Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2021, Тошкент вақти: 21:08

Энергияни қўшниларидан олаётган Ўзбекистон Афғонистонга электр узатиш линияси қурмоқда


Ўзбекистон Афғонистон йўналишида “Сурхон – Пули–Хумри” электр узатиш линияси қуришни бошлади. Бу йўналишдаги ишлар июнь ойидан бошлаб Афғонистон ҳудудига кўчади.

Маҳаллий ОАВларга кўра, бу ҳақда 25 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича халқаро анжуман матбуот марказида "Ўзбекэнерго" ДАК бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қурилаётган электр узатиш линияси узунлиги 260 километрни ташкил қилади. Янги линия Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси ҳажмини 70 %га оширади. Умумий қиймати $150 миллион бўлган лойиҳанинг $32 миллиони “Ўзбекэнерго” маблағлари эвазига молиялаштирилади.

«Истиқболда ушбу линия электр энергияси етказиб беришни амалда 70%га оширишга ва кейинчалик Покистонга чиқаришга имкон беради. Яъни биз учун янги бозор очилади», – деди Мустафоев.

Бунда у 2002 йилда етказиб беришлар ҳажми атиги 62 млн. кВт/соатни ташкил қилганини эслатди. Ўз навбатида, янги ЭУЛнинг ўтказиш қуввати 1000 МВт билан баҳоланмоқда. Бу суткасига 24 млн кВт/соат, йилига эса тахминан 6 млрд кВт/соат экспорт қилишга имкон беради.

«Бизнинг ҳисобларга кўра, лойиҳанинг ўзини қоплаш муддати – 15 йил, амалга ошириш муддати – уч йил. Менимча, июндан бошлаб, биз қурилишни бошлашга киришамиз. Ўзбекистон ҳудудида қурилиш-монтаж ишлари бошланган», – деди «Ўзбекэнерго» раҳбари.

Икки қўшни мамлакат ҳукуматлари 2017 йил декабрда, Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида «Сурхон – Пули – Хумри» ЭУЛни қуриш тўғрисидаги битимни имзолаган эди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзи электр энергиясини қўшниларидан сотиб олади. Тожикистон март ойидан бошлаб Ўзбекистонга электр энергияси етказа бошлашни режалаштираётгани, бир йилда Ўзбекистонга 1,5 миллиард киловат миқдорида электр энергияси экспорт қилиниши назарда тутилгани ҳақда Озодлик февралда хабар қилган эди.

Ўзбекистон 15 декабрдан бошлаб Қирғизистондан қишки мавсум учун электр энергиясини сотиб ола бошлагани ҳақда эса, Озодлик 2017 нинг декабрида хабар қилган эди.

ЎзА декабрдан март ойига қадар Қирғизистон Ўзбекистонга 550 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб беражаги тўғрисида хабар қилган.

XS
SM
MD
LG