Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 03:03

АҚШ санкциялари Россия ширкатларига “кутилганидан катта таъсир кўрсатди”


Президент Путин ўзининг йиллик матбуот анжумани чоғида - 19декабрь, 2013

АҚШ Давлат департаментининг собиқ иқтисодчиси Дэниель Аннинг сўзларига кўра, ғарб давлатлари Россияга қарши жорий қилган санкциялар нишонга олинган рус ширкатларига катта таъсир кўрсатган, аммо бир вақтнинг ўзида президент Владимир Путиннинг мамлакат бойлари устидан назоратини янада кучайтирган.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиб олганидан кейин жорий қилинган санкциялар туфайли рус корпорациялари қарийб 100 миллиард доллар йўқотган. Бу эса Россиянинг 2014 йилдаги иқтисодиётининг деярли 4,2 фоизига тенг.

АҚШ Давлат департаменти бош иқтисодчисининг собиқ ўринбосари ҳамда айни дамда Paribas молия гуруҳида ишлаётган Аннинг айтишича, Путиннинг ушбу компанияларнинг айримларини солиқ имтиёзлари, давлат шартномалари ва бошқа усуллар билан санкциялардан ҳимоя қилишга қаратилган уринишлари туфайли санкцияларнинг Россия иқтисодиётга таъсири 8 фоизга етган. Бу эса бошқа тадқиқотларда келтирилгандан кўрсаткичлардан анча юқоридир.

«8 фоиз ҳазил эмас. Бу жуда катта рақам», - деб айтди 7 декабрь куни Кеннан институти томонидан ташкил этилган виртуал конференция қатнашган Ан.

У Вашингтондаги Жоржтаун университети профессори ва Давлат департаментининг собиқ бош иқтисодчиси Родни Людема билан ҳамкорликда Россияга қарши санкциялар таъсирини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари ўтган ойда European Economic Review журналида чоп этилди.

Сўнгги йилларда ғарб давлатларининг Кремлга қарши санкциялари қизғин муҳокама қилинмоқда. Айримлар улар Россия иқтисодиётига ёки Путиннинг хатти-ҳаракатларига оз таъсир қилганини айтишади. Уларнинг сўзларига кўра, Москванинг Украинадан чиқиб кетмагани буни тасдиқлайди. Бошқалар эса санкциялар Путин халқаро миқёсда янада тажовузкор ҳаракатларни амалга оширишига тўсқинлик қилиб, Россия ичида унинг тарафдорлари сонини озайтирди, деган фикрда.

Санкция жорий қилган давлатлар жазо чоралари Путин ва иқтисодий зиён кўраётган олигархлар ўртасида танглик келтириб чиқаришига умид боғлаган эди. Аммо Аннинг айтишича, аслида бунинг тескариси содир бўлган.

Путин санкцияларнинг айрим компанияларга, айниқса, мудофаа ва технологиялар соҳасида фаолият юритадиган компанияларга таъсирини озайтириш учун давлат ресурсларидан фойдаланиб келади. Бу эса олигархларни президентга янада кўпроқ қарам қилган.

«Кимни ҳимоя қилиш ва кимни ҳимоя қилмаслик қобилиятини назорат қилган ҳолда Россия тузуми иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида ўз мавқейини кучайтирди ва мустаҳкамлади», - деди иқтисодчи.

Ан Людема билан санкциялар таъсирини ўрганиш бўйича ўтказган тадқиқот Халқаро валюта жамғармаси (ХВФ) каби бошқа ташкилотлар томонидан ўтказилган тадқиқотлардан фарқ қилишини, чунки у ҳамкасби билан санкцияларнинг макроиқтисодиётга эмас, балки корпорацияларга ёки микроиқтисодиётга таъсирига эътибор қаратганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ўз маҳсулотлари ёки хизматларини ишлаб чиқариш учун ғарб давлатларидан импорт қилувчи рус ширкатлари ғарбга экспорт қиладиган ширкатларга қараганда анча катта зиён кўрган.

«Ғарбнинг нисбатан кичик миқдорда қўшимча қийматга эга бўлиши мумкин бўлган, аммо аслида ширкат фаолияти учун жуда муҳим бўлган асосий молиявий, юридик, технологик ва бошқа хизматларни рад этиш орқали Россия иқтисодиётига кутилгандан катта таъсир кўрсатдик», - деди у.

Аммо иқтисодчи Россия ўз иқтисодиётини ҳимоя қилиш, жумладан, ўзини ғарб молия тизимидан изоляция қилиш учун чора кўриб келаётгани ва шу сабабдан келгусида санкциялар таъсири озайишини айтди.

Ан Россия иқтисодиёти Европага кўпроқ боғлиқ бўлса-да, АҚШ санкциялари Европа санкцияларига қараганда кўпроқ таъсир кўрсатганидан ҳайратга тушганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатни АҚШ ҳукумати санкциялар режимини, шу жумладан, санкциялар шартларини бузган ширкатларни жаримага тортиш тартибини тўлиқ амалга оширгани билан изоҳлаш мумкин. Иқтисодчи, шунингдек, Европа санкциялари асосан ишбилармонларга эмас, балки сиёсий арбобларга қарши қаратилганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG