Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:03

OzodDayjest: “Ўзбекистонликлар Америка қулларидан ҳам оғирроқ юмушга мажбурланган”


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев яқин тарихда ўзбек пахтакорлари аҳволи XIX асрда Америкада яшаган қуллар ҳолидан ҳам забунроқ бўлганини қайд этди. Қашқадарёда шантажни тирикчилик воситасига айлантирган икки шахс қамалди. Халқ дардидан бехабар ваъдабоз депутатлар танқид қилинди.

_____________________________________________________________

Ўзбек ёзувчиси ўз юртдошлари Америка қулларидан ҳам оғирроқ юмушга мажбурланганини урғулади

“Оскар” мукофотига лойиқ кўрилган “12 йил қулликда” фильмида ҳикоя қилинган қулларнинг оғир юмушлари яқин тарихда Ўзбекистон аҳолиси зиммасига юкланган мажбуриятлар олдида ҳолва, деб ҳисоблайди ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев (“Ҳуррият”, 7 март). Ҳолливуд фильмида XIX асрда Америкадаги қуллар оғир юмушларга, хусусан, пахта теришга мажбурлангани ҳикоя қилинади. Қулларга кунига 200 фунт – қарийб 91 килограмм пахта мажбурияти юкланади. Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг хотирлашича,талабалик кезлари улардан кунига 100 килограмм “оқ олтин” нормасини бажариши талаб этилган. Бу талабни бажармаган “халқ душманлари” кечқурун, трактор чироқлари ёруғида яна далага чиқарилган. Далада маҳаллий аёллар орасида 200-300 килолаб пахта терганлар ҳам бўлган. Ўз даврида СССР халқ депутатларининг биринчи съездида маъруза қилган атоқли ёзувчи Одил Ёқубов ҳам Америкадаги ҳатто тошбағир оқтанли фермерлар плантацияларида ишлаган қулларни яхшилаб боққани, аммо ўзбекистонликлар жазирамада 12 соатлаб ишлагани, заҳарли химикатлар сабабли турли оғир хасталикларга чалинганини танқид қилган.

“Депутатларнинг чекка ҳудудларда халқ билан мулоқот қилаётгани ёлғон”

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 17-мактаб томи қулаб тушиши мумкин, аммо таълим масканини таъмирлаш неча йилдан бери пайсалга солиб келинмоқда. Бу ҳақда “Даракчи” нашрига шу туманлик фахрий педагог Нўъмонжон Кўпайсинов шикоят қилган. Фавқулодда вазиятлар идораси мактаб нураб бораётгани ҳақида далолатнома тузган. Бу борада 10 та давлат идорасига, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматовага мурожаат қилинган, аммо фойдаси бўлмаган. Педагог Н.Кўпайсиновга кўра, Ф.Эшматова сайловолди учрашувни айни шу хароб мактабда ўтказиб, депутатликка сайланса, янги мактаб қурилишига ваколати доирасида ёрдам қилишга ваъда берган. Аммо депутат ёрдам бериш уёқда турсин, мактаб директорининг расмий хатига жавоб йўллашга ҳам ярамаган. Таъкидланишича, қашқадарёлик фахрий педагогнинг аризабозликдан топган ҳақиқати шуки, айрим депутатларнинг чекка ҳудудларда халқ билан мулоқот қилаётгани ҳақидаги гаплари ёлғон.

Қашқадарёда икки киши “ёзғувчилиги” учун қамалди

Қашқадарёда қоғоз ва қаламни жиноят қуролига айлантирган икки киши озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 8 март). Вилоят прокуратураси вакили Баҳодир Эркаевга кўра, Деҳқонобод туманида яшовчи 58 ёшли Сайлов Тошқулов ва 42 ёшли Норменгли Баккаев товламачилик ва шантаж йўли билан кўплаб одамларга зарар еткизган. Мазкур шахслар бир қанча кафе ва чойхоналарга бориб овқатлангач, улар устидан хизмат сифати ёмон деган мазмунда шикоят ёзган. Сўнг шикоятни кафе ва чойхона раҳбарларига кўрсатиб, уни тегишли идораларга юбормаслик эвазига пул талаб қилган. Шу тариқа икки шахс товламачилик ва шантажни тирикчилик воситасига айлантирган. Қайд этилишича, “ёзғувчилар”га жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди 7 йилу 6 ой ва 7 йилу 7 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG