Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 06:27

Путинга ниҳоятда ўхшаш қизнинг онаси «Россия» банки акцияларига эга


Владимир Путин Калининграддаги туғруқхонага ташрифи чоғида - 2 ноябрь, 2011

Россия президенти Владимир Путиннинг эски таниши Светлана Кривоногих асосий ҳиссадори президентнинг дўсти бўлган «Россия» банки акцияларига эга. Бу ҳақда «Проект» нашри маълум қилди. Нашр ўтказган суриштирув натижаларига кўра, Кривоногих 2013 йилда Катерина Путиннинг тўйи бўлиб ўтган чанғи курорти ҳамда Санкт-Петербург марказидаги маданий марказнинг эгасидир. Кривоногих 2003 йилда Путинга «ниҳоятда ўхшаш» қизни туққани айтилади.

«Проект» нашри хулосаларига кўра, Кривоногих Путин билан 1990- йилларнинг охирида танишган. Ўша пайтда у коммунал квартирадан кўчиб чиққан ва тез орада «Россия» банкида ишлай бошлаган. Ушбу банк Путиннинг эски дўсти Юрий Ковальчукка тегишли. 2007 йилга келиб, Кривоногих банкнинг 3,6 фоиз акцияларини қўлга киритган. 2019 йил бошида унинг банкдаги улуши қиймати 800 миллион рублга тенг бўлган.

Кривоногих, шунингдек, тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида Путин ва унинг дўстлари томонидан ташкил этилган «Озеро» дача кооперативидан 40 километр масофада жойлашган «Игора» чанғи курортига эгалик қилади. Путин курортда чанғи учган ва унинг очилиш маросимида қатнашган. 2013 йилда курортда Путиннинг қизи Катерина Тихонова тўйини ўтказган. Дам олиш масканининг 25 фоизи Ковалчук ва унинг рафиқасига тегишли. Бундан ташқари, Ковальчукка тегишли банк ушбу курортнинг асосий инвестори бўлган.

Кривоногихлар оиласининг журналистлар аниқлашга муваффақ бўлган барча мол-мулки ва бизнес активларини 7,7 миллиард рублга ёки тахминан 100 миллион долларга баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, журналистлар Кривоногих активлари Путиннинг дўстлари, жумладан, виолончель ижрочиси Сергей Ролдугин, президент ўз диссертациясини ҳимоя қилган Кончилик университети ректори Владимир Литвиненко ва президентнинг таниши Олег Руднов билан алоқадор эканлигини аниқлашган.

Путиннинг тўқсонинчи йилларда орттирган танишлари «Проект» журналистларига Кривоногихлар ҳақида сўзлаб беришдан бош тортишган. Тадқиқот муаллифларига кўра, бунинг сабаби Кривоногихнинг қизи Елизаветадир. У 2003 йилда, Путин ўз карьерасида илк бор қайта сайланишга тайёргарлик кўришни бошлаган пайтда туғилган. «Проект» нашри журналистлари танишиб чиққан ҳужжатларда Елизавета Кривоногихнинг отаси кўрсатилмаган. Лекин отасининг исми Владимир эканлиги аниқланган.

«Проект» нашри ихтиёрида бўлган суратларда Елизавета Владимировна Россия президентига ниҳоятда ўхшаш эканини кўриш мумкин. Компьютер таҳлиллари шуни кўрсатдики, Путин ва Кривоногих қизи фотосуратлари ўртасидаги ўхшашлик 70,44 фоизни ташкил қилади. 75 фоиздан юқори ўхшашлик фотосуратларда айни одам акс этганини англатади. «Проект» журналистлари ҳали вояга етмаган Кривоногихнинг фотосуратларини эълон қилишмади.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков «Лойиҳа» журналистларига Кривоногих исмини биринчи марта эшитаётганини айтди. Кривоногихнинг ўзи журналистлар билан суҳбатлашишдан бош тортди. «Россия» банки эса журналистлар мурожаатига жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG