Линклар

Шошилинч хабар
07 May 2026, Тошкент вақти: 13:49

"Бу оддий интизомий чора эмас". Нукусдаги норозиликлар етакчиси Тажимуратов яна 2,5 йилга қамалди

Нукус шаҳрида тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойиш. 1 июль, 2022 йил.
Нукус шаҳрида тартибсизликларга айланиб кетган оммавий намойиш. 1 июль, 2022 йил.

Нукусдаги қонли воқеалар ташкилотчиси сифатида айбланган, 16 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Даулетмурат Тажимуратов яна 2,5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тўрт йилдан бери қамоқ жазосини ўтаётган адвокат ва блогер Даулетмурат Тажимуратовга «муассаса фаолиятини издан чиқариш» айблови билан ҳукм чиқарилган ва у «ўта хавфли рецидивист» деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи тайинланган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, янги ҳукм нафақат жазо муддатини узайтириш, балки Тажимуратовни янада ёлғизлаштириш ва унга босимни кучайтириш учун ҳуқуқий асос яратишдир.

"Колония ходимини урган"

1 май куни Навоий шаҳар судида судья Дилобар Пардаева 46 яшар Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан унинг колония раҳбарларидан бирини ургани билан боғлиқ иш бўйича ҳукм ўқиди.

Маҳкумнинг укаси Ренат Тажимуратов иш тафсилотларини Озодликка сўзлаб берди.

Унинг айтишича, жорий йилнинг 31 январ куни Даулетмурат Тажимуратов колония ходимларидан бири билан тортишиб қолганидан кейин, унинг сочини мажбуран олиб ташлашган. Шунинг ортидан Даулетмурат Тажимуратов колония ходимига мушт билан зарба берган.

Ренат Тажимуратов- Нукусдаги қонли воқеалар ташкилотчиси сифатида айбланиб, қамалган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси.
Ренат Тажимуратов- Нукусдаги қонли воқеалар ташкилотчиси сифатида айбланиб, қамалган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси.

"Қўлига наручник тақиб , сочини олиб ташлашади. Кейин Даулетмурат “Мен бу ишингни жавобсиз қолдирмайман, кўрсатаман ҳали сизларга” деган. У “қўлингдан нима келарди”, деб кулиб қўйган. Кейин у баракка кетаётиб, йўлда зинапоядаги арматурадан кичикроқ симни юлиб олиб, қўлига икки марта айлантириб ўраб, ўша жойга қайтиб боради. “Мен сенга “жавоб бераман, деб айтдимми”, дейди. У “ҳа” дейди. Кейин уни икки марта уради", дейди маҳкумнинг укаси.

Ренат Тажимуратовга кўра, калтак еган колония ходими “енгил жароҳат” билан касалхонага тушгач, жиноят иши қўзғатилган:

"Жиноят иши билан танишганимда билдимки, суратлар ва экспертиза хулосасида калтак еган колония ходимининг енгил жароҳат олгани кўрсатилган. Бир-иккита шилинган жойлари бор. Хуллас, жароҳатлари бор, дейилган".

Жорий йил қишида қўзғатилган иш бўйича суд мажлислари март ойи охиридан буён Навоийдаги КИН-11 колониясида деярли ёпиқ тартибда ўтказилган.

Ренат Тажимуратовга кўра, жами тўрт марта суд мажлиси ўтган, бироқ на қариндошлари ва на адвокатига хабар берилган. Даулетмурат Тажимуратов манфаатларини эса давлат тайинлаган адвокат ҳимоя қилган. Қариндошлари фақат ҳукм ўқилаётган кун хабар топишган. 30 апрель куни суднинг электрон базасида эртаси куни мажлис бўлиши ҳақидаги маълумотни кўрган Ренат Тажимуратов йўлга чиққан.

Суд залига кирсак, Даулетмурат сўнгги сўзини айтаётган экан. Кириб қарасак, залда прокурор бор, судя бор. Бир иккита ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари бор экан. Лекин ҳатто адвокати ҳам йўқ эди. Ҳайрон қолдик. Кейин Даулетмурат икки соатча гапирди. Ҳукм чиқараётганда давлат адвокати кириб келди", дейди Ренат Тажимуратов.

Айблов хулосаси 5 томлик бўлиб, суд Тажимуратовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 220-моддаси бўйича “Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш муассасаларининг ишини издан чиқарувчи ҳаракатлар” содир этганликда айбдор деб топиб, унга олдинги қамоқ жазосига қўшимча яна 2,5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Шунингдек, суд ҳукмига кўра, Даулетмурат Тажимуратов олдин ҳам судлангани сабаб «ўта хавфли рецидивист» деб топилган ва жазони махсус тартибли колонияда ўташи тайинланган.

"Этик отиш" воқеаси

Ренат Тажимуратовга кўра, қарийб тўрт йилдан бери жазо ўтаётган акасига нисбатан колонияда жами 9 марта маъмурий жазо қўлланилган бўлиб, улардан бири "этик отиш" воқеаси.

"Бир-икки ой аввал колония назоратчиси - колония бошлиғининг ўринбосари шекилли, Даулетмуратга мадҳия айтмагани учун танбеҳ берган. У “агар менинг айтганимда юрмасанг ҳамманинг олдида сени обрўсизлантираман”, деган. Даулетмурат “қўлингдан келганини қил” деган. У ваъдасида туриб, колонияда ўтган катта йиғилишда Даулетмуратга номусига тегадиган сўзларни айтган. Ўша пайтда президиумда икки одам ўтирган. Даулетмурат бирига бир этигини, иккинчисига иккинчи этигини отган", дейди Ренат Тажимуратов.

Ўзбекистонда жазони ўташ муассасалари фаолияти ёпиқ тартибда юритилгани сабабли, Тажимуратов иши бўйича расмий манбалардан мустақил маълумот олиш имкони бўлмади.

Қорақалпоғистондаги “Эл ҳизматида” газетаси собиқ бош муҳаррири Даулетмурат Тажимуратов 2023 йил январида 2023 йилда «конституциявий тузумни ағдаришга уриниш», «оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш», «ҳокимиятни эгаллаш мақсадида тил бириктириш» каби айбловлар билан 16 йилга қамалган. 2024 йил 23 июл куни Олий суд унинг апелляциясини рад этган.

"Бу оддий интизомий чора эмас"

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаевага кўра, Тажимуратовга нисбатан чиқарилган янги ҳукм нафақат унинг шахсий иши, балки Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларга нисбатан босим сақланаётганини кўрсатувчи яна бир мисолдир.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева.

"Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан янги ҳукмни алоҳида ҳолат сифатида кўриб бўлмайди — бу Ўзбекистон пенитенциар тизими ичида сиёсий маҳбусларга босим ўтказиш амалиётининг давомидир.

2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган ислоҳотлар фонида мамлакат янги сиёсий босқичга кирмоқда, аммо биз ҳали ҳам танқидчилар ва диссидентларга нисбатан репрессия механизмлари сақланиб қолаётганини кўряпмиз. Тажимуратов иши — хусусий ҳолат эмас, балки «ҳуқуқий ислоҳотлар» деб аталган жараённинг ҳақиқий аҳволини кўрсатувчи мисолдир.

Бу ҳукмдаги энг муҳим жиҳат — жазо муддатининг ўзи эмас, балки унинг «режимни қасддан бузувчи» деб баҳоланишидир. Бу таъриф принципиал аҳамиятга эга, чунки у маҳкумни янада қаттиқроқ шароитга ўтказиш учун расмий ҳуқуқий асос яратади”, дейди Надежда Атаева.

Ўтган йили Атаева раҳбарлигидаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси” ташкилоти Даулетмурат Тажимуратовнинг тақдири юзасидан жиддий хавотир билдириб, у қамоқда доимий равишда қийноқ, таҳдид ва таҳқирларга дучор бўлаётганини қайд қилган.

Атаева Тажимуратовга нисбатан эълон қилинган янги ҳукмдан хавотир билдиради:

" Биз оддий интизомий чорани эмас, балки сақлаш шароитларини янада ёмонлаштиришни қонунийлаштирувчи босим механизмини кўряпмиз.

Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, бундай амалиётлар жиддий саволлар туғдиради. Улар давлатнинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича мажбуриятларига, жумладан шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабатни тақиқлаш ва маҳбусларга нисбатан инсонпарвар муносабатни таъминлаш мажбуриятига зид бўлиши мумкин.

Натижада, янги ҳукм нафақат жазо муддатининг узайтирилиши, балки Тажимуратовни янада яккалаш ва унга босимни кучайтириш учун ҳуқуқий асос яратилишини ҳам англатади. Бу эса халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътиборини талаб қилади".

2024 йил ноябрида БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсга олинишини ноқонуний ва асоссиз деб топиб, Ўзбекистон ҳокимиятидан уни зудлик билан озод қилишни, товон тўлашни ва қийноқлар бўйича тергов ўтказишни талаб қилган. Ўзбекистон ҳокимияти эса унинг иши бўйича қонун бузилиши ва унга нисбатан қийноқ қўлланганини рад этиб келмоқда.

Қорақалпоғистонда камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли намойишлардан қарийб тўрт йил ўтиб, мазкур ҳодисага ҳуқуқий ва сиёсий баҳо бериш, жабрланганларга нисбатан адолатни таъминлаш бўйича саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Нукус намойишлари ортидан, уларга сабаб бўлган конституциявий ўзгартишлар бекор қилинди — яъни, янги таҳрирдаги бош қонунда Қорақалпоғистоннинг суверен республика сифатидаги мақоми сақлаб қолинди.

Нукус комиссияси ҳисоботи: расмий рақамлар ва очиқ қолган саволлар

Қорақалпоғистонда камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли намойишлардан қарийб тўрт йил ўтиб, мазкур ҳодисага ҳуқуқий ва сиёсий баҳо бериш, жабрланганларга нисбатан адолатни таъминлаш бўйича саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.

2024 йил 26 декабр куни Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича комиссия парламентга берган ҳисоботида ҳодисага оид қўшимча рақамлар ҳам очиқланди:

  • Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган, шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари.
  • Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этгани учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этгани аниқланган.


Бироқ, ҳуқуқ фаоллари ҳукумат берган рақамлар ва мустақил текширувлар асосида қурбонлар ва жабрланувчилар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Суд жараёнлари ёпиқ ҳолда ўтказилгани ва ишлар махфий сақланаётгани туфайли, таъқибга учраган фуқаролар аниқ сонини белгилаш қийин.

Туркманистон Хелсинки жамғармаси ҳисоботига кўра, Нукус воқеаларида қатнашгани сабаб 33 нафар киши ўзбек қамоғида қолмоқда.

Ҳукумат комиссияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Нукусдаги намойишчиларга нисбатан сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталардан фойдаланилганини билдирган.

Ҳисоботга кўра, инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

2023 йил август ойидаги ОАВ хабарларига кўра, 2 нафар ички ишлар ходими қийноқ содир этганлик айблови билан 7 йилга қамалган, яна бири ўлимга олиб келган беэътиборлик учун 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

HRW ҳисоботида Нукус воқеаларида қатор ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган бўлса-да, бирорта юқори даражадаги амалдор жавобгарликка тортилмагани қайд этилган. Шунингдек, ташкилот парламент комиссияси ҳисоботини тақдим этгани билан ҳужжат ҳалигача жамоатчиликка эълон қилинмаганига эътибор қаратган.

Нукус воқеаларидан сўнгги сиёсат

Қарийб тўрт йил аввалги Нукус намойишлари ортидан, уларга сабаб бўлган конституциявий ўзгартишлар бекор қилинди — яъни, янги таҳрирдаги бош қонунда Қорақалпоғистоннинг суверен республика сифатидаги мақоми сақлаб қолинди.

Ҳукумат Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун минтақада ислоҳотлар қилишга уринмоқда. Ўтган ойда Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегик дастур қабул қилди.

Ўтган йили Озодлик суриштирувлари қаҳрамонларидан бири президент администрациясида ахборот сиёсати ва диний сиёсат учун масъул мулозим - собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов Қорақалпоғистондаги ислоҳотлар учун масъул сифатида тайинланган.

Давлетов исми аввалроқ Озодлик суриштирувларида ҳам тилга олинган эди. Бу ҳақдаги видеоларимизни Ютуб саҳифамизда томоша қилинг.

Воқеалар хронологияси

  • 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • Бухородаги иккита суд жараёнида 39 нафар ва 22 нафар қорақалпоғистонликлар зўравонликларга алоқадорликда айбланди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Қорақалпоғистоннинг ўзида ҳам қатор суд жараёнлари бўлиб ўтган.
  • Асосий айбланувчи кўрилган қорақалпоғистонлик журналист Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган. У айбларни рад этган ва ўзининг қийноққа солинганини иддао қилган.
  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Алоқадор

XS
SM
MD
LG