Линклар

Шошилинч хабар
27 июл 2024, Тошкент вақти: 07:08

"Тажриба ўтказишни тўхтатиш керак". Ўзбекистон ва минтақада мактаб ва дарсликлар муаммоси


Андижондаги ўрта мактаб.
Андижондаги ўрта мактаб.

Ўзбекистон яқинда Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақасида давлат номидан янги мактаб қурган бўлса ҳам, мамлакатдаги таълим ресурслари йўқлиги унинг ўсиб бораётган аҳолиси учун жиддий муаммо. Сўнгги бир неча йил ичида 1 миллиондан ортиқ бола мактабга чиққан.

Жорий ўқув йили бошида Президент Администрацияси раҳбари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева мамлакатда мактаб қурилиши янги болалар сонига етиб бормаётганини айтган эди.

“Агар йилига 1 миллиондан ортиқ бола туғилса, бу янги ўқув йилида қарийб 1,2 миллион бола биринчи синфга боради, Ўзбекистонда эса 1,2 миллион ўқувчига мактабларда ўрин йўқ”, деди Мирзиёева.

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, 10522 та давлат мактаби бўлиб, янги ўқув йилида ўқувчи сони 6,5 миллион нафарни ташкил этади, бунинг натижасида синфлар тўлиб кетган ва баъзи ўқитувчилар 40-50 нафар ўқувчига дарс беришга қийналмоқда. Ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам мактаб ўқувчиларига ўринлар етарли эмас, Қирғизистон ва Қозоғистондаги каби турли сменаларда галма-гал ўқишга мажбур.

Ўқитувчига маош, ўқувчига жой етишмайди - “янги” Ўзбекистон мактабларининг эски муаммоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:58 0:00

Тошкентлик таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг айтишича, умумтаълим мактабларидаги синф хоналари тўлиб кетганидан ташқари, сув таъминоти, ҳожатхона каби бошқа мураккаб ва долзарб муаммолар ҳам бор.

“Маош пастлиги туфайли малакали ўқитувчилар етишмайди. Кўплаб ўқитувчилар кўпроқ пул топиш учун репетиторлик ёки хусусий марказлар каби бошқа жойда ишлашни афзал кўради. Мактабда қолганлар иш ҳақини ошириш учун кўпроқ соат олишлари керак, бу уларнинг ишига таъсир қилади. Қолаверса, мактаблар етарлича молиялаштирилмаган, молиялаштириш [мамлакат бўйлаб] нотекис”, дейди Жалилов «Озодлик» радиосига.

Ўзбекистон мактаб тизимини модернизация қилишга уринишларни шарҳлар экан, Жалилов расмийлар тез-тез ўз фикрини ўзгартириб, бир тизимдан иккинчисига ўтишини таъкидлайди.

"Муаммо, фикримча, ҳукумат мактабда таълим нима эканлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас ва жуда кўп тажриба ўтказмоқда, – дейди у. – Масалан, Финляндия стандартини жорий этиш ҳақида жуда кўп гапирилди, аммо ҳозир Финляндия атрофида шов-шув сўнди ва ҳукумат мактаб битирувчилари камида иккита чет тилини билиши ва камида битта касбни эгаллаши кераклигини айтяпти. Ўрта ва узоқ муддатли стратегияларда ҳукуматнинг мактабга бўлган қарашлари жуда тез-тез ўзгариб туради. Бу хавфли – биз ҳар доим тажриба ўтказамиз ҳеч қандай изланишларсиз."

Минтақадаги вазият

Туркманистонда Марв ва Балкан вилоятларидаги баъзи ўқитувчилар уйма-уй юриб, бўшаб ётган синфларни тўлдириш учун бола изламоқда.

Ушбу қашшоқ ҳудудларда таълим мутасаддилари 2017 йилда туғилган болалар озлиги сабабли синфларни бирлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўқувчилар сони камайиб кетиши мамлакатда узоқ давом этган иқтисодий таназзул, одамлар четга иш ва яхши ҳаёт излаб кетгани ортидан аҳоли қисқариши натижаси экани айтилмоқда.

Озодлик радиоси Туркман хизматининг Балкан вилоятидаги мухбири айрим мактабларда биринчи синф ўқувчилари сони ўтган йилга нисбатан 40-50 фоизга камайганини хабар қилди.

“Туркманбоши шаҳридаги ўрта мактаблар 1300 ўқувчига мўлжалланган бўлса ҳам, сўнгги беш йил ичида уларда ўқувчи сони 950 нафардан ошмаган. Ушбу мактабда тўртта биринчи синф бор. Ўтган йили ҳар бирида 27-29 нафар ўқувчи бор эди. Лекин бу йил ҳар бир биринчи синфда 12 нафар бола бор”, дейди “Озодлик”ка Балкан вилоятидаги мактабдаги манба.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) Туркманистонда 2021 йилда ўтказган тадқиқотига кўра, мамлакат чекка ҳудудларида таълим тенг даражада таъминланмаган. Пойтахт Ашхободда иккинчи ва учинчи синф ўқувчиларининг 70 фоиздан ортиғи ўқий олса, Балкан вилоятида мактаб ўқувчиларининг атиги 34 фоизи бирдек даражада ўқий олади.

Туркманистонда ўқитувчилар ўқувчи излаётган бўлса, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ўқитувчилар, мактаблар ва дарсликлар етишмаслиги кузатилмоқда.

Қозоғистон

Қозоғистон расмийлари билдиришича, янги ўқув йилида мамлакат бўйлаб 382 мингдан ортиқ олти ёшли бола биринчи синфга қадам қўйган.

Бироқ, мактабларда ўринлар кескин танқислиги кузатилмоқда, тахминан 270 мингта парта етишмайди. Ҳатто пойтахт Остонада ҳам мактаб шароити йўқлиги сабабли ўн минглаб ўқувчи эрталабки ва кечки сменаларга қатнайди.

Остонанинг янги қурилган ҳудудларида яшовчи ота-оналар уйларига яқин мактаб тополмай қийналади. Остона расмийларига кўра, шаҳарда 26 мингдан ортиқ бола учун мактаб ўрни йўқ, кўплаб болалар мактабга узоқ йўл босиб боришга мажбур.

Шаҳардаги саккизта мактабда ўқувчилар уч сменада таълим олмоқда, 20 дан ортиқ мактабда ўқувчи сони синфларда одатдагидан ошиб кетган.

Остонанинг аксарият янги туманларига кўпроқ давлат мактаблари ва болалар боғчалари керак. Мактаб муаммоси туфайли баъзи одамлар қулайроқ ва арзонроқ мактаб излаб пойтахтдан узоқлашишни ўйлаяпти.

Таълим бўйича эксперт Эржан Ахметжанулининг «Озодлик»ка айтишича, шунчаки янги мактаблар қуриш муаммони тўлиқ ҳал қилмайди. Аксинча, мактаб тақчиллигининг асосий сабаби – ички миграцияни бартараф этиш ҳудудларда таълим сифатини оширишни талаб қилади.

"Агар Остонада ҳар йили 20 минг бола туғилса, 20 минг бола бошқа вилоятлардан келади. Остонада [ҳар йили] 40 минг бола учун мактаб ўрни йўқ. Шунинг учун бу муаммони фақат ўрта мактабни ривожлантириш орқали ҳал қилиш мумкин”, дейди у.

Қирғизистон

Қирғизистонда янги ўқув йили бошлангач, таълим вазири Қанибек Иманалиев 7 сентябрь куни лавозимидан озод этилди. Қарор мактаб дарсликлари тақчиллиги муаммоси ва жамоатчилик танқиди сабабли қабул қилинди.

Қирғизистонда дарсликлар тақчиллиги ва Иманалиевнинг ишдан бўшатилиши халқ таълими сифати борасида тортишувларга сабаб бўлди. Расмийлар таъкидлашича, ҳар бир ўқувчини бюджет дарсликлари билан таъминлаш учун Қирғизистонга йилига камида 5 миллиард сўм (56,7 миллион АҚШ доллари) керак бўлади, бироқ давлат бюджетидан бу маблағнинг оз қисми – ҳар йили 324 миллион сўм (3,6 миллион АҚШ доллари) ажратилади. Бу маблағнинг ярми китоблар ижараси учун ота-оналардан олинадиган тўловдан тушади.

Қирғизистонда мактаб томонидан берилган ҳар бир дарслик учун ҳар бир ўқувчи 25 сўм (0,28 доллар) тўлаши керак.

Мамлакатда 2350 дан ортиқ умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчаси эрталабки ва кечки сменада ишлайди. Пойтахт Бишкекда мактаблар етишмаслиги асосий муаммо бўлиб, яқин атрофдаги қишлоқларда бир синфда 40-45 нафар ўқувчи ўқиши учраб туради.

Парламентнинг 6 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутат Сарапаткан Мажитова 150 мингдан ортиқ бола мактабга чиққанини, баъзи мактабларда ҳар бир синфга 60 нафар ўқувчи тўғри келиши ва уч бола бир партада ўтириш ҳолатлари кузатилаётганини айтди.

“Бундай шароитда қандай сифат ҳақида гапириш мумкин? Дарслик ва мактаблар етарли эмас. Бу эса ўз пулига дарслик сотиб олишга мажбур бўлаётган ота-оналар учун катта муаммо туғдирмоқда. 152 миллион сўм (1,2 миллион АҚШ доллари) ажратдик. Бироқ асосий муаммо янги дарсликлар етишмаслигида”, дейди Мажитова.

Мактаб тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун Қирғизистонга турли хорижий давлатлардан ёрдам кўрсатилмоқда. Ўтган йили Озарбайжон Бишкекда мактаб қуришга ёрдам берди, Россия эса тўққизта мактаб қуришни бошлаган.

Мутахассислар фикрича, бу ёрдам мамлакат халқ таълими олдида турган муаммоларни тўлиқ ҳал қила олмайди. Боз устига, Қирғизистондаги 250 га яқин мактаб биноси оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Тожикистон

Тожикистон аҳолиси сўнгги йилларда 10 миллиондан ошди ва 1 сентябрь куни 2,2 миллион мактаб ўқувчиси мактабга борди. Расмийлар айтишича, ҳукумат янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун 312 та янги мактаб ва болалар боғчаси қурган. Аммо таълим тизимида 4000 га яқин ўқитувчи етишмаслиги айтилади.

Тожикистонлик таълим бўйича эксперт Муҳаммадсодиқ Абдураззоқов янги мактаблардан норози. "Ажойиб мактаблар очилмоқда, лекин уларда муносиб ўқитувчи йўқ", дейди у.

Абдураззоқов университетни янги битириб келган ёшларни мактабларга ўқитувчиликка жалб этилишидан ҳам хавотир билдирди. “Университет битирувчиси мактабга амалиёт ўташ учун келсаю, ҳатто бошланғич синф ўқув дастурини ҳам тушунмаса, у ўқувчига нимани ўргатиши мумкин?

Айрим экспертлар Тожикистонда ўқитувчилар етишмаслигига асосан муҳожирлик сабаб бўлишини айтмоқда. Мамлакатдаги иқтисодий турғунлик туфайли Россиядаги тожикистонлик меҳнат муҳожирлари сони қарийб 3 миллион кишига етгани айтилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG