Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:28

Ўзбекистон термасининг икки муҳим ўйини яна Бабаянга ишониб топширилди


Ўзбекистон Футбол Федерацияси Миллий терма жамоа Бош мураббийси Самвел Бабаян лавозимида қолиши ва жамоани Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларга у етакчилигидаги тренерлар штаби тайёрлашини билдирди.

Федерация сайтида 15 июнь куни эълон қилинган баёнотда Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига иш ва вазифани охирига етказиб қўйиш учун имконият берилиши ҳақда айтилган

"Ўзбекистон терма жамоасининг 31 августда Хитойга қарши сафардаги ўйини ҳамда 5 сентябрь куни Кореяга қарши Тошкентдаги ўйинларига жамоани Самвел Бабаян тайёрлайди", - дейилган баёнотда.

Бундан аввал Ўзбекистондаги uff.uz, maydon.uz каби етакчи футбол сайтларида ишқибозлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийси Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилиб чиқишди.

"Самвел Бабаян кетиши керак. Унинг ўзи ариза ёзиши ва тинчгина лавозимини топшириши шарт. У кучсиз! Ундаги савия ЖЧга чиқиш учун етмайди. Уни фақат битта сабабга кўра ушлаб туришлари мумкин: моддий манфаат. Бошқа сабаб йўқ", - дейилади uff.uz сайтида эълон қилинган баёнотда.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси эса ишқибозларнинг чақириқларига ҳурмат билан қарашини билдирган.

"Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидан кейин ишқибозлар ва турли ОАВда юзага келган вазиятдан хабардор ва миллий терма жамоанинг кейинги тақдири ҳақидаги баҳс ва мунозаралар, таклиф ва мурожаатларни жуда яхши тушуниб турибди. Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳар бир футбол ишқибози ўзининг шахси фикри борлиги ва уни эркин ифода қилиш ваколатига эга эканлигига ҳурмат билан қарайди", - дейилган ЎФФ баёнотида.

Душанба куни Ўзбекистон Эронга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг 2018 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш шансини деярли йўқотганди.

Чоршанба куни ЖЧ саралаш ўйинларидаги Ўзбекистоннинг “А” гуруҳидаги асосий рақиби Жанубий Кореяни Қатар терма жамоаси 3:2 ҳисобида енггани ва айни гуруҳдаги Хитой ва Сурия жамоалари ўйини дуранг билан якунлангани Ўзбекистон миллий жамоасига 2018 йилда Россияда бўладиган жаҳон биринчилиги ўйинларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти қайта пайдо бўлди.

Айни шу ҳол ишқибозларни Бабаян истеъфога кетиши керак, деган талаблар билан чиқишга ғайратлантирган.

"Кечаги Қатар тақдим этган имкониятдан кейин барчаси ўзгарди. Энди футбол ишқибози ва журналистларини ушлаб қолиб бўлмайди. Ҳозир чора кўриш керак. Ҳозир Бабаян кетиши керак. Агар ҳозир Бабаян кетмаса, салдан кейин уни ушлаб турганлар аниқ кетади", - деб ёзилган uff.uz сайти баёнотида.

Ўзбекистондаги футбол соҳаси журналисти Бобомурод Абдулла ҳам ижтимоий тармоқларда Самвел Бабаяннинг истеъфога чиқишини ёқлаётган мухлислар билан ҳамфикр эканини айтди.

- Бизда чемпионатга тўғридан-тўғри чиқишга яна шанс пайдо бўлди. Чунки, Қатар терма жамоаси биздан олдинда кетаётган Жанубий Кореяни ютиб қўйди. Орамиздаги бир очколик фарқ сақланиб қолди. Ана энди биз сафарда Хитой билан, ўзимизда эса Жанубий Корея билан ўйнаймиз. Мана шу иккита ўйинни ютсак Ўзбекистон ҳам тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин. Лекин, Бабаян билан биз буни уддасидан чиқа олмаймиз, мен бунга юз фоиз аминман. Бабаян охирги саралаш босқичида тўртинчи ўйинни бой беряпти. У истеъфо бериши керак. Отни кечувда алмаштириб бўлмайди, дейишади, тўғри. Лекин, Бабаян шунақа отки уни алмаштирмасанг чўкиб кетасан, - дейди футбол соҳасидаги ўзбекистонлик мустақил журналист Бобомурод Абдулла Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик ишфибозларнинг истеъфо чақириқлари юзасидан муносабат олиш учун Самвел Бабаяннинг ўзига боғланди.

Лекин Бабаян йиғилишда экани ва вақти йўқлигини айтди.

Айни пайтда uff.uz сайтида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайси мураббий келиши керак, деб ҳисоблайсиз, деган сўров эълон қилинган.

Ҳозирга қадар шу сўровда қатнашганларнинг 47 фоизи ўзбек термасига хориждан номдор тренер олиб келиш кераклигини айтишган.

Респондентларнинг 41 фоизи жамоанинг аввалги муррабийси Вадим Абрамовни қайта тренерликка тайинлаш керак, деган фикр билдирган.

Сўровда қатнашганларнинг 5 фоизи Самвел Бабаян ўз ўрнида қолаверсин, деб жавоб қилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG