Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:33

“Қайнотам номусимга тажовуз қилмоқчи бўлган”. Суицидни бошидан кечирганлар ҳикоялари


Қозоғистон дунёда суицидлар кўрсаткичи энг юқори мамлакатлар ўнталигига киради. Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида Қозоғистонда мингдан зиёд киши ўзини ўлдирган, 1625 киши ўз жонига қасд қилишга уринган.

Болалар ва ёшларга оид рақамлар ҳам жуда хавотирли: ўтган йили 300 дан ортиқ бола ва ўсмир ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган, шундан 144 нафари шунинг натижасида вафот этган. 2021 йил бошидан бери ёшлар орасида 248 та суицидга уриниш ҳоллари қайд қилинган бўлиб, шундан 48 таси ўлим билан тугаган...

“Озодлик”нинг қозоқ хизмати ўз жонига қасд қилишга уринишдан сўнг омон қолган ёшлар билан учрашиб, ҳикояларини ёзиб олди. Уларнинг барчаси ўлимни “мушкул вазиятда ягона чора” деб билганини, аммо кейинчалик муаммоларни ҳал қилишнинг бошқа йўллари ҳамиша мавжудлигини англаганини тан олган.

Эслатма: мақоладаги барча қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.

“Ҳаётнинг қадрини ўлим ёқасида тушундим”

Акмарал, 19 ёш

“Бу воқеа икки йил муқаддам бўлган. Ўшанда 17 ёшда эдим. Жаҳл устида қилганман бу ишни.

Синфдошим билан бир-биримизни ёқтирардик. Онамнинг қаршилигига қарамай учрашардим у билан. Билиб қолгач жуда қаттиқ койиди. Кунларнинг бирида онам билан уришаётганимизда, синглим кириб қолди. Унинг олдида ёмон изза бўлдим. Синфдошим билан кўришишимни тақиқлаб қўйгани учун эмас, айнан синглимнинг ёнида мени хўрлагани учун аламзада эдим онамдан.

Мени ҳеч ким тушунишни хоҳламайди, деган фикрга келдим ва, ўйлаб ҳам ўтирмай, уйқу олдидан бир нечта ҳабдорини шартта ютдим. Эрталаб қайт қилдим, мени тезда касалхонага олиб боришди. Шундагина ҳамма билди нима бўлганини. Онам бошимни силаб: “Арзимас нарсаларни кўнглингга олаверсанг, қандай яшайсан? Ҳаёт шунақа, сабрли бўлиш керак, қизим”, деди. Дадам уришмади, шунчаки, жимгина менга суянчиқ бўлди. Шунда кўзим “ярқ” этиб очилди. Хатойимни англадим. Ҳозир ота-онам ўша қилмишим учун гуноҳимдан ўтишлари ҳақида ўйлайман фақат.

Ҳаётнинг қадрини гўр ёқасига бориб қолганимда тушундим. Касалхонада ётганимда нақадар ожиз ва ҳавойи эканимни ўйларканман, уятдан ерга кириб кетишга рози бўлардим.

Очиғи, ҳозир ҳам ғам-ташвишсиз яшаётганим йўқ, аммо энди бу ўткинчи эканини биламан. Муаммо фақат менда эмаслигини, ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши борлигини, сабр қилиш ва курашиш зарурлигини тушунаман. Ҳозир университетда ўқияпман. Давлат грантига ўқишга кирганимда ота-онамнинг бошлари кўкка етди”.

“Катталар болаларнинг муаммоларини писанд қилишмайди”

Тўлқин, 23 ёш

“Мактабда ўқиб юрганимда партадош дугонам, қўшнимиз ўз жонига қасд қилиб ўлган. 12-13 ёшларда эдик. У ўлган куни онам мени дўконга юборди. Қош қорайиб қолгани учун дугонамдан илтимос қилдим, бирга бориб-келдик.

Эртасига у мактабга бормади. Ҳайрон бўлдим, беҳудага сира дарс қолдирмасди-да. Дарслар тугагач синф раҳбаримиз кириб, унинг вафот этганини хабар қилди. Йиғлаганча уйга қайтдим, унинг ўлганига ишонгим келмасди. Сумкамни йўлга отиб юбориб, дугонамнинг уйига бордим. Мен учун даҳшатли зарба бўлган эди бу.

Шўх-шодон қизалоқ эдим, шу воқеадан сўнг дамдўз бўлиб қолдим. Ўзимни унинг ўлимида қисман айбдор ҳис қила бошладим. Феъл-атворим ўзгарди. Мактабимдан бездим.

Юқори синфларда ота-онамга мени шаҳар мактабига ўтказишни илтимос қилдим. Шаҳардаги энг яхши мактабга танлов билан қабул қилинган бўлсам-да, қишлоқда яшаганим сабабли билимим синфдошларимникидан паст эди барибир. Ўзлаштиришим сусайиб кетди. Бу ҳам қўшимча стресс бўлди. Боз устига, мен ўз чиройимдан қониқмасдим, бир неча йил бурун илк муҳаббатим рад қилинганди, ота-онам мен истаганча меҳр бера олмасди.

Қайсидир лаҳзада ўзимни ҳеч кимга кераксиз деб ҳис қилдим. Ўзимни ўлдиришга жазм этдим. Қоғоз кесадиган паккича билан вена томиримни қирқмоқчи бўлдим. Худога шукрки, катта томирга етмабди. Қон оқа бошлаганида бирдан миям ишга тушди. Дарҳол қўлимни сочиқ билан боғлаб, “медпункт”га бордим.

Бошқалардан кўмак сўрашга ва кўмакни қабул қилишга тайёрлигим вазиятдан чиқишимда жуда қўл келди. Айниқса, мактабимиз психологидан ва синф раҳбаримиздан беҳад миннатдорман. Улар болалигимда юз берган фожиа учун мен айбдор эмаслигимни тушунтиришди, менга ўз муаммоларим ҳақида очиқ гапиришга, уларни яширмасликка ўргатишди”.

Эҳтимолий фожиа аломатларини кўра билиш керак

Светлана Богатирева, психолог

“Барча мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар суицид хавфи белгиларидан воқиф бўлишлари шарт. Ўз жонига қасд қилиш кўйига тушганларда мутаассибчилик кайфияти юқори бўлади. Кимдир шу ишни қилганини эшитсалар, “бу менинг ҳам қўлимдан келади”, деб ўйлашади улар.

Шундай экан, ота-оналар ўз фарзандларининг хулқ-атвори, кун тартиби, мулоқот доираси, одатларидан бохабар бўлиб туришлари керак. Агар бола бирданига руҳсиз бўлиб қолса, ўз қобиғига ўралиб олишга интилса, пана-панада йиғлаб олса ёки, аксинча, ҳаддан ортиқ фаол ва сергап бўлиб қолса, ҳушёр тортиб, уларни кузатиш лозим.

Ўзини ўлдирадиган одам бу ҳақда бировга айтмайди, дейишади. Бўлмаган гап! Улар албатта ишора беради. Охиригача бизга “сигнал” йўллашади ва ёрдамимиздан умидвор бўлишади. Бу илмий исботланган. “Яқинда мен бу ердан кетаман”, “Ҳадемай мендан қутуласизлар” деган гаплар эҳтимолий фожиадан даракдир. Айрим болалар суицидга қўл уришдан олдин ёқтирган буюмларини бировларга улаша бошлайди ёки кўр-кўрона ўзини хатарли вазиятларда қолдиради. Шу орқали ўзи билмаган ҳолда атрофдагиларга аҳволи яхши эмаслигини билдиради. Катталар эса буни кўра билишлари керак.”

“Инсон бахтли бўлмоқ учун дунёга келади”

Арайлим, 25 ёш

“Учинчи синфдалигимда ота-онам мени бувимнинг қарамоғига топширганди. Бир неча йил ўтгач бувим оёқдан қолди, унга ғамхўрлик қилиш эса менинг зиммамга тушди. Ота-онам биздан аҳён-аҳёнда хабар олишарди. Шу тариқа улардан узоқлаша, бегоналаша бошладим.

Еттинчи синфда эканман, бир синфдошимиз ўз жонига қасд қилди. Куз, ноябрь ойлари эди. У қиз касалманд, бир неча жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган бўлса-да, аълочи эди. Мен уни синфдошларимиз аксарияти яккалаб қўйгани, мунтазам камситишгани учун ўзини ўлдирди, деб ўйлайман.

Ўшандан бери миямда суицид хаёллари чарх ура бошлади: “Ҳамма нарсадан воз кечиб, ўзимни ўлдираман”, “Мендан қутулса, дунё енгил нафас олади”, “Жонимга қасд қилсам, онам мени яхши кўришини тушуниб, афсус-надомат чекади”.

Тўққизинчи синфда мени бошқа синфга кўчиришди. Янги синфдошларим мени ўз давраларига қўшишмади. Шундай кунларнинг бирида онам яқинда келганида сўзига кирмаганим учун менга қўл кўтарганини эсладим. Токчада бувимнинг дорилари турган эди – валидолдан бир неча таблеткани ютиб юбордим: “Мана энди менсиз яшайдиган бўлдинглар”. Дори оппа-осон ўлдирса керак, қалбим ҳаловат топадиган бўлди, деб кутгандим. Йўқ, ҳеч нима қилмади.

Ҳозир ўша ишим ҳаётимдаги энг катта аҳмоқлик бўлиб туюлади. Афсусдаман, албатта.

Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадим. Мактабимиздаги психологимиздан бошқа. У менга кўп ёрдам берди. Унинг маслаҳати билан, ўзимни чалғитиш учун кундалик тутишни, китоб ўқишни одат қилдим. Нафи тегди. Ёмон хаёллардан қочиб китоблардан паноҳ топаман, асарлардаги қаҳрамонлар билан пинҳона дардлашаман... Тушкунликка тушган пайтларимда баъзан шеър ёзиб тураман.

Китоблар туфайли ҳаёт ўлимдан афзаллигини англадим. Инсон бахтли бўлиш учун дунёга келади”.

“Болам мени ўлимдан сақлаб қолди”

Жамал, 30 ёш

“Мен бир неча марта ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлганман. Охирги марта ўзимни машина остига отмоқчи эдим. Ўша онда туйқус болаларим ёдимга тушиб, фикримдан қайтдим. Уларни ёлғиз қолдириб кетишга ҳақим йўқ.

Эрим билан ажрашганимизга тўрт йил бўлди. Икки ўғлим, бир қизим бор. Отаси алимент тўламайди. Доимий даромадим йўқ, қўл учида кун кечирамиз.

20 ёшимда катта оилага келин бўлиб тушдим. Қайнотам ичкиликбоз, бузуқ одам эди, уйда иккимиз қолганимизда менга тирғаларди. Бир сафар зўрламоқчи бўлганида базўр қочиб қутулганман.

Илк дафъа ўшанда ўзимни ўлдирмоқчи бўлувдим. Дўкондан кир ёйиладиган чилвир сотиб олиб, ўзимни осишга қарор қилдим. Шу хаёлда кеч киришини кутар эканман, қорнимда болам қимирлаётганини сездим. Ҳомиладор эканман! Фарзандим мени ўлимдан сақлаб қолди.

Алоҳида яшай бошлаганимиздан сўнг маишатбоз қайнотамдан қутулдим‑у, аммо турмуш ўртоғимдан барибир ёлчимадим. Рўзғор учун мутлақо жон койитмас, беғам эди. Гоҳида мени норасидаларим билан ёлғиз қолдирганча ойлаб дом-дараксиз кетарди. Кейин билсам, бир эмас, икки хотини бор экан яна!..

Хўрлигим келди, болаларимни олиб ногирон онамнинг ёнига қайтдим. Бу ҳам етмагандек, синглим саратон касалига чалинибди... Ҳолимиз ниҳоятда аянчли. Аммо ўзимни ўлдириш ниятим ортиқ йўқ, Xудо сақласин. Фарзандларимни вояга етказишим керак. Ҳозир ижтимоий нафақага ҳужжат тайёрлаяпман. Кейин кенжа ўғлимни боғчага жойлаб, ўзимга иш қидираман. Нима иш бўлса қиламан, меҳнатдан қочмайман.

Ўлим ҳақидаги ўй-хаёллардан буткул фориғ бўлиш учун яқиндан бери намоз ўқий бошладим”.

“Асосий сабаблар – ёлғизлик ва норозилик”

Анна Кудиярова, Қозоғистон психоаналитиклар уюшмаси президенти

“Инсон онгли равишда яшашдан воз кечишининг сабабларидан бири ёлғизликдир. Ожизлик, кераксизлик, танҳолик ҳисси кишини тушкунликка солади. Ва у шунча изтироб чеккандан кўра ўзимни ўлдирганим маъқул, деб ўйлай бошлайди. Агар яқинлари унинг ёлғиз ва одамови бўлиб қолгани сабабларини аниқлаб, чора кўрмасалар, бу фожиага айланиши мумкин.

Айрим ҳолларда суицидга норозилик ҳисси сабаб бўлади – бу айниқса, болалар ва ёшлар орасида учрайди кўпроқ. Болалар ота-оналаридан, мактабдаги муносабатдан норозиликларини шу йўсин билдиришади, жонларига қасд қилиш билан ўзларига озор берганларни гўё “жазоламоқчи бўлишади”, шу йўл орқали уларни “ўз гуноҳларидан ўкинишга” мажбур қилишни хоҳлашади.”

XS
SM
MD
LG