Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 04:53

Қирғизистон -Тожикистон чегарасида яна отишма. Яраланганлар борлиги айтилди (Янгиланди)


Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара бўлиб, шундан атиги 519 километри белгиланган, қолган қисми баҳсли ҳисобланади.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги яна бир отишма маҳаллий вақт билан 14:15 (Тошкент вақти билан 13:15) да тўхтатилгани тўғрисида қирғиз чегара хизмати маълум қилди.

Қирғиз томонининг билдиришича, ҳар икки томондан яраланганлар борлиги тўғрисида хабарлар келган. Бироқ ҳозирча уларнинг аниқ сони айтилмади.

Тожикистон ҳукумати бу воқеа юзасидан ҳанузгача сукут сақламоқда.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, 3 июнь куни Тожикистон билан чегарадош ҳудудда яна отишма бошланди. Расман билдирилишича, маҳаллий вақт билан соат 14:00 (Тошкент вақти билан соат 13:00) даги ҳолат бўйича, отишма давом этмоқда.

Қирғиз томони баёнотида таъкидланишча, Тожикистон чегарачилари Боткен туманидаги Булоқбоши қишлоғидан ўтувчи шартли чегара чизиғини бузиб, Қирғизистон ҳудудига ўтган.

Улар қирғиз чегарачиларининг огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирган. Қирғизистон чегара хизмати тожик чегарачилари биринчи бўлиб ўқ отганини, шундан сўнг икки томонлама отишма бошланиб кетганини айтмоқда.

Расман билдирилишича, Тожикистон чегарачилари Қирғизистонни миномётлардан ўққа тутмоқда.

Ҳозирча жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот мавжуд эмас.

Қирғиз томони баёнотида икки давлат чегара хизмати расмийлари телефон орқали музокара ўтказгани ва отишмани тўхтатишга келишгани, шунга қарамай, тожик томони ўқ отишни тўхтатмаётгани айтилади.

Тожикистон ҳукумати бу борада ҳозирча расмий баёнот бермади.
Қирғизистоннинг Боткен туман ҳокими Учқунбек Жўрўбаев отишма бўлаётган ҳудудда аҳоли яшамаслигини ва тинч аҳоли учун хавф-хатар йўқлигини маълум қилди.

Учқунбек Жўрўбаевга кўра, воқеа ҳудудида ҳар икки томондан маҳаллий чегара расмийлари юзма-юз музокара ўтказмоқда.

Сўнгги бир йилдан бери Тожикистон-Қирғизистон чегараси Марказий Осиёдаги энг низоли ҳудудлардан бирига айланди.

Бундан аввал қирғиз-тожик чегарасида 13 апрелга ўтар кечаси отишма содир этилган ва камида 17 мингдан ортиқ тинч аҳоли мустақил равишда хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетишга мажбур бўлгани билдирилган эди.
Тожикистондаги манбалар Озодлик радиоси тожик хизматига отишмада 27 ёшли тожик аскари жароҳатланганини билдирган.

Шу йил 27 январь куни икки давлат чегарасида бир неча соат давом этган отишма чоғида Тожикистон томонидан икки киши ўлган ва 10 киши яраланган. Қирғизистон эса камида 12 киши яраланганини билдирган.

Чегарадаги энг йирик тўқнашув 2021 йилнинг апрель ойи охирларида содир бўлди. У “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан. Бир неча кун давом этган қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши яраланди, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

Қирғиз-тожик чегарасида яна қуролли тўқнашув
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:46 0:00

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегарада баҳсли участкалар кўп. Ана шу мавҳумлик сабабли қўшни мамлакатларнинг аҳолиси ва чегарачилари ер, сув ва коммуникацияларни талашиб тез-тез тўқнашади. Ва шу можаролар чоғида ўқотар қурол қўлланиши ва инсонлар қурбон бўлиши ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара бўлиб, шундан атиги 519 километри белгиланган, қолган қисми баҳсли ҳисобланади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG