Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 13:00

«Проект»: Путин вақти-вақти билан Сочидаги яширин офисидан ишлайди


Президент Путин Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан видеоконференция тарзида ўтган мулоқотда - Москва, 6 ноябрь, 2020

«Проект» нашрининг хабар беришича, Кремль Сочи шаҳрида президент Владимир Путин учун унинг Москва ташқарисидаги ишхонаси билан бир хил офис қурган. Кейинги ойларда Россия президенти мазкур офисга ишлаш учун бир неча марта «яширинча» борган.

«Проект» интернет нашри 8 декабрь куни эълон қилган ҳисоботни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмади. Ҳисоботда ёзилишича, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг яширин офиси ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортган.

Лекин Daily Storm рус нашри Песков ушбу ҳисоботни «бемаънилик» деб атаганини хабар қилди. Котиб Путин «Москвада ишлаётганини» ва баъзан хизмат сафарларига боришини қўшимча қилган.

Кремль давом этаётган коронавирус пандемияси шароитида Путинни изоляция қилиш йўлида кўплаб чора кўрди. Айни дамда, расмийлар Путин ўз ишини узлуксиз давом эттираётганини кўрсатишга тиришиб келади.

«Проект» нашри ўз ҳисоботида «давлат раҳбарининг кун тартиби билан яхши таниш шахс ҳамда давлат ширкатининг топ-менежерини» манба ўлароқ келтирди, аммо уларнинг исмини очиқламади. Нашр, шунингдек, Путин мамлакатга кириш ва чиқишда фойдаланадиган расмий самолёт парвозларини ўрганиб чиққан ҳамда Путиннинг Москва яқинида жойлашган Ново-Огарёво қўрғонидаги офиси фотосуратларини таҳлил қилган.

Кўпгина мамлакатлар сингари, Россияда ҳам коронавируснинг тарқалишини тўхтатиш учун чекловлар жорий қилинган ва аҳоли имкони борича масофадан ишлашга чақирилмоқда.

Афтидан, кейинги ойларда Путин асосан Ново-Огарёводаги офисидан ишлади. У ерда президент губернаторлар ва ҳукумат вазирлари билан видеоконференциялар ўтказди, телевидение орқали нутқ сўзлади. Шунингдек, у бир гуруҳ шахслар билан, жумладан, хавфсизлик бўйича юқори лавозимли амалдорлар ва «Роснефть» давлат компанияси раҳбари билан юзма-юз учрашув ўтказди. Бу учрашувлар давлат матбуотида кенг ёритилди.

«Проект» ўз ҳисоботида Путин 2 ноябрь куни бир гуруҳ рус ўқувчилари билан ўтказган видеоконференцияни далил ўлароқ келтирди. Кремль томонидан эълон қилинган фотосуратда Путин конференция пайтида Москва вилоятида бўлгани эътироф этилди.

Аммо «Проект» ҳисоботида иддао қилинишича, ушбу ҳолат билан яқиндан таниш шахслар президент ёрдамчилари ўша куни Сочида бўлганини айтган. Бундан ташқари, 3 ноябрь куни Санкт-Петербургга йўл олган президент самолёти Сочидан ҳавога кўтарилган.

«Проект», шунингдек, сўнгги ойларда Кремль матбуоти учун ишлайдиган кўплаб журналистнинг Путин билан учрашиш имконияти анча чекланганини хабар қилди.

Россия матбуотида бундан олдин ҳам Кремлнинг Путин қаердалигини яширишга ёки аҳолини алдашга қаратилган ҳаракатлари ҳақида шунга ўхшаш ҳисоботлар ёзилган эди.

Февраль ойида Путин «ТАСС» давлат агентлигига берган интервьюсида 2000-йилларнинг бошларида, яъни иккинчи чечен уруши давомида хавфсизлик органларининг уни ҳужумдан ҳимоя қилиш мақсадида «эгизак» ёллаш таклифини рад этганини айтганди.

2015 йилда Путин бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида жамоатчиликка кўринмади, натижада кўплаб фитна назариялари урчиди ва рус тилида ҳазил мемлар яратилди.

Ўзини мустақил нашр сифатида тақдим этиб келаётган «Проект» агентлиги кейинги ойларда бир нечта шов-шувли ҳисоботни эълон қилди. Ўтган ой сайт Путин Санкт-Петербургда яшайдиган миллионер аёлнинг 17 ёшли қизининг отаси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG