Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:53

OzodDayjest: Жони ширин ҳокимлар, зарқоғозга ўралган заҳар ва 40 фоизга етмаган жамоавий иммунитет


Ўзбекистондаги ковид-марказлардан бири
Ўзбекистондаги ковид-марказлардан бири

Вилоят раҳбарлари пойтахтда даволанаётгани эътироз уйғотди. Янги гиёҳвандлик моддаси мактабларда ҳам тарқалмоқда. Ўзбекистоннинг неча фоиз аҳолисида коронавирусга қарши жамоавий иммунитет шакллангани очиқланди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Эксперт: “Ҳокимларнинг жони ширин-у, оддий халқники аччиқми?”

Ўзбекистонда вилоят ҳокимлари даволаниш учун пойтахтга келаётгани ижтимоий тармоқда эътирозларга сабаб бўлди. Кўп сонли фойдаланувчилар ҳамда блогерлар ҳудудлардаги тиббий тизим қолоқлашиб кетганидан таассуф билдирган.

“Коронавирус эпидемияси даврида биз билдикки, Ўзбекистон медицинаси иккига бўлиниб қолган. Бир медицина бор, у одатда даволамайди – қора халқ учун ва яна бир бошқа аъло медицина борки, у раҳбарият ва номенклатура учун. Бундай медицина ҳукумат поликлиникалари ва ҳукумат касалхоналари деб номланади”, деб ёзди иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров.

Қайд этилишича, жиддий касалликка чалинган солиқ тўловчилар ўзи ҳаракат қилмаса, ўлимга маҳкум. Солиқ тўловчилар ҳисобидан яшайдиган ҳоким ва амалдорлар ихтиёрида эса махсус иззат, алоҳида кўрик ва қаровдан иборат тиббий муассасалар.

“Ҳудудида медицина олийгоҳи, инфратузилмаси мавжуд Андижон ҳокими ўзи вилоятида даволанса бўлмайди, чунки Андижонда медицина йўқлигини у яхши билади. Ўзи бош бўлиб кўча супуртирган, пахтага ҳайдаган, уйма-уй юрдирган. Кимлар ўқиётганини, қандай ўқишга киритилганини, кимлар ўқитаётганини, кимлар “даволаётгани”ни жуда яхши билади”, деб ёзган у.

Врач Фазлидддин Мўминов Телеграмдаги саҳифасида бу ҳолатни шармандалик деб атаган.

“Қашқадарёдан туман ва шаҳар ҳокимлари тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш учун Тошкентга қараб келаётган экан. Нега Қашқадарёни ўзида тиббий текширувлардан ўтиб, даволана қолишмади экан-а? Жон ширин дейсизми? Ҳа унда вилоятдаги миллионлаб аҳолининг жони аччиқми? Қайси ариқда сув тиниқроқ бўлса ўшанга қараб чопгандан кўра, ўз ариғини тиниқлаштириш йўлини топиши керак эмасми мироб деганлари?” деб ёзган шифокор блогер.

2020 йил ёз мавсумида, пандемия авжига чиққан кунларда коронавирусга чалинган вилоят раҳбарлари ўз ҳудудида эмас, пойтахтда даволангани ҳам номақбул ҳол дея баҳоланганди.

Ўзбекистонда янги гиёҳвандлик моддаси қонуний йўл билан cотилмоқда

Ўзбекистон ёшлари орасида упа, ширинлик шаклидаги, ёқимли ҳид ва таъмга эга никотинли маҳсулотлар (снюс) оммалашиб бормоқда (“Рост24”, 18 январь). Тошкент шаҳри ИИББ маълумотига кўра, мактабларда рейд ўтказилганда ўқувчиларнинг чўнтакларида “UzBAT” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган “LYFT”, Ҳиндистонда тайёрланган “COOL LIP” маркали никотинли снюслар топилган.

“Афсуски, ҳозир тамаки маҳсулотининг бу янги кўринишига қарши курашишда қонунчилигимиз ожизлик қилади. Бу никотинли маҳсулотларнинг реклама ва акцияларига ҳам аслида чекловлар бўлиши керак. Лекин дўконларда уларни ёрқин тарзда, кўринарли ерга жойлаштирилганига гувоҳ бўламиз”, деб ёзди “Рост24” нашри.

Соғлиқ учун зарарли ушбу маҳсулотни ижтимоий тармоқларда машҳур шахслар ҳам реклама қилмоқда.

Никотин маҳсулотлари таркибидаги ифорли қўшимчалар (ялпиз, ваниль, шоколад, тропик таъмлар), замонавий дизайн, шунингдек, ҳид йўқлиги ёшларни жалб этмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуровга кўра, никотинли снюснинг хавфини героин, кокаинга қарамлик хавфига тенглаштириш мумкин, у алкоголь ва каннабисдан хатарлироқ.

Бир дона сигаретада никотин порцияси 1 мг дан ошмайди, чекиш вақти ҳам 3-5 дақиқадан кўп эмас. Снюсни шимиш сеанси эса 5 дақиқадан 1,5 соатгача давом этади. Битта маҳсулотда никотин миқдори 20 мг гача етади.

Санитария хизмати: “Ўзбекистоннинг тахминан 30-40 фоиз аҳолисида коронавирусга қарши жамоавий иммунитет шаклланди”

Ўзбекистон санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов қанча фоиз аҳолида коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлганини очиқлади (www.daryo.uz, 20 январь).

“Ўзбекистонда ҳам жамоавий иммунитет ҳосил бўлган. 70-80 фоиз эмас, 30-40 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Бу касаллик янги, вирус ўзига хос, беморда касалланишдан сўнг турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, антитаначалар 3-4 ой давомида йўқолиб боради, шуни инобатга олиб, касаллик эпидемиологик тарзда яна авж олиши мумкинлигидан келиб чиқиб огоҳликни сусайтирмаслик керак”, деди Б.Қурбонов.

Cанитария хизмати масъули жамоавий иммунитет қандай шаклланишига ҳам тўхталиб ўтган. Қайд этилишича, беморлар организмида антитаначалар мустаҳкам ўрнашиб йиллар давомида сақланиб турсагина жамоавий иммунитет ҳосил бўлган саналади.

Аввалроқ Хитой вакцинаси синовида иштирок этмоқчи бўлган ўзбекистонлик кўнгиллиларнинг 30 фоизида коронавирусга қарши антитаналар борлиги аниқланганди. Улар коронавирусни ўзи билмаган ҳолда, аломатларсиз ўтказган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош илмий ходими Сумия Сваминатан вакцина муайян даражада ёрдам берса-да, 2021 йилда оммавий иммунитет пайдо бўлмаслигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG