Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:46

Янги вазир ва эски вирус. Пандемиянинг иккинчи йили Ўзбекистонда қандай кечди?


28 декабрь куни Ўзбекистондаги расмий коронавирус статистикасида шу йил 15 мартидан бери энг паст кўрсаткич қайд этилди - атиги 100 кишида касаллик ҳолати аниқланди. Соғлиқни сақлаш расмийлари коронавирус тўлқини "жиловлангани"ни айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев эса, шу йилнинг октябрида қилган чиқишида пандемияга қарши 80 трлн сўм ажратгани, зарур бўлса “инсон ҳаётини сақлаш учун” яна маблағ ажратишини билдирди.

Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва қатор Ғарб давлатлари Ўзбекистонда коронавирус ёйилиши билан боғлиқ вазиятни “мавҳум” деб баҳолаб, фуқароларига бу давлатга саёҳат қилишдан тийилишни тавсия қилган.

Расмий рақамлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) 28 декабрь куни мамлакатда жами 100 кишида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Сўнгги бор шу йилнинг 15 мартида энг паст кўрсаткич қайд этилган - 65 кишида вирус аниқланган.

ССВ га кўра, 29 декабрь куни сўнгги 6 ой ичида илк бор, ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Ҳозирда мамлакат бўйлаб вирус юқтириб олганлар жами сони 198 минг 769 минг нафар, касалликдан вафот этганлар сони 1 минг 485 нафарни ташкил қилади.

Вазирлик бераётган бу расмий рақамларнинг асл вазиятга мос экани эса, пандемия бошидан буён жамоатчилик томонидан жиддий шубҳага олинганича қолмоқда.

Бу йил ҳам ёз ойларида - июль (924), август (974) ва сентябрда (736) коронавирусга чалиниш ҳоллари кескин ошиб кетди. Ўтган йили ҳам айни шу ойларда касаллик кенг тарқалган ва ўлим ҳоллари ҳам айнан шу ойларда ошиб кетган эди.

29 декабр ҳолатига, мамлакатда 172 минг 69 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилган, 617 минг 133 доза Pfizer вакцинаси билан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ихтиёрий равишда эмланган.

“Жамоавий иммунитет шаклланиб улгурди”

Ўтган йилгидан фарқли равишда бу йил - аҳоли орасида фавқулодда ваҳима ва ковид шифохоналарида турнақатор навбатлар, кескин норозиликлар кузатилмади.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги оилавий поликлиника бош шифокорига кўра, бунинг сабаби, бу йил ўлим ҳолларининг кескин озайгани ҳамда аҳолининг асосий қисми касалликни енгил ўтказаётганидир.

“Ўтган йили ёз ойларида роса ўлимларимиз кўп бўлганди. Шифохоналар тўлиб кетганди. Бу йил ҳам ёзда битта авжига чиқиб олди, лекин жамоавий иммунитет шаклланиб улгурди бизда, шунинг учун енгил ўтяпти беморларимизда. Энди очиқ айтаман сизга - бу касалга нозик бўлган катта ёшли беморларимизнинг кўпи оламдан ўтиб бўлдида ўтган йили, ногиронларнинг қанчаси вафот этиб кетди”, деди исми очиқланмаслиги шарти билан коронавирус ёйилишига оид умумий вазиятга баҳо берган тошкентлик шифокор.

Унинг айтишича, вазият назоратда ушлаб турилса, қиш ойларида вирусга чалинганлар сони ортиб кетиши ёки аҳволнинг ёмонлашиши кутилмаётир.

“Менимча, бу янги “Омикрон” варианти оммавий оғир ҳолатларга сабаб бўлмайди. Енгил симптомлар билан ўтади. Лекин, ҳали бу вируснинг яна қанақа мутация вариантлари чиқишини айтолмаймиз олдиндан, буни эсдан чиқармаслигимиз керак. Албатта, ниқоблар тақилиши керак, қўллар дезинфекция қилиниши керак, масофа ушланиши керак. Ҳозир одамларимиз қарийб унутган пандемияни, афсуски”, дейди шифокор.

Шу кунда мамлакатда коронавирус билан касалланган Тошкент шаҳри ва вилоятидаги беморлар Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Шунингдек, вилоят ва туман марказларидаги марказий шифохоналарда ҳам беморларни қабул қилиш бўлимлари мавжуд.

Хусусан, Зангиотадаги шифохонада “коронавирусга гумон қилинган, ПЗР тест тасдиқланган ва пневмонияга чалинган” 700дан ортиқ бемор даволанаётгани расман айтилган.

Шифохона директори Анвар Ҳусановнинг маҳаллий матбуотга айтишича, муассасага ўрта ҳисобда ҳар куни 85 нафар бемор қабул қилиниб, кунига уларнинг ўртача 63 нафари соғаймоқда.

“Касаллик нисбатан жиловланди”

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабековга кўра, Ўзбекистонда пандемия “нисбатан жиловланган” ва бу борада Ўзбекистон қўллаган йўлни “дунё тан олган”.

“Ўтган даврда бизда COVID-19ни даволаш бўйича катта тажриба тўпланди. Бу ҳақли равишда халқаро миқёсда ҳам эътироф этиляпти. Шу маънода, муолажа жараёнларини белгиланган даволаш стандартлари асосида олиб борсак, касаллик қандай интенсивликда тарқалмасин, асоратларсиз тузалиб кетишига замин яратиш мумкин”, деганди Отабеков шу йилнинг 29 ноябридаги чиқишида.

Н. Отабековга кўра, ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавируснинг янги “Омикрон” штамми қайд этилмаган, аммо кириб келиш “эҳтимоли бор”.Гарчи расмийлар мамлакатдаги вазият назорат остида эканини иддао қилсаларда, ЖССТ ва АҚШ ҳукуматлари мамлакатда вирус ёйилишига оид вазиятни “номаълум” деб баҳолаган.

Жумладан, 30 декабрь кунги маълумотга кўра, АҚШ ҳануз Ўзбекистонни “COVID-19 касаллига чалиниш хавфи номаълум” мамлакатлар рўйхатида қолдирмоқда.

Америка Қўшма Штатларининг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази фуқароларга Ўзбекистонга бормасликни тавсия қилади:

“Ўзбекистонда вазият номаълум бўлгани учун тўлиқ эмланган саёҳатчилар ҳам COVID-19 вирусини юқтириш хавфи остида бўлиши мумкин. Саёҳатчилар Ўзбекистондаги тавсиялар ёки талабларга амал қилишлари, жумладан ниқоб тақишлари ва 6 фут (2 метр) масофа сақлаши лозим”.

Тўлиқ янгиланган вазирлик

Коронавирус пандемияси бошидан буён Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлари уч марта алмашди.

Шу йилнинг 16 ноябрида Солиқ қўмитасининг собиқ бошлиғи ва бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига ўтказилди.Янги вазир Беҳзод Мусаев бошчилигида марказий аппаратнинг 40 фоизга яқин ходими ишдан бўшатилди.

Унгача вазирликни бошқарган Абдуҳаким Ҳожибоев, ўтган йил октябрда - пандемия авжида ишдан олинган Алишер Шодмонов ўрнига тайинланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Шавкат Мирзиёев энг коррупциялашган, деб тан олган вазирликдир. Ўз вақтида президент бу вазирликда давлат ғазнасида ажратилган миллионлаб доллар пул ўғирланганини очиқ айтган.

Айни пайтда, бу вазирлик давлат ғазнасидан жуда катта миқдорда маблағ ажратилган структуралардан бири бўлиб қолмоқда. Пандемиянинг иккинчи йилида вазирлик учун жами 4 триллион 300 миллиард сўм ажратилди.

“80 триллион сўм муҳиммас”

Шу йил 24 октябридаги президент сайлови арафасида ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатида жиззахлик сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши кураш учун 80 трлн сўм маблағ сарфланганини маълум қилди.

«Микрофон кўтарган аёл» Телеграм-канали Мирзиёевнинг "менга 80 трлн эмас, бир инсоннинг ҳаёти муҳимроқ. Мана кўряпмиз, коронавируснинг бошқа штаммлари ҳам чиқяпти. Бу бизни безовта қиляпти. Қиш келяпти. Ҳозир грипп кучайяпти, айниқса Тошкентда грипп кўпайди”, деган сўзларидан иқьибос келтирган.

Бунга қадар ҳукумат 2020 йилда пандемияга қарши кураш учун сарфланган маблағ ҳажмини 4 трлн сўмдан ортиқроқ, 2021 йил учун эса 4 триллион 300 миллиард ажратилганини маълум қилганди.

“Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3 трлн. 962 млрд. сўм, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиши ва капитал таъмирлашга 3 трлн. 423 млрд. сўм, корхоналарни молиявий кўллаб-қувватлашга 2 трлн. 485 млрд. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1 трлн. 340 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва зарур инфратузилмани яратишга 1 трлн. 22 млрд. сўм, маҳаллий бюджетлар ва пенсия жамғармаси йўқотишларини қоплашга 595 млрд. сўм миқдорида маблағлар сарфланган”, дейилганди 2020 йил ҳисоботига бағишланган ва жорий йилнинг 5 февралида бўлган ҳукумат йиғилишида.

Шавкат Мирзиёев тилга олинган ва ҳозирча ҳукумат ҳисоботларида яхлит ҳолида келтирилмаган 80 триллион сўмлик сарф-харажат, Озодликнинг коронавирус даври статистикасига оид суриштирувида ўртага чиқди.

Суриштирувда аниқланишича, пандемияга қарши кураш учун ажратилган 80 триллион сўмлик маблағ, ҳокимиятга яқин олигархлар ва амалдорлар томонидан турли схемалар воситасида ўзлаштирилган.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини амалда 2020 йилдан бери бошқариб келаётган 48 яшар Мусаевни шахсан таниганлар эса, уни Бош вазир Абдулла Ариповнинг ишонган “ҳисобчиси” ҳамда ҳукуматнинг юқори бўғинларидаги коррупцион занжирнинг муҳим бўлаги, деган иддаоларни ҳам илгари сурганди.

Чекловларсиз “Tashkent City”

2021 йил давомида ҳам Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни мутлақ назорат қилиш ва тартибга солиш учун мисли кўрилмаган ваколатлар берилган ҳукумат Махсус комиссия қарорлари бир неча бор жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

24 октябрда бўлган президент сайловолди кампанияси ва сайлов чоғида Махсус комиссия қарорларини ҳеч ким эсламади.

Жумладан, “Tashkent City”даги ресторанлар, Махсус комиссия қарори билан ўрнатилган чекловларга қарамай, соат 20:00 дан кейин ҳам бемалол ишлагани, буни танқид қилган журналист эса бўҳтонга учрагани кескин танқидларга учради.

Ваколатлари баҳсли Махсус комиссия

Айни пайтда комиссия жорий қилган айрим чекловларнинг пандемия пайтидаги шарт-шароит ва аҳоли ҳимояси мазмунига зид экани ва умуман, бу комиссияга берилган мисли кўрилмаган ваколатлар яна савол остига олинди.

“Бугун президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳақида хабарлар чиқди, зўр. Орқасидан эса таом етказиб беришни соат 8 дан 23 гача белгилаш ҳақидаги махсус комиссия қарори чиқди. Пандемияни энг даҳшат даврларида ҳам бундай чеклов йўқ эди. Тадбиркор бечоралар битта шу доставка эвазига чўкиб кетмай аранг кунини кўраётганди. Мен ушбу қарорни абсолютно тушунмадим. Росса ўйладим, тушунишга ҳаракат қилдим аммо мантиқли бир шарҳ топа олмадим”, деб ёзди Телеграм тармоғидаги яна бир таниқли блогер Alimoff.

Махсус комиссия 2020 йилнинг 29 январида ппрезидент Шавкат Мирзиёевнинг фармойиши билан тузилган.

Пандемия пайтида айни комиссия, мамлакатдаги давлат тизими ва хусусий сектор фаолиятини тўлиқ назорат қилди, лозим топганда ишини чеклади.

“Мана Махсус комиссияни тузиш бўйича фармойиш. 2020 йил 29 январда қабул қилинган. Комиссиянинг вазифаларига кўз югуртиринг. Бу ерда комиссиянинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий аҳамиятга эга чекловларни ўрнатиш ваколати қайд этилганми? Йўқ! Йўқ ва яна йўқ! Ўтган бир ярим йилда Махсус комиссиянинг телба-тескари, иқтисодиёт учун зарарли, коррупцион элементларни эга, оқибатлари тўғри баҳоланмаган, натижалари инсонлар ўлими ва касалланиш даражаси ортишига олиб келган ўнлаб қарорлари қабул қилинди. Махсус комиссия бунга жавоб бердими?” деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

На Махсус комиссия ва на унинг раҳбари этиб тайинланган Бош вазир Абдулла Арипов бу эътирозларга муносабат билдирмаган.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳануз карантин чоралари расман бекор қилингани йўқ. Фуқаролар жамоатчилик жойида ниқоб тақишлари ва масофа сақлашлари лозим. Аммо Махсус комиссиянинг бу чекловига яна аксарият, ҳатто унинг назоратига масъул бўлган ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзи ҳам амал қилмаётгани кузатилади.

Тиббиётчилар билан очиқ мулоқот

Шу кунларда президентнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказиши режаланган "Ўзбекистон тиббиёти — Инсон қадри учун" мавзуидаги очиқ мулоқотга тайёргарлик кўрилмоқда.

​ССВ очиқ мулоқоти учун ташкил этилган “Сall-марказ”га 1500 дан ортиқ мурожаат келиб тушганини маълум қилди:

"Мисол учун, шу пайтгача йўлланган мурожаатларнинг 297 таси соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига, 109 таси тез тиббий ёрдам хизматига, 95 таси ихтисослашган марказлар фаолиятига, 74 таси илм-фан йўналишига дахлдор.

Юқоридагилардан:

  • бирламчи тиббий ёрдам хизмати бўйича 204 та;
  • тез тиббий ёрдам хизмати бўйича 80 та;
  • ихтисослашган марказлар фаолияти бўйича 69 та;
  • илм-фан йўналиши бўйича 72 та мурожаат ўз вақтида ҳал қилингани аҳамиятлидир".

Ҳозирча бу мулоқотнинг қайси куни ўтказилиши ҳануз номаълум. Аммо бу мулоқотга кўз тикиб турган фарғоналик шифокор пандемия даврида энг кўп азият чеккан ҳамда меҳнати муносиб тақдирланмаган қатлам айнан тиббиётчилар бўлди, дейди:

"Энг кўп ишлаган, энг кўп азият чеккан, энг кўп қурбон берган, энг кам иш ҳақи олганам айнан шифокорлар бўлди. Бошида устама ҳақ, қўшимча ҳақ берилади, дейишди. Беришди ҳам. Кейин пандемияни енгдик, деб ўтган йилнинг кузидан оммавий қисқартиришни бошлаворишди. Охири, бемордан касал юқтирган ва юқтириб ўлганларга ҳам ваъда қилинган ҳақлари берилмай қўйди. Хуллас, президент билан мулоқотда шу муаммоларнинг ҳаммаси кўтарилади, деб умид қиламан".

Пандемия йили: Коронавирус, карантин ва коррупция
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:49 0:00

XS
SM
MD
LG