Линклар

Девальвация нима? Ўзбек сўмининг расмий курси тушурилса, кимга фойда¸ кимга зарар етади?

  • Озодлик

Озодликнинг Ўзбекистон банк-молия тизимидаги манбаларига кўра¸ шу кунларда Марказий банкнинг қаттиқ валюталарга нисбатан сўм расмий курсини кескин пасайтириши – девальвация қилиши кутилмоқда. Марказий банк бундай жиддий қарорга келган тақдирда¸ оддий одамларнинг кундалик ҳаëтида нима ўзгаради? Девальвация бозордаги нарх-навога қандай таъсир қилади? Бундай қадамдан ким ютадию ким ютқизади?

"Эрта-индин" деган кутиш давом этмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Марказий банкининг ўзбек сўмининг эркин муомаладаги валюталар¸ биринчи навбатда¸ АҚШ долларига нисбатан расмий курсини кескин тушириши кутилмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон молия тизимидаги ишончли манбалари¸ бу борада сиëсий қарор олингани¸ гап фақат уни қачон эълон қилишда қолганини билдирмоқда.

АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўми расмий курсини ҳозирги 4200 сўмдан қора бозордаги 7700 сўмга яқин оралиқда қилиб белгилаш ва шу орқали мамлакатда валюта алмашинувининг бир неча курсини биттага тушириш¸ Озодлик суҳбатлашган банк мулозимига кўра¸ “қилмаса бўлмайдиган иш”лигини Мирзиëев иқтисодий командаси тушуниб¸ шундай ҳаракатга қўл уришга чоғланмоқда.

Нурмуратов (Марказий банк раиси)¸ Қўчқоров (Бош вазирнинг макроиқтисод учун масъул 1-ўринбосари) ва Хўжаев(Молия вазири)ларни¸ ëши катта бўлса ҳам¸ либерал қарашдаги младореформаторлар дейиш мумкин. Улар иқтисодий аҳволни тўғри йўлга солишнинг курсларни бирлаштириш¸ эркин конвертацияга ўтишдан бошқа йўли йўқлигини яхши билишади. Аввалига¸ босқичма-босқич девальвацияни синаб кўришди. Булар расмий курсни 30 сўмга оширса¸ қора бозор 300 га оширди¸ бу билан бозор нархини қувиб етиб бўлмаслигини кўришди. Энди бир кечада кескин девальвация қилишга қарор қилинди. Катта янгилик бўлади шу кунларда”¸ деди Озодлик гаплашган ўзбек молиячиси 30 август куни.

(Кескин девальвация ҳақида қарор қабул қилингани ëки унинг қачон жамоатчиликка эълон қилинишига оид ҳозирча Озодлик ихтиëрида аниқ расмий маълумот йўқ.)

Девальвация нима?

Лотин тилидан бевосита таржимада «аҳамиятини туширмоқ»¸ «қимматини туширмоқ» деган луғавий маъно ташувчи девальвацияни Марказий банклар қачон¸ қайси мақсадларда¸ қандай ишлатишини Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев тушунтиради:

- Девальвация амалиëти ривожланаëтган¸ ўз иқтисодини тузатаëтган давлатларда қўлланилади. Девальвация у ëки бу давлатнинг Марказий банки ўз валютасининг сотиб олиш қобилиятини кескин камайтиради¸ деганидир. Буни Қозоғистон мисолида кўрсак¸ охирги девальвация арафасида бир танга 180 сўм бўлган бўлса¸ Марказий банк уни бир кечада 320 сўмга туширишга имкон яратди.

Ривожланаëтган давлатлар¸ биринчидан¸ ўз ички бозорини сақлаб қолиш¸ валютанинг мамлакатдан чиқиб кетиши олдини олиш учун девальвацияга қўл уради. Иккинчидан девальвация¸ бюджет тушумларини кўпайтириш учун¸ учинчидан¸ ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун қилинади.

Россия мисолини эсласак¸ 1998 йили Ельциннинг популистик сиëсати оқибатида Россияда бир доллар 6 рубль эди. Кириенко Бош вазир бўлди-да¸ бир кечада долларни 6 рублдан 24 рублга чиқартирди¸ яъни рублни тўрт бараварга қадрсизлантирди. Тасаввур қилиш учун – бу Ўзбекистон Марказий банки ҳозир 4200 сўм бўлиб турган доллар курсини бир кечада 16 минг сўм қилиб белгилаши билан баробар қарордир. Ана шу битта қарор билан Кириенко Россия иқтисодиëтини сақлаб қолди. Россия валюта резервларининг четга чиқиб кетиши кескин камайди¸ импорт қисқарди ва Россия товарларининг ҳаммаси экспортга чиқа бошлади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон Марказий банки нега девальвацияга қўл уриши мумкин?

Ўзбекистондаги Иқтисодий ривожланишга кўмак маркази директори¸ мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов Марказий банкни девальвацияга мажбурлаëтган сабабларни тушунтиради:

- Бугун ҳам Ўзбекистонда валюта алмаштириш¸ дейлик доллар алмаштиришнинг учта курси сақланиб турибди. Расмий курс (4200 сўм атрофида)¸ қора бозор (7700-8000 сўм атрофида)¸ ва банклар юдирик шахсларга сотишни бошлаган биржа курси (8500 сўм атрофида). Ана шу учта курсни бирлаштириш¸ унификация қилиш¸ эркин конвертация жорий қилиш керак. Бунинг учун Марказий банк расмий курсни девальвация қилиши керак. Бунинг икки йўли бор – секин-аста¸ ëки биттада. Ўзбекистон Марказий банкидагилар аввалига секин-аста девальвация қилиб кўрдилар. Сўнгги маълумотларга кўра¸ энди бирданига девальвацияга қарор қилишган. Марказий банк бугун 4200 сўм бўлиб турган курсини талаб ва таклифни нисбатан мувозанатда ушлайдиган нуқтада белгилайди. Уларда бу нисбатни ҳисоблаш учун маълумот етарли¸ деб ўйлайман. Бу жараëнда экспериментлар ҳам бўлади¸ албатта. Аввалига бир нархни “пайпаслаб” кўришади¸ кейин бошқа нархга ўтиш мумкин¸ дейди Озодлик билан 30 август кунги суҳбатда Юлий Юсупов.

Кескин девальвациядан кейин нарх-наво ҳам кескин ошиб кетадими?

Юлий Юсуповга кўра¸ бир кечалик кескин девальвация оқибатида курслар бирлашса¸ бозордаги нарх-наво ҳам кескин ошиб кетиши ҳақидаги прогнозларга қўшилмаслигини айтади:

- ​Доллар расмий курсига боғланган хизмат ва товарлар нархида¸ ўзгариш бўлади¸ бўлмайди эмас. Масалан¸ мобиль алоқа¸ интернет провайдерлари¸ айрим университетлардаги контракт пуллари расмий курсга боғланган. Агар бир доллар бугунги 4200 сўмдан¸ дейлик¸ 7000 сўмга чиқса¸ буларнинг сўмдаги нархи ҳам қарийб икки бараварга ошади. Лекин конкуренция ривожланса¸ буларнинг ҳаммаси секин-аста ўз нархини пасайтиришга ва умуман ўз тарифларини долларда белгилаш амалиëтидан воз кечишга мажбур бўлади.

Мен девальвациядан кейин асосий истеъмол товарлари нархи кескин ошиб кетади¸ деган ваҳималарга қўшилмайман. Сабаби оддий – уларнинг деярли ҳаммаси долларнинг расмий эмас¸ қора бозор нархига боғланган. Ҳатто айрим импортëрлар сўмни расмий курсда конвертация қилган бўлса-да¸ уни бозор нархида сотиб келган.

Ëнилғи нархларининг ошишини кутиш мумкин. Лекин бунинг бош сабабини девальвациядан кўра¸ монополистлардан қидириш керак бўлади. Улар расмий ва қора бозор курси ўртасидаги фарқни аллақачон нархларга кўчирган бўлса ҳам¸ девлаьвацияни баҳона қилиб¸ нархларни оширишга уринадилар. Буларнинг нарх-навони кескин кўтаришига йўл қўймаслик¸энди ҳукуматнинг иши бўлади. Бевосита девлаьвация оқибатида нархи ошадиган хизмат ва товарлар сони Ўзбекистоннинг бугунги вазиятида жуда чекланган¸ дейди Юсупов.

Аммо Россия ва Қозоғистон мисолида гапирган Сапарбой Жубаев¸ биттада қилинадиган кескин девальвацияни аҳолини шокка солмасдан амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлайди:

- Юлий Юсуповнинг гаплари жуда тўғри - Ўзбекистондаги асосий истеъмол товарлари расмий эмас¸ қора бозор курсига боғланган. Шундай бўлса-да¸ мен бу фикрларни рад этаман. Девальвация халқнинг кундалик ҳаëтига кучли таъсир қилади. Тўғри¸ катта-кичик тижоратчилар импорт товарларини долларнинг қора бозор курсида олиб¸ шу курсда сотиб келаяпти. Лекин халқ¸ мамлакат фақат шу тижоратчилардангина иборат эмас-да!

Масалан¸ аптекалар¸ касалхоналардаги дори-дармон¸ ускуналар давлат корхоналари томонидан расмий курсда олиб кeлинган. Девальвация бўлиб¸ доллар нархи икки бараварга ошса¸ бу дори-дармон нархи ҳам ўз-ўзидан икки бараварга ошади. Ëки дейлик¸ ўзбек армиясининг таъминотини олайлик. Четдан расмий курсда олиб келинган гўштдан аскарларга овқат қилинаяпти¸ дейлик. 4200 сўмлик расмий курс йўқолиб¸ битта¸ масалан¸ 8500 сўмлик бозор курсига ўтилса¸бир кило гўшт икки бараварга қимматлайдими? Бундай шароитда¸ ëки бюджет харажатларини икки бараварга ошириш¸ ëки аскар ейдиган гўштни 100 грамдан 50 грамга тушириш керак бўлади. Унисининг ҳам¸ бунисининг ҳам деярли иложи йўқ. Шунинг учун¸ очиғи¸ мен йилнинг ўртасида Марказий банкнинг кучли девальвацияга боришига унча ишонмай турибман¸ дейди Ўзбекистон Молия вазирлиги Валюта бошқармаси собиқ мутасаддиси Сапарбой Жубаев.

Девальвациядан кейин “шок терапеяси” муқаррарми?

Озодлик суҳбатлашган иқтисодчиларнинг бу савол атрофидаги мулоҳазалари ҳам фарқли бўлди.

Ўзбекистон молия тизими расмийси¸ қолаверса¸ тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин қабул қилинган бир қатор қарорларни валюта эркин конвертациясига ўтиш жараëнининг нисбатан оғриқсиз ўтишига ҳозирлик сифатида тилга олдилар.

Бу қарорларни “ҳимоя ëстиқчаси” дейиш мумкин. Президент нарх-наво кескин ошиб кетиши олдини олиш учун махсус қарор чиқарди¸ бу жараëнга давлат резервидан каттагина маблағ ажратди. Яқинда¸ асосий истеъмол маҳсулотларига қўйилган акциз ва бош тўловлари олиб ташланди. Ҳукумат девальвация бюджетга катта босим солиши¸ нархларнинг¸ жуда бўлмаганда¸ дастлабки босқичда сакраб кетиш эҳтимолига тайëрланмоқда. Шунинг учун девальвация ва унификациядан кейин нархлар кесин ошиб кетиб¸ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар ниҳоятда оғир аҳволда қолади¸ деган ваҳималарда унча асос йўқ¸ деб ўйлайман”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тошкентдаги молиячилардан бири.

Бу савол атрофида мулоҳаза юритган Сапарбой Жубаев¸ девальвациядан сўнг нарх-навонинг ошиши ва аҳоли кенг қатламлари турмуш тарзига жиддий зарба беришини¸ “чап беришнинг иложи бўлмаган шок терапеяси” деб изоҳлайди ва ҳозирча буни четлаб ўтувчи усулларга гувоҳ бўлмаганини таъкидлайди.

Кимга яхши бўлади?

Айни пайтда¸ бу таҳлилчи валюта эркин конвертацияси жорий этилмаган дунëдаги саноқли давлат бўлиб қолаëтган (Туркманистон¸ Шимолий Корея¸ Куба ва ҳоказолар) Ўзбекистон ўз иқтисодини нормал йўлга солиш учун бу жараëнлардан мутлақ ўтиши шартлигини таъкидлаб туриб¸ “ойнинг ëруғ томони”га ҳам эътибор қаратиш лозимлигини айтади:

- Экспортëрга яхши бўлади¸шу пайтгача зарарига ишлаëтганлар жуда бўлмаса¸ қарзини ëпиб¸ секин-аста фойда кўришга ўтади. Ишлаб чиқарувчига яхши бўлади. Иқтисодда домино эффекти бошланади. Экспортчиларнинг даромади кўпайса¸ уларга хизмат қиладиган¸ хом-ашë сотадиган бошқа корхоналар ҳам ишлаб кетади.

Дейлик¸ машина экспорти кўпайса¸унга ҳар хил қисмлар етказиб берувчиларнинг ҳам маҳсулотига талаб ортади¸ бу хизматчиларнинг ойлиги ошса¸ улар уни сарфлашга ўтади. Мисол учун¸ қандолатчию¸ новвойнинг маҳсулотига ҳам талаб ошиб¸ улар ҳам яхши ишлаб кетади. Экспортга ишловчиларнинг харид қуввати ошса¸ бу бошқаларнинг бизнеси ривожланишига туртки бўлади ва бу ўсиш умумий иқтисодга ҳам кўчмай қолмайди.

Инвесторга яхши бўлади. Курслар унификация бўлса¸ валюта эркин конвертацияси бошланса¸ Ўзбекистон иқтисоди учун ¸ инвесторларнинг ўз даромадини олиб чиқиши учун энг катта тўсиқлардан бири олиб ташланади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG