Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 14:37

OzodDayjest: Россия элчиси Карповнинг ўлдирилишини “адолатли” деб баҳолаган сурхондарёлик 5 йилга қамалди


Сурхондарёлик Олим Хидиров Фейсбукда экстремистик ғояларни тарғиб қилганликда айбланган.
Сурхондарёлик Олим Хидиров Фейсбукда экстремистик ғояларни тарғиб қилганликда айбланган.

Ижтимоий тармоқда экстремизм тарғиботида айбланган шўрчилик устидан ҳукм ўқилди. Ўзбекистонда дори-дармон бозорининг 74 фоизи импорт ҳисобидан қондирилмоқда. Алишер Навоий роботлар хақида илмий башорат қилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Фейсбукда экстремистик ғояларни тарғиб этишда айбланган сурхондарёлик 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Ижтимоий тармоқларда, хусусан, Фейсбукда видеомурожаатлар эълон қилиб, экстремистик ғояларни тарғиб этиб келган Олим Хидиров жиноятлар ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди ҳукмига биноан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Даракчи”, 8 февраль). 1969 йили Сурхондарё вилоятнинг Шўрчи туманида туғилган О.Хидиров ИШИД, “Ҳизбут таҳрир” каби радикал ташкилотлар фаолияти тарғиб этилган видеоролик ва матнларни ҳам тарқатиб келган. 2016 йил 23 декабрь куни Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карповнинг ўлдирилиши бутун дунёда террористик акт сифатида тан олинган эди. Қайд этилишича, Олим Хидиров россиялик дипломатнинг қатлини “адолатли ижро” деб атаган. Хабарга кўра, О.Хидировнинг уйида ҳуқуқ-тартибот органлари тинтув ўтказганида, халифалик давлатини тузишга даъват этувчи, Ўзбекистон давлат тузумига қарши кайфиятдаги варақалар топилган.

Маҳаллий дори ширкатлари асосан хориждан тайёр маҳсулот олиб келиб қадоқлаш билан шуғулланмоқда

Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари ҳали ҳам асосан хориждан тайёр маҳсулот олиб келиб қадоқлаш билан шуғулланмоқда, тизимда замонавий технологиялар умуман қўлланилмаяпти (“Оила даврасида”, 8 февраль). Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда фармацевтика соҳасининг бугунги ҳолати танқидий баҳоланган. Ички бозордаги талабнинг 74 фоизи импорт ҳисобидан қондирилмоқда. Ҳолбуки, импорт қилинаётган 6 минг 824 номдаги хорижий дорининг ярмидан кўпини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мумкин. Жорий йил йилда 1000 та ижтимоий дорихона ва фармацевтика йўналишида 7 та эркин иқтисодий зона ташкил этиш бўйича ҳужжат қабул қилинган бўлса-да, бу борада ҳали амалий ишга ўтилмаган. Йиғилишда соҳадаги вазиятни ўнглаш лозимлиги таъкидланган.

“Алишер Навоий телевизор, кондиционер, эскалатор хусусидаги фаразларни илгари сурган”

Айни кунларда таваллудининг 577 йиллиги нишонланаётган улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий замонавий технологиялари хусусидаги илмий фаразларни илгари сурган (“XXI аср”, 8 февраль). Қайд этилишича, шоирнинг донишмандликка йўғрилган байтлари қатига илмий кашфиёт ва фаразлар сингдириб юборилган. “Шеърият султони тахайюл отида шунчалар узоқларга парвоз этолганки, унинг олдида нафақат тезлик, балки вақт – асрлар ҳам чикора”, деб ёзади газета. Мақолада айтилишича, Навоий телевизор, робот, эскалатор, батискаф, двигатель, кондиционер каби замонавий қурилмалар ҳақидаги илмий фаразларни баён этган. Масалан, “Фарҳод ва Ширин” достонида ғаройиб тимсоллар жилва этадиган “ойнаи жаҳон” ҳақида сўз боради. “Сабъаи сайёр”да эса эскалатор ва лифт ҳақидаги фаразлар илгари сурилган. Қайд этилишича, Навоий шу тариқа 1892 йили америкалик кашфиётчи Жесси Рено ясаган эскалаторнинг назарий асосларини бир неча аср аввал баён этган. Мақолада Навоий ижодида бундай рамзлар, ўз даври учун ғайриоддий бўлган қурилмалар ҳақидаги башоратлар беҳисоб экани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG