Линклар

Шошилинч хабар
07 апрел 2020, Тошкент вақти: 22:54

2019 йил якунлари: Отабек Умаров Президент тансоқчисидан йил "шоуменига" айланди


Президент Шавкат Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров.

Тугаëтган 2019 йилнинг Ўзбекистон жамоатчилиги ëдида қолган шов-шувли воқеаларидан бир нечтаси президент Шавкат Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров билан боғлиқ.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши билан унинг тансоқчисига айланган Умаров¸ маҳаллий матбуот хабарига кўра¸ кўп ўтмай Президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДДХ) раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланди.

Аксар давлатларда бу лавозимдаги мулозим ¸ президент хавфсизлигини таъминлаш мақсадида¸ жамоатчиликка кўринмайди.

Аммо 2019 йил давомида Отабек Умаров хавфсизлик мулозими сифатидаги ваколати баробарида ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар орасида энг кўп гапирилган йилнинг ўзига хос “шоумени”га айланди.

Куëв ҳам президент бўлди

2019 йилнинг 7 март куни президент кенжа куëви кучли ваколатлар берилган давлат лавозими устига Ўзбекистон триатлон федерацияси президенти этиб сайланди.

Бу тайинловдан кўп ўтмай ҳукумат ўзбекистонликлар орасида кўп ҳам оммалашмаган триатлонга алоҳида эътибор кўрсатишга киришди - Вазирлар Маҳкамаси айнан триатлон спортини ривожлантириш ҳақида махсус қарор чиқарди.

Бу қарорда федерациянинг давлат бюджети¸ хайрия маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа маблағлар (аниқламаси берилмаган – таҳр.) ҳисобидан фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди. Федерация бюджетининг миқдори на бу қарорда¸ на бошқа манбаларда кўрсатилмади.

Қарор билан¸ Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” оромгоҳи ҳам Умаров федерацияси ихтиëрига бепул олиб берилди. Гулнора Каримованинг хос дам олиш маскани бўлган бу улкан оромгоҳда спорт майдонидан ташқари ўз меҳмонхонаси¸ бир нечта бассейни¸ алоҳида коттеж ва бошқа ҳашаматлар мавжуд.

2018 йилнинг 15 март куни президент Мирзиëев қўл қўйган қарор билан бу оромгоҳ Ўзбекистондаги энг оммалашган спорт – футболга ажратилган ва “Сижжак” дам олиш зонаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базаси тузиш учун берилган эди.

Аммо очиқланмаган сабабга кўра футболдан кўра кўпроқ триатлонни ривожлантиришга қарор қилган ҳукумат президент қарорини бекор қилди.

Араб шаҳзодалари тўйининг меҳмони

2019 йилни Instagramда бир неча ўн минг фолловер билан бошлаган Отабек Умаров¸ йил охирига келиб 1.3 миллион фолловерга эга бўлди ва ўзига хос “инфлуенсер”га айланди.

Умаровнинг инстаграмчилар орасида ном чиқаришига унинг постсовет ва араб дунëсида ном чиқарган ҳукмдор ва селебритилар билан тушган сурат ва видеоларининг ëйинлаши сабаб бўлди.

Хусусан Умаров¸ 6 июнь куни ўз ва Мирзиëевлар оиласининг бошқа эркаклари билaн Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтум ўғилларининг тўйи суратларини Instagramда тарқатди.

Президент Мирзиëев куëвлари¸ ўғли ва набираси Дубай амири оиласи билан.
Президент Мирзиëев куëвлари¸ ўғли ва набираси Дубай амири оиласи билан.

Бу расмларда Умаровнинг Дубай шайхи ва шаҳзодалари билан қучоқлашиб тургани акс этди.

Айни пайтда Умаров ўзи ва божасининг бу тўйга Ўзбекистон ҳукумати расмий намояндаси (солиқ тўловчи пулига) ëки хусусий меҳмон мақомида (ўз пулига) борганига оид маълумотни очиқламади.

Ўзбек Шумахери

Отабек Умаровни ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар орасида кенг танитган воқеа 2019 йил июлида бўлди.

8 июлга ўтар кечаси Otabek_muhammadalievich ( Отабек Умаровнинг ники – таҳр.) Instagram саҳифасида жонли видео намойиш қилди.

Президент куëвининг тунги пойгаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00

Маҳаллий вақт билан тунги соат 2 дан кейин пайдо бўлиб¸ бир неча соатдан сўнг ўчирилган бу видеода Умаров Тошкент кўчаларида (тезлик чеклови 70 ва 50 км. -таҳр.) Tesla машинасини соатига 201 км тезликда ҳайдаëтганини кўз-кўз қилди.

Озодлик жамоатчиликка тақдим этган бу видео ижтимоий тармоқда кескин эътирозларга сабаб бўлгани ортидан – воқеадан 12 кун ўтиб - 19 июлда Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан маъмурий жазога тортилди.

Бу ҳақда Умаровнинг ўзи Instagram саҳифасида хабар берди ва энг кам иш ҳақининг 9 баравари миқдорида- 1824570 сўм жарима тўланганлик ҳақидаги квитанцияни ҳам илова қилди.

Айни пайтда Умаров ижтимоий тармоқда қайта-қайта сўралган савол - давлат мулозимининг нархи 100 минг АҚШ долларидан қиммат машинани қайси пулига олганига доир саволларни жавобсиз қолдирди.

Постсовет селебритилари Тошкентда кунда-шундага айланди

2019 йил давомида Отабек Умаров Instagramини кузатганлар унинг шахсий меҳмонларининг Тошкентда камида хориж вазири даражасидаги дабдаба ва асъаса билан кутиб олиниб¸ шоҳона базм қилганига гувоҳ бўлди.

Хусусан¸ Отабек Умаровнинг қизи туғилган кун арафасида Тошкентга келган россиялик видеоблогерлар Эрик Давидич ва Гусейн Гасановни кутиб олишдан кузатишга қадар Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб қилинди¸ кўчалар уларнинг улкан паннолари билан безатилди¸ улар шаънига шоҳона базмлар уюштирилди.

Президентнинг куёви ҳам имижмейкерликка киришдими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00

Россияда иккаласи ҳам фирибгарликда айбланган бу видеоблогерлар ихтиëрига¸ эгаси кимлиги очиқланмаган¸ дунëнинг энг қиммат автомобиллари тақдим қилинди.

Бу блогерлар ўз Instagramида бундай мулозамат ва меҳмоннавозлик учун ҳукумат¸ масалан¸ Туризм қўмитаси эмас¸ балки қайта-қайта Отабек Умаровга раҳмат айтди.

Бор товоғим¸ кел товоғим...

Июнь ойида Отабек Умаров ва Мирзиëев оиласи эркакларини тўйига чақирган Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактум ноябрнинг илк кунларида Ўзбекистонда меҳмон қилинди.

Шаҳзода шарафига нафақат шоҳона зиëфатлар берилди¸ балки унинг лочинлари қизил китобга кирган ноëб қушларни ов қилди.

Бу меҳмондорчиликлар сурати ҳам Отабек Умаровнинг Instagram саҳифасида жамоатчиликка намойиш қилди.

Икки карра президент

2019 йил кузига келиб¸ Отабек Умаровга берилган амал ва лавозимлар рўйхати яна биттага узайди. ПДХХ раиси ўринбосари¸ Триатлон федерацияси президенти устига Умаров 8 ноябрь куни ММА - Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти ҳам бўлди.

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинган фикрларга кўра¸ аввалда бўлмаган бундай ассоциациянинг ўзи ҳам айнан Умаров учун ташкил этилди.

Ташкил топганидан икки ҳафта ўтиб-ўтмай Умаровнинг янги ассоциацияси Тошкентда биринчи халқаро турнир уюштирди.

Турнир арафасида уни президентнинг спортни ривожлантириш сиëсати ифодаси сифатида тақдим этган Умаров¸ ўз мақсади “юлдузларни Ўзбекистонга олиб келиш" эканини таъкидлади.

Бу «юлдузлар» Тошкентда ўзини кўп куттирмади - 23 ноябрь кунги турнирга меҳмон сифатида Рой Жонс ва Жефф Монсон каби спортчилар қатори Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) каби Инстаграм юлдузига айланган туркиялик қассоб ҳам махсус самолëтларда олиб келинди.

Уларнинг ҳар бири Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида деярли давлат раҳбарлари мақомида қарши олинди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Озодликка бу турнир ва унинг ташкиллаштирилишига алоқаси йўқлиги¸ спорт ассоциацияларига давлат томонидан маблағ ажратилмаслигини билдирди.

Ижтимоий фикрдаги эътирозлар

Президент Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан кейин ҳатто Ўзбекистон учун ҳам мисли кўрилмаган непотизм – ҳокимият бошқарувидаги қариндош-уруғчиликнинг гуллаб-яшнаши ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар эътирозларига сабаб бўлмай қолмади.

Биринчи оиланинг Отабек Умаров ўз Instagramида тинимсиз кўз-кўз қилган шоҳона ҳаëти билан миллионлаб ўзбекистонликлар кундалик турмуши ўртасидаги кескин тафовут кўпчиликка марҳум президент Каримов қизлари¸ хусусан¸ Гулнора Каримова ҳаëт тарзини эслатди.

Гулнора Каримова ҳар йил кузида – миллионлаб ўзбекистонлик мажбуран пахта даласига ҳайдалган фаслда Ғарб зодагонларини Тошкентдаги ҳар хил фестивал ва шоулар баҳонасида меҳмон қилишни анъанага айлантирган эди.

Ҳозирда қамоқ жазосини ўтаëтган Гулнора Каримованинг бу базму гаштаклари пулини¸ прокуратура баëнотларидан тушунилишича¸ ҳар хил ўлпонларга тортилган оддий ўзбекистонликлар¸ хусусан¸ пора беришга мажбурланган¸ бизнеси тортиб олинган тадбиркорлар тўлаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG