Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 12:28

Президентга 1500 иш ўрни яратилади деб топширилган Ғозғондаги корхонада 26 одам ишлаяпти


"Мармаробод" ДУК президент келишига ҳозирлик арафасида.

Президентга "бир ярим мингга яқин иш ўрни" яратадиган лойиҳа сифатида тақдим этилган давлат корхонаси ишчилари сони бугун 20 нафарга ҳам етмайди.

Навоий вилоят, Нурота туман, Ғозғон шаҳарчасидаги "Мармаробод" давлат унитар корхонаси айрим собиқ ва жорий ишчилари Озодликка шундай хабар юборди.

Жорий йил 12 март куни президент Мирзиëев "Мармаробод" корхонасига бориб¸ тоғ жинсларидан “жаҳондаги муқобилларидан қолишмайдиган пардозбоп маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни” билан танишган эди.

2019 йилнинг 12 март куни Шавкат Мирзиëев "Мармаробод" корхонасидаги иш жараëни билан танишган эди.
2019 йилнинг 12 март куни Шавкат Мирзиëев "Мармаробод" корхонасидаги иш жараëни билан танишган эди.

Корхонадаги вазиятдан бевосита хабардор ғозғонликларга кўра¸ президент келиши арафасида олиб келинган техника ва жиҳозлар президент кетиши билан ғойиб бўлган ва ҳозирда бу корхона техника йўқлиги боис ишчилари сонини қисқартиришга мажбур бўлган.

Корхона бош муҳандиси Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни рад этди.

Президент кўрсинга қурилган корхона?

Нурота туманининг Ғозғон шаҳарчасида жойлашган “Мармаробод” давлат унитар корхонаси Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йилнинг 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи пайтида берган топшириғига мувофиқ пайдо бўлган.

Корхона таъсисчилари¸ расмий маълумотга кўра¸ Навоий вилоят ҳокимлиги ва “Ўзқурилишматериаллар” уюшмасидир.

2018 йил бошида бетон пойдевори қуйилган бу корхонани битириш ишлари¸ ғозғонликларнинг айтишича¸ “президент келиб кўраркан”¸ деган хабар чиқиши ортидан¸ ўша йил охирига бориб тезлашиб кетган ва асосий иш бир-икки ой ичида тугатилган.

“12 январь куни Навоий вилояти Нурота туманидаги Ғозғон қишлоғида “Мармаробод” давлат унитар корхонаси фойдаланишга топширилди. У гранит блоклари, плиталари ва гранитдан турли буюмлар (йўл ва тротуар бордюрлари, йирик ҳажмдаги плиталар (сляблар), брусчаткалар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган”¸ деб ëзди 2019 йил бошида ўзбек расмий нашрлари.

"Мармаробод" корхонасига алоқадор ғозғонликлардан Озодликка юборилган хабарлардан бири.
"Мармаробод" корхонасига алоқадор ғозғонликлардан Озодликка юборилган хабарлардан бири.

Озодликка боғланган ғозғонликлар корхонанинг ишга туширилиши¸ аниқроғи¸ унинг президентга тақдим этилишида “йўқ нарсалар бор қилиб кўрсатилгани”ни иддао қилди.

Президент келишига (2019 йил, 12 март – таҳр.) янги техникалар олиб келинди¸ иш бошланди¸ президент кетиши билан корхона банкротга учради. Ишчиларга ойлик вақтида берилмаганидан кейин улар ўтган ой бир кун ишга чиқмади - иш ташлашди. Амаллаб пул топиб беришди. Лекин анча одам ишдан кетди¸ ойлик жуда кам¸ шуниям вақтида бермаяпти”¸ деди исми очиқланишини истамаган корхона ишчиларидан бири.

Президент матбуот хизматига кўра¸ «Мармаробод» давлат унитар корхонаси учун 6 гектар ер ажратилган ва унинг ишга туширилиши учун 10 миллиард сўм (тақрибан 1 миллион 200 минг АҚШ доллари) маблағ сарфланган.

2019 йилнинг 12 март куни Шавкат Мирзиëев "Мармаробод" корхонасидаги иш жараëни билан танишган эди.
2019 йилнинг 12 март куни Шавкат Мирзиëев "Мармаробод" корхонасидаги иш жараëни билан танишган эди.

“Хориждан 655,5 минг долларлик технология олиб келиниб, йилига 24 минг квадрат метр гранитни қайта ишлаш имконияти яратилди. Қирқ киши иш билан таъминланди”¸ деб ëзди бу корхона ҳақида президент матбуот хизмати.

Корхона ишчиларининг иддао қилишича¸ президентга хориждан келтирилган “илғор технология” сифатида кўрсатилган техника воситалари¸ асли унинг 12 март кунги ташрифидан олдин номаълум жойдан келтирилган ва президент кетиши билан уларнинг аксарияти яна ғойиб бўлган.

Қаердан келганини биз билмаймиз. Бу жараëн тепасида Навоий вилоят ҳокимининг ўзи¸ Тошкентдан келганлар турди. Айтишларича¸ вилоятда президентга кўрсатиладиган гастролëр техника воситалари¸ ҳатто гастролëр ишчилар бор экан. Шуларни президент келишига чиройли қилиб тайëрлаб қўйиб¸ кейин бошқа жойларга юборишар экан. “Мармаробод”да ҳам шундай бўлди - президентга кўрсатилган техника эртасигаëқ олиб чиқиб кетилди”¸ деди ДУКдаги вазиятдан хабардор Озодлик суҳбатдоши.

Заводнинг Озодлик гаплашган собиқ ва жорий ишчилари¸ ишни учта сменада ташкил қилиб¸ камида 60-70 одамни иш билан таъминлаши мумкин бу корхонада айни кунда битта сменани ҳам машғул қиладиган техника йўқлигини билдирди.

“Заводда 4-5 та цех бор. Лекин конда ишлайдиган техника йўқлигидан¸ буларнинг иши ҳам ўлда-жўлда. Техникадан битта Хитойнинг мини трактори бор¸ холос. Кондан келадиган катта тошларни тушириб¸ цехга олиб кирадиган техника умуман йўқ. Конда ҳам компрессор¸ кран етишмаяпти. Конда қолган бўлса¸ 2-3 одам бор¸ холос. Ҳозир заводда 17 тача одам қолган. Уларга ҳам тузук-қуруқ иш йўқ”¸ деди шахси очиқланишини истамаган ғозғонлик ишчилардан бири.

Солиқ тўловчи пулига қурилган «Мармаробод» корхонаси бош муҳандиси Озодлик билан суҳбатда бундай иддаоларни рад қилди.

Заводнинг ўзида 26 та одам¸ каръерда 8 киши ишлаяпти. Ҳаммаси ишлаяпти. Ведомостлар турипти¸ по приказу қанча одам ишга олинганини сизга кўрсатишим мумкин. Техника ҳам жойида турипти”¸ деди корхона мутасаддиси.

Айни пайтда бу мулозим¸ Озодликнинг бевосита корхона иш жараëнининг бугунги вазиятини жонли тарзда видеосуҳбатда кўриш таклифини эътибoрсиз қолдирди ва суҳбатни узиб қўйди.

Мирзиëевнинг "Мармаробод" корхонасига ташрифи ҳақида ëзган президент матбуот хизмати¸ йил бошидаëқ 40 одамнинг иш билан таъминлангани¸ корхонада табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашни кластер усулида йўлга қўйишдан иборат иккинчи босқичда эса¸"1500 га яқин иш ўрни яратилиши мумкин"лигини ëзган эди.

Чала объектлар тақдимотидан президентнинг хабари бор

Мирзиëевнинг вилоятларга ташрифи чоғида унга чет эллик ëки маҳаллий инвестор пулига қурилгани айтиладиган корхоналарни кўрсатиш анъанага айланган.

Бу корхоналарнинг президент келиб-кетиши билан ишдан тўхташи¸ ташрифдан кейин улардаги манзаранинг телекамераларга олинганидан бошқачароқ бўлиши ҳақида Озодлик олдин ҳам хабар берган.

Хусусан¸ Озодлик ўтган йил 30 март куни Шавкат Мирзиëевнинг Жиззах сафари давомида унга ишга туширилгани ҳақида ҳисоб берилган "Зарбдор текстил” ширкатининг ишга тушмаган объект бўлганини ëзган эди.

Озодлик манбалари “президент учун уюштирилган бу шоу”да Зарбдордаги Қишлоқ хўжалик ва Иқтисодиëт коллежи қизлари иш билан таъминланган ëшлар ролини ўйнаб бергани, президентга бу қизлар янги ишга кирган тикувчилар сифатида таништирилгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда президент матбуот хизмати раҳбари лавозимида бўлган Комил Алламжонов бу хабарга муносабат билдириб¸ “Бундан бизнинг хабаримиз бор”¸ дея бундай шоуларни оқлашга уринган эди.

“Кўпроқ эътиборни президент шу йўлдан ўтганларидан кейин борган манзиллари ва у ерда барпо этилган турли объектлар, бинолар, уйлар ва корхоналарни йўқдан бор бўлганига қаратсак, менимча, нур устига аъло нур бўлар эди,”¸ дея тавсия берган эди журналистларга ўшандаги президент сўзчиси.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG