Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2022, Тошкент вақти: 20:27

Ўзбекистон хабарлари

Владимир Норов Толибон ҳукумати қарорини олқишлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Толибон ҳукуматининг мамлакат олийгоҳларига қабул квотасини оширганини олқишлади.

“Афғонистон муваққат ҳукуматининг афғон университетларидаги студентлар квотасини деярли 70 фоизга, 2021 йилдаги 68000 дан 2022 йилда 115000 га ошириш қарорини олқишлайман. Умид қиламанки, қизларга ҳам олийгоҳларда ўқиш учун тенг ўрин берилади”, деб ёзди Норов.


TKG нашрининг ёзишича, Афғонистонда 6 октябрда олийгоҳларга кириш имтихонлари бўлиб ўтади. Унда 12-синфни тамомлаган 160 минг мактаб битирувчиси қатнашади. Улардан юз минг нафари олийгоҳларга қабул қилинади

Афғонистонда Толибон ҳокимиятни босиб олган 2021 йилнинг 15 августидан сўнг қизларнинг таълим олишига турли чекловлар қўйила бошланди. Халқаро ҳамжамият Толибонни қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлашга чақирди.

Толибон ҳукумати жорий йилда гўёки қизларнинг олийгоҳларга киришига қўйилган чекловлар олиб ташланганини иддао қилмоқда.

30 сентябрь куни Кобулнинг асосан шиа хазоралар яшайдиган мавзесида худкуш ўқув марказида ўзини портлатгани оқибатида 53 киши хҳалок бўлганди, улардан 46 нафари олийгоҳга синов имтихонидан ўтган қизлардир.

Кун янгиликлари

Нукус воқеалари бўйича суд жараёнини трансляция қилиш вақтинча тўхтатилди

Бухоро вилоят судида 22 киши устидан суд 28 ноябрда бошланган эди.

Нукусда 1−2 июль кунлари содир этилган тартибсизликларда айбланаётганларга нисбатан Бухорода ўтаётган суд жараёнини жонли эфирда трансляция қилиш 5 декабрдан бошлаб вақтинча тўхтатилади.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, бу судда гувоҳларнинг кўрсатма бериши билан боғлиқ. Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 432-моддасига мувофиқ гувоҳлар бошқа гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитмаслиги ва мулоқот қилмаслиги лозим.

2 декабрда ўтган суд мажлисида прокурор Жиноят-процессуал кодексининг 432-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда судья Елубай Абибуллаевдан жараённи трансляция қилишни то томонлар мунозараси бошлангунига қадар тўхтатиб туришни сўраган эди. Судья прокурорнинг бу талабини қаноатлантирган.

Бухоро вилоят судида шу йил июлида Қорақалпоғистондаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд 28 ноябрда бошланган эди.

Даулетмурат Тажимуратов ва бошқалар ЖКнинг 10 га яқин моддаси, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда.

Тожикистоннинг собиқ вице-президенти Тошкентда дафн этилди

Тошкентдаги қабристонлардан бири.

Тожикистоннинг собиқ вице-президенти Нарзулло Дустов узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг вафот этди ва Тошкентда дафн этилди, деб хабар берди Озодлик радиоси тожик хизмати.

Хабарда айтилишича, 82 ёшли сиёсатчи Тошкентда бундан бир ой аввал вафот этган, лекин бу ҳақда фақат 2 декбарда маълум бўлган.

Нарзулло Дустов 1998 йилда сафдоши полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг ҳокимиятни эгаллаш учун кўтарган исёни бостирилганидан кейин Ўзбекистонда яшаб келган.

Тожикистонда Дустовга нисбатан “Ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олиш ёки ҳокимиятни зўравонлик билан ушлаб туриш” моддаси асосида жиноят иши очилган эди. Дустов 1998 йилдан бери расман қидирувда бўлган.

Тожикистон Социалистик партиясининг собиқ ҳамраиси Мирхусайн Назриев Озодлик радиоси тожик хизматига Нарзулло Дустов 1 ноябрь куни саратон касалидан вафот этганини айтди. Ўз вақтида таниқли бўлган сиёсатчини Тошкентдаги қабристонлардан бирига дафн этишган. Мирхусейн Назриевга кўра, ўтган ҳафтада Тошкентда Дустовни хотирлаш маросими ўтказилди. Манба радио мухбирига Назриев умрининг охиригача социалистик партия аъзоси бўлиб қолганини айтган.

Нарзулло Дустов 1991 йилнинг 2 декабридан 1992 йилнинг 11 майигача Тожикистон вице-президенти лавозимида ишлаган. У мухолфиат босими остида истеъфо беришга мажбур бўлган. 1994 йилнинг майида унинг жонига қилинган муваффақиятсиз суиқасд оқибатида у Душанбедаги уйи олдида яраланган эди.

Хатлон вилоят прокуратураси терговчиси Баҳром Шомиров аввалроқ Озодликнинг тожик хизматига берган суҳбатида 1998 йилнинг 3 ноябрида полковник Маҳмуд Худойбердиев ва Нарзулло Дустовнинг жангчилари Хўжанд ва Чкаловск шаҳарларига бостириб кириб, аэропортни, вилоят ички ишлар бошқармасини, давлат хавфсизлик бошқармасини ва бошқа объектларни ўз назоратига олгани ҳақида гапириб берган эди. Ўшанда ҳукумат кучлари билан жанглар 8 ноябргача давом этган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, Худойбердиев ва Дустовнинг қўшни мағлубиятга учраб, Ўзбекистонга чекинган. Маҳмуд Худойбердибевнинг ҳужуми ортидан ўша пайтда Ленинобод деб номланган ҳозирги Сўғд вилоятида камида юз киши ҳалок бўлган.

Кейинроқ Тожикистон судларида Худойбердиев ва Дустовнинг юзга яқин тарафдори судланиб, қамоқ жазосларига ҳукм қилинган. Айрим судланувчиларга ўлим жасоси белгиланган. Тожикистон Бош прокуратураси бир неча марта Ўзбекистонга Худойбердиев ва Дустовни қайтариш тўғрисида сўров жўнатган. Аммо бу сўровлар жавобсиз қолдирилган.

1998 йилдан сўнг Худойбердиев ва Дустовнинг муносабатлари қандай бўлгани тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Ҳозиргача Маҳмуд Худойбердиев тақдири тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқ.

Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилмоқда

Метан заправкаларидан бири.

Тошкентда автомобилга газ тўлдирувчи шохобчалар вақтинча ёпилиши тўғрисида пойтахт ҳокимияти 4 декабрь куни маълум қилди. Расман билдирилишича, бунга газ босимининг пасайиб кетгани, “коммунал хизматлар мавжуд газ захирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаётгани” сабаб бўлган.

“Иложи борича кўпроқ хонадонларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, жамоат транспорт воситаларига хизмат кўрсатадиган шоҳобчалардан ташқари, қолган барча автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари вақтинчалик ёпилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда газ заправкалари фаолияти бир неча кунга мутлақо тўхтатилиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бироқ 4 декабрь куни«Ҳудудгазтаъминот» бу хабарларни рад этган ва аҳолини бу каби гапларга ишонмасликка чақирган эди.

“Ўзтрансгаз” 9 ноябрдан об-ҳавонинг совиб кетиши ортидан аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иши вақтинчалик чекланиши ҳақида билдирганди.

Ҳудди шу куни Энергетика вазирлиги ҳам совуқ тушиши ортидан Фарғона водийсида электр таъминотида “қисқа муддатли узилишлар” юзага келаётганини билдирди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва газ муаммоси долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистонда коронавируснинг омикрон ВА.5 варианти “доминантлик” қилмоқда

Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти.

Ўзбекистонда ноябрдан бошлаб коронавируснинг омикрон ВА.5 варианти “доминантлик” қилмоқда, деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирликнинг расмий хабарида айтилишича, буни аниқлаш мақсадида 10-12 ноябрда Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинди. Натижада 27 нафар бемор “омикрон” штаммининг BA.5 субвариантига чалингани маълум бўлди.

“Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти”, дейилади вазирлик билдирувида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, томоқ оғриғи, тана ҳароратининг 41 даражагача кўтарилиши, бош ва мушакларда кучли оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, конъюктивит (10 фоиз ҳолатда), ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда), отит (10 фоиз ҳолатда) ва диарея (10 фоиз ҳолатда) “омикрон” штаммининг BA.5 субвариантининг асосий белгилардир.

Бундан ташқари кучли ва хуружли йўтал, баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик кузатилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 3 декабрь куни мамлакатда 162 киши коронавирусга чалинган. Вазирлик қоронавирусга чалинганларнинг жами сони ва вафот этганлар тўғрисидаги умумий маълумотни бермай келмоқда.

Россия бош вазири Ўзбекистонни АЭСга оид келишувларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирди

Россия бош вазири Михаил Мишустин (архив сурати)

Россия томони Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ва РФ ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида билдирган.

Мишустинга кўра, атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик бўйича энг йирик лойиҳа Россия дизайнига кўра атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлиши керак. Бу борада “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”, деган М. Мишустин.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

Жамоатчилик мурожаатларига жавобан 2021 йил ноябрь ойида ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АЭС қурилиши шаффофлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётгани, нафақат Ўзбекистон жамоатчилиги, балки қўшни давлатлар муносабати ҳам ўрганилишига ишонтирган.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат имзолангани ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.

Шу йилнинг июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратган эди.

Беларусь Ўзбекистонга экспорт қилинаётган гўшт нархини оширди

Беларусь Ўзбекистонга экспорт қилинаётган қорамол гўшти нархини кўтарди. Бунга оид маълумотлар Беларусь Миллий ҳуқуқий порталида келтирилган.

Минск жорий йилнинг 2 декабридан эътиборан Ўзбекистонга ёш мол гўштининг 1 килограмми камида 4,4 АҚШ долларидан, қари мол гўштининг 1 килограмми эса камида 4,2 долларидан нарх белгилаган.

Беларусь охирги йилларда Ўзбекистонга гўшт етказиб берувчи мамлакатлар ўртасида пешқадам бўлиб келган. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили Беларусь Ўзбекистонга 21,5 минг тонна (импорт қилинган жами гўштнинг қарийб 68 фоизи) гўшт етказиб бериб, импортёрлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери Беларусдан Ўзбекистонга қанча гўшт етказиб берилганига оид статистик маълумотлар ҳали очиқланганича йўқ.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро куч ишлатмаслик бўйича иттифоқчилик шартномасини имзоламоқчи

Қозоғистонда Ўзбекистон билан иттифоқчилик шартномаси лойиҳаси 12 декабргача халқ муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага илова қилинган изоҳда қайд этилишича, шартномада томонларнинг ўзаро куч ишлатмаслиги ва таҳдид қилмаслиги белгиланган. Шунингдек, томонлар глобал ва минтақавий масштабда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилади, замонавий чақириқлар ва таҳдидларга қарши ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиради.

Шартномада ҳарбий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар соҳаларда, фуқаролар мудофааси ва энергетика тармоғи бўйча ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1998 йилнинг 31 октябрида имзоланган Абадий дўстлик шартномасига, 2013 йилнинг 14 июнида имзоланган Стратегик ҳамкорлик шартномасига ва бошқа 90 дан ортиқ меъёрий ҳужжатларга асосланган.

Нукус воқеаларида айбланиб судланаётган Тажимуратов судга Қорақалпоғистон раҳбарлари чақиртирилишини сўради

Нукус воқеаларида айбланиб судланаётган Даулетмурат Тажимуратов 1 декабрь куни ўтган навбатдаги суд мажлисида судга Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг амалдаги раиси Аманбай Ўринбоев ва собиқ раиси Мурат Камаловни гувоҳлик бериш учун судга чақиртирилишини сўради.

Унга кўра, Аманбай Ўринбоев тергов давомида ёлғон кўрсатма берган. Шунингдек, у Мурат Камаловга ҳам қатор саволлари борлигини айтди.

"Нима бўлаётганини кўриб турибман. Ҳаммасига биз айбдор бўляпмиз. Давлат айбдор эмас. Давлат қонунлари тўғри ишлади... Сиёсий иш бугун, эртага кўрилади, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Буларнинг барчаси тарихда қолади, бир неча бор кўтарилади. Нима учун бундай деяпман? Қанча одам ўлди. Одамларнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Ва мен афсуланяпман деб айта олмайман. Бу ерда ўтирганларнинг ҳам (бошқа судланувчиларни кўрсатиб) айби йўқ", деди судланувчи.

У сўзида давом этар экан, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг намойишчиларга қарата қурол қўллаганига эътибор қаратди:

“Мен терговда видеода кўрдим шаҳар ИИБ олдида айтишяпти, отишни тўхтатинглар, отиб ташлаяпсизларку деган видео турибди. Бу нима дегани? Қайси мамлакатда яшаяпмиз, ўз халқига ўқ отиш деган".

Шундан келиб чиққан ҳолда Даулетмурат Тажимуратов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига суд орқали сўровнома юборишни илтимос қилди. Унга кўра, сўровномада намойишчиларга қарши ҳарбий қурол ишлатилиши нақдар қонуний бўлганига ойдинлик киритиш сўралган.

«Чунки қон тўкилди. Бунга жавобгарлар жазога тортилиши керак. Биз улар учун қамоқда ўтиришимиз керак эмас, аммо мен ўтиришга тайёрман», деди у.

Судья илтимосномаларни қаноатлантиришга қарор қилди.

Шу йил 1-2 июлида Қорақалпоғистондаги намойиш ва зўравонликларга алоқадорликда айбланаётган 22 киши устидан суд Бухоро вилоятида ўтмоқда. Даулетмурат Тажимуратов ва бошқалар ЖКнинг 10 га яқин моддаси, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда.

Россия бош вазири Михаил Мишустин Самарқандга етиб келди

Россия бош вазири Михаил Мишустин

Россия бош вазири Михаил Мишустин 1 декабрь куни хизмат сафари билан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига келган.

Россия нашрлари хабарига кўра, Мишустиннинг Ўзбекистондаги сафар дастури 2 декабрдан бошланади. Кун тартибига мувофиқ, у жума куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан биргаликда икки томонлама ҳукуматлараро комиссияси мажлисини ўтказади.

Йиғилишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга оид долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалангани айтилган.

“Асосий эътибор савдо-иқтисодий, ишлаб чиқариш, энергетика, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади”, дейилган Россия ҳукумати матбуот хизмати хабарномасида ҳукуматлараро мажлисда “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилажак газ иттифоқи” ҳақида муҳокама бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бирор маълумот берилган эмас.

“Уч томонлама газ иттифоқи” тузишга оид таклиф Россия президенти Владимир Путин томонидан 28 ноябрь куни Москвада Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев билан бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилган эди. Иттифоқни тузишдан мақсад газ транспортировкасини мувофиқлаштириш экани айтилган. Бу таклифни Тоқаев маъқуллаган, бироқ кейинроқ зарур натижаларга эришиш учун Қозоғистон томони “масаланинг моҳиятига шўнғиб кўриши” лозимлигини қайд этган.

Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги комиссиянинг аввалги мажлиси 2021 йилнинг 22 июнида Москвада бўлиб ўтган эди.

Бу гал Самарқандда учрашадиган бош вазирларнинг 2 декабрдаги кун тартибидан Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми ялпи мажлисида чиқиш қилиш ҳам ўрин олган.

Мазкур форумдан Россиянинг 150 та ширкат, ташкилот ва ассоциациясидан 360 дан зиёд одам иштирок этиши билдирилган.

Тошкентда 7-синфда ўқийдиган қиз ўз ҳовлисидаги дарахтга осилган ҳолда топилди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 2010 йилда туғилган ўқувчи қиз ўзини осиб ўлдирган. Бу ҳақда Газета.uz нашри Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, туманнинг Олтинтепа кўчасидаги 203-уйда яшовчи 12 яшар қиз яшаш ҳовлисидаги дарахтга ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган. 241-мактабнинг 7-“А” синф ўқувчиси бўлган З. А. ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув бошланган.

Ўзбекистонда ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилиши айтилмоқда

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берувчи қарор қабул қилинган 14 февралдан бошлаб то октябргача Yerelektron” ахборот тизими орқали 48 мингта ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилган. Юридик ва жисмоний шахслар фойдаланиб келаётган 5 мингга яқин ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ижобий хулоса берилган.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борада Шавкат Мирзиёев ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишаётганида билдирилди.

“Амалиётда қийинчилик туғдираётган яна бир муаммо ерларни аукционга чиқариш босқичлари кўплиги. Ҳозирги кунда бу 13 та босқичдан иборат бўлиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача вақт кетмоқда. Шу боис ерни аукционга чиқариш босқичларини 8 тага тушириб, муддатларини тегишлича 16 ва 22 иш кунигача қисқартириш мумкинлиги айтилди”, дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистонда 2021 йил 15 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида” қонун қабул қилинган эди. Бу қонун асосида Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 14 февралда ерларни хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Ўзбекистонда ноябрь ойида нархларнинг йиллик ўсиши 12 фоиздан ошди

Ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,3 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Бу билан йил ҳисобида истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,3 фоизга етди.

Ноябрь ойида нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 2 фоизга ошди.

Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,9 фоизга ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга ошди.

Иқтисодиётга ихтисослашган Spot. uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда инфляция даражасини 9 фоизга, кейинги йиллар учун 5 фоизга тушириш ниятини билдирган эди.

Расмий статистика Ўзбекистонда инфляция 2017 йилда 14,4 фоиз, 2018 йилда 14,3фоиз, 2019 йилда 15,2 фоиз ва 2020 йилда 11,1 фоиз бўлганини қайд этган.

Бош прокуратура ҳинд тадбиркорининг Тошкент шаҳар ҳокими билан боғлиқ иддаолари юзасидан текширув бошлади

Тошкент ҳокими Ж. Ортиқхўжаев Minerva City лойиҳаси тақдимотида (архив сурати)

Ўзбекистон Бош прокуратураси Minerva World of Knowledge компанияси таъсисчиси Мурари Лал Жаланнинг иддаолари бўйича текширув бошлаган. Бу ҳақда Газета.uz нашри БП матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳиндистонлик инвестор Мурали Лал Жалан Kun.uz нашрига берган интервьюсида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблаб, шахсий учрашув чоғида Lake City лойиҳаси ерини бериш ёки банк ҳисобрақамига 100 миллион доллар ўтказишни таклиф этганини айтгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Бунинг ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жаланнинг иддаоларини текшириш талаби билан Бош прокуратурага мурожаат қилишини билдирган. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати ҳиндистонлик тадбиркор сўзларини “давлат хизматчисини обрўсизлантириш” ўлароқ баҳолаган эди.

Газета.uz хабарида қайд этилишича, 29 ноябрь куни БПга ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан “вазиятни ўрганиш, ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга қонуний чоралар кўриш” сўрови билан хат келиб тушган. Бу борада Бош прокуратуранинг тегишли бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Мирзиёев ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омбори бўйича шартномалар ратификациясига оид қонунларни имзолади

Uzbekistan - Shavkat Mirziyoyev, President of the Republic of Uzbekistan

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Зикр этилган икки қонунга 29 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан қўл қўйилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Сенатида муҳокама қилиниб, маъқулланган.

Ҳар иккала шартнома эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкек шаҳрида имзоланган.

Президент матбуот хизмати хабарномасида қайд этилишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат бўлиб, унда чегаранинг 35 та участкасидаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.

Шунингдек, Қирғизистонга Андижон сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Бунда, Қирғизистон томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.

Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим 11 та моддадан иборат бўлиб, унда Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича қўшма комиссия тузилган ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланган. Битимда томонларнинг ўзаро мажбуриятлари акс эттирилган. Хусусан, Ўзбек томони сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган. Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган.

Андижон сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар келишиб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.

Ҳар икки мамлакат президентлари томонидан кеча ва бугун имзоланган қонунлар борасидаги турли талқинлар аввалроқ Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.

Қозоғистонда ўзбекистонликларга оид қарор лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги "Жибек Жолу" назорат ўтказиш пункти.

Қозоғистоннинг Электрон ҳукумат лойиҳаси доирасидаги legalacts.egov.kz порталида ўзбекистонликларнинг Қозоғистонда рўйхатдан ўтмасдан вақтинчалик бўлиши муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси 28 ноябрда халқ муҳокамасига қўйилди.

12 декабргача муҳокама қилиниши назарда тутилган мазкур қарорда Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда 30 кун давомида вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бўлишига рухсат берилиши назарда тутилади. Айни пайтда Ўзбекистондан ҳам Қозоғистон фуқароларига шундай ҳуқуқ берилиши талаб этилади.

“Миллий паспорти бўлган икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудига 30 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бориши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин. Фуқаролар ўзларининг келгани ҳақида тегишли органларни хабардор қилиши лозим. Бўлиш муддатини 30 кундан ортиқ, аммо 6 ойдан ошмайдиган даврга узайтириш ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади", — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ҳозирда амал қилинаётган тартибга асосан ўзбекистонликлар Қозоғистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан 5 кун бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG