Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:44

Самарқандда 16 ёшли ўқувчи қиз молхонада осилган ҳолда топилди


Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари Кулбапоён қишлоғида 16 ёшли қизнинг шубҳали ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда. Самарқанд тумани 45-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Н. М. 17 апрел куни ўз уйи молхонасида осилган холда топилган эди. 16 ёшли қизнинг нега ўз жонига қасд қилгани сабаби маълум эмас.

Марҳуманинг қўшниларидан бирининг иддаосича, қиз ўзини осишидан олдин ўқитувчиси билан узоқ вақт жанжаллашиб келган.

- Ўқитувчиси кўп азоб берган. Шу азобга чидай олмаган, ўзини осган дейишяпти. Ёш умрини ҳазон қилди, - дейди марҳуманинг қўшниси.

Самарқанд туманидаги 45-сонли мактаб раҳбарияти эса ўқувчи ўлими юзасидан изоҳ беролмаслигини айтди.

Кулбапоён қишлоғи маҳалла йиғини фаолларидан бири Карим Сатторов Озодлик билан суҳбатда қизга ўқитувчиси азоб бериб келгани ҳақидаги иддаолар юзасидан шахсан унинг синф раҳбари билан суҳбатлашганини айтди.

- Мени ўзим мактабга шахсан бориб суриштирдим. Ўқитувчи қаттиққўл ўқитувчи бўлган экан. Лекин, алоҳида бу қизга босим қилмаган, ҳаммага қилган. Дарсга келмаганларнинг уйига борган, у ҳам ишини қилган-да. Талабчан ўқитувчи. Лекин, қаттиққўллиги болаларни урадиган даражада эмас экан. Уриш-пуришларини болалардан ҳам суриштириб кўрдим, улар айтмади. Бу қизни ўқиши ҳам сал сустроқ экан. Лекин, жуда жим қиз экан. "Уни уришга ҳам хожат йўқ эди, дарсда жим ўтирар эди, уришга лойиқ иш қилмасди", деб айтди ўқитувчиси. Энди қиз нимага бунақа қилгани борасида ҳали хулоса йўқ. Прокуратура суриштиряпти, бирон нарса дейиш қийин, - деди маҳалла фаоли Карим Сатторов.

Самарқанд тумани прокуратураси мулозими Озодликка Н. М.нинг ўлими юзасидан тергов олиб борилаётгани ва тергов важидан бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Н. М. оилада тўрт фарзанднинг бири бўлган. Ота-онаси фермер хўжалиги эвазига оиласини боқиб келишган.

Марҳуманинг оила аъзолари Озодлик мухбири билан суҳбатлашишга истак билдиришмади.

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради. Бу сўнгги бир ой ичида Озодликка маълум бўлган ўзини осиш билан боғлиқ учинчи холатдир.

8 май куни Тошкент Юридик университетидан ҳайдалган талаба ўзини осгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

3 май куни эса Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 69-сон мактабнинг 9 синф ўқувчиси ўз уйида осилган холда топилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ноябрь ойида мамлакатда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётганини айтганди.

Мирзиёв ўз қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 70 фоизи аёлларга тегишли эканлигини таъкидлаган.

Президент Хотин-қизлар қўмитаси нима иш қилишни билмаётганини айтиб, бундай тизимнинг кераклигини савол остига қўйганди.

XS
SM
MD
LG