Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2021, Тошкент вақти: 18:39

Халқаро хабарлар

Оммавий норозиликка қарамай, Францияда санитария рухсатномалари жорий қилинди

Францияликлар ресторан ёки кафеларга кириш учун "яшил паспорт" кўрсатилишига қарши норозилик билдиришмоқда, 2021 йил августи

Францияда 9 августдан бошлаб барлар, ресторанлар ва кинотеатрларга кириш, жамоат транспортидан фойдаланиш ва касалхонага ётишда, умуман, дўконлардан бошқа барча жамоат жойларида шахснинг коронавирусга қарши эмланганини тасдиқловчи ҳужжат — санитария рухсатномасини (бу ҳужжат “яшил паспорт” деб ҳам аталади) кўрсатиш мажбурий қилиб қўйилди.

Рақамли кодни қоғозга чиқарилган шаклда ёки телефон экранида назоратчига кўрсатиш мумкин.

Олисга қатнайдиган поездларнинг проводниклари ҳам йўловчиларнинг санитария рухсатномаларини текширишлари мумкин, бироқ, “Евроньюс” қайдича, ҳозирча йўловчилар тизимли равишда текширилмайди.

Рақамли кодни касалхонага ётиш олдидан тақдим этиш талаби узил-кесил эмас: Франция соғлиқни сақлаш вазирига кўра, бундай рухсатнома йўқлиги беморга шошилинч ёрдам кўрсатилишига тўсиқ бўлолмайди.

Австрия, Венгрия ва Данияда “яшил паспортлар” жорий этилганига бир неча ҳафта бўлган. Франция ва Италияда санитария рухсатномалари секин-асталик билан амалга киритилмоқда.

Ўтган шанба, яъни 7 август куни Францияда минглаб одам санитария рухсатномалари тизимига қарши норозилик намойишларига чиққан. Бу “санитария диктатураси”га қарши шиорлар билан кечган тўртинчи шанба бўлган. Норозилик чиқишлари мамлакатнинг 150 шаҳрини қамраб олган.

Кун янгиликлари

Бишкекда Ўзбекистон- Қирғизистон тадбиркор аёллар форуми бўлиб ўтмоқда

Бишкекда 21-23 сентябрь кунлари “Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллар мулоқоти” бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Қирғизистон парламенти матбуот хизматининг билдиришича, мазкур форум икки давлат тадбиркор аёлларига ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни ўрнатиш ва тажриба алмашиш имкониятини яратади.

Форум ишида Қирғизистон президентининг рафиқаси Айгул Жапарова ва Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этади. Бундан ташқари Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган сиёсатчи аёллар форумда нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Форумда халқаро ташкилотлар вакиллари тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар тақдимотини ўтказиши кутилмоқда.

2021 йилнинг ёзида устав капитали 50 миллион доллардан иборат бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон фонди ташкил этилиши ва бу фонд капитали 200 миллион долларга етказилиши хабар қилинган эди.

Тожикистонликларга қирғиз фуқаролари уйларини талашда кўмак кўрсатган уч киши судланди

Чегарадаги тўқнашув пайтида вайрон бўлган уйлардан бири. Қирғизистон, Лайлак тумани.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят Лайлак туман суди Қирғизистон - Тожикистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача давом этган отишма юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида уч нафар қирғизистонликни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқнинг 21 сентябрда хабар беришича, Лайлак туманида яшаган Акмалжон Исоев 15 йилга, Аюбжон ва Омонжон (фамилияси ҳозирча Азаттиққа маълум эмас) 8,5 йилга кесилди.

Улар чегарадаги отишмалар пайтида қишлоқлардан қочган қирғизистонликларнинг уйларини талашда Тожикистон фуқароларига кўмаклашганликда айбдор деб топилди.

15 сентябрда Боткен суди вилоят суди Тожикистоннинг икки фуқароси – Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоров апрель-май ойларида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма пайтида қўлга олинган.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача содир этилган қуролли тўқнашув пайтида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, 2 ёш бола ҳалок бўлган, 180 дан ортиқ киши яраланган. Жами 136 ҳовли-жой, бир нечта мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий объектларга ўт қўйилган.

Тожикистон томони эса тўқнашувда 19 киши ўлгани, 87 киши яраланганини билдирган. Мазкур ҳодисада томонлар бир-бирларини айблаган.

Қозоғистонда коронавируснинг “Эта” штамми аниқланди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистонда коронавируснинг “Эта” штамми (матбуотда “Нигерия штамми” деб ҳам аталади) аниқлангани тўғрисда соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 21 сентябрь куни Facebook саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, июль-август ойларида коронавирус бўйича ўтказилган лабаратория тадқиқотларида ўрганиш учун олинган 96 та намунадан 57 таси Delta – “ҳинд штамми”, 24 таси Alpha - “британ” штамми, 10 таси “ухан коронавируси” ва 5 таси Eta - “нигер” штамми экани аниқланган.

“Эта” штамми тўғрисидаги илк маълумот 2020 йилнинг декабрида пайдо бўлган эди. Мазкур штамм билан касалланганлар биринчи марта Нигерия ва Британияда аниқланган.

Россия Давлат Думасига беш партия ўтгани эълон қилинди

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзолари.

Россия Марказий комиссияси 21 сентябрь куни Думага ўтган сайловларда берилган овозлар юз фоиз санаб бўлинганини маълум қилди.

Дастлабки натижаларга қараганда, “Ягона Россия” 49,8 фоиз, Коммунистлар партияси 19 фоиз, ЛДПР 7,5 фоиздан кўпроқ, “Адолатли Россия” 7,5 фоизга яқин овоз олди. Думага 2003 йилдан бери илк маротаба яна бир партия – “Янги одамлар” ҳам кирди.

Бир мандатли округларнинг 198тасида “Ягона Россия” номзодлари ғалаба қилди. Бу билан мазкур партия Думадаги кўпчиликни сақлаб қолди ва 300 мандатга эга бўлиши кутилмоқда.

Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг 52 фоизи қатнашди. Сайловнинг якуний натижаси 24 сентябрда эълон қилинади.

Мухолифат 17 сентябрда бошланиб уч кун давом этган сайловда жуда кўп қонунбузарлик ҳолатлари кузатилганини айтмоқда. Мухолифат тарафдорлари 21 сентябрь куни Москвада сайловдаги қонунбузарликлардан норози бўлиб, намойиш ўтказди.

Европа суди Литвиненко ўлимига Россия жавобгар экани тўғрисида қарор чиқарди

Александр Литвиненко, Лондон, 2004 йил.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХнинг собиқ зобити Александр Литвиненко ўлими учун масъулият Россия зиммасида экани тўғрисида қарор чиқарди. Литвиненко 2006 йилда Лондонда заҳарланган эди. Унинг чойига "полониум 210" деган камёб радиоактив модда қўшилгани аниқланган. Президент Путин танқидчиси бўлган 43 ёшли Литвиненко заҳарланганидан сўнг касалхонада бир неча кундан сўнг вафот этган.

2016 йилда Литвиненко ўлими юзасидан ниҳоясига етган тергов президент Путин уни ўлдириш учун кўрсатма берган бўлиши эҳтимол, деган хулосани эълон қилган.

Литвиненкони ўлдиришда ФХХнинг собиқ ходимлари, айни пайтда Дума депутати Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун гумонланмоқда.

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 21 сентябрдаги қарорида “жиноятни Луговой билан Ковтун амалга оширгани деярли аниқ”, улар “Россия агентлари сифатида фаолият юритган”, деб таъкидлади.

Суд Россия ҳукумати мазкур айбловни инкор этувчи далилларни тақдим эта олмаганини ҳам билдирди. Россия ҳукумати, Луговой ва Ковтун қотилликка алоқадор эмаслигини айтиб келади.

Литвиненко 1999 йилда Россия махсус хизмати олигарх Борис Березовскийни жисмонан йўқ қилишни режалаштираётганини жамоатчиликка ошкор қилган ва шундан сўнг мамлакатдан қочиб кетган эди.

Миллий қаршилик жабҳаси: Аҳмад Масъуд Афғонистонда, хавфсиз бир жойда

Аҳмад Масъуд

Миллий қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд айни пайтда Афғонистоннинг ўзида ва хавфсиз жойда. Бу ҳақда Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси вакили Али Майсам Назарий Би-би-сининг форс хизматига маълум қилган. Аммо у исёнчилар раҳбари айнан қаердалигини очиқламаган.

Аҳмад Масъуд бир неча кундан бери оммага кўриниш бермаяпти. Толибоннинг Панжширга кенг кўламли ҳужумидан сўнг бир нечта аудиохабар эълон қилинган эди. Назарийга кўра, МҚЖ етакчисининг макони хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилмоқда.

Хавфсизлик чоралари қаршилик кучлари матбуот котиби Фаҳим Даштий ўлдирилганидан сўнг қабул қилинган: айтилишича, унинг мобил телефони сигнали тутилиб, олинган координатларга ракета орқали зарба берилган.

Назарий Би-би-сига интервьюсида Панжшир вилоятининг аксари ҳудудлари ҳануз исёнчилар назоратида эканини ҳам билдирган. 6 сентябрь куни толиблар Панжшир ишғол этилганини эълон қилишган эди. Бироқ, Али Майсам Назарийнинг айтишича, Толибон фақат умумий йўлни назорат қилмоқда, қолган ҳудудлар эса Аҳмад Масъуд кучлари назорати остида.

Панжшир Афғонистоннинг толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган ягона вилоятидир. Сўнгги ҳафталарда вилоятда вазият ёмонлашаётганидан хавотирлар кучайган. 17 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ШҲТ саммитида Панжшир қамалда қолгани ва толиблар маҳаллий аҳолини инсонпарварлик ёрдамидан тўсиб қўйганини айтган.

Бундан ташқари, Миллий қаршилик жабҳасининг маълум қилишича, толиблар тинч аҳолини ҳибсга олиб, Капис вилоятидаги қамоқхонага жўнатишмоқда. МҚЖ раҳбарларидан бири бўлмиш Муҳаммадсолиҳ Регистоний толиблар уйма-уй юриб, панжирликларни қийноққа солаётганини айтган. У халқаро ҳамжамиятни Толибоннинг хатти-ҳаракатларини қоралашга чақирган.

Аввалроқ толиблар Панжшир ҳудудини минадан тозалашда тинч аҳолидан фойдаланаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Толибон ҳаракати ҳали ушбу айбловларга муносабат билдирганича йўқ.

Россия: Москвада бир неча юз киши сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши акция ўтказди

Москвадаги Пушкин майдони, 2021 йил 20 сентябри

Москвадаги Пушкин майдонида Давлат думасига сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди, унда бир неча юз киши иштирок этди.

Пойтахтдаги электрон овоз бериш натижаларини тан олмаган коммунистлар партияси (КПРФ) акция ўтказиш учун рухсат олишга уринган, аммо шаҳар маъмурияти рад этган. Шунга қарамай, коммунистлардан Давлат думаси депутатлигига бир неча номзод, хусусан Валерий Рашкин норозилик чиқишида иштирок этган. Улар пойтахтдаги овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб қилганлар.

Навальнийнинг “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси орқали дастакланган депутатликка номзод Михаил Лобанов ҳам овоз бериш натижаларини “муҳокама қилиш” учун одамларни Пушкин майдонига чорлаган. Сайлов участкаларида ташланган варақалар саналганида у “Ягона Россия” (“Единая Россия”) вакили бўлмиш рақиби, телебошловчи Евгений Поповдан 10 минг овозга олдинда эди, аммо электрон овоз бериш натижалари чиққанидан сўнг МСК Попов 20 минг овоз фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилган.

Лобанов “жонли” участкалар ва онлайн овоз бериш натижалари орасидаги бунақа улкан тафовут ҳақиқат бўла олмайди”, дея урғулаган ва сайловчилар ҳамда айни вазиятга тушган бошқа номзодларни ўз ҳақларини талаб қилишга чақирган.

Кузатувчилар Давлат думасига ўтказилган уч кунлик сайловда кўплаб қонунбузарликлар бўлганини айтишмоқда. Россия ҳукумати “хорижий агент” деб топган “Голос” ҳаракати харитасида 4 мингдан зиёд қонунбузарлик ҳолатларига оид хабарлар эълон қилинган.

МСК расман фақат ўн иккита ҳолатда ортиқча сайлов варақалари ташланганини тан олган. ИИВ эса сайлов натижаларига таъсир этадиган жиддий қонунбузарликлар юз бермаганини иддао қилмоқда.

Кузатувчилар ва мухолифат Санкт-Петербургдаги сайлов якунларидан ва Москвадаги қарийб икки минг киши иштирок этган онлайн овоз бериш натижаларидан айниқса норози бўлган. МСК онлайн овоз бериш натижаларини 12 соатдан ортиқ вақт мобайнида сабабсиз эълон қилмаган, эълон қилганидан сўнг эса “Ақлли овоз бериш” дастури орқали дастакланган номзодларнинг қўли баланд келиб турган қарийб барча участкаларда кутилмаганда уларнинг рақиблари – “Ягона Россия” вакиллари ғолиб чиққани маълум бўлган.

“Голос” ҳаракати раисдошига кўра, Москвада номзодларга берилган электрон овозлар сони ажратилган варақалардан 78 мингтага кўп чиққан. У овоз бериш жараёнини “шармандалик”, сайловни эса Россия тарихидаги “энг жирканч сайловлардан бири” деб атаган ва энг камида Москвадаги онлайн овоз бериш натижаларини бекор қилиш кераклигини айтган.

Таълим вазирлиги тожикистонлик талабаларнинг Қирғизистонга киритилишига рухсат берилиши устида ишлаётганини билдирди

Талабалар (иллюстратив сурат)

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги мамлакат ОТМларида ўқиётган Тожикистон фуқаролари муаммосига оид масалага ўз муносабатини билдирди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, вазирлик тожикистонлик талаба ва ўқитувчиларнинг Қирғизистонга кириши, чиқиши ва юришига имкон берувчи ҳукумат фармойиши лойиҳасини ишлаб чиққан.

Таълим вазирлиги қайдича, мазкур ҳужжат ҳозирда тегишли давлат идоралари билан мувофиқлаштириляпти, Тожикистон томони эса бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилган.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати Қирғизистон олий таълим муассасаларида ўқийдиган 100 дан зиёд талаба Бишкекка кириш учун рухсат ололмагани ҳақида хабар қилган. Бу борада изоҳ берган Тожикистон расмийлари талабаларни мамлакатга қўйиш илтимоси билан Қирғизистон раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилишганини билдиришган.

Қирғизистон Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2020/2021 ўқув йилида мамлакатда 1932 нафар тожикистонлик талаба ўқиган.

Қирғизистон шу йил 29 майидан Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйган, бундай қарорга Бишкек қирғиз-тожик чегарасида қуролли можаро юз берганидан кейин бир ой ўтгач келган. Ўша тўқнашувда Қирғизистон томонидан 154 нафар киши жабрланган, икки ёш бола дохил 36 киши ҳалок бўлган. Тожикистон расмийлари можаро чоғида ўз фуқароларидан 19 киши нобуд бўлгани ва 87 киши яраланганини эълон қилган.

АҚШ, ЕИ ва Британия Қрим ҳудудида ўтказилган Дума сайловини тан олгани йўқ

Россия президенти Владимир Путин МСК раисаси билан сайлов натижаларини муҳокама қилмоқда, 2021 йил 20 сентябри

ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ, Британия ва АҚШ ташқи ишлар идоралари баёнотларида айтилган ва халқаро ҳамжамият Қримни Украинанинг суверен ҳудуди деб ҳисоблаши урғуланган.

ЕИ ташқи ишлар маҳкамаси баёнотида, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар назорат қилувчи ҳудудлар аҳолисининг сайловда иштирок этгани қораланган.

ЕИ, АҚШ ва Британия Давлат думасига сайловда кўпдан-кўп қонунбузарликлар содир бўлганига, шунингдек сайлов Россия ҳукуматининг фуқаролик жамияти ва журналистларга босими зўрайиб бораётгани манзарасида ўтказилганига эътибор қаратишган.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида “хорижий агентлар”, экстремистик ва “исталмаган” ташкилотларга оид қонунлар Россия фуқароларининг ҳуқуқларини, жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини камситувчи қонунлар ўлароқ таърифланган. Шунингдек, Ғарб мамлакатлари Россия ҳукуматининг ЕХҲТдан кузатувчиларни таклиф этишдан бош тортганини қоралашган.

Умуман олганда, баёнотларда Давлат думасига сайловни тан олмаслик тўғрисида гап бормаган. Аввалроқ Европарламент ЕИни, агар сайлов адолатли ва шаффоф бўлмаса, уни тан олмасликка чақирган эди.

Қрим аннексия қилинганидан бери яриморол аҳолиси Россия сайловларида биринчи марта иштирок этаётгани йўқ. 2016 йилда ҳам Думага сайлов доирасида Қримда ўтказилган овоз бериш натижалари Ғарб томонидан тан олинмаган – амалда бу, чунончи, Қримдан Думага сайланган депутатлар Россиянинг халқаро парламент ассамблеяларидаги делегацияларига кира олмаслигини билдиради.

МСК маълумотига кўра, қарийб барча сайлов варақалари санаб бўлинганидан сўнг Думага бешта партия ўтадиган бўлиб турибди, иқтидордаги “Ягона Россия” эса доимгидек конституцион кўпчиликни ташкил этади.

Россия ва Украинада бир пайтнинг ўзида йирик ҳарбий машқлар ўтказилмоқда

Украинанинг Львов вилоятида ўтказилаётган "Rapid Trident — 2021" машқларидан лавҳа

Россия ҳарбийлари қуруқликдаги қўшин бўлинмалари ва Қора денгиз флоти иштирокида йирик ҳарбий машқларни бошлади.

Бир пайтнинг ўзида Украинанинг Львов вилоятида “Rapid Trident — 2021” Украина-АҚШ қўшма машқларини ўтказишга киришилди.

Россия машқларига 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳамда тахминан 800 та техника ва қурол-аслаҳа жалб қилинган. Ушбу манёврлар Ростов вилояти, Чеченистон, ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия ҳамда аннексия қилинган Қрим полигонларида ўтказилмоқда.

Қора денгиз флоти матбуот хизматига кўра, 20 га яқин жанговар ва таъминот кемалари Новороссийск ва аннексия қилинган Севастополдаги бандаргоҳлардан денгизга чиқарилган. Манёврлар 26 сентябргача давом этиши айтилмоқда.

“Rapid Trident — 2021” Украина-АҚШ машқлари 1 октябрда ниҳоясига етади. Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, манёврларда қарийб олти минг ҳарбий қатнашмоқда. Ташкилотчи давлатлар ҳарбийларига Болгария, Канада, Грузия, Германия, Италия, Литва ҳамда Молдова вакиллари қўшилиши мумкин. Ҳаммаси бўлиб 15 та мамлакат контингентлари жалб қилинади.

Айни пайтда 22 сентябрь куни бутун Украина ҳудудида “Бирлашган кучлар – 2021” стратегик қўмондонлик-штаб машқлари бошланиши хабар қилинган. Қуролли кучлар Бош штаби вакилининг таъкидлашича, машқ доирасида катта миқдордаги ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг кўчирилиши режаланган.

Туркманистон пойтахтидаги паркларда полиция йигит ва қизларга бирга юришни тақиқламоқда

Ашхободда полициячилар йигит ва қизларнинг паркда бирга юришини тақиқлаяпти.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, полициячилар ёшларнинг ҳужжатларини текширмоқда ва бу ҳолат кўпроқ “Илҳом” паркида кузатиляпти. Агар йигит қизни “синглим” дейдиган бўлса, улардан ҳужжат талаб қилинмоқда.

Қиз йигитнинг курсдоши бўлиб чиққан тақдирда, жуфтлик полиция бўлимига олиб борилиб, талабаларнинг шахсини аниқлаш ва ота-онасига хабар бериш учун таълим муассасасига мурожаат қилиняпти.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бу каби хатти-ҳаракатлар сабабини очиқламаяптилар.

Бунгача Туркманистон пойтахтида калта иштон (шорт) кийган эркак ва аёллар полиция томонидан огоҳлантирилган, бундай кийимдаги кишиларни кўчада тўхтатишлари мумкин эди. Июль ойида Озодликнинг туркман хизмати Фараб ва Дарғанат туманларида полициячилар жинси шим ёки танасига ёпишган ва калта кўйлак кийган, макияж қилган ёки сочини бўяган аёлларни тутиб кетганлари ҳақида хабар қилган эди.

Олмаотадаги отишмада беш киши ҳалок бўлди

Олмаотада отишма бўлган ҳудуд.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 20 сентябрда содир этилган отишмада беш киши ҳалок бўлгани тўғрисида полиция департаменти маълум қилди.

Билдирилишича, ҳодиса икки полициячи ва бир суд ижрочиси суд қарори билан уйи мусодара қилинган фуқаронинг ҳовлисига келганида содир бўлган. 54 ёшдаги уй хўжайини уни кўчириш учун келган хизматчиларга қарата ўқ отган.

“Айни пайтда жиноятда гумонланувчи қўлга олинди, вазият назорат остида”,-дейилади полиция баёнотида.

Ҳалок бўлганларнинг кимлиги ҳақида маълумот берилмади.

Қозоғистонда сўнгги йилларда банкдан олинган қарзни тўлай олмай, уйи мусодара қилинганлар сони кўпайган.

Беларусь суди президент Лукашенко ҳақида твит ёзган россияликни 1,5 йилга қамади

Иллюстратив сурат.

Беларуснинг Брест шаҳар суди Россия фуқароси Ирина Викхольмни президент Александр Лукашенко ҳақида твит ёзгани учун 1,5 йилга озорликдан маҳрум қилди.

“Весна” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг билдиришича, Ирина Викхольмнинг Твиттердаги пости Лукашенкога тухмат сифатида баҳоланган. Судда Викхольм айбловни тан олмаган.

58 ёшли Ирина Викхольм май ойининг охирларидан бери Брестдаги тергов изоляторида сақланиб келинмоқда. У Ryanair авиаширкатига қарашли самолёт Минскда мажбурий қўндирилган пайтда Nexta телеграм-канали бош муҳаррири Роман Протасевич билан биргаликда қўлга олинганди.

Терговнинг иддао қилишича, 23 май куни Роман Протасевични қўлга олиш мақсадида Грециядан Литвага учиб кетаётган “Ryanair” рейси Минскка мажбуран қўндирилганидан сўнг Ирина Викхольм Твиттерда Лукашенконинг суратини жойлаб, “президентни террорчилик ва авиақароқчиликда асоссиз айблаган”.

Украинада ўтказилган гей парадда аввалги йилларга қараганда камроқ одам иштирок этди

Парад полиция томонидан кучайтирилган тарзда ҳимоя қилинди.

Украина пойтахти Киевда 19 сентябрда ўтказилган анъанавий йиллик гей парадда, тадбир ташкилотчиларининг билдиришича, 7000 яқин киши иштирок этди. Бу 2019 йилги кўрсаткичдан камида минг кишига оздир.

Айни пайтда гей парадга қарши норозилик ўтказганлар сони ҳам аввалги йиллардагидан бир неча маротаба оз бўлган.

Парад иштирокчилари ЛГБТ ҳаракатини тамсил этувчи камалакранг байроқни ва Украина давлат байроғини Киев марказий кўчаларидан кўтариб ўтди. Намойишда бир қатор хориж давлатлари элчихоналари, жумладан, Британия ва АҚШ дипломатик ваколатхоналарининг вакиллари ҳам бирдамлик рамзи ўлароқ иштирок этди.

Парад полиция томонидан кучайтирилган тарзда ҳимоя қилинди. Парад иштирокчиларига нисбатан ҳужумлар ёки таҳдидлар бўлгани тўғрисида маълумот йўқ.

Шу куни гейларга қарши ўтказилган намоийшда эса диний ва миллатчи гуруҳ вакилларидан иборат 700 га яқин киши иштирок этган.

Украинада гей парад 10 йилдан бери ўтказилиб келинади. 2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли мазкур парадни ўтказиш қолдирилган эди.

БМТ Бош котиби: Толибон гуруҳларининг “ҳокимият учун ўзаро кураши” ташвиш уйғотмоқда

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Толибон гуруҳларининг “ҳокимият учун ўзаро кураши” Афғонистондаги вазиятни янада кескинлаштираётганини билдирди.

Бош котиб 21 сентябрда бошланадиган БМТ Ассамблеяси арафасида берган баёнотида Афғонистонни назорат қилаётган жангарилардан қатъий равишда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни ва мамлакатни “террорчилар учун бошпанага айлантирмаслик”ни талаб этди.

Гутерриш БМТнинг Толибон назорати остида бўлган Афғонистондаги иштироки “қўқисдан инклюзив ҳукумат шаклланишига сабаб бўлиши” тўғрисидаги таҳминларни “фантастика” деб атади. Айни пайтда БМТ гуманитар инқирознинг олдини олиш учун кўмак кўрсатишини билдирди.

“Толибон раҳбариятига мансуб турли гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш бормоқда. Вазият ҳозирча аён эмас”,-деди Гуттериш.

Канар оролларида вулқон отилиши ортидан минглаб одам эвакуация қилинди

Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Канар архипелаги таркибидаги Ла-Пальма оролида вулқон отилиши оқибатида 19 сентябрь куни тўртта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди.

Испания Бош вазири Педро Санчес шошилинч равишда Ла-Пальма оролига бориб, маҳаллий ҳокимият билан учрашди.

Канар ороллари президенти Анхель Виктор Торрест вулқон отилган ҳудуддан беш мингга яқин киши хавфсиз жойга кўчирилганини маълум қилди.

Олимлар ўтган ҳафтада вулқон жойлашган ҳудудда 22 мингдан кўп ер силкиниши қайд этилганини билдирган.
Вулқон отилишига зилзила сабаб бўлгани айтилмоқда. Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Қирғизистон ўз ОТМларида ўқийдиган тожикистонлик талабаларни мамлакатга қўймаяпти

Қирғиз-тожик чегарасидаги чегарачилар

Қирғизистондаги олий таълим муассасаларида ўқийдиган ва шу кунда ватанида юрган 100 дан зиёд тожикистонлик талаба Бишкекка қайтишга рухсат ололмаган. Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг тожик хизмати талабалар қирғиз расмийларига бир неча бор мурожаат қилишганини урғулаган.

Қайд этилишича, аввалроқ Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги уларга ўқишни маҳаллий ОТМларда давом эттиришни таклиф қилган, бироқ талабалар бунга рози бўлишмай, Қирғизистонда ўқишни давом эттириш истагини билдиришган.

Қирғизистон шу йил май ойида Тожикистон фуқаролари учун чегарани бир томонлама ёпиб қўйган эди.

Тожикистон расмийлари талабаларни ўқиш жойига қўйиш масаласи бўйича қирғизистонлик расмийларга бир неча бор мурожаат қилишганини, бироқ у тарафдан жўяли бир жавоб олишолмаганини айтишган.

Тожикистонлик талабалар бу каби муаммоларга шу йилнинг 28-29 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаро ортидан дуч кела бошлаганлар. Мазкур тўқнашувлар чоғида икки тарафдан 55 киши вафот этгани, ўнлаб одам яралангани, ўнлаб уй вайрон қилиниб, ёқиб юборилгани айтилганди.

Ўшанда Душанбе ва Бишкек вакиллари зиддиятнинг юзага келишида бир-бирларини айблаб чиқишиб, айрим ҳолатлар бўйича жиноят ишлари очишганди. Мазкур жиноят ишлари бўйича тергов қандай олиб борилаётгани ҳақида Тожикистон Бош прокуратураси ҳам, Қирғизистон Бош прокуратураси ҳам маълумот тарқатаётгани йўқ.

ЕИ Байденнинг Австралия ва Британия билан иттифоқ тузиш қарорини танқид қилди

Франциянинг “Шарль де Голль” учоқ ташувчи кемаси ва “Прованс” фрегати АҚШ кемалари билан 2021 йил мартида ўтказилган ҳарбий машқларда.

АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари президент Жо Байденнинг Австралия ва Буюк Британия билан стратегик Ҳинд-Тинч океани альянсини тузиш ҳақидаги қароридан норози. Вашингтон назарида мазкур иттифоқ Хитойнинг кучайиб бораётган таъсирига қаршилик кўрсатиши керак.

Euronews хабарига кўра, ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель АҚШнинг бу ишидан таассуф билдирган. Шу билан бирга, Боррель трансатлантика алоқалари яхшиланишига умид қилишини айтган.

Европа кенгашининг ташқи ишлар бўйича вакили Фредерик Грар Вашингтон қарорини кескинроқ сўзлар билан изоҳлаган: “Бу билан Европа Иттифоқига Ҳинд-Тинч океани минтақасида унга ҳеч кимнинг кўзи учиб турмаганини писанда қилишди”, деган у.

2018 йилда Франция ЕИ давлатлари орасида биринчи бўлиб ўз Ҳинд-Тинч океани стратегиясини қабул қилганди. Минтақада кучлар нисбатининг ўзгариши Франция учун “оғир зарба” бўлади, дея урғулаган Euronews. Чунки Париж, хусусан, Австралияга сувости кемалари сотишга доир кўпмиллиардли шартномани бой бермоқда.

Оқ уй Хитой ва Франциянинг норозилик баёнотларини юмшатишга уринган. АҚШ маъмурияти матбуот котиби Жен Псакига кўра, ушбу ҳамкорликнинг “бирор конкрет мамлакатга боғлиқ эмас. У Қўшма Штатлар манфаатларини олға суриш, минтақада халқаро тартиб-қоидаларга асосланган ҳолда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган”.

АҚШ ва Буюк Британия билан келишув Австралиянинг Франция билан тузилган 43 миллиард долларлик шартномани бекор қилишига сабаб бўлган. Шартномага биноан Франция ушбу мамлакатга сувости кемалари етказиб бериши керак эди.

NYT: Исроилликлар эронлик ядрошунос олимни қотил робот ёрдамида ўлдирган

Муҳсин Фахризодани дафн этиш маросими, Теҳрон, 2020 йил 30 ноябри

Исроилнинг “Моссад” махсус хизмати ходимлари эронлик ядрошунос физик Муҳсин Фахризодани робот ёрдамида ўлдиришган. Бу ҳақда АҚШ, Исроил ва Эрондаги манбаларига таянган ҳолда The New York Times хабар қилди.

Фахризода 2020 йил ноябрда Эрон шимолида ўлдирилганди. У тушган автомобиль масофадан бошқарилган йирик калибрли қуролдан ўққа тутилган. The New York Times қайдича, исроиллик жосуслар роботлаштирилган қурилмага ўрнатилган Бельгия пулемётидан фойдаланганлар.

Айтилишича, қурилма вазни бир тоннага яқин бўлган. Шу боис у Эронга қисмларга ажратилган ҳолда олиб келиниб, ўша ерда йиғилган. Кейин эса қотил робот пикап автомобилига ўрнатилган.

Амалиёт ўтказилган куни пикап Фахризода ўтирган автомобилни йўлда кутиб турган ва яқинлашгач, унга қарата 15 та ўқ узган. Шундан сўнг пикап масофадан портлатилган, лекин, манбаларга кўра, қуролни бутунлай йўқ қила олишмаган.

Аввалроқ Эрон оммавий ахборот воситалари олим Исроилнинг сунъий йўлдош орқали бошқарилган қуроли билан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзишган эди.

The New York Times маълумотига кўра, “Моссад” агентлари 2007 йилдан бери Фахризода билан бирга ядровий жанговар каллакларни яратиш устида иш олиб борган олти нафар эронлик ядрошуносни ўлдирганлар. Манбаларга кўра, Фахризодани ўлдириш дастлаб 2009 йилда режаланган, аммо гўё маълумот сиздирилиши туфайли амалиёт бекор қилинган.

Исроил янги амалиётга ҳозирлик кўришни 2019 йили – АҚШ ядровий шартномадан чиққанидан сўнг бошлаган, дея урғулаган The New York Times нашри.

АҚШ дронининг хато зарбасидан ҳалок бўлганларнинг оиласи айбдорлар жазоланишини талаб қиляпти

АҚШ дронининг янглиш зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 киши, жумладан етти нафар боланинг яқинлари адолат талаб қилишмоқда, дея хабар қилди “Америка овози”.

Уч ёшли қизи Малика 29 август куни Америка ракетаси автомобилга келиб тушиши натижасида нобуд бўлган Эмал Аҳмадий Associated Press агентлигига Вашингтондан бу фожиани тафтиш қилиб, айбдор ҳарбийларни жазолашни талаб қилишини айтган.

“Узр сўраш етарли эмас. АҚШ бу ишни қилган одамни топиши керак”, деган у.

Аҳмадийнинг қариндошлари, шунингдек, товон пули ва оила аъзоларидан бир неча кишини учинчи мамлакатга кўчиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Ушбу ракета ҳужумидан сўнг Associated Press ва бошқа ОАВлар зарба берилган машина ҳайдовчиси Земерай Аҳмадий кўп йиллар АҚШ инсонпарварлик ташкилотида ишлаганини хабар қилган. Медиа маълумотларига кўра, Пентагоннинг автомобилда портловчи қурилма бўлгани ҳақидаги иддаосини тасдиқловчи далил йўқ.

Ракета автомобиль уй олдига келиб, болалар Земерайни кутиб олгани югуриб чиқишган пайтда портлаган.

АҚШ денгиз пиёдалари генерали, Марказий қўмондонлик раҳбари Фрэнк Маккензи бу зарбани “фожиавий хато” деб атаган ва бир неча ҳафта инкор этганидан сўнг ҳужум оқибатида, аввал иддао қилинганидек, аслида “Ислом давлати” жангарилари эмас, айбсиз тинч аҳоли ўлдирилганини тан олган.

Зарба Кобул аэропортида эвакуация амалиёти бўлаётган пайтда амалга оширилган террорчилик хуружига жавоб ўлароқ йўлланган. Ўша ҳудкушлик ҳужумларида афғонистонлик 169 нафар киши ҳамда америкалик 13 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Маккензи хато учун кечирим сўраб, Қўшма Штатлар жабрланган оилага товон тўлаш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган.

Россия: Дума сайлови ортидан беш партия парламентга кириши мумкинлиги айтилмоқда

Бюллетенларни санаш жараёни

Россияда Давлат думаси депутатларини сайлаш бўйича овоз бериш жараёни якунланди. Уч кун давом этган овоз бериш чоғида, мустақил кузатувчиларга кўра, бюллетень ташлаш дохил кўплаб қонунбузарликлар кузатилган.

Сайловда овоз берилган овозларнинг 50 фоизи санаб бўлинганидан сўнг, МСК маълумотига кўра, ҳукмрон “Ягона Россия” (“Единая Россия”) партияси 46,11 фоиз, Россия Федерацияси Коммунистик партияси (КПРФ) 21,40 фоиз, Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) 8,07 фоиз, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия — За правду”) 7,62 фоиз, “Янги одамлар” (“Новые люди”) эса 5,97 фоиз овоз олган.

Таҳлилчилар шу кунда қамоқда бўлган мухолифатчи Алексей Навальнийга алоқадор ташкилотларни расмийлар “экстремистик ташкилот” деб эълон қилиб, бу ташкилотларга боғлиқ бўлган кишиларнинг сайловда иштирокини феълан тақиқлаб қўйгани учун бу галги сайловлар жиддий мухолифатсиз ўтганини қайд этмоқдалар.

Россия пойтахти дохил етти ҳудудда ўтказилган онлайн овоз бериш натижалари ҳали эълон қилинганича йўқ.

Овоз бериш аралаш тизим бўйича ўтказилган: 225 нафар депутат партия рўйхатлари бўйича, 225 нафар депутат эса бир мандатли округлар бўйича сайланган. Марказий сайлов комиссияси Давлат думасидаги ўринлар тақсимоти бўйича дастлабки маълумотни ҳали эълон қилмади.

Москвада қарийб икки миллион киши масофадан туриб овоз берган, бу эса, Озодликнинг рус хизмати қайдича, бир мандатли округлардаги овоз бериш натижаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Мухолифатчи Алексей Навальний тарафдорлари расмийларни сайлов натижаларини сохталаштирганликда айблашмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозир Москвадаги 15 та округнинг ярмидан кўпида “Ақлли овоз бериш” деб аталган тизим томонидан дастакланган номзодлар (кўпчилиги КПРФ номзодлари) олдинда бормоқда. Бироқ Навальний тарафдорлари электрон овоз бериш туфайли вазият ўзгариб кетиши мумкинлигидан ташвишдалар. Аввалроқ экспертлар электрон овоз беришнинг шаффоф ва ишончли эмаслиги ҳақида гапирган эдилар.

Коинотга учган туристлар Ерга соғ-омон қайтиб келди

Коинотга учган тўрт турист ерга 18 сентябрь куни қайтди.

Ердан коинотга илк бор туристларни олиб чиққан SpaceX ширкатининг Crew Dragon кемаси уч кунлик саёҳатдан сўнг ерга қайтди. Туристлар жойлашган капсула 18 сентябрь куни Атлантика океанига тушди.

Inspiration4 деб номланган мазкур экипаж 15 сентябрь куни НАСАнинг Кеннеди марказидан 15 сентябрь коинотга сафар бошлаган эди.

Бундан аввал июль ойида миллиардерлар Ричард Брэнсон, кейинроқ Жеф Безос ўз ширкатлари ишлаб чиқарган ракеталарда космосга саёҳат қилган эди.

Inspiration4 экипажини эса миллиардер Жаред Айзекман молиялаштирди ва “космос барча инсонлар учун очиқ бўлиши шарт” деган ғояни амалда исботлади.

38 ёшли Айзекман SpaceX ширкатига мазкур саёҳатни амалга ошириш учун қанча пул тўлагани ошкор этилмади. Айзекман ўзи билан коинотга геолог Сиан Проктор, АҚШ Қуролли кучлари фахрийси Крис Семброски ва шифокор Хейли Арсенони коинотга олиб чиқди.

Айзекман лидерликнинг, болалигида саратон касаллигини енгишга муваффақ бўлган Хейли умиднинг, геолог Сиан Проктор тараққиётнинг, собиқ ҳарбий Крис Семброски бағрикенглигнинг рамзи сифатида кўрилди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев туркияликларга фуқаролик берганликда айбланмоқда

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев суд залида.

Қирғизистонни 2011-2017 йилларда бошқарган Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва яна 8 собиқ амалдорга туркиялик бир неча кишига ноқонуний тарзда фуқаролик берганлик айблови билдирилди.

Атамбаев фуқаролик берган шахслар орасида 2021 йилнинг 31 майида Бишкекдан Туркия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инанди ҳам бор. 53 ёшли Инанди Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими президенти бўлган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, Қирғизистон фуқаролиги берилган 10 кишининг барчаси ҳозирда АҚШда яшаётган уламо Фатҳулло Гуланнинг тарафдори бўлган. Туркия ҳукумати Фатҳулло Гуланни 2016 йилда муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши ташкилотчиси сифатида кўради. Гулан бу айбловни инкор қилган.

Ноқонуний фуқаролик бериш айблови Алмазбек Атамбаевдан ташқари собиқ Бош вазир Сапар Исақовга ва ҳукуматнинг собиқ 7 амалдорига ҳам билдирилди. Айни пайтда Сапар Исақовга нисбатан қидирув эълон қилинди.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатганликда айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Толибон мактабга ўқувчи қизлар ва муаллималарни киритмади

Афғонистондаги бошланғич синф ўқувчилари.

Афғонистон мактабларида 18 сентябрда янги ўқув йили бошланди. Бироқ ўқувчи қизлар ва муаллималар мактабларга киритилмади. Мактабда ўқишни бошлашга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларга рухсат берилди.

Толибон аввалроқ аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ҳамда таъминланишини билдирганди. Аммо Толибон Халқ таълими вазирлиги мактаблар мадраса сифатида фақат ўғил болалар учун очилишини маълум қилди.
Ҳозирда бошланғич синфлардагина қизларни ўғил болалардан ажратиб ўқитишга рухсат этилди.

ЮНИСЕФ Афғонистонда ўрта мактаблар қайта очилганини олқишлади, аммо ўқувчи қизлар ва ўқитувчи аёллар мактабга киритилмаётганидан ташқиш изҳор қилди.

Сўнгги 20 йилда Афғонистонда қизларнинг билим олиши кафолатланган ва аёллар ўртасидаги савдохонлик даражаси 30 фоизга ўсган эди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни уч кишини ўлдирганликда айбдор деб топди

Дёрстга нисбатан тергов 30 йилдан кўпроқ давом этди.

АҚШ суди мультимиллионер Роберт Дёрстни 2000 йилда дугонаси Сьюзан Берманни ўлдирганликда айбдор деб топди.

Reuters агентлигининг билдиришича, аввалроқ суд Роберт Дёрстни 1982 йилда хотини Кэтлин Маккормакни ва кейинроқ қўшни аёл Морри Блэкни ўлдирганликда айбдор деб топган эди. Суд Калифорнияда ўтказилмоқда.

78 ёшли Дёрстга нисбатан ҳукм 18 октябрда ўқилиши кутилмоқда. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Мультимиллионерга нисбатан тергов жараёни 30 йилдан ортиқ давом этди. Биринчи марта Дёрс 1982 йилда хотинини ўлдирганликда айбланиб қўлга олинганди. Бироқ 2001 йилда суд уни оқлаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG