарши жиноятлар содир этилганига шубҳа йўқ, деган хулосага келди. Найс Си ва бошқа юқори мартабали амалдорлар Шинжонда содир бўлган воқеалар учун жавобгар эканини айтди.

“Агар режага энг юқори даражада рухсат берилмаганида, ушбу улкан давлат репрессия аппарати ишга тушмаган бўлар эди”, деди у.

Тадқиқотчилар хулосаларига кўра, сўнгги йилларда Шинжондаги қайта тарбиялаш лагерларига қарийб бир миллион ёки ундан ҳам кўпроқ одам юборилган.

Трибунал кўриб чиққан далилларнинг асосий қисми Хитой ҳукумати томонидан ошкор қилинган ҳужжатларга таянади.

Туркиядан туриб Лондондаги тингловларга видео кўрсатма юборган Семсинур Ғафур тингловлар Шинжонда содир бўлаётган воқеаларга ойдинлик киритганидан мамнун эканини айтди.

“Улар бизни ер юзидан ўчириб ташлашга ва биздан бутунлай қутулишга ҳаракат қилмоқдалар”, деди у “Associated Press” агентлигига.

“Трибунал бизга дунё нимадир қилишини, одамийлик ўлмаганлигини кўрсатди”.

АҚШ ҳукумати Пекиннинг уйғурларга қарши сиёсати геноцид ва инсониятга қарши жиноятларга тенг келади, деб топган. Британия, Бельгия, Нидерландия ва Канада қонун чиқарувчи органлари ҳам айни хулосага келган.

Британия қонунчилари ҳукуматни масъул шахслар ва корхоналарга қарши санкция қўллашга чорлаб келади.

Ньюкасл университетининг хитойшунослик бўйича мутахассиси Жо Смит Финли трибунал хулосалари қонуний кучга эга бўлмаса-да, ҳукуматлар чора кўриши учун жиддий босим ўтказишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG