Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:46

OzodDayjest: Фарғонадаги йирик заводлар аҳоли соғлиғига жиддий хавф туғдирмоқда


Фарғона азот заводи.
Фарғона азот заводи.

“Фарғона азот” ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари кўп сонли аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Ёш режиссёр “Ўзбеккино”нинг 1 миллиардли сертификатидан ҳануз фойдалана олмаётир. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

25 кунда 28 киши ис газидан вафот этди

Ўзбекистонда 2021 йилда ис газидан 67 киши заҳарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган эди. Жорий йилнинг 25 январь ҳолатига кўра эса 16 ҳолатда 9 фуқаро заҳарланган ва 28 нафари вафот этган. Бу ҳақда хабар берган “Маҳалла” газетаси ҳолатни хавотирли деб баҳолаган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксари фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик оқибатида юзага келмоқда.

“Ишонч” газетаси эса 3 февраль кунги сонида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳам инсонлар умрига завол бўлаётганига эътибор қаратган. Қайд этилишича, қурилиш ва хусусий сектор корхоналарида меҳнатни муҳофаза қилиш борасида қатор нуқсонлар мавжуд.

“Бунёдкорлик ишларида қатнашаётган бинокорларга лоақал оддийгина шароит яратиб беришга қунт-ҳафсала қилмаётганлар ҳам борлиги аниқланди. Энг ачинарлиси, баъзи қурувчилар ўзлари барпо этаётган иншоот ертўласида ёки талабга мутлақо жавоб бермайдиган жойларда истиқомат қилмоқдалар. Боз устига, улар махсус кийим-бош билан тўлиқ таъминланмаган”, деб ёзади газета.

Мутахассис: Фарғонадаги йирик заводлар аҳоли соғлиғига жиддий хавф туғдирмоқда

“Фарғона азот” ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари кўп сонли аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда, дейди Ўзбекистон Экологик партияси Тошлоқ туман кенгаши раиси Рўзматжон Тошқулов (“Оила ва табиат” газетаси, 3 февраль).

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бир йилда 172 тоннадан зиёд, “Фарғона азот” эса 1560 тоннадан зиёд чиқинди чиқармоқда. Бундан эса асосан Фарғона шаҳри ва Тошлоқ тумани аҳолиси азият чекмоқда.

Заводлар фаолияти нафақат атмосфера ҳавоси, балки ерости сувлари ва тупроқ сифатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Қайд этилишича, Фарғона вилояти ҳудудидаги бир қанча туманларда сувнинг қаттиқлик даражаси юқорилашиб, унинг кимёвий таркиби ўзгариб бормоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотларда ҳосил бўлган жами чиқинди миқдори 125,6 млн тоннага етган. Ушбу кўрсаткич ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг юқори чиқинди улуши Навоий (48,2 фоиз) ва Тошкент (34,6 фоиз) вилоятларига тўғри келган.

“Ўзбеккино”дан ваъда қилинган 1 миллиардни ололмаётган режиссёрга қозоғистонликлар ҳомийлик қилади

Қозоғистонда ўтказилган “Salem Short” питчинг кинотанловида ўзбекистонлик истеъдодли режиссёр Шокир Холиқов ғолиб деб топилди (www.oyina.uz, 31 январь).

Танловда экспертлар томонидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан юборилган 500 та қисқа метражли сценарий орасидан 3 таси танлаб олинган. Улар орасида Шокир Холиқовнинг “Оёқ” (Нога) номли сценарийси ҳам бор. Ушбу фильм съёмкаси танлов ташкилотчилари томонидан молиялаштирилади. Продюсери қозоғистонликлар бўладиган янги фильм баҳор-ёз ойларида Ўзбекистонда суратга олинади.

Эслатиб ўтамиз, режиссёр Ш.Холиқов Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган “48 Hour film race” фестивалида “Месси” қисқа метражли фильми билан икки мукофотга лойиқ кўрилган эди. Шунингдек, унинг “Чой” номли қисқа метражли фильми Канн халқаро кинофестивали доирасида ENTRE 2 Marches танловида Гран-прига сазовор бўлган. Шундан сўнг Ш.Холиқовга 2020 йил “Ўзбеккино” (ҳозирги Кинематография агентлиги) томонидан янги фильм олиш учун 1 миллиард сўмли сертификат берилган. Лекин режиссёр ушбу сертификатдан ҳануз фойдалана олгани йўқ.

2019 йилда ушбу режиссёрга ижодий ютуқлари учун “Ўзбеккино” агентлиги томонидан арзон идиш-товоқ тўплами совға қилингани ҳам жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG