Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:06

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳажга борувчиларга талабларни кучайтирди. Идоранинг 1 декабр куни эълон қилган Ҳаж ҳақидаги фатвосида талабгорлар олтита шартга жавоб бериши кераклиги айтилган. Жумладан, Ҳажга борувчилар етарли маблағга қодир ва маҳаллада юриш-туриши намунали бўлиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 1 декабр куни эълон қилган Ҳаж ҳақидаги фатвосида “талабгорлар Ҳаждан қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари Ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиши керак” дейилган.

"Ҳажга бориш учун талабгорларда ҳажнинг фарз бўлиши учун ҳур, болиғ, оқил, соғлом бўлиш ҳамда аслий ҳожатларидан ва қайтиб келгунича оиласини таъминлашга қолдирадиган нафақадан ташқари ҳажга бориб келишига етадиган маблағга қодир бўлиш, шунингдек йўлнинг тинч ва очиқ бўлиши каби зарур шартларнинг мавжудлигига эътибор қаратилсин", - дейилган Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатвосида.

Бундан ташқари фатвода талабгор маҳаллада юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган бўлиши лозимлиги айтилган.

"Нафақат моддий имконият балки, юриш-туриш ва муомалада ўзгаларга ибрат ҳамда намуна кўрсатган, маънавий етук, Ислом динининг аввалги тўртта арконларини адо этиб келаётган фуқароларнинг номзодини ҳажга борувчилар рўйхатига киритишга эътибор қаратилсин", - дейилади фатвода.

Мусулмонлар идораси фатвосида айтилишича, ўтган йиллар давомида Ҳажга борган айрим ўзбекистонликлар моддий имконияти ёки соғлиги яхши бўлмаса ҳам узоқ сафарга отланганликлари аниқланган.

"Уларнинг ўғил-қизлари гўёки ўз фарзандлик бурчларини бажариш ёки эл-юрт орасида сохта обрў топиш мақсадида ота-оналарини ҳаж сафарига жўнатганлари аниқланган", - дейилади фатвода.

Озодлик сентябр ойида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида эри бу йил Ҳажга кетган аёл кундошини икки боласи билан ёқиб юборгани ҳақда хабар қилган эди.

Самарқанд аэропортида эса август ойида Саудия Арабистонига гиёҳванд моддалар олиб ўтишга уринган фуқаро қўлга олингани хабар қилинганди.

Аҳолиси 32 миллионга яқинлашган Ўзбекистон учун Ҳаж зиёрати квотаси қарийб 40 фоизга оширилди.

Бу йил 7 ярим минг нафар ўзбекистонлик Ҳажга бориб келди. Бундан аввал Ўзбекистон мусулмонлар идораси Ҳаж зиёратига борганларнинг такроран сафар қилишини тақиқлаб қўйганди.

Ўзбекистонда Ҳаж зиёрати учун навбат бир неча йилларга чўзилиши, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилиши айтилади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG