Линклар

Reuters: Ватанида босимга учраган айрим ўзбеклар чет элларда экстремизмга юз бурмоқда


Сўнгги йилларда ватанида иш йўқлиги, хатти-ҳаракатлари ва норозилиги қаттиқ назорат қилинган миллионлаб ўзбеклар бошқа мамлакатларга чиқиб кетди. Неча юзлаб кишилар Яқин Шарқда уришаётган "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи жангарилари сафига бориб қўшилди, бошқалари эса меҳмон бўлиб турган мамлакатларида диний экстремизм чангалига тушиб қолди, деб бошланади Рейтер агентлиги мақоласи. Қуйида унинг мазмуни билан танишинг.

Сешанба куни Нью-Йорк шаҳридаги юк машинаси билан саккиз кишини бостириб, ўлдирганликда айбланаётган ўзбек иммигранти Сайфулло Саипов Ғарбдаги ҳаёт қийинчиликлари чидай олмай, радикал йўлга кириб кетган кўринади.

АҚШ полициясининг хабар беришича, у қотилликка қўл уришдан олдин Интернет орқали Ислом давлатидан кўрсатма олиб турган.

Соиповнинг хатти-ҳаракати жорий йилда ўзбекистонлик ёки ўзбек миллатига мансуб кишилар содир этган жиноятнинг камида тўртинчиси бўлди.

– Бундай ишларни тайёрлаш учун анча-мунча вақт керак. Айни чоқда биз сўнгги уч-тўрт йил ичида қилинган ишлар ("Ислом давлати" ва шунга ўхшаш ташкилотлар) оқибатини кўриб турибмиз, – деди Қозоғистонда истиқомат қилаётган Марказий Осиё бўйича синчи Александр Князев.

Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни яқиндан кузатиб бораётган кишиларнинг Соипов ҳақида шу пайтгача маълум маълумотларга таяниб айтишича, у ўзбекларнинг “унутилган авлоди”га мансубдир. Соиповга ўхшаш кишилар яхшироқ турмуш кечириш мақсадида ўз мамлакатидан чиқиб кетган. Оқибатда етарли диний таълим олишдан маҳрум қолиб, Ғарбда ўз йўлини топиб олишга тайёр бўлмаган.

Унинг айни шу саводсизлиги ҳамда чет мамлакат ҳаёти ва маданиятига мослашиши қийинлиги турмуш шароитини оғирлаштирган ва экстремизм ғояларига мойиллиги ортишига сабаб бўлган.

– У қўққисдан диндор бўлиб қолди, – дейди Мираҳамад Мўминов Рейтер агентлиги мухбири билан телефон орқали суҳбатда. Ушбу юк машинаси ҳайдовчиси Оҳайо штатининг Стоу шаҳрида истиқомат қилади. Унинг айтишича, Соипов илгари Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида яшаган.

Мўминовга кўра, Соипов “динни Қўшма Штатларда ўргана бошлаган. Ўзбекистондаги кескин чеклов шароитида яшагани учун Қўшма Штатларда мавжуд дин эркинлигига “кўникиб кета олмаган”.

Ота-онасининг Тошкент чеккасидаги бир қаватли уйда яшайдиган қўшнисининг пайшанба куни айтишича, Соиповнинг отаси масжидга ҳар куни қатнайдиган тақводор эмас, маҳаллий бозорда бўёқ сотади. Лекин у киши масала нозиклиги сабаб ким эканини очиқлашни истамади.

Аҳолиси мусулмонлардан иборат Ўзбекистонда кўпчилик ислом динига эътиқод қилади ва унинг амалларини бажаради, аммо радикализмдан хавфсирайдиган ҳукумат уни қаттиқ назорат қилади.

Ўзбекистонга йигирма йилдан ошиқ вақт мобайнида собиқ коммунистик партия раҳбари Ислом Каримов қаттиққўллик билан раҳбарлик қилди. У ўтган йили дунёдан ўтди. Ушбу мамлакатда қаттиққўл диний сиёсат юритилаётгани миллий хавфсизликка оид хавотирлар билан оқламоқчи бўлади.

2016 йилда ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев Каримовнинг вориси бўлса ҳам, динга бағрикенглик билан муносабатда бўлишга интилаётганини кўрсатмоқда, шу сабабли у бошлаётган иқтисодий ислоҳот буйруқбозликка асосланган иқтисодиётни эркинлаштиришига умид пайдо қилди.

Мирзиёев сентябрь ойида потенциал диний эктремист деб қаралган 17 минг нафар мусулмоннинг хавфсизлик идоралари тузган қора рўйхатидан 16 минг киши чиқарилганини айтди ҳамда “уларни жамиятга қайтармоқчи ва таълим бермоқчи экани”ни билдирди.

Бундай ўзгаришлар қочиш ёки радикаллашув хавфини камайтириш-камайтирмаслигини вақт кўрсатади, лекин Соиповга ўхшаганлар учун бундай қарорнинг энди фойдаси йўқ.

БЕҚАРОР МИНТАҚА

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиёдаги тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг Тошкентдан маълум қилишича, кейинги йилларда 5 миллионга яқин ўзбек Россияга иш излаб кетган бўлса, Соиповга ўхшаган бошқа кишилар бахтини синаб кўриш учун Ғарб мамлакатлари сари йўл олди.

– Радикаллашув жараёни Ўзбекистондан ташқарида рўй бермоқда, – деди Свердлоу. Унинг қўшимча қилишича, ушбу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари жаҳон бўйича энг ёмон аҳволдадир, ҳукумат норози кишиларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилиб келади.

Тупроғи унумдор Фарғона водийсида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга қарашли вилоятлар туташади, у ерда этник тўқнашувлар бўлиб туради. Масалан, 2010 йили водийнинг Қирғизистон қисмида рўй берган этник можаро чоғида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Соипов “Грин-кард” лотереясида ютуқ чиқиб, АҚШга 2010 йили кўчиб келгани ҳақида хабар тарқатди. Президент Мирзиёев “ўта шафқатсиз” ҳужумни тергов қилишда Ўзбекистон ҳукумати барча зарур ёрдамни беришга ваъда қилди.

ЖОРИЙ ЙИЛДА ЎЗБЕКЛАР АМАЛГА ОШИРГАН ТЎРТИНЧИ ҲУЖУМ

Ушбу ҳафтада рўй берган ҳужумдан олдин бир қуролланган ўзбек киши Туркиянинг Истанбул шаҳрида янги йил кечасида тунги клубга ҳужум қилиб, 39 кишини отиб ташлади.

Апрель ойида Қирғизистонда туғилган ўзбек миллатига мансуб киши Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида метро поездини портлатиб юборди, камида 14 киши ҳалок бўлди. Ўша ойда яна бир ўзбек Стокҳолм шаҳрида юк машинасини одамларни устига ҳайдаб, 4 кишининг умрига зомин бўлди.

Ўзбеклар Сурия ва Ироқдаги Ислом давлати жангарилари сафини ҳам тўлдирди.

Яқинда АҚШнинг Soufan Center ташкилоти тарқатган маълумотларга кўра, 1500 дан ошиқ ўзбек Яқин Шарқдаги экстремистик гуруҳларга бориб қўшилган. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўзбек жангарилари сони бўйича фақат Россия ва Саудия Арабистони ёлланма жангчилари миқдоридан кам, холос.

Вашингтон шаҳрида жойлашган Халқаро тинчлик бўйича Карнеги жамғармасининг етакчи ходими Пол Стронскининг фикрича, ўзбекистонлик мигрантлар орасида радикализм кайфиятидаги кишилар сони орта ортадики, камаймайди, чунки чет элга иш излаб кетаётган кишилар сони тобора кўпайиб бормоқда.

– Ўзбекистонда экстремизм билан боғлиқ муаммолар кўзга ташланмайди, чунки у бўй кўрсатиши учун жой етарли эмас, қолаверса, барча муаммолар ботинга қамалган, – деди Стронски. – Муаммони минтақанинг ўзида ҳал қилса бўлади. У минтақа ташқарисида улкан бошоғриққа айланмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG