Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:14

Электрон ҳукумат ва электр тақчиллиги. "Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси" нима?


Президент Мирзиёев янги қурилишлар билан танишмоқда - Андижон, 22 май, 2020
Президент Мирзиёев янги қурилишлар билан танишмоқда - Андижон, 22 май, 2020

Ўтган ой иккинчи муддат президентлигини бошлаган Шавкат Мирзиёев ҳукумати келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб эса 4 минг АҚШ долларидан оширишни режаламоқда.

Бу ҳақда Янги йил арафасида эълон қилинган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида айтилган.

2017 йилдаги Ҳаракатлар стратегиясидан фарқли Тараққиёт стратегияси деб номланган лойиҳада, шунингдек, инфляция даражасини "2023 йилгача босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтириш” кўзда тутилган.

2023 йилдан ЯИМга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш ва давлат қарзини бошқаришда ташқи қарз миқдорининг 4,5 миллиард доллардан ошиб кетмаслигини таъминлашга ваъда берилади.

Марказий Банкка кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ўтган йилнинг 1 октябрь ҳолатига 37,6 миллиард долларни ташкил этган.

Ҳукумат эълон қилган стратегик мақсадлар юзасидан ижтимоий тармоқларда изоҳ қолдирган иқтисодчи эксперт Абдулла Абдуқодиров бюджет дефицити ва ташқи қарз суръат билан ўсиб ораётган бир пайтда ҳукумат аҳолига бераётган ваъдаларининг ижросини савол остига олди:

"Мен эса бош қашиб турибман: бу кўрсаткичлар қандай ҳаракатлар ҳисобига эришилади? Аҳоли даромадлари нима бўлади? Энергия ресурсларига нарх-наво қандай бўлади? Сиёсий тизим ўзгаришлари бўладими? Умуман, кимни тараққиёти ҳақида гап?", деб ёзди таҳлилчи ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Стратегияда шунингдек, келаётган беш йилда мамлакатда энергия ресурслари ва табиий газ кўлами сезиларли даражада ошиши башорат қилинади. Газ заҳираларига бой Ўзбекистон аҳолиси, айниқса куз-қиш мавсумида энергия тақчиллигидан азият чекиб келади. Мирзиёев 2016 йилги биринчи президентлик сайловолди кампанияси чоғида аҳолининг газ ва электр муаммосини ечишга ваъда берган, аммо ўтган вақт мобайнида бу борада вазиятнинг сезиларли даражада яхши томонга ўзгаргани йўқ.

Стратегияда аҳолини қийнаб келаётган электр энергияси тақчиллиги қандай ҳал қилиниши айтилмаган, аммо унда электрон ҳукумат ҳақида батафсил сўз боради. Лойиҳанинг мақсадлардан бири электрон давлат хизматларининг улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бутунлай бартараф этиш деб номланади. Мазкур йўналишга кўра, давлат хизматларини мобил иловалар орқали кўрсатишни кенгайтириш ва шахсни идентификация қилиш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, “Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан муайян фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини бекор қилиш ҳам кўзда тутилган.

Ёпиқ тизимдаги “очиқ мулоқот”

Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келганидан бери янграган доимий шиори мазкур моддада яна бир марта таъкидланган бўлиб, сўз халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш ва қарор қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олиш ҳақида боради.

Айни мақсадда бир қанча жамоатчилик кенгашлари, палаталар яратилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ислоҳотларнинг самараси "аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва сайлов маданиятини ошириш" бўлиши керак.

Президент Мирзиёев иккинчи муддатига сайланган 24 октябрдаги президент сайловини кузатган ЕХҲТ ҳайъати мамлакатдаги ислоҳотларга қарамасдан, сайловларда ҳақиқий рақобат кузатилмаганини айтган эди.

Лойиҳада шунингдек, "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш" ҳақида ҳам сўз боради.

Мазкур ислоҳот натижасида тизим халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи тузилмага айланиши керак.

Ички ишлар органлари ҳақидаги қонун ва эълон қилинган кўплаб ислоҳотларга қарамасдан, тизим жамоат тартибини сақлашдан кўра кўпроқ жазоловчи орган бўлиб қолаётгани жамоатчилик томонидан танқид қилинади. Ўтган йилнинг ўзида ИИВ ходимлари қийноқлар натижасида вафот этган камида беш инсоннинг ўлимида масъул кўрилган.

Ўтган беш йил давомида президент Мирзиёев "ахлатлардан тозаланганини" айтган прокуратура тизими эса кўплаб коррупция можаролари марказида қолди.

Терроризмга қарши кураш кун тартибидан тушмайди

2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларида бири фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат экани иддао қилинмоқда.

Экстремизм ва терроризмни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни такомиллаштириш билан бирга бу борада минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам кенгайтирилади.

“Фаолияти экстремизм ва терроризмга қарши курашишга қаратилган халқаро ва минтақавий ташкилотларда фаол иштирок этади” дейилади Стратегияда.

Шунингдек, навбатдаги беш йиллик режадан Афғонистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган алоҳида ҳаракатлар режаси ҳам ўрин олган.

Ниҳоят, коррупция...

2022-2026 йиллардаги ҳаракат стратегиясининг хотимасида коррупцияга қарши кураш соҳасидаги миллий ҳаракатлар режаси тилга олинган.

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бирламчи вазифа экани таъкидланади.

“Коррупцияга мойил соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш лозим” дейилади мазкур бобда.

Коррупцияга қарши курашувчи янги агентлик ташкил этилгани ва бу борада қатор қонунлар қабул қилинганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳануз дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари қаторида қолмоқда. Ўтган вақт мобайнида расмийлар манфаатлар тўқнашуви ҳамда элитар коррупцияга доир кўплаб ҳолатлар, жумладан, Озодлик суриштирувлари натижасида юзага чиққан далилларни эътиборсиз қолдирган.

Ўзбекистон Ғарбга юз бурадими?..

Стратегиянинг ташқи сиёсат бобидаги қисми Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш билан тўлдирилган.

АҚШ, Канада ва Америка мамлакатлари билан стратегик ва ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ташқи сиёсатнинг устивор йўналишлари сифатида белгиланади.

Шунингдек, Осиё-Тинч океани минтақасидаги анъанавий стратегик шериклар, Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка минтақасидаги ҳамкорлар билан алоқаларни ҳам такомиллаштириш ҳақида ҳам гапирилади.

Меҳнат миграцияси ва коронавирус

Стратегияда мамлакат аҳолисининг ишга яроқли қарийб 20 фоизи меҳнат мигрантлари экани ва уларнинг деярли ҳимояланмагани мазмунан акс этган. Шу боисдан мигрантларга ҳуқуқий-ташкилий кўмак бериш ҳамда уларнинг меҳнат шариотларини имкон қадар яхшилашга урғу берилади.

Лойиҳада, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида аҳолини ҳимоя қилишга оид давлат сиёсати йўналишлари ҳам тилга олинган.

Жамоатчилик порталига қўйилган мазкур институционал ҳужжат муҳокамаси ниҳоятда суст. Блогер ва экспертлар стратегиянинг танланган қисмлари ҳақидагина изоҳлар қолдиришмоқда.

Ошаётган патент, тиббий кўрик ва мигрантофобия. 2022 да мигрантларни нима кутмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:23 0:00

XS
SM
MD
LG