Линклар

Сурхондарё ҳокими деҳқонларнинг ерёнғоғи “тортиб олинаётганини” Facebookда изоҳлади

  • Сарвар Усмон/Озодлик

Сурхон далалари.

Вилоятдаги фермер хўжаликларида ижарачи деҳқонлар етиштирган ерёнғоқни давлат олиб қўяётгани тўғрисида хабар қилган фейсбукчи-блогерга вилоят ҳокими Фейсбук орқали жавоб берди.

Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Озодлик билан суҳбатда ерёнғоқ билан боғлиқ можарони фермер хўжаликларида етиштириладиган барча ҳосил фермернинг банк ҳисобида акс этиши лозимлиги билан изоҳлади.

Фермердан ижарага ер олиб, ерёнғоқ етиштирган деҳқоннинг фикрича, унинг фермер-давлат муносабатларига алоқаси йўқ, чунки у “ижара пулини тўлаб қўйган”.

Фейсбукдаги баҳсга қўшилганлардан бирининг фикрича, фермер хўжалигига “қишлоқ хўжалиги корхонаси” мақоми берилмас экан, сурхондарёлик деҳқонлар бошига тушган иш бутун мамлакат бўйлаб такрорланаверади.

Фейсбукчи-блогер Муҳаммад Шакур (Шокир Шарипов) тармоқдаги ўз саҳифасида буларни ёзди:

“... маълум бўлишича, мажбурий ижро ходимлари фермерларнинг ерида экилган ерёнғоқни деҳқонлардан олиб, заготзерно деган ташкилотга олиб борилиб тўктиришаётган экан.

Маълумот учун: фермерларнинг ерига экилаётган ерёнғоқнинг эгаси – ушбу ерни гектарига 5 миллион сўм эвазига фермердан ижарага олган оддий деҳқонлардир. Улар бу ерни иккинчи экинга ишлатиш учун пулини тўлаб қўйишган. Ерёнғоқ экиш учун барча xаражатларни деҳқон қилган. Унга ҳеч ким ёрдам бермаган…”

Деҳқон ерёнғоғини йиғиб олишга қўрқаяпти

Ерёнғоқ эккан деновлик деҳқонлардан бири исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка 3 гектар ерни фермердан ижарага олганини, ҳар гектари учун 2 млн сўмдан тўлаганини, ҳосилни етиштириш учун 20 млн сўм сарфлаганини, ҳосилни йиғиб олиш учун яна 2-3 млн сўм сарфлаши кераклигини айтиб берди.

Деҳқон бугун тунда (19 октябрга ўтар кечаси) ҳосилни йиғиб олмоқчи. Унинг айтишича, тракторчилар ерёнғоқни кундузи ковлаб беришга текширувчилардан қўрқмоқда.

Фермерга ҳеч қандай алоқаси йўқ, яъни унинг хўжалигида ишчи сифатида қайд этилмаган деновлик деҳқон “эртага ҳосилни ташиб кетаётганимда ерёнғоғимни тортиб олиб қўйишлари мумкин, шундай бўлиши эҳтимоли 200 фоиз", деди.

Деҳқон ҳамкасбларидан эшитганларига таяниб, ҳосилни давлат тортиб олса, килосига 2 мингдан беришини, ўзи шу кунда сотса 3,5 минг сўмдан, сақлаб, қуритса, анча қимматга сотиши мумкинлигини айтди.

Вилоят ҳокимининг жавоби

Ерёнғоқ етиштирган сурхондарёлик деҳқонларнинг шу кундаги ташвишлари тўғрисида ёзган фейсбукчи-блогер Муҳаммад Шакурга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Фейсбук орқали мана бу жавобни берди (имло ва пунктуация ҳокимники):

“Олиб сотарларга, ноконуний фаолият юритаётганларга, энди йул куйиб булмайди. Дехконлар ойлигини, давлат солигини олиши шарт. Ерни сотиб, карзини туламаганларга, махсулотини ноконуний сотмокчи булган фермерларга нисбатан муроса килинмайди. Етиштирилган махсулот хохлаган нархларда, хохлаган жойга сотилади факат расмий, конуний йул билан. Барчадан тартиб билан ишлашни сурайман”.

Ҳоким ўринбосари Озодликка вазиятни тушунтирди

Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов Озодлик билан суҳбатда Эркинжон Турдимовнинг Фейсбукда саҳифаси борлигини, юқорида келтирилган изоҳни қолдирганини тасдиқлади.

Ерёнғоқ билан боғлиқ можаро юзасидан Озодлик саволларига жавоб бераркан, Тўра Боболов жумладан бундай деди:

“Ерёнғоқ билан мош фермер хўжаликлари томонидан ҳар йилгига нисбатан бу йил кўп экилган. Биз ерёнғоқ билан мош ҳосилининг талон-тарож бўлишига йўл қўймаяпмиз. Ҳар бир фермер хўжалигининг дебиторлик, кредиторлик қарзи бор. Ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ҳамма маблағни фермернинг ҳисоб рақами орқали айлантираяпмиз“, деди Тўра Боболов.

Унинг айтишича, ерёнғоқ билан мошнинг пули ҳам фермернинг ҳисоб рақамига тушади ва қолаверса, бу билан фермерларнинг турли воситачилар томонидан алдаб кетилиши олди ҳам олинмоқда.

Ҳокимнинг биринчи ўринбосарига кўра, “деҳқон ерни фермердан ижарага олган”, деган тушунча йўқ. Чунки ерни давлат фермерга 49 йилга ижарага берган. Унинг, яъни фермернинг ерни ёки унинг бир қисмини бошқа бировга ижарага беришга ҳақи йўқ.

Масаланинг ечими борми?

Ҳоким ўринбосари айтган меъёрни Муҳамад Шакурнинг хабарига келган шарҳлардан бири муаллифи Ориф Шарипов ҳам эслатаркан, бундай ёзди:

“Фермер томонидан ер участкасини ижарага бериш катъиян ман этилган. Бу норма "Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида" ҳам, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунда ҳам қатъий белгилаб қўйилган”. (Бу маълумотни Озодлик қўшимча текширилмади)

Ориф Шариповнинг фикрича, Сурхондарёда ерёнғоқ етиштирган деҳқонлар дуч келган муаммоларга барҳам бериш учун мавжуд қонунларга ўзгартириш киритиш зарур:

Шарипов ўз пости давомида бундай деган:

“Ер кодексининг Ер участкаси ижараси моддасида: қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ички хўжалик ижараси тартибида бериши мумкин, деб қайд этилган.

Бироқ фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги корхонаси эмас.

Қонуннинг 3- моддасига кўра, у "ер участкасини ижарага олиб қишлоқ хўжалиги махсулотини етиштирувчи субъект", деб тушунча берилган.

Савол туғилади: Субъект - бу қандай мақом? Юридик шахс бўлсада, нимага қишлоқ хўжалиги корхонаси булмас экан?

Агар "корхона" мақоми берилганда эди, фермер деҳқонларни ёллаб ички хужалиги ижараси тартибида иш кўрар эди. Фермер ташкилий ишлар билан, деҳқонлар деҳқончилик билан машғул бўлиб хар иккала тараф манфаатдор бўлар эди.

Депутатлигимда Фермер хўжалиги мақомини жойига келтираман деб, 8 йил уриндим, бефойда. Уларга бунақа аниқлик керак эмас, акс ҳолда ерингни "иккиламчи ижара"га деҳконларга бердинг, деб фермерга тазйиқ ўтказа олишмайди”.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG