Линклар

Шошилинч хабар
03 июн 2020, Тошкент вақти: 03:04

Эрининг зўравонлигидан шикоят қилиб келган 27 яшар Лайло бўғиб ўлдирилди


Лайло Гадойбоева.

Тожикистон ватандоши 36 яшар Санжар Аҳатов ўз хотини Ўзбекистон ватандоши 27 яшар сирдарëлик Лайло Гадойбоевани ўлдирганликда гумонланиб жорий йил 20 октябрь куни Тожикистонда қўлга олинди.

Бу маълумотни Тожикистон Сўғд вилояти Жиноят ишлари бўйича суди ходими 10 декабрь куни Озодлик мухбирига маълум қилди.

Унга кўра¸ Аҳатов Тожикистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) да кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Айни пайтда тожик расмийси¸ Ўзбекистон республикаси ҳудудида ўз хотини Гадойбоевани ўлдирганликда гумонланаëтган Аҳатовнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларига топширилиш эҳтимоли нолга тенглигини айтди:

- Биз уни Ўзбекистонга бера олмаймиз, у Тожикистон ватандоши. Минск ва Кишинёв конвенцияларига кўра¸ бериб юбориш мумкин эмас. Бизнинг ватандошимиз қанақа жиноят қилганидан қатъий назар, хорижий давлатларга ўз ватандошларимизни бермаймиз. Хорижий давлатлар бизга жиноятни ўрганиш учун жиноят ишини юборадилар. Шу ерда тергов олиб борилади. Айни пайтда вилоят прокуратураси бу ишни тергов қилмоқда. Жиноятчиликда гумонланаётган шахснинг ҳатти-ҳаракатини ўзимизнинг қонунлар асосида судлаймиз.

Лайлони ким ва нега ўлдирди?

Шу кунларда Тожикистон ва Ўзбекистон прокуратураси терговчиларини қизиқтираëтган бу саволга жавоб берган Лайлонинг яқинлари “ бу аëл мулозимлар ва ҳуқуқ -тартибот органлари бефарқлиги боис ўлдирилди”¸ деб жавоб берди.

Озодлик эри уриб ўлдиргани гумон қилинаëтган Лайлонинг онаси Комила Гадойбоева билан гаплашди.

Комила опа шу йилнинг 20 октябрь куни қизининг жасадини уйидан топганини айтиб берди.

Комила Гадойбоевага кўра, ўзи ҳам, қизи ҳам, шундай фожиа содир бўлишини олдиндан билган:

- Қизим Санжар Аҳатов билан шу йилнинг 20 февралида турмуш қурди. (Озодликда никоҳ гувҳномаси бор-таҳр.) Аммо Санжар Аҳатовнинг никоҳдан олдин ОИТС касалига чалингани ўртага чиқди. (Озодликда тиббий хулоса нусхаси бор-таҳр.) Қизим "ажрашаман" деб туриб олди. Ҳар эҳтимолга қарши ОИТС марказига текширув учун қон топширди. Қизимга ОИТС юқмагани маълум бўлди. (Бу ҳақдаги ҳужжат Озодликда мавжуд-таҳр.)

Оилавий зўравонлик силсиласи

Комила Гадойбоеванинг айтишича¸ шундан кейин унинг куëви Санжар Аҳатов¸ "агар ажрашадиган бўлсанг¸ сени ўлдираман"¸ дея бир неча марта дўппослаган:

- Шу йилнинг 5 сентябрида куëвим қизимни ўласи қилиб урди. Қизим мелиса чақирди. ИИБ участка инспектори Олим Шожигитов келиб¸ эр-хотинни ўз кабинетига олиб кетиб¸ тушунтириш хати ëздириб олди.

Озодлик Сирдарë вилоят Янгиер шаҳар ИИБ ходими Олим Шожигитов ва бошқа ходимлар билан гаплашди. Уларниг Озодликка айтишича, Санжар Аҳатов 5 сентябрь куни “хотинини урмаслик ҳақида” тилхат олингани ортидан қўйиб юборилган.

Озодликдаги суд-тергов ҳужжатларига кўра¸ Санжар Аҳатов 20 сентябрь куни хотинини яна қаттиқ калтаклайди.

Лайлонинг онасига кўра¸ ўша кунги жанжалда қизнинг бурни лат еган.

Лайло Гадойбоева 20 сентябрь куни эри дўппослагани ва ўлим билан тахдид қилганидан шикоят этиб Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғи Ғолиб Кўчимовга расман мурожаат қилган.

ИИБ бошлиғи олдига Гадойбоева билан борган Лайлонинг қариндоши Манзура опа Озодлик билан суҳбатда ИИБ бошлиғи Ғолиб Кўчимовнинг ўта бефарқ бўлгани эслайди:

-Ўлдираман, деган одам ўлдирмайди. Бориб ярашиб яшайверинг, эр-хотиннинг уруши¸ дока рўмолнинг қуриши¸ деб қайтариб юборди¸ дейди Манзура опа.

Жорий йилнинг 16 октябрига келиб Аҳатов ўз хотини Лайло Гадойбоевани яна дўппослайди. Онасининг Озодликка айтишича¸ ўша куни қизига тан жароҳати етказилган ва аҳволи оғир бўлган:

- ИИБ тизимидан умидини узган қизим бу сафар Янгиер шаҳар прокурор ўринбосаридан кўмак сўради. Фамилиясини билмайман¸ исми Элëр экан бу прокурорнинг. Афсуски прокурор ҳам қизим Лайлога ëрдам бера олмади. Мана унинг бир фарзанди етим қолди¸ дейди марҳуманинг онаси.

Лайлонинг фарзанди етим қолди
Лайлонинг фарзанди етим қолди

Яқинларининг ишонишича¸ “агар мулозимлар бу оиланиинг ажрашишига монеъ бўлмаганда¸ балки Лайло ўлдирилмаган бўларди.

Озодликда бу оиланинг ўзлари яшаган “Шодлик” МФЙси¸ туман ҳокимининг аëллар масалалари бўйича ўринбосари ва Янгиер шаҳар Хотин-қизлар қўмитасига ëзган мурожаатлари бор. Бу мурожаатлар ҳали Лайло тириклигида ëзилган.

Озодлик бу идоралар вакиллари билан боғланди ва улардан тайинли бир изоҳ ола олмади.

Ошкора қотиллик хроникаси

2019 йилнинг 20 октябрида Лайло Гадойбоева ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган ҳужжатларга кўра¸ у бўғиб ўлдирилган.

Лайлони ўлдиришда гумон қилинаётган эри – Тожикистон ватандоши - 36 яшар Санжар Аҳатов жиноятни бўйнига олган. Шу кунда у Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ҳибсда сақланмоқда.

Сирдарё вилояти прокуратурасига кўра, Санжар Аҳатовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан иш қўзғатилган.

Аҳатов воқеадан сўнг Тожикистонга қочгани боис, терговни давом эттириш учун Тожикистон Бош прокуратурасига сўров юборилган.

Аҳатовнинг онаси Дилором Набиевага кўра, ўғлининг ўзи милицияга таслим бўлган.

- 20 октябрь куни келиб, она шу ишни қилдим, деб айтди. Отаси ухлаётган эди. Сиз билан хайрлашгани келдим, Худонинг паноҳида бўлинг, деб айтди. Мен ҳайрон бўлдим. Нима учун Худонинг паноҳига деб айтаяпсан, деб сўрадим. У шу иш бўлди ва ҳозир тўғри бориб, ўзимни милицияга топшираман, деди.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG