Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2021, Тошкент вақти: 01:03

OzodDayjest: Андижон ва Жиззахда қайд этилган давлат хариди бўйича шубҳали ҳолатлар – айсбергнинг учи...


Депутат Ғаниев давлат хариди бўйича таниш-билишчилик ҳолатларига муносабат билдирди.

Журналистларга “тош отган” UzAuto Motors мулозимидан узрхоҳлик талаб қилинди. Ўзбекистонда нос савдосини буткул тақиқлаш таклиф этилмоқда. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

UzAuto Motors раҳбарияти саволга тутилди: Қачонгача “бошим кал, кўнглим нозик” қабилида иш тутасизлар?

UzAuto Motors юридик департаменти директори Рустам Шаймардановнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқда “махсус буюртма” билан тарқатилаётган бўҳтонлар cабаб автоширкат катта зарар кўргани хусусидаги даъвоси кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Монопол автоширкат вакили 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида кунлик тушум қарийб 30-40 млрд сўмга кескин камайгани ва 562 млрд сўмлик режа бажарилмагани учун журналист ва блогерларни айблаган эди.

Кўп сонли интернет фойдаланувчилар автоширкат мулозимининг фикрларини асоссиз, таги бўш ва бирор ҳуқуқий асос ва далилга эга бўлмаган иддао деб атаган.

“Баёнотингиздаги айбловларни исботлаб бера олмас экансиз, демак, туҳмат қилган бўласиз ва UzAuto Motors ҳақида танқид ёзган ҳар бир ОАВ ҳамда блогер сизни устингиздан ваколатли органга арз қилишга ҳақли бўлиб қолади… Бордию қўлингизда компаниянинг тегишли режани бажара олмай қолишига ОАВ ва блогерларни “махсус буюртма”лар асосида ёзилган мақолалари сабаб бўлганини исботловчи далиллар бўлмаса, шунингдек, сиз эътироф этаётган ОАВ ва блогерларнинг рўйхатини очиқлай олмасангиз, ўз баёнотингизга раддия беринг ва UzAuto Motors ҳақида ёзган барча ОАВ журналистлари ҳамда блогерлардан оммавий равишда узр сўранг” , - дейди ҳуқуқшунос Аббос Салайдинов Kun.uz нашрида.

“Нега сизлар “бошим кал, кўнглим нозик” деганнинг ишини қиляпсизлар?.. Сизлар доим майдонда ўзингиз ҳаракат қилгансиз, битта бўлгансиз ва ҳали қийинчилик кўрмадингиз. Ўтган 30 йилда дунё катта-кичик иқтисодий инқирозларни бошдан кечирди. Сизлар ҳукумат ёки “амакиларингиз”нинг кўмагисиз очиқ майдонда шундай инқирозлардан бемалол чиқиб кета олишингизга ишонасизми? Ёки эртага ўзингиз шахсан ўша сизни қўллаётган “амакиларингиз”га бориб, божхона тўловларини олиб ташлашсин ёки максимал даражада камайтираверишсин, биз рақобатга тайёрмиз, дея кўкрак кера оласизми?” - дея монопол компания раҳбариятини саволга тутди блогер Зафарбек Солижонов.

Депутат Ғаниев давлат хариди бўйича таниш-билишчилик ҳолатларига муносабат билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Андижон ва Жиззах вилоятларида давлат харидларидаги таниш-билишчилик ҳолатига муносабат билдириб, бу икки ҳолат аслида айсбергнинг учи эканини таъкидлади (www.gazeta.uz, 29 декабрь).

“Жиззах билан Андижонда бўлаётган воқеалар аслида янгилик эмас. Фақатгина жамоатчиликка эндигина ошкор қилингани учун “ҳайп” яратяпти. Бу, аслида, йиллар давомида амалга оширилиб келинаётган амалиёт. Биринчи маротаба бўлаётгани йўқ, бу икки воқеа аслида “айсберг”нинг учи. Ушбу муаммони деярли ҳамма вилоятда топасиз” ,- деган депутат.

Д.Ғаниев қонунчиликда давлат харидлари соҳасидаги манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарлик йўқлигига эътибор қаратган ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги қонун шундай муаммоларга тизимли ечим бўлишини қайд этган.

Дастлабки босқичда давлат харидида манфаатлар тўқнашуви ҳолатига йўл қўйганлик учун маъмурий жарима кўзда тутилган, кейинроқ жиноий жавобгарлик ҳам белгиланиши мумкин.

Аввалроқ Андижон вилоятида “Ягона буюртмачи хизмати” ИК раҳбарига тааллуқли компания 20 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қабул қилгани, шунингдек, Жиззах шаҳрини манзарали дарахтлар ва гуллар билан безаш учун 2 миллиард сўм сарфлангани ва ушбу давлат харидини қўлга киритган компания вилоят ҳокими қизига тегишли экани, қолаверса, Жиззахда 292,1 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган компаниялар вилоят ҳокими ўринбосарига алоқадор бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилган эди.

Ўзбекистонда нос савдосини буткул тақиқлаш таклиф этилмоқда

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги нос ишлаб чиқариш ва сотишни қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилмоқда (“Rost24”, 27 декабрь).

“Носвой сотуви ва ишлаб чиқарилишини тартибга солиш жуда қийин, чунки у қўлбола усулда ёки уй шароитида, санитария нормаларига риоя қилмасдан тайёрланади, назорат идоралари носвойнинг хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш учун зарур ресурсларга (технологик, молиявий ва бошқа) эга эмас”, - дейилади хабарда.

Вазирликка кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи нос чекади. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида нос истеъмол қилиш кўрсаткичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда – 5,2 фоиз, Қозоғистонда – 1,3 фоиз, Туркманистонда – 1,4 фоиз.

Носвойнинг нархи фильтрли сигарета нархидан 4-5 баравар паст бўлиб, бу эса кўпчилик учун ҳамёнбоп саналади.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда хавфли ўсмалардан трахеяда 3,9 марта, оғиз бўшлиғида 3,8 марта, милкларда 3,1 марта, қизилўнгачда 2,5 марта, ошқозонда ва бурун-ҳалқумда 2 марта кўп ўлим кузатилган.

Ўлим асосан 30-69 ёшдаги эркаклар ўртасида шу ёшдаги аёлларга қараганда анча кўпроқ учрайди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу нос ва бошқа тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига бевосита боғлиқ.

XS
SM
MD
LG