Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 21:22

Халқаро хабарлар

Петербургда оммавий муштлашувда иштирок этган ўзбекистонликлар қўлга олинди

Петербургнинг Невский туманида сешанбага ўтар кечаси юзага келган оммавий муштлашувнинг 8 нафар иштирокчиси қўлга олинди, улардан уч нафари Ўзбекистон фуқаролари.

“Интерфакс” агентлигининг ҳодисадан хабардор манба сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, муштлашув тунги соат 1 ларда Караваев кўчасида содир бўлган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар муштлашувнинг 33 ёшли аёл дохил саккиз нафар муҳтамал иштирокчисини тутиб кетганлар.

Қўлга олинганлардан уч нафари ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг Россиядаги вақтинча қайди муддати ўтиб кетгани, қолганлари эса Ленинград, Пенза, Воронеж ва Новгород вилоятларида яшаган осиё миллатига мансуб кишилар экани айтилмоқда. Муштлашувнинг тўққизинчи иштирокчиси бўлган ўзбекистонлик пичоқдан олган жароҳати билан касалхонага етказилган.

Полиция маълумотига кўра, зиддиятга йўл-транспорт ҳодисаси сабаб бўлган.

Қўлга олинганларга нисбатан майда безорилик бўйича баённомалар расмийлаштирилган. Қайд этилишича, ўзбекистонликлар Россияда юриш тартибини бузганлари учун жавобгарликка тортиладилар.

Айни пайтда мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал этилмоқда.

Кун янгиликлари

Ҳиндистонда сув тошқини оқибатида камида 115 киши ҳалок бўлди

Ҳинд қутқарувчилари хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилмоқда.

Ҳиндистонда 24 июлда сув тошқинларида камида 115 киши ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга қараганда, ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўпайиши мумкин. Чунки кейинги бир неча кун ичида сув тошқинлари тўхтамаслиги таҳмин қилинмоқда.

Сўнгги кунларда Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилида давом этаётган Махараштр шаҳрида юзлаб одам бедарак бўлмоқда. Гоа штатида ҳам сув тошқинлари юз берди.

Табиий офат оқибатида биргина Махараштр шаҳрида 150 минг киши хавфсиз жойга эвакуация қилинди.

Ҳиндистонда ёмғирлар мавсумида сув тошқинлари тез-тез юз беради. Бироқ олимлар фикрича, иқлим ўзгариши оқибатида муссонлар ҳам кучаймоқда.

Европа суди: Грузиядаги презерватив ишлаб чиқарувчи ширкатининг сўз эркинлиги бўғилган

Aiisa презервативи қутисида грузин сиёсатчилари танқид қилинган карикатуралар ҳам акс эттирилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди “сўз эркинлиги” бўйича иш доирасида Грузиянинг презерватив ишлаб чиқарувчи ширкати ҳукуматга қарши киритган аризани қаноатлантирди.

Aiisa ширкати ўз маҳсулотлари қутисини машҳур грузинларнинг суратлари, миллий ва диний орнаментлар билан безайди. Грузия суди 2018 йилда бу ҳолатни “маънавий ва диний қадриятларга зид” деб топган ҳамда ширкатни кичик миқдорда жаримага тортган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 22 июлда чиқарган ажримда “Грузия ҳукумати Aiisa ширкати хўжайни Аня Гачечиладзенинг сўз эркинлигини чеклашга ҳаракат қилгани”и таъкидланган.

Суд ҳукмида айтилишича, Грузия конституциясида белгиланган ва кафолатланган инсон ҳуқуқлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси доирасидаги мажбуриятлар “диний аҳлоқ ва маънавий тушунчалардан устун” бўлмоғи лозимдир.

Aiisa ширкати презервативлари қутисида грузин сиёсатчилари танқид остига олинган карикатуралар, гейлар ҳуқуқларини қўллаб қувватлашга қаратилган тасвирлар ва сексуал характерга эга бўлган ҳазиллар ҳам акс этади.

Қозоғистонда илк бор қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда

Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Қозоғистонда 25 июль куни 730 та сайлов округида қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда. Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, қишлоқ ҳокимлари лавозимларига 1419 номзод ўзини ўзи кўрсатган, 878 киши сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган.

Сайлов арафасида президент Қосим-Жўмарт Тоқаев “Твиттер”даги саҳифасида: “Бу воқеа сиёсий модернизациянинг янги босқичга кўтарилгани белгисидир”, деб ёзди.

Қозоғистонда ҳокимларни сайлаш талабини фуқаролик жамияти талаб қилиб келаётган эди. Тоқаев 2020 йилда ҳокимларни халқ сайлайдиган принципга ўтилишини билдирган. 2021 йилнинг майида эса бу борадаги конунчиликка ўзгартириш киритилганди.

Россияда COVIDдан ўлимнинг энг юқори кўрсаткичи такрорланди

Россияда COVID-19 пандемияси бошлангандан буён бу касалликдан ўлимларнинг энг юқори кўрсаткичи такроран қайд этилди. Шанба тонгида сўнгги бир кеча-кундузда 799 бемор вафот этгани маълум бўлди. Расман тан олинган кўрсаткич ўтган бир ярим йил ичида иккинчи марта қайд этилишидир. Биринчи марта 16 июлда шунча бемор вафон этган эди.

Россия бўйлаб бир кунда 23947 кишига COVID-19 ташҳиси қўйилди. Расмий статистикага кўра, пандемия бошланганидан буён Россияда 6 102 469 киши шу касалликка чалинган. Бир қатор нашрларнинг ёзишича, аслида касалга чалинганлар расмий статистикада келтирилаётган рақамдан тақрибан 5 баробар кўп бўлиши мумкин.

Касаллликка қарши кураш штаби маълумотларига қараганда, пандемия бошланганидан буён Россияда бу касалликдан 153 095 кўз юмган.

Қирғизистон собиқ президентига қарши олтинчи жиноят иши очилди

Алмазбек Атамбаев тарафдорлари олдида. Бишкек шаҳри, 2020 йил, 9 октябрь.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2020 йил октябрида Бишкекда оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумон қилинмоқда. Айбловчиларга кўра, парламент сайлови натижаларидан норозилар Атамбаевни қамоқдан озод қилганидан кейин, cобиқ президент ҳокимиятни эгаллаб олишга уринган. Айбдор деб топилса, у 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу Атамбаевга қарши очилган олтинчи жиноят ишидир.

Тергов маълумотларига кўра, 9 октябрь куни Атамбаев собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар билан тил бириктириб, Бишкек марказидаги майдонда намойишга чиққан тарафдорлари орасида «салбий ва тажовузкор кайфиятни кучайтирган». Бу эса, тергов маълумотларига кўра, оммавий тартибсизликлар бошланиб кетишига туртки бўлган.

Ушбу воқеалар давомида Атамбаевнинг машинаси ўққа тутилган эди. Ўшанда унинг ҳаётига суиқасд қилингани эълон қилинган. Унинг тарафдорлари митинги яқинида эса Атамбаев билан бирга тергов ҳибсхонасидан озод қилинган собиқ бош вазир Сапар Исоқовнинг машинаси ҳам ўққа тутилган.

Ўша куни Бишкекда фавқулодда ҳолат ва комендант соати жорий қилинган ҳамда шаҳарга зирҳли машиналар киритилган. Атамбаев 10 октябрь куни яна қўлга олинган. Собиқ президентнинг адвокати аслида унинг тарафдорлари ҳужумга учраганини айтди.

Озарбайжонда Арманистоннинг 13 ҳарбий хизматчиси олти йилга қамалди

Озарбажон қамоқхоналарида қанча арман ҳарбийси сақланаётгани маълум эмас.

Озарбайжон суди Арманистон қуролли кучларининг 13 нафар ходимини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда ҳамда қурол сақлашда айбдор деб топиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Боку суди бу қарорни 22 июль куни кечқурун чиқарди. Ҳарбийлар жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин, ватанига бадарға қилинади.

Судланган ҳарбийлар 2020 йилнинг декабрида Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут туманида Озарбайжон кучлари томонидан асир олинган 60 дан ортиқ арман ҳарбий орасида бўлган.

Ўшандан бери ҳарбийларнинг қарийб ярми мина ўрнатилган жойлар кўрсатилган хариталар эвазига Ереванга топширилди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди. Ноябрда тугаган тўқнашувлар 6 мингга яқин одам умрига зомин бўлди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

Беларусда ПЕН-марказни тугатиш бўйича Олий судга даъво аризаси киритилди

Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич

Беларусь Адлия вазирлиги Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич бошчилигидаги ПЕН-марказни тугатиш ҳақида Олий судга даъво аризасини киритди.

Ташкилотга 22 июль куни суддан келган хатда Адлия вазирлиги аризаси бўйича фуқаровий иш қўзғатилгани ҳақида айтилган. Хатда ПЕН-марказ вакилларидан маҳкама жараёнига ҳозирланиш учун 20 июль куни соат 10 да сўроққа келиш сўралган. Бу ҳақда Озодликнинг беларус хизмати ПЕН-марказ раисининг ўринбосари Татьяна Нядбай сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Пайшанба куни Беларусь ПЕН-маркази Минск расмийларини маданият арбобларига қарши репрессив сиёсат юритаётганликда айблангани маълум бўлганди. Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда маданият ходимларига қарши 620 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган, бу эса 2020 йил ичида кузатилган ҳолатлар жамидан ҳам кўпроқдир.

“Айтиш мумкинки, президент сайлови ўтган 2020 йил августидан кейин айниқса кучайиб кетган босим ва репрессиялар ҳалигача сусаймаяпти, билъакс янги-янги шакл олиб, кўлами тобора кенгайиб бормоқда”, дейилган ПЕН-марказ ҳисоботида.

Адлия вазирлиги Беларусь Журналистлар ассоциациясининг тугатилиши бўйича Олий судга даъво аризасини киритгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

COVID-19: Қозоғистонда кунлик вирус юқтириш ҳолатлари 6 мингдан ошди

Қозоғистонда 22 июль куни коронавирус инфекцияси коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича 6119 та ҳолат қайд этилган. Бу пандемия бошланганидан бери мамлакатда қайд этилган энг катта кунлик кўрсаткичдир. Бундан аввалги антирекорд чоршанба куни қайд этилган бўлиб, ўшанда кунлик ўсиш 5708 та ташкил этганди.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилнинг март ойидан бери Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 516 минг 117 нафарга етган.

Беморлар сони мамлакатда коронавируснинг “Дельта” штамми аниқланганидан бери кескин кўтарилиб бормоқда.

Хасталикка чалиниш ҳолатлари энг кўп пойтахт Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида кузатиляпти. Пайшанба куни Нур-Султонда 1381 кишининг, Олмаотада эса 996 кишининг вирус юқтириб олгани аниқланган.

Ўзбекистоннинг ён қўшниси бўлган Қозоғистон ўзбек муҳожирлари ишлаш учун энг кўп борадиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

“Толибон” вакили ўзбек-афғон чегарасининг катта қисми ҳаракат назорати остида эканини иддао қилди

Ўзбек-афғон чегараси

“Толибон” радикал ҳаракати айни пайтда Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги толибларнинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

З. Мужоҳидга кўра, Афғонистоннинг Эрон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегаралари ҳозирда “Толибон” ҳаракати томонидан тўла назоратга олинган.

“Афғонистон-Ўзбекистон чегарасининг катта қисми ҳам толиблар назорати остида, фақат Калдардаги Ҳайратонгина Кобул назорати остидадир”, деган “Толибон” вакили.

Аввалроқ Москвада матбуот анжумани ўтказишган “Толибон” вакиллари Афғонистон ҳудудининг 85 фоизидан кўпроғи ҳаракат томонидан назоратга олинганини иддао қилишганди.

Ўтган бир ой ичида “Толибон” ҳаракати, маълумотларга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни минтақаларида йигирмадан ортиқ туман назоратини қўлга киритган.

Толибларнинг ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кета бошлагани ортидан кучайган.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара узунлиги 137 километрни ташкил қилади.

Туркия: Прокуратура Бишкекдан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инандига 22,5 йиллик қамоқ жазоси сўради

Ўрхан Инандини топиш талаби билан Бишкекда ўтказилган норозилик акциясидан лавҳа, 2021 йил 16 июни

Анқара прокуратураси суддан Қирғизистон пойтахти Бишкекдан ўғирлаб кетилган Ўрхан Инандини 15 йилдан 22,5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган. Бу ҳақда Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, Ў. Инандига “қуролли террорчилик ташкилотини бошқариш” айблови қўйилган, прокуратура ишни судга оширган.

Ўрхан Инанди Туркияда таваллуд топган бўлиб, Қирғизистонга 1995 йилда келган, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. У раҳбарлик қиладиган “Сапат” (аввалги номи “Себат”) халқаро таълим муассасаси 16 та лицей, “Алатўў” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ҳамда 4 та тўлиқсиз ўрта мактабни ўз ичига олади.

Инанди 1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ғойиб бўлганди. Мазкур ҳолат бўйича қирғиз милицияси мамлакат Жиноят кодексининг 170-моддаси (“Одам ўғирлаш”) билан жиноят иши очган. Кейинроқ уни Интерпол орқали халқаро қидирувга беришган.

5 июль куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон халққа мурожаати чоғида турк махсус хизматлари Ўрхан Инанди мамлакатга келтирганини, унинг таъбирича, “ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси” бўлмиш Инанди турк адлиясига топширилганини маълум қилган эди.

Бокуда "Арманистонга ёлланган" россиялик қамалди. Судланувчи Озарбайжон махсус хизматига мансублигини айтди

Тоғли Қорабоғдаги Степанакерт шаҳри манзараси.

Баку суди Россия фуқароси Эдуард Дубаковни 10 йилга озодликдан маҳрум этди. Суд ҳукмида қайд этилишича, Дубаков Тоғли Қорабоғда Арманистон армияси ўтказган ҳарбий машғулотларда ёлланма аскар сифатида иштирок этган. Суд уни арманларни террорчиликка ўргатганликда, жиноий тил бириктиришда ва Озарбайжон ҳудудини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топди.

Айблов хулосасида таъкидланишича, Дубаков Тоғли Қорабоғнинг Келбажар туманида ўтказилган ҳарбий машғулотларда Арманистон томонида бўлган VOMA жангари ташкилоти таркибида иштирок этган. 2021 йилнинг 14 январида у “провокациялар уюштириш мақсадида” Туркиядан Бокуга келган пайтда қўлга олинган. Озарбайжон махсус хизмати россиялик Бокуда террор ҳаракатини амалга оширишни режалаштирганини айтмоқда.

Дубаков судда ўзига билдирилган айбларни тан олмади. У ўзининг сўнгги сўзида Тоғли Қорабоққа Озарбайжон ҳукуматининг топшириғи билан борганини, 2018 йилдан бери Озарбайжон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишини айтган.

Дубаковга кўра, 2021 йилнинг январида махсус хизмат уни пул мукофотини олиб кетиш учун Бокуга чақирган ва қўлга олган.

Чехия суди Украина шарқидаги урушда иштирок этган беларусни 21 йилга кесди

Украин ҳарбийси.

Чехия апелляция суди Украина шарқидаги Донбасс ҳудудидаги урушда россияпараст исёнчилар тарафида жанг қилган 41 ёшли беларус Алексей Фадеевни террорчиликда айбдор деб топди ва 21 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Маълум қилинишича, узоқ йиллардан бери Чехияда яшаб келган Фадеев 2014 йилнинг октябридан 2016 йилнинг майигача россияпараст исёнчилар сафида жанг қилиш учун Украинага борган.

Биринчи инстанция суди Фадеев жангларда бевосита иштирок этмаган, фақат кўмак кўрсатиш ишларида иштирок этган деб қарор чиқарган ва уни 4,5 йилга кесган эди. Бироқ прокуратура бу қарор устидан апелляция судига шикоят аризаси киритганди.

Хитой коронавирус лабораториядан сирқиб чиққани тўғрисидаги таҳминларни текширишдан бош тортди

Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 келиб чиқиши юзасидан суриштирувига ҳамкор бўлишдан бош тортди.

Суриштирувнинг иккинчи босқичида вирус Ухандаги лабораториядан сирқиб чиққан бўлиши мумкин, деган таҳмин текширилиши лозим эди.

Хитой ҳукумати бу таҳминни бутунлай рад этган ҳолда, коронавирус мамлакатга хориждан кириб келган деган версияни текширишни талаб қилмоқда.

COVID-19 лабораториядан келиб чиққани тўғрисидаги версия касаллик тез тарқала бошланган пайтдаёқ пайдо бўлган эди.

Бу версия тарафдорлари Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирус ва SARS зотилжамини ўрганувчи жаҳондаги энг йирик лаборатория жойлашганини далил сифатида келтиради.

Аргентина ҳукумати эркак ва аёлдан ташқари “учинчи жинс” борлигини тан олди

Аргентина президенти Альберто Фернандес.

Аргентинада фуқароларга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда “аёл” ва “эркак”дан ташқари “учинчи жинс”ни белгилаш ҳуқуқи берилди. “Учинчи жинс” ҳужжатларда “Х” тамғаси билан белгиланади. Бу ҳақда президент Альберто Фернандес маълум қилди.

“Ҳукумат учун кимнинг аёл ва кимнинг эркак экани муҳим эмас. Муҳими фуқароларнинг ўқиётгани ёки ишлаётгани, вакцина олаётгани, солиқ тўлаётганидир. Уларнинг жинсий ориентацияси муҳим эмас”,-деди президент.

2020 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес Лотин Америкасида бир жинсли ва икки жинсли фуқаролик иттифоқларини легаллаштирган биринчи шаҳарга айланган эди. 2010 йилдан эса Аргентинада бир жинсли никоҳларга рухсат берилган.

Июнь ойининг охирларида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен паспорт олаётган фуқароларга ўз жинсини мустақил танлаш ҳуқуқи берилишини эълон қилганди. Нью-Йорк аҳолиси эса 2018 йилдан бери “эркак” ва “аёл”дан ташқари “аниқ эмас” деган жинсни танлаш ҳуқуқига эга.

Узоқ йиллар давомида фақат Австралиядагина фуқаролар ўз жинсини мана шу тарзда аниқлаш ҳуқуқига эга эди.

Тожикистон армиясининг жанговар шайлиги текширилмоқда

Душанбе. Жанговар шайликни текшириш амалиёти 22 июнда ўтказилди.

Тожикистон ҳукумати қўшинларнинг тайёргарлигини текшириш мақсадида ўз армиясини юқори жанговар шайликка келтиргани тўғрисида маълум қилди.

Президент Эмомали Раҳмон фармонига асосан Тожикистон юз минг аскарни, захирадаги 130 минг ҳарбийни, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларини мобилизация қилди.

Жанговар шайликни текшириш амалиёти 22 июнда ўтказилди. Бу Тожикистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор ўтказилаётган кенг кўламли текширув бўлди.

Текширув жараёнида захирадаги 20 минг аскар чегара қўшинлари таркибини мустаҳкамлаш мақсадида Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги ҳарбий қисмларга жўнатилди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Тожикистон ва Россия Қуролли кучлари билан ҳамкорликда Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳудудида 1 августдан 10 августгача қўшма ҳарбий машғулот ўтказиши билдирилган.

Хитойдаги сув тошқинида ўлганлар сони 33 кишига етди

20 июлда Чжэнчжоу шаҳрида бошланган сув тошқинларига кучли жала ёққани сабаб бўлди.

Хитойдаги сув тошқинида ўлганлар сони 33 кишига етди
Хитойнинг Хэнань вилоятидаги сув тошқинлари 22 июль куни ҳам тўхтамади. Расмийлар бир неча кундан бери давом этаётган табиий офат оқибатида 33 киши ўлганини, 3 миллион киши жабрланганини билдирмоқда.

20 июлда Чжэнчжоу шаҳрида бошланган сув тошқинларига кучли жала ёққани сабаб бўлди. Маълум қилинишича, уч кун ичида Чжэнчжоуга бир йиллик ёмғир нормаси ёққан. 10 миллион киши яшайдиган бу шаҳар кўчалари деярли дарёга айланди.

Хабарларда айтилишича, Чжэнчжоуга 6 кундан бери ёғаётган жала оқибатида юз минглаб деҳқонлар ҳосилсиз қолди. Жала ва сув тошқини қутқарув ишларини олиб боришга ҳалақит бермоқда.

Украина президенти “Туб халқлар тўғрисида”ги қонунни имзолади

Қрим. Қримтаталар масжиддан чиқмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский “Туб халқлар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонунда Украинада миллий озчиликни ташкил этадиган қримтатар, қараим ва қримчақ каби халқлар мамлакатнинг “туб халқи” сифатида эътироф этилади.

Мазкур қонун Зеленский ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Олий Радада 1 июль куни қабул қилинган эди.

Қонунга асосан “Украина яшовчи, тили, урф-одатлари ва маданияти шаклланган, аммо давлат тузуми мавжуд бўлмаган этник озчиликни ташкил қилувчи туб халқлар” ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.

Қонун расман эълон қилинган кунидан кучга кирди. Мазкур қонуннинг қабул қилинишини Кремль расмийлари қоралади.

Токио Олимпиадаси очилиш маросими режиссёри 23 йил олдин Холокост устидан кулгани учун ишдан кетди

Олимпиада ташкилий қўмитаси раиси Сэйко Хасимото.

Токио Олимпиадаси тантанали очилишига бир кун қолганида маросим режиссёри, комик Кэнтаро Кобояси 1998 йилда Холокост мавзусида хазил қилгани ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жанжалга сабаб бўлгани ортидан ишдан олинди.

“Кобояси бир неча йиллар аввал тарихнинг бу фожиавий эпизоди устидан кулгани аниқланди”,-деди Олимпиада ташкилий қўмитаси раиси Сэйко Хасимото.

Режиссёрнинг ўзи бундан 23 йил аввал қилган ҳазили учун “афсусда экани” тўғрисида билдирди. Ўшанда Кобояси “Келинглар, Холокост ўйнаймиз” деб, геноцид қурбонлари рамзи сифатида қоғоздан ясалган одам шаклларини ерга сочиб ташлаган эди.

Бир неча кун олдин Олимпиада ўйинлари композитори бўлган 52 ёшли Кэйго Оямада ҳам ишдан бўшатилганди. Бунга унинг 1994 йилда берган интервьюси сабаб бўлган. Ўшанда у мактабда ўқиётганида имконияти чекланган синфдошларини мазаҳ қилганини тан олган.

Февраль ойида аёлларни камситгани учун Япония собиқ бош вазири Ёсиро Мори Олимпиада ташкилий қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилганди.

Беларусь: Адлия вазирлиги Журналистлар ассоциацияси ёпилишини талаб қилмоқда

Беларусь журналистлар ассоциацияси раисининг ўринбосари Борис Гарецкий

Беларусь Адлия вазирлиги мамлакатда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятига нисбатан қатағон сиёсати кучаяётгани манзарасида журналистлар бирлашмасини ёпишга уринмоқда.

21 июль куни Адлия вазирлиги “қонунни бир неча маротаба бузган” Беларусь журналистлар ассоциациясини (БЖА) тугатиш тўғрисидаги талабнома билан Олий судга мурожаат қилган. Даъво аризаси расмийлар 20 июль куни БЖАнинг барча банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйгани ортидан берилган. Ўтган ҳафта бирлашманинг офисларида тинтувлар ўтказилган эди.

“Афтидан, бу ташкилотга қарши аёвсиз репрессив кампания”, деган БЖА раисининг ўринбосари Борис Гарецкий.

Адлия вазирлиги Журналистлар ассоциацияси қатор ҳужжатларни (ижара шартномалари ва бошқалар каби) тақдим этиш бўйича талабни бажармаганини иддао қилмоқда. БЖА эса ҳужжатларни тақдим этиш учун уларга бор-йўғи бир неча кун берилгани, тинтувлардан кейин офислари муҳрлаб қўйилгани учун ассоциация жавоб хати тайёрлашга улгурмаганини билдирган.

Журналистлар ассоциациясини тугатишга оид даъво аризаси Минск томонидан мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши кампания фаоллашгани манзарасида берилди. Ассоциация маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда расмийлар ОАВ таҳририятлари ва журналистлар уйларида 66 та тинтув ўтказган, 32 нафар журналист эса ҳибсда ушлаб турилибди.

Москва вилоятидаги муштлашувда иштирок этган мигрантлардан тўрт нафари қўлга олинди

Москва вилоятида полиция ўзаро муштлашган ва ўқотар қурол қўллаган тўрт кишини қўлга олиб, ички ишлар бўлимига келтирган. Бу ҳақда Россия ИИВнинг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот котиби Татьяна Петрова маълум қилган.

18 июлга ўтар кечаси Москва вилоятининг Апрелевка шаҳарчасида 20 га яқин муҳожир муштлашган, можарода ўқотар қурол ишга солинган.

“Апрелевкадаги тамаддихоналардан бири яқинида муштлашув чиқиб, ўқотар қурол ишлатилгани ҳақида хабар олдик. Полиция жанжал иштирокчиларидан тўрт нафарини аниқлаб, бўлимга келтирди. Улардан бирининг ёнидан травматик тўппонча топилиб, олиб қўйилди. Дастлабки тахминга кўра, ўқ ушбу қуролдан узилган”, деган Татьяна Петрова ТАСС агентлигига.

Ҳолат юзасидан РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси (“безорилик”) бўйича жиноят иши очилган. Полиция жанжалнинг бошқа иштирокчиларини қидирмоқда.

Аниқланишича, муштлашув Марказий Осиёдан борган мигрантлар ўртасида юз берган. Аммо агентлик манбаси уларнинг айнан қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритган эмас.

Татьяна Петровага кўра, муштлашув иштирокчилари таёқ, шиша идиш ва ўқотар қуролни ишга солишган. Можаро оқибатида ўша атрофда турган бир неча енгил автомобилга шикаст етган. Маҳаллий аҳоли полицияни чақирган.

Олмаотага парвоз қилаётган учоқда сигарет чеккан ўзбекистонлик аёлга $340 жарима солинди

Air Astana авиаширкати учоқларидан бири

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аэропортида Тошкентдан учиб келиш чоғида Air Astana авиаширкатига қарашли учоқ бортида электрон сигарета чеккан ўзбекистонлик аёл қўлга олинди.

“Казинформ” агентлиги хабарига кўра, Транспорт полицияси вакиллари томонидан парвоз чоғида учоқда бўлиш тартибини бузган 32 ёшли аёлга нисбатан маъмурий баённома тузилган ва ойлик ҳисоб кўрсаткичининг (ОҲК) 50 баробари миқдорида жарима тайин этилган.

Агар Қозоғистонда шу кунда ОҲК 2917 тенгега тенг экани эътиборга олинса, ўзбекистонлик тартиббузар йўловчи эндиликда 145 минг 850 тенге (тақрибан 340 АҚШ доллари) миқдорида жарима тўлаши кераклиги ойдинлашади.

Литва ноқонуний мигрантларни ярим йилгача ҳибсда сақлаши мумкин

Литвадаги қочқинлар лагерида турган камерунлик муҳожирлар, 2021 йил июли

Литва президенти Гитанас Науседа ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ инқирозли вазият юзага келиши муносабати билан хорижликларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги қонунга тузатишларни имзолади. Бу ҳақда Delfi нашри хабар қилган.

Тузатишлар бошпана беришга оид илтимосномани кўриб чиқиш муддатини ўн кунга қисқартиради ва бошпана сўровчиларни биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқидан абадиян маҳрум қилади.

Бундан ташқари, агар бошпана сўровчи шахс Литвага ҳарбий ҳолат ва фавқулодда вазият шароитида ноқонуний келган бўлса, давлат уни олти ойгача ҳибсда сақлашга ва манзилгоҳ ҳудудини тарк этиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли бўлди.

Науседа ҳужжат инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қусурли эканини тан олган. Шундай бўлса-да, президентга кўра, Литва-Беларусь чегарасида мигрантлар билан юзага келган фавқулодда вазият манзарасида бирон-бир норматив ҳужжатсиз қолгандан кўра лоақал шунақа қонун бўлгани маъқул.

Ёзда Литва Беларусь ҳудуди орқали ЕИга қочаётган қочқинлар сони кескин кўпайганини маълум қилганди. Аксари мигрантлар Минскка Туркия ва Ироқдан келишган. ЕИнинг Frontex чегараларни қўриқлаш агентлиги Литва-Беларусь чегарасида ўз миссиясини жойлаштирган.

Евроиттифоқ мигрантлар оқимини ташкил қилиб, уларни ЕИ ҳудудига ноқонуний ўтказаётган тузилмаларга Беларусь ҳукумати ҳомийлик қилаётганини таъкидламоқда. Литва ҳукуматига кўра, Минск қочқинлардан Александр Лукашенко режимига қарши санкциялар жорий этган ЕИга сиёсий босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланяпти.

Лукашенко фикрича эса, ЕИ санкциялар жорий этаркан, ўз манфаатларини ҳимоя қилишни талаб қилишга ҳаққи йўқ.

АҚШ ва Германия “Шимолий оқим-2” масаласида келишувга эришди

Қўшма Штатлар ва Германия “Шимолий оқим-2” лойиҳасини Америка санкциялари жорий этилмасдан якунлашга келишишди. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд маълум қилган.

Унинг айтишича, Вашингтон ва Берлин Россия газининг Украина орқали транзит қилиниши ҳақидаги шартнома 10 йилга узайтирилишига эришмоқчи. Амалдаги битим муддати 2024 йилда тугайди.

Нуланднинг таъкидлашича, АҚШ ва Германия Украинанинг Россия гази транзити ва таъминотига иқтисодий қарамлигини камайтиришга интилади. Бундан ташқари, Россия энергия ресурсларидан бошқа мамлакатларга босим ўтказишда фойдалангудек бўлса, Германия ҳукумати Москвага нисбатан санкция қўлланилишига эришади.

Икки мамлакатнинг АҚШ давлат департаменти сайтида эълон қилинган қўшма баёнотига кўра, Берлин томонидан Украинага энергия ресурслари манбаларини дивесификация қилиш учун 70 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам тақдим этилади. Шунингдек, Германия Украинанинг энергия хавфсизлигини дастаклаш мақсадида 1 миллиард долларлик “яшил жамғарма” тузади.

Россия президенти Владимир Путин ҳамда ГФР канцлери Ангела Меркель телефон орқали мулоқоти чоғида “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилиши якунланаётганидан мамнунлик билдирганлар. Бу ҳақда Кремлнинг матбуот хизмати маълум қилган.

Давлат раҳбарлари газни Европага Украина ҳудуди орқали етказиб бериш бўйича Москва билан Киев ўртасида тузилган шартнома муддатини узайтириш имкониятини муҳокама қилишган. Россия президенти яқинда Олий Рада қабул қилган “Украинанинг туб халқлари тўғрисида”ги қонун эътибор қаратган ва уни Украинада яшовчи рус миллатига мансуб аҳолини камситувчи ҳужжат деб атаган, дейилган Кремль баёнотида.

“Нафтогаз Украини” раҳбари Юрий Витренко расмий Киев лойиҳага муносабатини ўзгартирмаслигини урғулаган. “Газ қувури мамлакат ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солади”, деган Витренко.

Байден ва Зеленский 30 август куни Оқ уйда учрашишади

Вашингтондаги Оқ уй биноси

АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Володимир Зеленскийни Оқ уйда шу йилнинг 30 куни қабул қилади.

Байден маъмурияти баёнотида мазкур ташриф Россия томонидан Донбассда тажовузкорона ҳаракатлар давом эттирилаётгани ва Қрим аннексия қилингани қабатида Қўшма Штатлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини астойдил дастаклашини тасдиқлаши урғуланган.

Ўз навбатида, Зеленский Твиттердаги ўз саҳифаси орқали Байден билан сермазмун учрашув ўтказиши умид қилаётганини билдирган. Украина президентига кўра, у Байден билан Донбассда тинчлик ўрнатилиши ҳамда Қрим реинтеграцияси масалаларини муҳокама қилмоқчи.

АҚШ ва Украина президентлари учрашишни режалаётганлари ҳақида шу йил июнь ойи бошидаёқ маълум бўлганди. Ўшанда Байден Украина суверенитетини қўллаб-қувватлаш борасида ўз позициясини тасдиқлаган.

Америка нашрларига берган интервьюсида Зеленский Россия-АҚШ саммитига қадар Байден билан учрашиб, “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишини муҳокама қилиш нияти борлигини билдирган эди. Мазкур саммит 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтган.

Самарада 23 ўзбекистонликнинг заҳарланишига сабаб бўлганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат.

Самара вилоятининг Тольятти шаҳридаги хостеллардан бирида 23 нафар ўзбекистонлик муҳожирнинг заҳарланишига сабаб бўлган “Хузур” масъулияти чекланган жамият раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда 21 июль куни Россия ахборот агентликлари хабар берди.

Самара вилоят Тергов қўмитасининг билдиришича, Тольятти шаҳар Тупик проездидаги Хостел мижозларини 1997 йилда ташкил этилган “Хузур” масъулияти чекланган жамият озиқ-овқат билан таъминлаб келган.

Мазкур жамият ходимлари ва раҳбарларига нисбатан Жиноят Кодексининг 238 моддаси 1-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни ёки хизматни амалга ошириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

20 июлга ўтар кечаси Тольятти шаҳридаги хостеллардан бирида 23 нафар ўзбекистонлик заҳарлангани тўғрисида хабар берилган эди. Улардан 13 нафари заҳарланиш симтомлари билан 5-сонли Тольятти шаҳар клиник касалхонасига ётқизилган эди.

Мазкур воқеа ортидан текширув ва суриштирув ишлари бошланганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG